Фақат сен
Келдинг.
Севдинг.
Бахтиёр этдинг.
Дилда ёнди севги туғёни.
Кетгинг келди,
Индамай кетдинг.
Ўйинчоқдай ўйнаб дунёни.
Хотирадан ҳар не ўчару,
Ўчмас экан севги онлари.
Титраб ёниб айтган сўзлару,
Зор юракнинг ҳаяжонлари.
Бармоқларинг оташи ҳар кун,
Томир отар елкаларимда.
Миллион гул ҳар кун сен учун,
Гуллаб ётар юракларимда.
Беш қитъани, оламни кўрдим,
Кўрдим денгиз, уммонларни ҳам,
Қанча-қанча одамни кўрдим.
Тополмадим ҳеч жойда малҳам.
Ким тоғларни кўрмоқ истайди.
Кўрмоқ истар ким шаҳарларни.
Ким омадни, бахтни излайди,
Ким тахт истар, ким зафарларни.
Севдинг.
Кетдинг.
Мен-чи бетоқат.
Ҳар кун, ҳар он сени излайман.
Юз ўгириб дунёдан,
Фақат,
Фақат сени кўрмоқ истайман.
Оқ кўйлак
Ўйнар эдик, кенг далада, чақмоқ чақди.
Чақин кўмди, сўнг жалага, ҳаммаёқни.
Гулдур-гулдур товши жуда ваҳимали,
Кимнинг бўлса гар устида, оқ кийгани.
Эшитгандик, яшин ёмон кўради деб.
Кўзи тушса, ерга яксон, уради деб.
Яйлов эди, овлоқ жойни, тополмадик.
Оқ кўйлакли болаларни ёполмадик.
Қўрқув ичра ўтди хавфу хатарли дам.
Лек бу дамни кўраман гоҳ, тушимда ҳам.
Тушларимда чақин чақар, кўйлаги оқ.
Битта бола йўл ахтарар, топмас бироқ.
Чақин чақар, кўк гумбурлар, яшин урар
Битта бола зору нолон, йиғлаб юрар.
Йўл тополмай ўзин урар ҳар томонга,
Ёрдам сўраб ёлворади ер осмонга.
Қутқаролмай менинг эса жоним ҳалак,
Қўл чўзаман, аммо парво қилмас фалак.
Уйғонаман, бу туш экан дейман, аммо
Бу туш менинг хаёлимдан кетмас, асло.
Гар ёрдамга муҳтож бўлса бирор одам.
Қўл узатинг, қўлдан келса, беринг ёрдам.
Сўнг азобда ўртанмасин сизда виждон.
Виждон билан буюк эрур ахир инсон.
Тушларимга кирган бола виждон эрур.
Менга виждон азобидан сабоқ берур.
Инсонларда виждон, иймон тугаган чоғ,
Ер шарини икки бўлиб ташлар чақмоқ!
* * *
Қара осмон қандай бесарҳад
Кўкда оппоқ ой сузиб юрар
Хаёлимда абадулабад,
Чеҳранг шу ой сингари турар.
Ер юзида қолдирмай белги
Бир кун танни тарк айласа жон.
Кўкда қолар бизларнинг севги,
Ҳамда шу ой, ҳамда шу осмон.
Суваракнинг сўзлари
Тошкентда қолмоқлик учун бир пайтлар,
Уч йил ишсиз, пулсиз юрдим жонҳалак.
Хонам зах, қоронғи, зиндондан баттар.
Мен билан яшарди бир тўп суварак.
Бир кун бир суварак шундай ўтинди:
“Совуқдан болам ўлди, маросим қилай энди.
Бер, бироз насибангдан ўзим излаб топмадим.
Дунё тонди.
Мен сендан, сен очликдан тонмадинг.
Ҳамхонангман, ҳаётда не бўлса тенг бўлишдик.
Не тутай айт,
азага уруғларим келишди.
Силлам қуритди йўқлик, мен ҳам балки ўларман.
Сўнгра кимсан, айтгин кимга сен ҳамхона бўларсан.
Ҳолинг тангдир, юзинг ғамгин, билмассан не қилмоқни.
Аммо мендан кучли бўл сен,
ўйламагин ўлмоқни.
Ҳаёт кучсиз кимсаларни, топтар кечирмас асло,
Ҳаёт сенга бўйсунади, бўлсанг
ғолиб ва даҳо”.
Йиллар ўтди.
Жанглардаман.
Бир кун ғолиб бўламан.
Суваракнинг сўзларини бажариб
сўнг ўламан.
* * *
Оҳ, дунё ҳайдарсан мени қаёққа,
Гўё бари тугаб, бари қолмоқда.
Бугун ҳеч ким менинг каби йиғлолмас,
Яшашни истолмас, ҳаётни қизғонмас.
Эрким, қалб исёним учмоқда баланд,
Ҳеч ким мен сингари учмаган гарчанд.
Юз йиллик заққумдан силққан мўмиё,
Ўзим-ку эй замин, дардингга даво!
Суюбу суяниб жоним интилган,
Томоғим қирқилган, бўғзим йиртилган…
Бу шўрлик ҳаётни севган лаҳзамда,
Нечун ўлим хавфи кезар тепамда?
Токи…
Майда-чуйда ишга биз доим сергак,
Аммо чўққини ҳам кўзламоқ керак.
Айтайлик, кеч қайтса сигир даладан.
Қайтгунча сўраймиз ҳамма-ҳаммадан.
Йўқолиб қолса гар, қўй ё қўзимиз.
Чўпонни бўғзида бўлар қўлимиз.
Бир кун келмай қолса, эчки ё улоқ.
Оёққа қалқади тинч турган қишлоқ.
Аммо, кўчадан кеч қайтса боламиз.
На ёнамиз, ва на фарёд соламиз.
Кун бўйи қайдадир юрса-да саёқ,
Қайда юргандинг деб қилмасмиз сўроқ.
Ярим тунда келса ўғил-қизимиз.
Уйғонмас ғафлатда ётган кўзимиз.
Ҳар ён судраса гар ҳар кас, ҳар ёмон
Ҳар он судраш керак тўғри йўл томон.
Боланинг бошида неки хаёл бор,
Не ўй бор, бўлайлик доим хабардор.
Ташвишга солгандай йўқолган улоқ,
Болалар бизлардан кетмасин узоқ.
Хоҳ уйда, кўчада, сафарда бўлсин,
Ҳар он, ҳар қадами назарда бўлсин.
Мол боқмоқ яхшидир, аммо юз минг бор,
Болага тарбия, эътибор даркор.
Унга илму одоб ўргатсак бугун,
Бир кун уйимизга қургай тахт, устун.
Токи юртда шундай ёшлар кўпайгай.
Бир кун миллат шаънин кўкка кўтаргай.
Тунги дераза
Кўзи юмуқ дераза,
Кўзингни оч, очақол.
Кошкийди, ёр демаса,
Келган ўткинчи шамол.
Парда тушган ўртага,
Кўнглим гулга айланган.
Тонгга қадар шўрага,
Айланар гул аламдан.
Тонгга қадар ёр уйин,
Ёнида кезардим хун.
Теракларнинг баргига,
Шеърлар ёзардим тушкун.
Деразани чертишга,
Ҳеч етмасди журъатим.
Ишқим изҳор этишга,
Дов бермасди юрагим.
Оппоқ ой ёруғида,
Ҳар тун кўча кезардим.
Деразанинг ортида,
Турганингни сезардим.
Шеърларимни шитирлаб,
Айтса терак барглари.
Такрорлардинг шивирлаб,
Сен ҳам ўша пайтлари.
Йил ўтди, ўтди йиллар
Бизлар кетдик ҳар томон.
Ўзгармади кўнгиллар,
Юрагим ўша ҳамон.
Гоҳ-гоҳ оқшом пайтлари,
Ўша йўлни кезаман.
Айтар терак барглари,
“Сени ҳамон севаман…”
* * *
Ўлмоқ керак бўлса,
Ёр жабри кўмаклашар,
Ёр заҳри кўмаклашар.
Ўнглагунча ўзингни,
Тириклайин тупроққа,
Тўлдиради кўзингни.
Ўлмоқ керак бўлса,
Дўстнинг ҳам, ҳамдарди кам,
Марди ҳам, ҳеч чекмай ғам.
Бир четда тупук ютиб,
Турар ўлишинг кутиб.
Ўлмоқ керак бўлса,
Ўлимни истар бўлсанг.
Яшамоқни истамай,
Бир кун ҳаётдан тўйсанг.
Еру кўкка сиғмаса,
Оҳу фарёду ноланг,
Қутқармоққа келмайди,
Жонингдан азиз боланг.
Ўлмоқ керак бўлса,
Тўлса бир кун паймонанг,
Бўлиб зору парвонанг,
Ўлишингга йўл қўймай,
Жон тиккай
фақат онанг!
Урчиш
Ҳар иш, ҳар жой, ҳар ёқда, ҳар ён,
Мингга айланмоқда, ҳар лаҳза, ҳар он.
Мингга айланмоқда катта минбарда,
Сўзланган битта сўз, биргина ёлғон.
Шоир
Юрагини ёрарди,
Ғалаёнларнинг аҳди.
Умри ўтиб борарди,
Сўниб борарди шахди.
Кўтаролмади исён,
Тақдирига берди тан.
У шеър битмаган қоғоз,
Оқ қолди мисли кафан.
…Шоир истаги эркдир,
Тангрим уни қилма хор.
Шараф байроғи эрур,
Шоирлар осилган дор.
Зарраман, бор йўғи бир қатра шеър бер
Нега мен шеър деган ҳурни севганман?
Бола эдим, чиройига учдимми ё?
Бугун шеър ёзмоқни оз-моз эпларман,
Аммо билмам,
недир ҳаёт, недир дунё!
Билмам қандай кечди умр, ўтди умр?
Сеҳрланиб қолган каби девонаман.
Шеър деган ҳис ҳаётимни ўйнаётир,
Ўзимга,
ўз умримга бегонаман.
Шеър – рашкчи қиз,
бир нафас ҳам ташлаб кетмас,
ҳар сония ўй-фикримни яшар чархлаб.
Уни қанча севсанг, унга шунча етмас,
Ўтаяпман у билан ер-кўкни шарҳлаб.
Худо демай, хақиқатдан адашдим мен,
Худойимга фидо бўлмай кўп адашдим.
Бор-йўғи бир сония яшадим мен,
Бир сония бўлса ҳамки минг алдандим.
Инсон ўзи ожизгина бир бандадир,
Тақдирини ўзгартолмас ўзи асло.
Билмас қачон, қай даврда яралгайдир,
Билмас қанча этилгандир умр ато.
Билмасман мен бу дунёга нега келдим?
Нега келдим? Нима қилдим? Кетгум қачон?
Ўз-ўзимни бошқаролмай сарсон бўлдим,
Чархпалакдай айланади рўйи жаҳон.
Эй, Худо иймон бер, ақлимга онг бер,
Тафаккур, нур бергин онгимга ёруғ.
Қаро кунларимга мунаввар тонг бер,
Қалбимга илоҳий қувват бер қутлуғ.
Эй, Худо! Бу ҳаёт, бу ўлим, умр, Ер,само
Не эканин фақат сен билажаксан.
Коинотда минг минг сайёра аро,
Не сир бор, фақат сен ҳал қилажаксан.
Мен эса зарраман, заррадан зарра,
Шеър деб яшадиму шеър деб ўларман.
Сенга ишонаман, мингдан минг карра,
Бир қатра шеър берсанг бахтли бўларман.
Зарраман, бор-йўғи бир мисра шеър бер,
Бир мисра шеър берсанг, қолмас менда ғам.
Мангу янграб турсин, мен айтган бу шеър!
Шеърим қолсин майли ўзим ўлсам ҳам.
Муҳаммад ИСМОИЛ – 1964 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини тамомлаган. “Тазарру саодати”, “Тасаввур чизиқлари”, “Кўнгил мулкига сафар”, “Саҳройи гуллар”, “Сиз ҳамон ўшасиз”, “Бошимдаги тожим онам” “Миллат юрагининг дурдоналари” “Ойга осилган байроқ” сингари китоблари чоп этилган. Шеърлари ҳинд, турк, белорусь, рус, инглиз, туркман, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ каби тилларга таржима қилинган.