Тоҳир ШЕРМУРОД – филология фанлари номзоди, адабиётшунос. 1956 йилда
туғилган. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтини (ҳозирги ТДПУ) тамомлаган. “Ҳаёт кўзгуси”, “Қардошлик камоли”, “Жозиб”, “Изҳор”, “Излаб”, “Усмон Азим ижодиёти” сингари китоблари чоп этилган.
Таҳлил
Адабий ижодга мансуб истеъдод билан кенг жамоатчилик эътиборига тушмоқ
ҳозирги эмас, олдинги асрда анчайин осон эди. Шунгача бўлган тадорик жараёни
талабчан ўтса-да, ёш ижодкор эълон қилинган дастлабки асарлари биланоқ
кўпчиликка маълум бўлар эди. Бугунги кунда майдонга кирмоқ осону танилмоқ,
тан олинмоқ, адабиётга муносиблик жуда қийин. Мустақилликнинг аввалида илк
китоби энг муваффақиятли номланган ёш шоирлардан бири Муҳаммад Исмоилдир.
Унинг 1991 йилда нашр этилган биринчи шеърлар тўплами “Тазарру саодати” деб
аталади. Китобнинг номидан ҳидоят ва бахтиёрлик ҳисси англанади. У – кўтаринки
кайфият ифодаси. Мазкур сўз бирикмаси маъно тароватининг шоир қалби,
шууридаги ўша дамги ва бугунги тажассуми алоҳида адабий-назарий масала.
Ҳозир гап айни номланишда янги давр руҳи, кайфиятининг рамзий мужассамлиги
ҳақида.
Халкимиз узоқ замон эркин, ҳуқуқий химояланган тазарруга ташна, чанқоқ
яшади. Мустабид тузум сиёсати ва мафкураси бутун жоҳил тарихи мобайнида
халқнинг эътиқодий туйғуларини бешафқат назорат қилди. Ҳатто қалбларда
майли илоҳан муҳрланган тавбакорликка изн бермай келди. Исломни кеча-кундуз
қоралаб, масхаралаб, ҳаммани унинг таъсирисиз тарбиялаш йўлини тутди. Дин ва
диндорларни муттасил таъқиб этди. Шўро сиёсати тарихга башарият мозийсидаги
энг ёвуз, чиркин жиноий ҳаракатлардан бири сифатида муҳрланди. Беҳуда, ҳавойи
ғоялар, “изм”ларнинг зуғумкор йўлбошчилари, нодон сиёсатчилари ва шотирлари
билмадики, инсон табиатидаги Аллоҳни танишга бўлган мойиллик-ҳанифлик
инсоннинг ўз ихтиёридаги нарса эмас, балки инсон қалбига яратилишида жо
этилган собит, улуғ неъмат. Миллатга мустақилликни доимо орзулатиб келган
туб сабаблардан бири ҳам шундаги эркинлик эди. Дин эса бардавом тазарру
ҳам демакдир. Умрни ҳидоятли, тавбакор, ҳақиқатлардан воқиф, ёмондан
муҳофазаланган, икки дунёга ҳам манфаатли ўтказиш демакдир. Тазарру шу
шарафли йўл йўлчисининг ҳар лаҳза, хар жойдаги руҳоний маёғи саналади.
Мўъжаз шеърий китобчанинг “Тазарру саодати” дея номланиши шу маънода
бугун рамзий, ҳикматомуз идрок этилмоқда. Тўпламда “тазарру” тушунчаси рангин
маънолари, ибодат мақоми, илоҳий англанмаси билан намоён бўлмаган бўлса-да,
бугун у сўз шоир поэтик тафаккури, услубининг ривож сўқмоқлари ва камолига
ҳам бўлиб ўтган ишорат-ҳикмат каби туюлмоқда.
Шу нуқтаи назардан энди барқарор тазарру тўлқинларининг бевосита адиб
услубидаги поэтик ривожига, ҳаётий, бадиий манзараларига эътибор қаратамиз.
Таҳлилий кузатиш ва холис талқин этиш бу ижод мисолида ноаниқ ёхуд мураккаб
кечмайди. Чунки кўплаб жозибадор маълумотлар ҳамда таъсирчан лавҳаларни
бизга адибнинг ўз ижоди, унинг адабиётимизда аллақачон айрича эътироф этилган
хос услуби, шеърияти ва насри намуналари, бошқа ижодкорларнинг иқрорлари
тақдим этади.
Муҳаммад Исмоил бутун борлиғини, эл-юрт, миллат, Ватан моҳиятини,
муҳаббат, меҳр-оқибат эврилишларини, ўзи ва ўзгаларнинг эътиқодий камол
йўлидаги аҳволотини, ибратлар, сабоқлар, муаммолар, адашувлар, шахсиятинингда ҳамма хосликларини бадиий талқинга йўлловчан ижодкор. Услуби – ана шу
қарашлар фонида ўзлигининг ҳам ҳеч бир қиррасини яширмай, ошкор этувчан,
фош этувчан услуб. Бу хусусият адабий ижод оламида кўп учрамайди. Ўзни поэтик
тафтиш санъаткорликлари мақталиб келинади, аммо кўпинча ижодкорнинг ўзидаги
ожизоналик, хатокорлик, маҳдуд қарашлардан пушаймонлик сингари мотивлардан
асраниш тавсия қилинади.
Муҳаммад Исмоил услуби бу ғарбона адабий-назарий ўгитларга буйсунмайди.
Ҳаётдаги бор кечмишини яхлит, узлуксиз жараён, содир бўлган қисмат
ҳодисалари, кимларгадир сабоқ бўладиган, хулосаси манфаат берадиган
тажрибалар деб қарайди. Бу хослик китобхонларининг ғашини келтирмайди.
Аксинча, уларни қизиқтиради, ўз аҳволлари борасида фикрлатади. Бу хослик
асарларига фавқулодда табиийлик, халқоналик бағишлайди, муаллифга руҳан
ҳамнафаслик ошно килади.
Муҳаммад Исмоил айтмаса ҳам бўладигандек туюлгувчи автобиографик
воқелик, мулоқотдан ҳам шубҳаланмай ҳикмат мавжларини излайди. Уларнинг
ҳам асарга зийнат бағишлай олиш қувватини илғаб олади. Сўнг улар тафсилоти
асарга лирик-эпик чекинишлар сингари кўчади. Масалан, адибнинг ижодий
йўли тадрижий ривожини шеърияти ва насрининг ўзидан билиб олиш мумкин.
Ижодининг илк босқичида ифода йўсини қандай эди? Унинг поэтик нуқтаи назарида
қандай ўзгаришлар юз берди? Услубининг камолига нималар сабаб бўлди?..
“Бошимдаги тожим онам” туркум ҳикояларининг бирида Муҳаммад Исмоил
илк шеърларининг қабулланиши ҳақидаги қизиқ воқеани баён қилади. Ёш шоир
газетада сурати билан, машҳур шоирнинг “оқ йўли” билан чиққан шеърларидан
боши кўкка етиб, қишлоққа, онаси ҳузурига, ошиқади. Хонадонда катта шодлик,
онасининг қувончи чексиз. Шеърлар ўқилади. Онаизор уларнинг маъноларини
айтиб беришга қийналади. Шеърлар ўша даврда қизғин баҳси кетаётган, ёшларда
урфга айланаётган модернча усулда битилган эди. Шоир ўғил ичдан ҳижолат
тортади:
“Онамнинг ўша кунги ҳолати менга жуда каттиқ таъсир қилди ва мен учун энг
азиз инсон тушунмаган шеърларнинг ҳеч қандай қадри йўқлигини англаб етдим
ва энди фақат тушунарли, оддий ва содда шеърлар ёзаман деб қатьий аҳд қилдим.
Онамнинг юзларига балқиб чиққан ифода ижодимни мутлақо ўзга ўзанга буриб
юборди” (Айни воқеа “Биринчи китоб” шеърида ҳам жозибали тасвирланган).
Тафаккур тарзининг теранлашиши ижодкорда яна Она ўгитлари, воқеаларнинг
“туртки”лари таъсирида кечганлиги айтилади. Шоирнинг навбатдаги, “Сиз ҳамон
ўшасиз…” китоби чиқади. Она билан шоир ўртасида суҳбат бўлади. Онанинг
шоирлик ҳақидаги насиҳатлари яна ғолиб келади. Чунки улар исломий тафаккур
ҳақиқатлари эди. Бунинг учун эса шеършунослик, адабиёт назарияси каби
илмлардан бохабарлик шарт бўлмайди. Ижодкор услубини ҳақ таълимотга батамом
таслимликка йўналтирган Она сўзлари, жумладан, қуйидагилардир:
“Эртага ўғил-қизларинг катта бўлади. Сени севги ҳақида ёзганларингни ўқиб,
улар хам ўлдим-куйдимга тушмайдими?”
“…Ҳар бир ёзган асаринг – бу шайтонга қараб отилган тошга ўхшасин…”
“Ёзсанг, фақат рост нарсаларни ёз. Ростгўйлигинг – одамлар сенга бугун ҳам,
эртага ҳам ишонишига кафолат. Сен ўзингнинг ҳаётингда бўлмаган кўп нарсаларни
ҳам ёзгансан”.
Муҳаммад Исмоил худди шу масалада атоқли ёзувчи Одил Ёқубовдан ҳам
танбеҳ-насиҳат эшитганини мухлисларидан сир сақламайди. Бу ҳақда ўзининг
“Диёнат дарёси” бадиасида батафсил ҳикоя қилади. “Сизни севмай бўладими…”
китобига устоз адибнинг сўзбоши ёзмоғини ният қилади. Адиб шоирнинг муҳаббат
мавзуидаги шеърларига ўз эътирозларини билдиради. “Мен Одил аканинг биринчи
гапиданоқ ижодимдаги ўзим шу пайтгача кўрмаган, сезмаган камчиликни яққол
кўрдим. Шу бир оғиз гапнинг ўзиёқ мен учун бутун умримга татийдиган сабоқ
булди”, дейди Муҳаммад Исмоил ўз китобхонига.
Шоир ва носирнинг адабий-назарий қарашлари қай тариқа теранлаша борганига
доир бундай мисоллар кўп. Баъзи шеърлари, ҳикоялари, бадиалари, мақолалари,
унинг машҳур адиблар, аҳли илмлар билан ва бошқа журналистларнинг адиб
билан қилган кўп сонли суҳбатлар бу мавзуга бой материал беради. Улар
орасида бевосита шоирлик, ёзувчиликнинг моҳияти, вазифалари, дард-изтироб,
орзуларининг мушоҳадалари атрофлича бадиий тадқиқ этилганлари ҳам бор.
Барчаси билан танишар экансиз, адабий ижоднинг камол йўлидаги заҳматлар,
тафаккур ривожининг сўқмоқлари, услубнинг ҳикматли мақомга эришувидаги
ижодий машаққатлар кўз олдингизда намоён бўлади.
Ғоятда қизиқарли бир ижодий баҳс-ҳодисага эътибор бериш шу ўринда жоиз
деб ўйлайман. Улкан ёзувчи, хикоя жанрининг ўзбек адабиётидаги етук санъаткори
Шукур Холмирзаевнинг “Ўйлатиб қўйди мени…” (1997 йил) мақоласида ўзининг
ёш шоир Муҳаммад Исмоил билан ўткир, бир қадар кескин мунозара, гурунги
тафсилоти Шукур Холмирзаевнинг услубига хос ҳикоя қилинган. Диологда
икки ижодкорнинг сўзга масъулият борасидаги қарашлари кутилмаганда тўқнаш
келади. Суҳбатда ўзаро тортишув руҳи бор ва унинг қизғин кечаётганлигига шубҳа
қилмайсиз. Шоирнинг ижод моҳияти, вазифаси, самараси, шарафлари хақидаги
қарашлари қатъийлашган: сўз санъатининг ҳам нажот йўли – ҳидоятда, исломий
таълимотда; Ижодкор шахс илми билан ҳам, амали билан ҳам шу ҳақ йўлда бўлмоғи керак; Бу муштараклик буюкликка, икки дунё саодатига элтувчи омилдир. Ёзувчи ва шоирнинг баҳсидан парча:
“– А-а, мундоқ денг… Менинг “Исломий йўлда” ижод қилишимни истар экансизда?
– Ҳа-ҳа, – деди у бирдан хаяжонланиб. – Исломий йўлда… Агар шу йўлда ижод
қилиб, Ислом нури билан асарларингизни ёритсангиз, шу нур сизга йўлчи юлдуз
бўлса, сиз энг буюк ёзувчилардан бирига айланасиз!”
Шукур Холмирзаевнинг ушбу битигини Муҳаммад Исмоил ва унинг ижоди
хусусидаги мақола эмас, ёзувчининг ҳаётдан айнан олинган навбатдаги ажойиб
ҳикояси дейиш мумкин. Бунда икки ижодкор руҳиятининг чуқур ифодаси бор.
Ҳикоянинг иккинчи кисмида ёзувчи бу “ҳужумкор” шоирнинг шеърларини бироз
беҳафсала кўздан кечира бошлайди. Модернча шеърларга эътибор қаратмайди.
Ногаҳон залворли мисраларга дуч келади:
Оқни қорадан-да ажратиб бўлмас,
Ажратиб бўлмайди чинни риёдан.
Ва инсон ўлса ҳам дунёга тўймас,
Айириб қўйсалар динни дунёдан.
“Шошма, – дейди катта ёзувчи ўз-ўзига, – бу йигит бу йўлга, йўқ, бу фикрларга
қандай қилиб етиб келди?” Ёзувчининг шоир ҳақидаги бошланғич таассуроти
ўзгара бошлайди. Иккита шеърдан кейин уни яна бир тўртлик “тутиб колди”:
Мен иймон ҳукмини истадим, аммо
Бирни жоҳил, бирни ғафлатда кўрдим.
Инсонларнинг шахсий фикрати аро
Ҳақни танигунча шом бўлди умрим.
Ёзувчининг шоир билан баҳсдаги аввалги таассуротларини бу тўрт мисра
чилпарчин қилади. Яна ўз-ўзига дейди: “Ў, ярамас… Шу ёш йигитнинг тавбасия бу?! “Шом бўлди умрим”. Тўғри, бу бор гап, тўғрироғи, мавжуд ташбеҳ бу… Аммо
нақадар ёпишиб тушган!”
Бошда, “Ҳамиша мулойим боқадиган қўй кўзлари-да ёт бир совуқлик пайдо
қилган”, сўнг мунозарани тап тортмай бошлаган, охирида ўзини ўйлатиб қўйган
“хумпар”, “ярамас”, “маладес” йигит ҳақида Шукур Холмирзаев, ниҳоят, шундай
фикрга келади:
“Маладес. Дарди бор. Ўзига хослиги ҳам. Олмос сингари ҳеч қачон қадрини
йўқотмайдиган ўзлиги, шоирлиги ҳам бор. Унинг тасаввур чизиқлари ҳаётнинг,
яшашнинг мазмуни сари бормоқда. Хақиқий бахт, еру осмонларнинг Яратувчисига
ибодат қилишдагина эканлигига тушуниб етаётганлигининг ўзи шоирнинг мавқеи
нақадар юксак бўлишидан нишона эмасми?”
Дарҳақиқат, барча замонларда сўз санъати истеъдод соҳибидан илоҳий
ҳақиқатлар замирида иш кўришни, ҳикматларга суянишни, ўзи ҳам, ижоди ҳам
ҳикматли, имонли бўлишни талаб этади. Бу – инсондаги поэтик тафаккурнинг
олий, энг юқори босқичи. Ҳар бир ижодкор шу мақомга интилмоғи лозим. Унга эса имкониятлар чексиз. Хоҳ илоҳий, хоҳ мажозий усулларда бўлсин, бадиий
талқинлар инсониятга яхшилик, тўғрилик таратмоғи лозим бўлади. Фаробий,
Навоий, Бобур, Огаҳий, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат сингари юзлаб олим ва
адиблар меросларида бу таълимотнинг ҳам илмий, ҳам амалий бадиий ибратлари
ижод йўлидаги мангу маёқлардир.
“Инсоният ҳаёти, – деб ёзган эди Лев Толстой, – фақат диний онгни чуқур
ўзлаштириб олиш оқибатидагина мукаммаллашмоғи мумкин. Диний онг эса
одамларни ўзаро мустаҳкам боғлайдиган ягона ибтидодир, Одамларнинг диний
онгни ўзлаштириши инсон маънавий фаолиятининг ҳамма жабҳалари томонидан
амалга оширилади. Бу фаолиятнинг жабҳаларидан бири санъатдир”.
Муҳаммад Исмоил қайси бир мавзуда қалам тебратмасин, соддалик ва
халқоналикнинг ҳам, маъно тагига тагмаъно жойлаштиришнинг ҳам, фикру
туйғуларни мутаносиб қилишни ҳам, ғояларни парвозлантириш ва зийнатлашнинг
ҳам санъаткорона меъёр-мезонларини билади. Ҳақ поэтик сўзга интилади.
Умумнинг манфаати, қувончи, дарди, изтироби, иқболи, юксалишини кўзлайди.
Унинг лирик, эпик қаҳрамони ҳеч қачон тамоман умидсизликка тушмайди.
Тушкунликнинг Яратганга исён ва ширклигини чуқур идрок этади. Оний
қийинчилик, машаққатлардан ҳақ таълимот ўргатганидек мардона ўтишга
интилади.
Шеър ишида ҳам тақозо холислик, одиллик, ҳикмат, ўзгаларга гўзал маънавий
манфаатлар таратиш бўлгани учун Муҳаммад Исмоил лирик қаҳрамони ўз айбу
хатоларини, ўз ислоҳи йўлидаги саъй-ҳаракатларини-да, яширмай шеърга солади.
У шодон онларинию маҳзун кезларини ўзига хос поэтик шижоат, оташин сўзлар
билан айтади. Турли-туман жанрлардаги йигирмадан зиёд китоблари шунинг учун
ҳам минглаб китобхонлар орасида қўлма-қўл. Улар қалбларга завқ бағишламоқда,
онгларга ҳақ йўл ўгитларини ўзига хос оҳангларда олиб кирмоқда.
Муҳими, ёзайлик иймонли шеърлар,
Ислом нури кўчсин шеърга, достонга…
Муҳими, шу халқдир, муҳими, миллат,
Муҳими, шу элни кўтармоқ бошга!..
Муҳими, тоза қалб билан яшамоқ,
Устозлар йўлидан бормоқдир доим.
Муҳими, бир куни қилганда сўроқ,
Мендан рози бўлсин Қодир Худойим!