Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

СЕРМАҲСУЛ ИЖОД


Рустамжон ТОЖИБОЕВ – (1958–2014). Филология фанлари номзоди, доцент. Қўқон
педагогика институтининг филология факультетини тамомлаган. Унинг икки юздан
ортиқ илмий, публицистик мақолалари эълон қилинган. “Фурқат абадияти” илмий
рисоласи муаллифи.


Носир Зоҳидни саксонинчи йиллардан буён яхши биламан. Ўша пайтлар
адибнинг шеърлари, ҳикоя ва ҳажвиялари шаҳар, вилоят, республика нашрларида
чоп этилиб турарди. Кейинчалик бу шеърлар “Тазарру” номи билан китобхонлар
қўлига етиб борди. Тўпламдан бармоқ вазнда битилган шеърлар, ғазаллар,
мухаммаслар ўрин олган. Чунончи, шоир мактаб остонасига илк бор қадам қўяётган
болакайга бағишлаб ёзган шеърида шундай дейди:


Болажон, мен сени кўрдим тонг пайти,
Гўё кабутардек учиб боряпсан.
Боғчангда ёд олган шеърларинг айтиб,
Ажиб гулдастангни қучиб боряпсан.
Бунчалар маъсумсан, бунчалар ширин,
Шўх-шўх боқишларинг тонгдек беғубор.
Мурғак дилгинангда нелар яширин,
Қай бир истеъдоднинг оташ чўғи бор.


Шу ўринда бир гапни таъкидлаш жоиз. Носир Зоҳид форс-тожик тилидан
яхшигина хабардор, мумтоз адабиётимизнинг билимдонларидан. Адиб билан
Алишер Навоий, Бобур, Огаҳий шеърияти ҳақида соатлаб баҳс-мунозара қилган
пайтларимизни эслайман. Ўзи ҳам ғазалнавис бўлган шоирнинг тўпламида шундай
сатрлар бор:


Офтоб, бергил ўзинг ул офтобимдин дарак,
Унга ҳам еткуз доғи тортган азобимдин дарак.
Гул юзини тушда кўрмоқ орзу қилдим ва лек,
Бўлмади то тонгача кўзларга ҳобимдин дарак.
Хублар юлдуз каби теграмда тўлгандин не наф,
Бўлмагач кўнглим чароғи – моҳитобимдин дарак.


Ёки


Бермам ўзима оро девоналигимдандир,
Кезсам кўчада танҳо мастоналигимдандир.
Ишқимни баёнига сўз топмасам, эй дилбар,
Айб айлама ҳуснинга ҳайроналигимдандир.
Тегрангда урарман чарх меҳринг ўтида ёндир,
Қочмаслигим оташдан парвоналагимдандир.


Маълумки, мухаммас ҳар бир бўлаги (банди) беш мисрадан иборат бўлган
шеър тури. Шоирлар азал-азалдан замондош ёки ўзларидан аввал яшаб ижод этган
шоирларнинг машҳур ғазалларига мухаммаслар боғлашган. Лекин шуни эътироф
этиш лозимки, мухаммас боғлаш шоирдан масъулият ва юксак истеъдодни талаб
қилади. Бирор шоирнинг ғазалига боғланган мухаммас байтлар мазмунини
тўлдириши, бойитиши, мухтасар қилиб айтганда, узукка кўз қўйгандек мос
бўлиши даркор. Бунга Носир Зоҳиднинг ўтмиш ва ҳозирги замон шоирларининг
ғазалларига боғлаган мухаммасларини намуна сифатида келтирса бўлади:


Аҳли ишқ ичра ўзимдек бағри сўзон бормикин,
Васл умидин дилда соқлаб чашми гирён бормикин,
Ошиғинг кўп, лек менингдек зору нолон бормикин,
Боғ аро ҳам сен каби сарви хиромон бормикин,
Юзлари гул, сочи сунбул хатти райҳон бормикин
(Муқимийнинг “Бормикин” ғазалига боғланган мухаммасдан)


Ёки
Куйламоқ учун васфи ҳуснинг қўлга олдим соз, кел,
Айлайин изҳори дардим дилда кўпдир роз, кел.
Интизорлик ҳаддин ошди, қилмайин кўп ноз, кел,
Кўзларимнинг нури бўлди йўлга поёндоз, кел,
Сен қасам ичдингми ё деб қўймам асло бир қадам.
Кутгали ёрингни Носир суръат айлаб йўлга чиқ,
Жону кўнглингни бағишлаб, ҳиммат айлаб йўлга чиқ,
Сезмасин ағёр ҳаргиз фурсат айлаб йўлга чиқ,
Бас шикоят қилма Эркин журъат айлаб йўлга чиқ,
Сенга бир одим Самарқанд, сўнг Бухоро бир қадам.
(Эркин Воҳидовнинг ғазалига боғланган мухаммасдан)

Носир Зоҳид табиатан ҳазил-мутойибага ўч, ҳозиржавоб адиб. Бу унинг ҳажвий
шеърлари, ғазаллару ҳикояларида ўз аксини топган. Бундан чамаси ўн йиллар аввал
бир даврада у Мурод Калонхоннинг “Ичганмиз кеча” ҳажвий ғазалига боғлаган
қуйидаги мухаммасини (бу шеър “Тазарру” тўпламига кирган) ўқиб берганди:


Бас насиҳат қилма, тиз чўккунча ичганмиз кеча,
Сарвдек тик қаддимиз буккунча ичганмиз кеча.
Кўнгил айниб меъдага теккунча ичганмиз кеча,
Тегма менга, эй хотин, бўккунча ичганмиз кеча,
Энди ер тўйсин дебон тўккунча ичганмиз кеча.


Мустақилликнинг дастлабки йилларида Носир Зоҳиднинг номи матбуот
нашрларида кўпам кўзга ташланмай қолди. Лекин орадан бироз вақт ўтиб,
тўғрироғи, 2000 йиллар арафасида “Марказий Фарғона” газетасида адибнинг
“Қасос” қиссаси эълон қилина бошланди. Кўп ўтмай, газета қўлма-қўл бўлиб
ўқувчилар асарнинг давомини сабрсизлик билан кутадиган бўлиб қолишди. Мен
ўзим кўча-кўйда, давраларда, тўй-маросимларда газетхонларнинг асар юзасидан
баҳс-мунозара қилишаётганини гувоҳи бўлганман. Хуллас, “Қасос”нинг чоп этилиб
турилиши яқин бир йил давом этди. Бу орада газета адади икки баробарга ортди.
2001 йилда эса “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик корхонаси асарни китоб
ҳолида нашрдан чиқарди. 2004 йилга келиб “Қасос” қиссаси адибнинг янги асари
“Йигит йиғламасин дунёда” билан биргаликда чоп этилди. Қувонарлиси, бу китоб
ҳозиргача тўрт маротаба қайта нашр қилиниб, ўқувчиларнинг севимли китобига
айланган. Айни кунларда бу асар бешинчи маротаба қайта нашрга тайёрланяпти.
Бу йиллар орасида Носир Зоҳид “Аросат”, “Ишқ можароси”, “Шаҳар кўрган қиз”
қиссаларини китобхонларга тақдим этди.
Ўтган йилнинг куз ойлари эди. Носир Зоҳид билан суҳбатда, “Сиз яхшигина
шоир эдингиз, лекин кейинги йилларда назмга деярли қўл урмай қўйдингиз, бунга
сабаб нима?” деб сўрадим. Шунда адиб ҳазил оҳангида шундай деди:
– Дўппини олиб ўйлаб қарасам, мендан барибир Рауф Парфи ёки Муҳаммад
Юсуф чиқмас экан. Шунга янги жанрларда ўзимни чоғлаб кўраяпман.
Бироз ўйланиб турди-да, сўнг яна қўшимча қилди:
– Тўғри, ҳозир китобхонлар мени шоир эмас, кўпроқ ёзувчи сифатида билишади.
Лекин ёзган асарларимдан ҳали кўнглим тўлганича йўқ. Ижодкор сифатида
режаларим, кўзлаган мақсадларим кўп…
Албатта, бу сохта камтарлик эмас. Бу адабиёт майдонини муқаддас деб билган
ижодкорнинг ўзига бўлган талабчанлиги ифодаси…
Энди икки оғиз сўз адибнинг илк романи – “Надомат” асари ҳақида. Асарда
саёҳат баҳонасида Америкага бориб, ўша ерда бутунлай қолишни ихтиёр
этган икки ўзбек аёли – Сурайё ва Ойишаларнинг тақдири, изтироблари, ўйкечинмалари қаламга олинган. Романнинг тили содда, равон. Умуман олганда,
Носир Зоҳиднинг ижоди билан яқиндан таниш бўлган ўқувчи адиб асарларини
ниҳоятда осонлик билан ёзган бўлса керак, деб ўйлайди. Аслида, ундай эмас.
Мумтоз адабиётда буни “сахли мумтаниъ”, яъни “осону имконсиз” дейишади.
Рост-да. Китобхонинг қалбига етиб борадиган содда тилда ёзишнинг ўзи қийин.
Маълумки, адабиётда Ватан, ватанпарварлик ҳақида ёзилган китоблар кўп. Адиб
романда бу мавзуга янгича ёндашади. Чунончи, асарда Америкада туғилиб ўша
ерда вояга етган Баҳодиржон билан бобоси – саксон ёшни қоралаган Абдураҳмон
ота ўртасида шундай суҳбат бўлиб ўтади.
– Бобо, – деди у кинояли кулимсираб. – Ватан, Ватан дейсиз. Ўзингиз бир неча
марта Сталин қатағони йилларида жонимизни, дину диёнатимизни асрайман деб
она юртимизни ташлаб кетишга мажбур бўлдик, мусофир юртларда не-не азобуқубатларни бошдан кечирмадик, деб айтгансиз. Яна Ватан дейсиз… Ватан сизга
нима берди?
– Э, нодон бола, – Абдураҳмон ота табассум билан бош чайқади. – Мусофир
юртларга бош олиб чиқиб кетган бўлсак, Ватанда не гуноҳ? Ватан дегани бир
гуруҳ дину диёнатсиз, қонхўр, муттаҳам кимсалар эмас. Ватан бу киндик қонинг
тўкилган табаррук замин. Ҳижратни ихтиёр этмоқликка мажбур бўлган бўлсак,
она Туркистонимизнинг жаннатмакон боғ-роғлари, дарё-ю тоғлари, буғдойзорлару
пахтазорларида нима айб…
Ўрни келганда яна бир гапни эслатиш жоиз. Носир Зоҳид серқирра ижодкор,
унинг публицистик мақолаларни ўз ичига олган “Одамкушлар” китоби, “Ашрақат
асрори” илмий рисоласи, “Мухйи Муқимийнинг душмани эдими?” мақоласи
ўқувчилар ўртасида кўплаб баҳсларга сабаб бўлган.
Адиб ҳақидаги фикр-мулоҳазаларимни мухтасар қилишдан аввал, Шайх Саъдий
Шерозийнинг пур ҳикмат ибораларидан бирини келтиришни лозим топдим. Ул
муборак зот айтмишлар: “Мушк онаски худ бибуяд, ни онки аттор бегуяд”. Яъни,
мушки анбар ҳақиқатдан зўр бўлса, ҳиди атрофга таралиб, харидорларни ўзига
жалб қилаверади. Сотувчи – атторнинг мақташига ҳожат йўқ. Зеро, Носир Зоҳид
асарларининг китобхонлар ўртасида қўлма-қўл бўлаётганининг сири уларнинг
долзарблигида, бадиий маҳорат билан ёзилганлигида.
Юқорида айтиб ўтганимдек, Носир Зоҳид ижодга масъулият билан ёндашиб, ўз
олдига катта мақсадларни қўйган адиб. Мен адабиётшунос сифатида ёзувчининг
эзгу ниятлари, орзулари амалга ошишига чин дилдан ишонаман.


Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil