Талант ТОЛЕРАНТ – 1985 йилда туғилган. Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва
адабиёти университетини тамомлаган. “Феруза осмон”, “Мангу афсона”, “Илоҳий
қўшиқ” каби шеърий китоблари чоп этилган.
* * *
Жон қушимсан, сотилган қулман,
Сотиб олар ўзга кишим йўқ.
Гулшанингдан учган булбулман,
Куйламакдан ўзга ишим йўқ.
Ҳаётиму хаёлим эдинг,
Хаёлим йўқ, энди ҳушим йўқ.
Тушингизга кираман дединг,
Ухлолмайман – кўрар тушим йўқ.
Қирғоғи йўқ денгизлар хато,
Тўш уришга тўлқин, тўшим йўқ.
Омоч тортар Момо-ю Ато,
Қўшай десам қўшар қўшим йўқ.
Гулшанингдан учган булбулман,
Куйламакдан ўзга ишим йўқ.
Қани жонни учирсам қўлдан,
Ўзим қушман, учар қушим йўқ.
Дилшод Насафийга
Дўстим, шоир ишқи шеърга тушибди,
Учган япроқ охир ерга тушибди,
Ер деб деҳқон қаро терга тушибди,
Тушай десак бизнинг бозоримиз йўқ,
Туркистон аталмиш мозоримиз йўқ.
Япроқлар шамолда чулғаниб оқар,
Беномус бу улус булғаниб оқар,
Аму-Занг канали тўлғаниб оқар,
Ватан – кўзимизга қўнган гард, ахир,
Ватан – отангиздан қолган дард, ахир.
Иймон устунида балқир Бухоро,
Ҳай десак оёққа қалқир Бухоро,
Бугун ёлғонларга чалғир Бухоро – Палаҳмон тошини тонгга отган кун,
Озодлик кунидир қонга ботган кун.
Йиртқич тўнғизларга қарши турмасак,
Қузғунлар бошига қилич урмасак, Турон даштларидан ёвни сурмасак,
Қарога булғанар кундузи, кечам,
Боболар кечирмас бизларни ҳеч ҳам.
Тоғларда бургутлар хон бўлиб учар, Хонларни ёзғирманг – шон бўлиб учар,
Тупроқдан ҳар зарра жон бўлиб учар,
Ватан – кўзимизга қўнган гард, ахир,
Ватан – отангиздан қолган дард, ахир.
* * *
Қўнишга жой топмай қуш каби учдим,
Дунёнинг таъмири экан вайрона.
Дейсан – янги уйга яқинда кўчдим,
Ҳамда китобларга ажратдим хона.
Не бўларди биздан ёшлик кетмаса,
Қисмат қаршисида ўйга толамиз.
Қайта яшашга-ку умр етмаса,
Иккимиз бир китоб бўлиб қоламиз.
Умр тўлар. Жавон тўлар кундан-кун,
Фаслдек тахланар бари изма-из –
Юсуф ва Зулайҳо, Лайли ва Мажнун,
Афсус бўш турибди бизнинг ўрнимиз.
* * *
Новдадаги куртак мисоли,
Ечилмайди юракда тугун.
Йўл қарайман дунёдан ҳоли,
Йўл қарайман аҳволим нигун.
Борар жойга бир кун борилгай,
Йўлларингга гуллар сочилсин.
Юракни қўй – бир кун ёрилгай,
Совуқ урмай куртак очилсин.
* * *
Ташналигим қандай майдир,
Бораяпман сенга қайтиб.
Ҳар бир дарё эслатгайдир,
Шовуллайди исминг айтиб.
Зикрингдадир ҳуру ғилмон,
Қуёш борар нурга тўлиб.
Бўлиб борар қалбим осмон,
Юрак парча-парча бўлиб.
Сен дормикан ё тормикан –
Жон узилар бир оҳ дея.
Майхонада май бормикан,
Йўлга чиқдим Оллоҳ дея.
* * *
Гулдек яшнар эдинг – ҳуснингни кўриб,
Дунё ишларидан бўшаган эдим.
Қўйнимга ой каби келгандинг кириб,
Пойингга жонимни тўшаган эдим.
Тамом. Хайрлашдинг – қошинг қайрилди,
Энди кўришмаймиз йўқ дединг висол.
Битта бўлган жоним икки айрилди,
Алвон лабларингнинг айриси мисол.
Қоронғи кўчангдан кетдим қон ютиб,
Шамоллар изимдан ёлборди ҳалак.
Бир тола сочингнинг нархидан ўтиб,
Умрим қора бўлди, қорайди фалак.
Эгилган бошимга маломат ёғир,
Ҳар алам ярадек пишиб етилгай.
Жудолик ичида куйламоқ оғир,
Жудолик ичида йиғлаб кетилгай.
Тамом хайрлашдинг ўша… ўша он,
Бутун ҳаётимни хуржунга йиғдинг.
Жоним пойингдамас энди ҳеч қачон,
Айрилган жонимнинг устига чиқдинг.
* * *
Ерни искаб ётардим чимда,
Сойда аксим қалқир эди гоҳ.
Илк шеър ёзган дамлар эсимда,
Менга фақат ой эди ҳамроҳ.
Билмам қачон мен уни кўрдим,
Кўзларида аксим қалқиди.
Сўқмоғида беармон юрдим,
Қучоғимда ойдек балқиди.
Маҳкам қучди у нозик қўллар,
Шамдек ёниб ўчди севгиси.
Йўқолгандай ифорли гуллар,
Димоғимда тупроқнинг иси.
Яна сойлар аксимга чўмар…
Гўзалдир жон узилса ногоҳ.
Ҳў, ўша чин севгини кўмар,
Сўнгги шеърда ой бўлар ҳамроҳ.
* * *
Пўлатдек тобландим оби-тобида,
Ёвлар ёмонлаган – ёрлар алқаган.
Фақат Яратганнинг бор ҳисобида,
Омон ўтиб келдим нечта ҳалқадан.
Олов ҳуққабознинг енгин шимирар,
Фақат чўғ ўйнайсан ишқнинг жангида.
Юрагинг куяди, сочларинг кирар
Оқаришдан олдин кулнинг рангига.
Ҳуққабоз қўлидан қаерга кетай,
Ҳар томошасига томоша қўшдим.
Учиб ўтсам ҳамки барибир, нетай,
Оловдан яралган қафасга тушдим.
* * *
Юлдузларда ечилмаган сир,
Кажрафторнинг жумбоғи экан.
Даво учун гоҳида тақдир,
Жароҳатга туз сепармикан.
Қоматингга термиламан жим,
Қучоқласам бағрим тўларми?
Ёшлигимда сени севгандим,
Яна қайта севиб бўларми?
Юзларингдан ўпаман бир-бир,
Гул десам ҳам бағримда тикан.
Даво учун гоҳида тақдир,
Жароҳатга туз сепармикан…
* * *
Нега сендан келмайди хабар,
Одамлардан озордамисан?
Ким ҳамроҳдир сенга бу сафар,
Охири йўқ бозордамисан?
Бозор томон одамлар оқар,
Яшнободнинг кўчаларида.
Бугун ой ҳам ғамгинроқ боқар,
Қишлоғимнинг кечаларида.
Гумон босар – бу қандайин ҳол,
Бир оғир дард семириб борар.
Олмага қурт тушгани мисол,
Ич-ичимни кемириб борар.
Нега сендан келмайди хабар,
Одамлардан озордамисан?
Ким ҳамроҳдир сенга бу сафар,
Охири йўқ бозордамисан?