Хуршид Абдурашид
* * *
Сен учун очилар ранг-баранг гуллар,
кўкдаги у қуёш порлар сен учун.
Бунда табассумлар, нозу кулгулар,
кўрсатар севгининг самовий кучин.
Кўриниш берасан узоқ-узоқдан
ва яқин келасан. Жудаям яқин.
Ҳамма сўзларимни унутган чоғда
сен айтиб берасан кўнглим истагин.
Кўзларинг сўзлайди. Ғаройиб бу нутқ,
қай тилда эканин мен билмасам-да.
Тушуниб оламан. Ҳеч қийини йўқ,
бу тил дунё тили бутун оламда.
Севгига енгилиш бахтдир, эҳтимол,
худди ёв қўлига тутгандай юртни.
Таслимман. Қалбимни этасан ишғол,
жангсиз топшираман мен бу ҳудудни.
Картинанинг давоми
Атроф ойдин эди. Сен чиқиб келдинг,
Ван Гог картинаси ичидан ёриб.
Кимдир кутар эди. Сен ҳам шошилдинг,
Жондай азиз эди унинг дийдори.
Қўлингда бир дона кунгабоқарни,
Маъюс силкитардинг зулматга боқиб.
Маъсум кўзларингдан соғинч оқарди,
Борардинг кўксингда аланга ёқиб.
Сезардинг ё балки сезмасдинг атай,
Икки аср эди масофа салкам.
Бахтли бўлмоғингга ҳамма нарса шай,
Лек бошқа асрда сен кутган одам.
Мажолсиз қўлларинг силкинар ҳамон,
Кунгабоқар сўлган. Умид ўлмаган.
Шошасан номаълум ёқларга гирён,
На замон ўшадир, на ўша макон.
Айт, нима қиларди сен ҳам жилмайсанг,
Аммо қисмат эски, йўлинг янгидир.
“Ҳаёт, адолатинг борми?” Йиғлайсан,
Кўзёшларинг гўё янги бир рангдир.
Яхшиям, ортингдан келмас ўксиниб,
Эсидан айрилган телба мусаввир.
Йўқса, тағин бебахт кўрсатиб сени
Кўзёшлар ортида этарди тасвир.
Сен унга енгилма, дегим келади,
Қичқиргим келади, “енгилма, чида!”
Гарчи ёш бола ҳам яхши билади,
Қисматдан қанчалар қочма… беҳуда.
Сени ёлғиз этиб абадиятга,
Нега муҳрлади қулоқсиз рассом?
Енгилдинг, у эса енгилмай вақтга,
Камтарин умрини этарди давом.
Гарчи даҳо телба! Даҳо шафқатсиз,
Қисматдан у устун бўлолмас бироқ.
У ҳам муҳаббатнинг қошида ожиз,
У ҳам чорасиздир севиб қолган чоғ.
Балки, бахтсизлигинг кўрсатмай дея,
Кўзи ёшга тўлиб, маъюс хўрсиниб.
Атай тасвирлаган ўша сония
Кунгабоқарларнинг ортида сени.
Билмадим, талқиннинг йўриғи бўлак,
Билганим, қайтасан яна сувратга.
Сен мангу севгининг бадалин тўла,
Абадий бандисан Буюк қисматга…
* * *
Кел, суҳбат қиламиз, озгина ўтир,
Барибир ўзгармас дунёи қўтир.
Ўзингдан гапиргин, хотиржам бошла,
Ҳаёт ташвишларин бир четга ташла.
Майли болаликни ёдга ол, рухсат,
Менга энг беғубор пайтимни эслат.
Болалик осмони қор каби оқдир,
Биламан, у биздан анча йироқдир.
Умримиз ипидан узилган варрак,
Биз уни қувамиз сарсон, жонсарак.
Барибир бўлсак-да қанча чопағон,
Қувиб етолмаймиз уни ҳеч қачон.
Орзулар ортидан кетамиз дайдиб,
Кетган нуқтамизга бормаймиз қайтиб.
Қандай асов эдик бир дамлар, қара,
Энди қаршимизда сокин манзара.
Қай бир истагимиз рўёбин кўрди?
Қай бири армонга дўниб улгурди?
Вақт эса бешафқат, тинмай чопади,
Бизга ҳар он битта эрмак топади.
Шу билан андармон ойлар, ҳафталар,
Суғур куни каби ҳар кун қайталар.
Сен эса хотиржам, сипо турасан,
Овқатингни ейсан, футбол кўрасан.
Шундай курашасан ҳаётинг билан,
Бўлса-да, учмайсан қанотинг билан.
Қанот нима керак? Парвозлар унут,
Орзулар олдида улкан бир сукут.
Бошқача бўлиши мумкинми? Қандай?
Бўлди, гурунг тамом. Бир гапни айтай.
Болалик осмони ҳамон бор, ишон,
Биз уни кўрмаймиз, аммо ҳеч қачон.
Кўнгил соғинчларга тўлиб кетган дам,
Ўйлайман, бир пайтлар болаликда ҳам.
Учиш истагида бўлмаганман мен,
Ҳеч қачон учишни билмаганман мен.
Учиб бораётган мактуб
Қиз сўнгги мактубин ёзди, ўчирди,
Уни жим кузатиб турар эди тун.
Улгурсин дер эди… Шўрлик улгурсин…
Кўзёшлар этди сўнг мактубни якун.
“Севги ўткинчидир, ўтдию кетди”,
Пичирлар лаблари такрору такрор.
Кўзёшлар ғамини хийла аритди,
Мактубни йўллашга киришди дилдор.
Хатни олиб учди тонгда кабутар,
Манзил олис эмас, яқин ҳам эмас.
Бир соғинч карвони бу йўлдан ўтар,
Бир бахт учиб борар ва қайтиб келмас.
Қиз тушлар кўради ўшандан буён,
Икки қаноти бор оппоқ номани.
Таниш бармоқларга етиб борган он,
Уйғониб кетади, зир қақшаб тани.
Соғинч дарвозаси ланг очиқ турар,
У томон жарликдир, чуқур ва тубсиз.
Кўкда сон-саноқсиз дайди кабутар,
Учиб ўтар, аммо бари мактубсиз.
«Нега ёздим ўзи? Қайси жин урди?
Кетсак бўларди-ку хайрлашмай ҳам».
Қиз ўзин ҳар оқшом шундай койирди
Сўнг уйқу қалбига қўярди малҳам.
Йигит у мактубни олган эҳтимол,
Ўқиб ҳам кўргандир, алам туйгандир.
Балки, видо сўзи келгандир малол,
Ё сассиз, индамай кулиб қўйгандир.
Ошиқлар кўнглидай тордир бу дунё,
Ҳамма воқе сиғган, висол сиғмаган.
Манзилга етмаган мактуб кўп, аммо
Хатлар бор… ҳеч қачон юборилмаган.
Қиз жавоб кутаркан, кун ўтган сари
Кутиш умрига ҳам мазмун бахш этди.
Пичирлаб қўярди аммо лаблари, «Севги ўткинчидир, ўтдию кетди…»
* * *
Севгинг охир маним кўнглимга кирди,
Кўнглимга кирдию аввал жим турди.
Бегона билмади, сўнгра бемалол
Ўзининг уйида юргандай юрди.
Мусиқа қўйилди. У мисли афсун,
Ҳар бир нотасида бир олам мазмун.
Бу уйдан бош олиб кетди ёлғизлик,
Ва бахт кўчиб келди бу уйга бугун.
Сен забун кўнглимга ноёб дорисан,
Бахтиёр умримга қўш энди ҳиссанг.
Ухласанг, бағримни болиш қилиб ол,
Елкамга бошингни қўйгин, ҳорисанг.
Севги суянмоқдир, суй ва ардоқла,
Севги уйғонмоқдир, ғафлатдан сақла!
Ой бўлиб тунимни ёрит абадий,
Умримда қуёшдай мангу чарақла.
Эшик бўйсунарди сирли тилсимга,
Сен эса қарамай ҳеч бир “сим-сим”га,
Кўнгилга кирмоқ бир баҳона бўлиб,
Секин кириб олдинг менинг умримга.
* * *
Мураками китобини варақлаётиб,
Ўзимни тинглашга уриндим,
Билдимки,
қалбимга зарур таржимон.
Шамолларни эмас, гулларни эмас,
Туннинг қўшиғини тингладим,
Сездим,
бу ҳаёт тунлари кираркан тилга.
Мен сени тингладим,
сени, севгилим,
Дунёнинг энг қийин лисони,
муҳаббат тилида менга сўзладинг.
Яна сукунатни тингладим,
сўзга айланмаган оҳларни,
фарёдларни тинглаб титрадим,
Сукут – тили боғлиқ чечанликмиди?
Одамзотни тингладим мен,
йиғладим тинглай туриб,
иложсиз… йиғламай уни тушунмоқ.
Бироқ у сирини менга очмади.
Барибир тингладим мен уни,
Мураками китобини варақлаётиб…
* * *
Бу тун қўшиқларга кўмилди олам,
Ноталар сингари юлдузлар учди.
Самовотга боқдим энтикиб бир дам,
Осмон ҳайратлари кўнглимга кўчди.
Ҳовлимда очилган гуллар бу оқшом,
Лайлига дўндилар, тун сочди афсун.
Тиканлар воқени қилдилар давом,
Энди улар оддий тиканмас. Мажнун!
Кўнглимдан қанча бир шашмақом кечди,
Қанча тановарлар қуйилди кўзга.
Бу талотўп дунё бир зум тинчиди,
Айланиб олдимми бирор юлдузга?
Қўшиқ юрагимга сирғалиб кирди,
Куйга чўкиб кетди юрак – Титаник.
Кўзларим паришон йўл қараб турди,
Келасан бу оқшом. Биламан аниқ.
Кеча келгум дебон… келмадинг аммо,
Келди хавотиринг, келди ғам-қайғунг.
Тўлғонди мусиқа ҳукмида само,
Қўшиқлар сочдилар нигоҳларга мунг.
Дунё тилсим эди! Куйда ҳам асрор,
Сирлар оҳанг бўлиб қалқиган пайтда
Севги – сирли шароб. Тез ичиб юбор,
Ва мени севишинг ҳеч кимга айтма!