Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Юрагимга тўкилган ҳижрон


Шоира ЖАҲОН – 1965 йилда туғилган. Самарқанд давлат университетининг физика
факультетини тамомлаган. Ижодкорнинг “Чироғини излаган шуъла”, “Кўзимдаги
суврат” шеърий китоблари нашр этилган.


Девордаги вақт


Ҳадеб сўрайверманг оча олмайман,
Еттинчи осмоннинг сандиғи сирли.
Зил-замбил хотирдан қоча олмайман,
Бошимга ортилган савдоси турли.
Мендан аразлаган соат миллари,
Чиқ-чиқлаб узоқлар, девордаги вақт.
Аросатда қолган кўнглим йўллари,
Нечун, қўлларимга илинмайсан “Бахт”.
Қайгадир чопасан, олиб ковушинг,
Ёнимдан бепарво ўтиб кетасан.
Қулоққа чалинар сархуш товушинг,
Айт, яна ёнимга қачон қайтасан?
Ҳадеб сўрайверманг оча олмайман,
Еттинчи осмоннинг сандиғи сирли.


Сабр


Сабр, тош болишинг бошимга ботди,
Соқов тилларингда инграниб қолдим.
Кўксимда эзилиб қанча тонг отди,
Номсиз бекатларга ўрганиб қолдим.
Жонимга осилдинг, қуруқ лош бўлиб,
Ростимни ёлғонга дўндириб қўйдинг.
Кўзимни тўлдирдинг қайноқ ёш бўлиб,
Қалбни қаноатга кўндириб қўйдинг.
Бир сўз айтолмайман манзилим узоқ,
Қизғалдоқ нафаси қолган бўғзимда.
Сабр олтинларинг йўлимга тузоқ,
Сарғиш хаёлларинг тўзғир изимда.
Сабр, тош болишинг бошимга ботди,
Соқов тилларингда инграниб қолдим.


Хаёл


Хаёл, лаш-лушингни йиғиштириб кет,
Оҳиста боғларни кезайин шодон.
Нурли манзилларни суриштириб ўт,
Ўша давраларга етайин омон.
Ўргимчак тўрига туширма мени,
Бошим оёғимга чувалашмасин.
Булутлар остига оширма мени,
Руҳимни ёмғирлар савалашмасин.
Бир ёниқ дил бергин, оппоқ гулласин,
Қақраган лабимга босай юзини.
Менга панд беряпти қишнинг чилласи,
Кафтимда иситай совуқ изини.
Хаёл лаш-лушингни йиғиштириб кет,
Оҳиста боғларни кезайин шодон.


Унутмоқ истадим


Минг бор сизни суйдим, бекор суйдим-а?
Иситмалаб ётар бағримдаги қуш.
Нечун, юрагимдан ёниб куйдим-а?
Бепарво, боғларда юрибсиз сархуш.
Унутмоқ истадим, бари-барини,
Дилдош давраларга ўзимни уриб.
Унутмоқ истадим, дилим зорини,
Ишқсиз томонларга юзимни буриб.
Сизни эсламоқлик, аслида гуноҳ,
Ўзни англамоққа етмас бардошим.
Мени алқаётган хаёллар гумроҳ,
Яратгандан бошқа йўқдир сирдошим.
Минг бор сизни суйдим, бекор суйдим-а?


Бедорман


Тунлар тавозеда турар эгилиб,
Бедорман, ухлашни билмадим она.
Юлдузлар пойимга келар тўкилиб,
Ой тўлди, мен эса кулмадим она.
Кунлар қўлларимдан етакламоқда,
Камалак рангларда қолдим адашиб.
Олғир шамоллари калтакламоқда,
Бошимга бемалол армонни ташиб.
Субҳдан шом қадар, тўкилган ҳислар,
Уфқнинг қучоғига тизилиб борар.
Икки томон бўлиб айрилган излар,
Оқшомлар пойида эзилиб борар.
Тунлар тавозеда турар эгилиб,
Бедорман, ухлашни билмадим она.


Борган сари


Борган сари қадамимда чақнайди ўтлар,
Тун этаги товонимга илашиб қўймас.
Содда кўнглим болалигин тушунмас кўплар,
Бир дунёки, ўзлигини улашиб тўймас.
Борган сари кўзларимда чақин яшнайди,
Тавозеда турар ой ҳам ифори билан.
Ёнгинамдан ўтаётган вақтга ўхшайди,
Тин олмайин кетиб борар тулпори билан.
Борган сари, борган сари очилар олам,
Жилвасига тан беролмай, тошлар ўкирар.
Шу зайлда тебранади қўлимда қалам,
То субҳ қадар тун сочидан иплар йигирар.
Борган сари, қадамимдан чақнайди ўтлар.



Жимман


Жимман, кетаяпман сенга малолсиз,
Бирда бор, бирда йўқ оламлардаман.
Ҳеч ким йўқламайди юрибман ҳолсиз,
Атрофим чулғаган аламлардаман.
Жимман, имиллайди вақтнинг тулпори,
Ўзимга қайтолмас, оқсоқ хаёлим.
Минг йил чалинмади ишқнинг чилтори,
Бунчалар бераҳм, бунчалар золим.
Жимман, юрагимга тўкилган ҳижрон,
Энди қадимгидек эртак ёлғонмас.
Қаро кўзларингга ёзилдим ишон,
Уни ўқимоқлик менга осонмас.
Жимман, кетаяпман сенга малолсиз,
Бирда бор, бирда йўқ оламлардаман.


Хотирамга…


Хотирамга сиққан дунёда, ўзим йўқ,
Ачинмайман, ҳар ёғида сувратингиз.
Юрагингизга киролмадим, изим йўқ,
Сукунатга сингаётир сийратингиз.
Хотирамга оғирлик қилганга ўхшар,
Ҳар одимда тушиб қоляпти ҳисларим.
Қапоғимга урилиб, тунларим қақшар,
Юлдузи хира, овунолмас кўзларим.
Хотирамга сиққан дунёда, ўзим йўқ…

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil