Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Кўксимнинг остидамарварид ахир


Юрагимга яқин кўраман

Кўксимиздан ранг олган осмон,
Туни билан ёғилар ерга.
Дардин тўкар бағри тўла қон,
Сирга кўмар, дунёни сирга.


Кўкнинг кўкси тилиниб қолган,
Ёмғирларда хаёл сураман.
Йиғлаб турган деразаларни
Юрагимга яқин кўраман.


Сени денгизда дедилар
Муҳаббат қасримнинг мангу эгаси,
Сен учун ўргандим ишқнинг шевасин,
Қушларнинг тилида сатрлар битдим,
О, икки дунёйим нажот кемаси.
Сени денгизда дедилар…


Мен сени изладим, бебош изладим,
Куйдирар – кўксимда қуёш, изладим.
Қароғимдан икки дарёлар дўнди,
Кўзимдан қуйилган ёшнинг излари.
Сени денгизда дедилар…


Сенинг нафосатинг гулранг, гул талъат,
Кафтларим – кабутар, йўллагайман хат,
Шамоллардан сўраб манзилинг олдим
Ёнингга учгайман чағалайсифат,
Сени денгизда дедилар…


Ишққа юрак қоним қордимда охир,
Қалбимдан қидирдим гулобий наҳр,
Сенга асраганим оддий юракмас,
Кўксимнинг остида марварид ахир.
Ахир, денгизда дедилар…


Насиб


Кездим умр бизга деб тортиқ,
Дунё сари югурдим елдим.
Қочолмадим ўзимдан ортиқ,
Ва насибам томонга келдим.


Худо дедим ортиб кетса ғам,
Баъзан бахтлар эшик ёпганда.
Сарсон эдим саргардонликдан,
Ва ниҳоят сени топгандим.


Юлдузларга бўйланаман деб
Самоларга юзландим тикка.
Асли ерга бош қўйсам, бахтлар
Пешонамнинг остида экан.


Энди йўлнинг манзили аниқ,
Қалбга томон гўзал кетишдир.
Югуртирма бенасибликда,
Насибамиз томон етиштир.


Яна жавобсиз саволлар билан


Кетдим…
Сени ташлаб хаёллар билан,
Кўклардан тушгандинг, кўкка совурдим.
Ва яна жавобсиз саволлар билан,
Тирик хотиралар билан овундинг.
Ўтли ҳисларингни топа олмай танг,
Шамол шивирида ҳеч не сезмайсан.
Елкасида пиджак илдириб олган –
Кимнидир кўрганда мени эслайсан.


Мен нурман…


Мен нурман зулматнинг тубига чўккан,
Тунларга занжирбанд этилган қулман.
Охирим бир қаро ерларга теккан,
Аввалим не ҳадсиз ёруғлик билмам.


Лек нурман заррадек, кесилган қўлим,
Чорам йўқ тўрт ёним эски хароба.
Қалб томон кетгандир ягона йўлим, Ерга бош қўйганим ишққа баробар.


Билмасдим, муҳаббат бунча сирлигин,
Қутқармоқ эканин дунёйи дуннинг.
Қўлларингни узат қутқар, нурлигим,
Ожизман бир ўзим енголмам тунни…


Нур бўлсак, ғовларни енгмоқлик нима,
Қўрққанлар мардликнинг куйин топмасин.
Курашмоқлик керак қочишлик эмас,
Очиб кетиш керак зулмат қопқасин.


Токи ҳаёт экан ишқ нурчалари,
Муҳаббат қолмайди ерларда ярим.
Зулматлар зиёдек сўнг парчаланиб,
Нурлардан чалар бахт мусиқаларин…


* * *
Само
Бағрим каби кенгдир, қалбим каби бўш,
Тонгда қуёш ёлғиз, тунлар ой жимдир.
Ҳувуллаган кўкда дарбадар кезсам,
Кўзим учиб борар учрамас кимдир.


Апрель.
Заминни қоплади баҳор оҳиста,
Табиат мудроқда, кўзларда ғубор.
Кимдир қаердадир ухларми ҳамон,
Ўзинг уни секин уйғотиб юбор.


Ва, йиғлолмаяпти, само жим, тинган,
Кўзим уммонида қуригандек сел.
Ҳамон интиқ қилди кўзин ёшига,
Руҳим поклагувчи ёмғир билан кел.

Апрель. Ҳамон вужудимга киролмас баҳор,
Аммо қаҳратонга умримни бермам.
Ичимни тўлдиргин, Тангрим, сужудга,
Юрагимдан чиқиб кетгунча февраль.


Мен кутдим, биз севган ўшал ёмғирни,
Само бўшаб борар шамол дастидан.
Ўзим ғамдан шаррос ёғиламан ва
Ўша кимдир келар ёмғир остида…

Ихлос


Қалбни совуқ урди, музлади орзу,
Қуритди кўп нозик томирларимни.
Бошимиз устига қабул қилдик биз
Яратган юборган амрларини.


Гўзал сабр этдик, кесмадик гарчи,
Умид дарахтининг қанчаларини.
Ахир, ихлос қилса Тангри ундирар,
Қуриган дилда ишқ ғунчаларини.


Кетиш


Мени совуқ кузатар қишлоқ,
Мунис онам иссиқ бағридан.
Дуо қилар отам ҳам ҳар чоғ,
Ёруғликлар тилаб Тангридан.


Йўл оламан. Шаҳар. Тошланган,
Ҳисларим ҳам тошланар мутлақ.
Борган сари музлай бошлайман
Яшамайман, тургум муаллақ.


Қўлларим бўш келсамда ғариб,
Қишлоқ мени тўлдирар моҳир.
Юрагимни руҳга қайтариб
Яшаш учун келаман, ахир.


Бундай кетиш кўнгилни ғашлар,
Тўкиламан кўнгил қаъримга.
Юрагимни кетаман ташлаб,
Менга юрак берганларимга…


Менга юрак берганларимга!..

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil