Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

МЕНАДАЛАР

Хулио КОРТАСАР

МЕНАДАЛАР
LAS MÉNADES

Сутранг қоғозга босилган концерт дастурини қўлимга тутқазгач, дон Перес
мени партердаги жойимга кузатиб қўйди. Омадим чопган эканми дейман –
марказдан ўнгроқдаги тўққизинчи қатордан насиб этган бу ўрин оҳангларнинг
мукаммалу мутлақ маромини тинглаш учун роса боп эди. “Корона” театрини
мен яхши биламан, унинг инжиқликлари жазаваси қўзиган жувонникидан сира
қолишмайди. Қайга бўлса бўлсин, аммо зорманда ўн учинчи қаторга илло-билло
чипта олмасликларини жўраларимга ҳар сафар тайинлайман: у ерда қанақадир
ўпқонми ва ё кўринмас тўсиқ борми, мусиқа оҳанглари у қаторни ҳамиша четлаб
ўтгани-ўтган. Болохона сўл тарафидаги ўринлар ҳам бефойда – Флоренциядаги
“Театро Комунале” каби бу ерда ҳам мусиқий бир ноўнғайлик бор – худдики
айрим мусиқа асбоблари, айтайлик, сибизға ёхуд сурнай оркестрдан ажралиб
чиққан кўйи ҳавода сузиб, қаршингизда пайдо бўлади-да, саҳнада жўр ижро
билан машғул бошқа созларни тамом менсимаган каби гўё биргина сиз учун
аталган нағмаларини бошлаб юборади. Бу, эҳтимол, мусиқа тинглашнинг
ажабтовур усулидир, аммо каминага ўзим кўниккан эскичаси маъқулроқ.
Бугун бизни нелар билан сийлашмоқчи экан дея дастурга кўз югуртирдим.
“Ёз оқшомидаги туш”, “Дон Жуан”, “Уммон” ва “Бешинчи симфония”. Шунда
ушбу мусиқий гулдастани ҳозирлаган Маэстронинг муғамбир қиёфаси кўз
олдимга келди, ҳаҳ қари туллаки, мухлисларини яна беармон масхара қилгилари
келибди-да! Бир зайлда кечиб ўтаётган бебаҳра кунларнинг бирида, кўнгилдаги
дилгирликни пича аритиш илинжида мана шунақа концертга – даставвал
Штраус билан Дебюсси, энг сўнггида эса Бетховен тақдим этиладиган, бир
ўйлаб кўринг – ҳар қандай илоҳий ва инсоний қоидаларни писанд қилмасдан
энг сўнггида Бетховен тақдим этиладиган концертга бошим айланиб кириб
қолгандим. Аммо бошқа томондан қаралса, асарлар тақдимотидаги бу тартиб
фақат моҳир санъаткорларгагина хос бўлган айрича сезгирликдан дарак берарди.
Аслида, Маэстро ўз мухлислари дидини бекаму кўст билишини инобатга олсак,
ҳаммаси ойдинлашади-қолади. Бугунги концерт “Корона” театрининг доимий
шинавандаларига, яъни ҳийла-найранглардан ҳоли, вазмин ва албатта ўзлари
кўниккан нарсаларни афзал билувчи бообрў ушбу жамоатга мўлжалланган
эди. Улар дастлаб Мендельсон фароғатини туйиб, уни ортиқча зўриқишларсиз
ҳазм қилишади, сўнгра эса – саховатли “Дон Жуан”нинг ҳар пардаси таниш
оҳангларидан татиб кўришади. Импрессионистик мушоҳадаларга тўйинган
Дебюсси бўлса, ўзларини чинакам санъатга дохил хос давра намоёндалари
деган хомхаёл билан овунишларига боис бўлажак. Ажабтовур ҳиссиётлар базми
ниҳоясида асосий таом тортиқ этилади – Бетховен! Чидаб бўлмас оҳангларнинг
маҳобатли шиддати, тириклик қопқасини беомон чертаётган қисмат қўллари, ўз
мусиқасини ўзи тинглашдан мосуво гунг даҳонинг музаффарият нишони ила (V)
сийланган Бешинчи симфонияси.
Аслида Маэстрога ихлосим беқиёс, чунки йирик маданий чорраҳалардан
олисда адашиб ётган, атиги ўн йилнинг нари-берисида ҳам “Травиата” билан
“Гуарани” увертюрасидан нарига ўтмаган бизнинг бадавий шаҳарчага айнан
шу Маэстро чинакам мусиқа садоларини олиб келди. Маэстро бир уддабурро
импрессарио билан тузилган шартнома ортидан бу ерда пайдо бўлгач, кўп
ўтмай ҳар қандай забардаст оркестрлар билан беллаша оладиган олиймақом
жамоа яратди. Фирдавс боғларидан мосуво этилган илк одамлар ер юзасида
оҳиста тетапоя бўлгани каби, созандалар ҳам бизни Брамс, Малер, ҳар турли
импрессионистлар, Штраус ва Мусоргский билан қадам-бақадам таништира
бордилар. Тингловчиларнинг сомелик маҳорати ошиб бораркан, уларнинг
талабига кўра дастурларда салмоқли опералардан парчалар ҳам пайдо бўлди,
тобора шиддаткор Бетховенни муносиб олқишлаш ҳадисини олишди ва охир-
оқибат уларга неки тақдим этилса, барчасини гулдурос қарсаклар билан
қаршилайдиган бўлишди. Навбатдаги оташин гулдурослар янграши учун
Маэстронинг, мана, худди ҳозиргидек, саҳнада пайдо бўлиши етарли, унинг
биргина кўриниши театрни ғайриодатий эҳтиросларга ғарқ этишга кифоя
эди. Умуман, концерт мавсуми бошланишида ҳамиша шунақа – баайни узоқ
айрилиқдан сўнг фавқулодда тантилик кўрсатмоқчидай мухлислар кафтларини
зинҳор аяб ўтиришмайди – гулдурос кетидан гулдурослар, фақат бунга дош
бера олсангиз бас… Аслида, ҳам Маэстрони биз шунчалар севамизки, ахир бир
қаранг, мухлисларга таъзим қилаётиб нақадар улуғвор ва айни пайтда камсуқум
кўринади у!
Сўл томонимдаги ўриндиқни сеньора Жонатан забт этганди. Мен бу хоним
билан яқиндан таниш бўлмасам-да, ҳар қалай дурустгина мусиқа шинавандаси
деб эшитганим бор. Маэстронинг жуссасидан кўз узолмай, ҳали замон етиб
келажак лаззатбахш дақиқалар хаёлидан бўғриққан хоним ҳаяжонини сира
яширмасди:
– Қаранг! Бул зот забт этган зирва-ю чўққилар ҳар кимга ҳам насиб
қилавермайди. Оркестрга қўшиб биз мухлисларини ҳам яратди у. Нақадар
мўътабар инсон!
– Минг бора ҳақсиз, хоним, – дедим унинг ҳафсаласини пир қилгим келмай.
– Баъзан ўйлаб қоламан, мухлисларига юзланиб мусиқабонлик қилса маъқул
бўлармиди, қайсидир маънода биз ҳам унинг созандаларимиз-ку, ахир.
– Кечирасизу, аммо мени бундай шарафдан соқит қилинг, – дедим. –
Таассуфларки, мусиқа бобида камина мутлақо гўлман. Кўнглингизга олмангу,
балки шу нўноқлигим боис ҳам адашаётгандирман, аммо, масалан, бугунги
дастур ҳам қанақадир сурбетликка ўхшайдимией – на боши бор ва на кети.
Сеньора Жонатан менга таънали қараб, терс бурилиб олди. Барибир
табиатидаги назокат устунлик қилди, шекилли, сал ўтмай, ўпкаланиброқ бўлса
ҳам, бўлажак концертни менга батафсил тушунтира кетди:
– Бугунги дастур Маэстронинг мухлислари истакларига кўра саралаб олинган
чинакам дурдона асарлардан тузилган. У бугун мусиқа билан қовушганининг
кумуш санасини нишонлаётганидан бохабар чиқарсиз? Бунинг устига, оркестр
ҳам беш ёшга тўлганини биларсиз, лоақал?.. Э товба, ўзингиз айтганча ҳам бор
экансиз. Дастурнинг орқа тарафидаги манави мақолани ўқиб чиқинг – доктор
Паласин қаламига мансуб ниҳоятда зукко рисола.
Айтилган мақолани танаффус пайти, Маэстро шарафига янграган гулдурос
олқишлару Менделсон ва Штраусдан кейин ўқиб чиқдим. Фойеда юриб,
вақт ўтказарканман, ҳозиргина ижро этилган бу икки асар нима сабабдан
мухлисларнинг бунчалар олқишларига сазовор бўлганини тушуна олмасдим.
Аммо, нафсиламбрини айтганда, ҳар қандай атоқли саналар ҳар турли бўлмағур
қилиқларни жунбушга келтиришини ҳисобга олсак, Маэстро мухлислари бугун
эҳтиросларини жиловлай олмаётганини тушуниш мумкин эди. Емакхонада
доктор Эпифания билан қизларига дуч келдим. Ҳаяжон зўридан юзлари алвон
қизарган хонимчалар чуғурлашиб атрофимни ўраб олишди. Менделсонга тараф
йўқ, илоҳий мусиқаси баайни парқу булутлар мисол шу қадар нафис, шунчалар
оромижонки! Ноктюрнми? Қўйиб берса, сокинликдан пайдо бу мўъжизани улар
бир умр тинглашга рози эди! Ўйноқи скерцо оҳангларини эса айтмай қўя қолинг –
айнан фаришта бармоқларидан сизиб чиқаётган куй. Беба – қизалоқ ҳаммадан
ҳам Штраусга маҳлиё эди, у шунчалар қудратли ва мусаффоки, ҳақиқий
олмоний Дон Жуан дейсиз, анави тромбон ва карнай-сурнайлар ғат-ғатидан эса
сочлари тикка бўлиб кетаёзибди! Беихтиёр сочларига кўз ташладим. Доктор
Эпифания бўлса, оталик меҳри жўшиб, арзандаларига нимтабассум ила қараб
турарди:
– Ай шўртумшуқ ёшлар-а! Сизлар Рислер билан Фон Бюловни кўрмагансиз-
да, эҳ, не ажойиб замонлар эди-я!
Дадасининг гапидан қизлар ҳурпайиб олишди. Росарита “Сиз кўкларга
кўтараётган ўша алмисоқ замонидан кўра ҳозир анча дуруст дирижёрлик
қилишади”, деди. Беба эса Маэстронинг бугунги бемисл ижро маҳоратини
камситишга ҳеч ким ҳақли эмаслигини баралла маълум қилди.
– Шак-шубҳа бўлиши мумкин эмас, – дея таслим бўлди доктор Эпифания. –
Маэстро бугун батамом беназир эканига асло шубҳа йўқдир. Нақадар жўшқинлик!
Эҳтиросларни айтмайсизми?! Анчадан буён бугунгидек қарсак чалиб
яйрамагандим.
Шундай дея у менга қўлларини кўрсатди, ҳозиргина лавлагини обдан
эзғилагандек кафтлари қип-қизил эди. Каминанинг таассуротлари эса
бошқаларникидан тамоман фарқли эди, назаримда, бугун Маэстронинг мазаси
йўқроқ туюлди менга ва шу сабаб ҳам таёқчасини бўшашиброқ сермаётган,
мухлисларини ҳайратга солишни эса мутлақо ўйламаётган эди. Афтидан бир
менга шундай туюлганмиди, ҳар қалай, Кайо Родригес ҳам менга кўзи тушиши
биланоқ бўйнимга осилгудек бўлиб, “Дон Жуан”нинг тенгсиз жозибаси-ю,
Маэстронинг маҳорат бобида танҳолигига тасаннолар тўкиб солди.
– Менделсоннинг бир жойига эътибор қилдингми, худди алвастилар шивирига
ўхшайди!
– Тўғрисини айтсам, – дедим мен, – алвастилар шивири қанақалигини унча
тасаввур қилолмайман.
– Ўзингни жа-а овсарликка солма, – деди Кайо юзлари бўғриқиб. – Ахир буни
ҳис қилмаслик мумкинми? Бизнинг Маэстро оламда беназир санъаткор, ошна, у
бугун ҳар қачонгидан бошқача дирижёрлик қиляпти.
Бу орада ёнимизга етиб келган Гильермина Фонтан боягина хонимчалар
изҳор қилган олқишларни такрорлаган кўйича Кайога мўлтираб боқди,
иккисининг ҳам кўзлари жиққа ёш эди. Завқу шавқларининг ўзаро ҳамоҳанглиги
кўнгилларини тўлдириб юборган, айни пайтдаги бу ҳолат, ўз-ўзидан пайдо
бўлган бу якдиллик (муваққат бўлсин) одамларни бир-бирлари томон қучоқ
очиб талпинтиришига яққол намунадек эди. Мен уларнинг бу ҳолатидан чиндан
ҳайрон эдим: бундай боши-кети йўқ ҳайратлар менга эриш туюлар, аммо
бошқа томондан қаралса, бошқалар каби кунора концертларга тушмайман,
мусиқа бобида (боя сеньора Жонатанга айтганимдек) гўл эканлигим учун
гоҳида Брамсни Брукнер билан чалкаштириб юборишим ҳеч гап эмас. Бундай
уқувсизлигим шинавандалар назарида ўтакетган нодонлик деб кўрилиши ҳам
турган гап эди. Шундай бўлса-да, бўғриққан бу юзлар, терлаган бу бўйинлар,
ичкаридами ёхуд кўчанинг ўртасида, фарқи йўқ, тинимсиз қарсак чалиб,
олқишлар ёғдиришга мойиллик – ҳаводаги диққинафаслик ошиб кетиши-ю қуёш
юзасидаги доғлар ҳақидаги фикрларга, бир сўз билан айтганда, бандалар феъл-
ҳўйига таъсир этувчи табиат омиллари ҳақидаги фикрларга етакларди. Ўшанда
томошабинлар орасига беркиниб олган бирор қитмир ҳазилкаш эҳтиросларни
атай жунбушга келтириб, доктор Окснинг маълуму машҳур ўша тажрибасини
такрорлаётган бўлмасин, деб ҳам ўйлаганим эсимда. Дабдурустдан енгимдан
тортқилаётган Гильермина хаёлларимни тўзғитиб юборди.
– Эндиги навбат Дебюссига, – деди у ҳам эҳтирослар ичра. – Тўлқинлар рақси
муҳрланган асар – “La Mer”.
– Жон қулоғим билан тинглайман, – дедим денгиз пўртанасига шўнғишга
шайланиб.
– Маэстро ижросида у қанчалар маҳобат касб этишини бир кўз олдингизга
келтиринг!
– Менимча ҳам беқиёс бўлади, – дедим истамайгина ва хонимнинг авзойини
кузатдим.
Гильермина мендан эҳтирослироқ фикр кутгани аниқ эди, муносабатимдан
ҳафсаласи пир бўлиб, чўллаган туядек тинмай газсув сипқораётган Кайо томон
ўгирилиб олди, иккови зумда бўлғуси ижро борасидаги, яъники, Дебюссининг
иккинчи бўлими нақадар маҳобатли янграши-ю учинчисида қандай ғаройиб
қудрат яширин эканлиги борасидаги лаззатли башоратларига шўнғиб кетишди.
Мен йўлакларни яна бир кезиб чиққач, фойега қайтдим.
Бемаврид тўзғитилган улкан ари уясининг ғувуллашидан бошим ғовлагудек
бўлар, бунга басма-бас яхна “Бельграно”дан сипқорар эканман, кўнглимдаги
хижиллик ҳеч ёзилай демасди. Мазкур нозиктаъб даврага бегоналигиму улар
эҳтиросларига хайрихоҳ эмаслигимдан бирмунча ўнғайсизланардим. Уларни
баайни бир ҳашаротшунос каби четдан туриб тадқиқ қилаётганим ҳам ғалати
эди. Азалдан табиатим шундай бўлгач, наилож. Бошқа томондан, бу ғалати
феълим мени кўпинча ноқулай вазиятлардан қутқариб келгани ҳам рост, яъни
керакли пайтда четга чиқиб, ҳожатсиз кўнгилсизликлардан омон қолиш айни
муддао эмасми, ахир?
Партерга қайтгач, ҳамма ўз жойларини эгаллаб бўлганини кўрдим,
ўрнимга ўтиш учун бутун қатордагиларни безовта қилишимга тўғри келди.
Машшоқлар саҳнага шошилмай чиқиб келишар, уларни тинглашга муштоқлар
эса ижрочилардан аввал йиғилгани менга қизиқ туюлди. Юқори қаватдагиларга
қарадим, у ерда ҳам жамоат жам эди: ўнг-сўлга бир маромда чайқалаётган
улкан кўланка. Узоқдан қаралса, қора либосли партер соҳиблари ўлжа
илинжида бир сафга тизилган қузғунларга ўхшар, гоҳо уларнинг қўлларида
алланима ярақлаб кетарди – дурбинларини сўнгги бора текшириб олаётган
бўлишса керак ҳойнаҳой. Театр шифтига илинган улкан фонус ёруғлиги аста-
секин хиралашиб, ниҳоят сўнди. Шу заҳоти Маэстрони қаршилаб қоронғилик
бағридан гулдурос қарсаклар янграй бошлади. Тобора авж олаётган гулдурослар
ёруғликни чекинишга мажбур қилаётган ва шу вақтга қадар фаолиятда бўлган
кўриш қобилиятим ўрнини шу боис ҳам энди биргина тинглаш ҳиссиётлари
эгаллаётгандек эди. Чап ёнимда ўтирган сеньора Жонатан ўз қаторидаги
бошқалар каби жон-жаҳди билан қарсак чаларди. Шу дам олдинроқда, бошини
сал қуйи солганча қимир этмай ўтирган бир одам эътиборимни тортди.
Сўқирмикан? Баайни ҳовучдан дон талашган кабутарлар галаси каби қарсаклар
ишқида потирлаган қўллар орасидан унинг жило бериб сайқалланган ҳассаси ва
аслида бефойда тимқора кўзойнакларини кўра олгач, чиндан ҳам сўқир эканига
шубҳам қолмади. Зални тўлдирган бутун оломон ичра фақат иккимизгина
қарсак чалмаётган эдик. Унинг ёнига ўтиб танишгим, суҳбатлашгим келди.
Ҳазил гапми, Маэстрони олқишламасликка ҳадди сиққан бирдан-бир одам у
эди, ахир. Яна атрофга разм солдим – Эпифаниянинг арзанда қизлари қўллари
қабаргудай бўлиб қарсак чалишар, оталари ҳам қизларидан қолишмасди.
Маэстро беписандгина таъзим қилиб, тепага кўз ташлади – юқори қаватлардан
бошланган гулдурос овози партер ва айвонлардан таралаётган бошқа садоларга
бот-бот зарб билан уриларди. Диққатлироқ разм солиб, Маэстронинг чеҳрасида
ташвиш аломатларини сезгандек бўлдим – бугунги юбилей концертида
шинавандалар ўзларини доимгидан ўзгачароқ тутаётганини унинг зийрак
қулоқлари илғагани тайин эди. Штраус каби “Уммон” ҳам серзавқ олқишларга
сазовор бўлди. Асар хотимасида янграб, борлиқни забтига олган қалдироқ ва
улуғвор садолар пўртанаси қаршисида ниҳоят менинг ўзим ҳам таслим эдим ва
кафтларим қабаргудек бўлиб қарсаклар чалдим. Ёнимдаги кўнгли бўш сеньора
Жонатан юм-юм йиғлар эди.
– Ақл бовар қилмайди! – дерди у кўзлари тўла ёш билан. – Ақл бовар қилмайди!
Бутун қиёфасидан назокат уфуриб турган Маэстро олқиш манзаралари ичра
гоҳ кўриниб, гоҳо кўздан ғойиб бўлар, ниҳоят, дирижёрлик супасига енгилгина
сакраб, таъзим бажо келтириш учун созандаларини ўринларидан турғазгани
ҳамоно яна ҳам қудратли олқиш садолари ва “офарин-тасанно!”лар янграб
кетди. Ўнгроқда ўтирган бояги сўқир одам ҳам кафтларини аягандек энди ора-
сира қарсак чалиб қўяр, саришта ва лоқайд алфозда бошини қуйи солган кўйи
умумэҳтиросларга истамайгина қўшилиб туриши негадир завқимни келтирарди.
Одатда айримларнинг алоҳида эътирофлари тарзида якка ҳолда янграб
қоладиган “офарин-тасанно!”лар энди бирваракайига ҳар томондан эшитиларди.
Олқишлар дам сайин кучайиб бораркан, мусиқа ҳам назардан четда қолиб, бу
қарсаклар энди биргина Маэстро шарафи учунгина янграётгандек эди. Тобора
юқори пардаларга кўтарилаётган гулдурослар шиддатига гоҳида чидаб бўлмай
қоларди. Телбаларча қарсак чалаётганларга аччиқланиб қарарканман, сўлроқда
қизил либосли бир аёлга кўзим тушди – у йўлакдан шитоб билан югуриб келди-
да, саҳна олдида, шундоққина маэстро оёқлари остида тек туриб қолди. Маэстро
такроран таъзимга эгилаётиб, шундоққина қаршисида турган аёлга бехос кўзи
тушди-ю сесканиб ўзини четга олди. Юқори қаватлардан ноаён таҳдидли
шовқинлар таралгач, яна таъзим қилишга мажбур бўлди ва шу заҳоти галдаги
эҳтиросли ҳайқириқлар янграб кетди, ажабланарлиси – олқишларга бу сафар оёқ
депсинишлари ҳам қўшилган эди.
Танаффусга қадар ҳали пича бор эди, лекин маэстро бир неча дақиқага
саҳнани тарк этди. Яна атрофни кузатиш учун ўрнимдан турдим. Ҳаводаги
алланечук намчил, ёпишқоқ диққинафаслик ҳамон жўш ураётган эҳтиросларга
қўшилиб, одамларни аянчли шиллиққуртларга айлантириб қўйгандек эди. Сўнгги
садолари ҳозиргина тинган «La Mer»ни масхара-ю калака қилган каби, энди тер
ва кўзёшлар артилавериб намланган дастрўмолларнинг шиддатли тўлқини ҳар
томон чайқаларди. Фурсатдан фойдаланиб, чанқоғини бостириб олиш учун
кўплар фойега югурди. Партердан чиқаверишда тирбандлик юзага келган эди,
аммо қизиғи, ҳеч ким бир-биридан норози бўлиб аччиқ қилмас, одамлар ўзаро
эҳтиром бажо келтиришар, бир-бирларини тушуниб, муштарак туйғуларига
шерик бўлишардики, баайни саодат асри бошланмадими дея тусмолга борарди
киши. Тор ўриндиққа базўр сиққан сеньора Жонатан яна менга қаради, пишиб
етилган шолғомга ўхшаш юзларининг аллақаерига яширилган оғзидан ҳамон
бир хил ўша сўзлар учиб чиқарди:
– Ақл бовар қилмайди!
Саҳнага қайтиб келаётган маэстрони кўриб, юрагим шукуҳга тўлди, бутун
зални тўлдирган мана бу оломон эса, билъакс, нафратимни қўзитар, айни пайтда
ўзим ҳам шу тўдага мансуб эканим аянчли эди. Бутун театр ичра фақат Маэстро
ва унинг созандалари, яна ҳов нарида олқишларга қўшилмай қаддини ғоз тутиб
ўтирган сўқир одамгина инсонийлик қиёфасини сақлаб қолган эди гўё.
– Бешинчи! – қулоқларим остида сеньора Жонатан овози янгради. – Фожиалар
жазбаси!
Лабларга учуқ тоширар баъзи фильмлар учун айни муддао ном экан, деб
ўйлаганча кўзларимни юмдим. Шу дам ўзим тобора ғарқ бўлиб бораётган
мана шу шилимшиқ тумонат ичра ягона инсонга, анави сўқир одамга айланиб
қолгим келди. Юмуқ қабоқларим ичра зангор учқунлар чақнай бошлаган дамда
«Бешинчи симфония»нинг илк забардаст садолари ёпирилиб келди, кўзларимни
очиб, саҳнага назар ташладим. Олқишларнинг тиним билмас садоларини бир
лаҳзанинг ўзида маҳв эта олган оркестрни маҳорат билан бошқараётган қўллари
ва зукко чеҳраси Маэстро қиёфасига яна ҳам улуғворлик бағишлаб турарди.
Тақдиру қисмат долғаларининг улуғвор тимсолларини ўзида мужассам этган,
олис хотираларни бедор этажак илк мавзунинг лўнда садолари шинавандалар
узра парвоз этиб ўтди: та-та-та-таа! Мусиқабон таёқчаси ила бўшлиқ ичра
ҳошияланиб, мухлислар томон йўналтирилаётган садоларнинг кейинги дастаси
тарала бораркан, ҳавода жазирама олов тиллари ҳукмга кира бошлагандек туюлди.
Аммо кўзга кўринмас ва ҳарорати англанмас бу олов ташқаридан эмас, билъакс
ичкаридан, инсон қаърининг энг теран нуқталаридан дебоча олар, дастлабки
мавзудан фарқли ўлароқ, бунисида ўтмиш хотиралар жонланмас ва балки ҳадемай
етиб келажак келажакнинг хатар ва ёхуд сурурларидан огоҳу дараклар тақдим
этилар эди. Пуфлама чолғуларнинг ҳамоҳанг оҳанглари янграган чоғ ханжар
зарби каби қисқа, аммо хатарнок фарёд эшитилди. Қисқа ва мудҳиш, айни пайтда
ишқий жазба оҳангларига тўла бу чинқириқ соҳибасига дарҳол кўзим тушди –
рўпарамда ўтирган бўйсара бир қиз шу онда тутқаноғи қўзиб, кескин титроқлар
ичида чайқалар, ўриндиқниннг суянчиғи оша бошини орқага ташлаганча оёқлари
билан полни аёвсиз тепкилардики, эҳтимол бундан ҳижолатга тушган шериклари
уни тинчлантиришга беҳуда уринишарди. Ё алҳазар, шу дам юқори қаватдан
бошқа баралла садо эшитилди. Симфониянинг иккинчи қисми якунланиши
ҳамон Маэстро дарҳол кейингисини бошлаб юборди. Дирижёр мени хавотирга
сола бошлаган бу фарёдларга эътибор қилдимикан ёки у оркестрдан муттасил
таралаётган товуш оқимларига мутлақо асирмикан, деб ўйладим. Олд қатордаги
бояги қиз эса тутқаноқ ичра тобора ўрнидан сирпалиб тушар ва (онаси бўлса
керак) бир аёл елкаларидан қучиб, уни тутиб қолишга уринарди. Кўмаклашгим
келди, лекин концерт авжида экан, қаторларни тўлдирган бегоналарни оралаб
ўтишнинг асло имкони йўқ эди. Бундай ҳолатларда нима қилиш кераклигини
фақат аёллар билади, деган фикрда сеньора Жонатанни кўмакка чорламоқчи
бўлдим, аммо у Маэстродан кўзларини узмас, мусиқага батамом ғарқ бўлган эди.
Сеньоранинг пастки лаби узра оппоқ нимадир ярақлаб кетди. Қаршимиздаги
смокинг кийган бир сеньор даст ўрнидан туриб, Маэстрони бутунлай тўсиб
қўйди – концертнинг айни авжида кимдир ўрнидан туриб кетиши жуда ғалати
эди. Аммо одамлар фарёду ҳайқириқларга эътибор қилмаётгани, анави қиз
бояқишнинг азоблари ҳеч кимнинг парвойига келмаётгани бундан ҳам ғаройиб
эди. Партер марказида ногаҳон алвон шарпага кўзим тушди – танаффус пайти
саҳнага қараб югурган ўша аёл эди у. Аёл бу гал ҳам саҳнага талпинар, очиқ-
ошкора эмас, баайни ўлжасини пойлаганча пусиб бораётган ўғри мушукнинг
эҳтиёткор ҳозирлиги билан, оҳиста саҳнага яқинлашарди. У Маэстродан кўз
узмас, нигоҳларида эса телбавор учқунлар чақнарди. Қаторидан ажралиб
чиққан яна бир неча эркак худди у аёлга тансоқчилик қилаётган каби ёнма-ён
юра бошлашди. Ҳадемай симфония хотимаси янграб, адоқсиз сурур садолари,
тантанавор даъватлар силсиласи, музаффарият ялови янглиғ маҳобатли оҳанглар –
бунда неки бўлса – барини ўз забтига олади. Мана, Маэстронинг сеҳрли ишораси
ила бепоён ва қудратли аккордлар – моҳир ҳайкалтарош қўлларидан меҳр эмган
мукаммал шакллар янглиғ садолар чор тарафга тарала бошлади.
Оркестрнинг маҳобатли икки зарби оралиғидаги лаҳзали сукунатда яна
такрор фарёд эшитилди. Ҳали адоғига етмаган аккордларни босиб, шу заҳоти яна
олқишу қарсаклар янграб кетди. Оҳангларнинг табиий хотима топишига сабри
чидамаган зал эҳтирослар оловида жизғанак бўлиб ҳаприқаётган бир фоҳишага
ўхшар, яна озгина тоқат қилса оркестрнинг забардаст мусиқий қўллари обдан
силаб-сийпалаб, унинг ботиний эҳтиёжларини қондириши мумкин бўлгани
ҳолда, ўзини тута олмаган бу урғочи махлуқ ўз айш-ишратларининг лаззатларига
батамом таслим бўлди. Ўриндиқнинг ноқулай суянчиғи орқага ўгирилиб бутун
зални кузатишимга ҳалал берар, аммо нимадир тобора зўрайиб, театрнинг
бутун борлиғини тамоман ўз ҳукмига олаётганини ҳис этиб турардим. Олдинда
эса қизил либосли ўша аёл йўлдошлари билан ҳамон саҳнага интилар, баайни
қутурган буқа бўйнига тиғ урган матадор чапдастлиги билан товушларнинг
сўнгги истеҳкомини нишонга олиб, таёқчасини бир зарбда санчиши ҳамон
Маэстро ҳолдан тойиб, бир зум ҳаракатсиз туриб қолди. Маэстро муваққат
фалаж ҳолатидан чиқиб, қаддини ростлагани ҳамоно эса бутун зал оёққа қалқди,
муттасил олқиш ва ҳайқириқлардан иборат найза-ю тиғлар санчилаверганидан
илма-тешик бўлган матога ўхшарди шу дамда театрнинг бутун фазоси.
Партерга ҳар тарафдан одамлар ёпирилиб келар, ҳатто юқори қаватлардан
сакраб тушаётганлар ҳам энди кишини ҳайратга солмай қўйганди. Думи
босилган каламушдек чийиллаб қичқираётган сеньора Жонатан ҳам охири
ўриндиқ чангалидан халос бўлиб, саҳнага томон талпинди. Маэстро шинаванда
бу оломонга нафратини изҳор қилаётган мисол ҳамон орқа ўгириб турар, аммо
айни пайтда содиқу суюкли созандаларига эҳтиром бажо келтирар эди. Мана,
ниҳоят, таъзим учун оломонга юзланар экан, унинг рангида ранг қолмаганини
кўрдим. Назаримда Маэстро бутунлай кучдан қолган, атрофни чулғаб олган
ҳайрату жазавалар залворига дош беролмай, батамом ҳушидан айрилиши
мумкинлигидан қўрқиб кетдим. Маэстро иккинчи дафъа таъзим қилиб, ўнг
тарафга назар ташлади ва смокинг кийган малласоч ўша одам ва ортидан яна
бир нечаси саҳнага тармашиб чиқаётганини кўрди. Маэстро саҳнани тарк
этмоқчидек туюлди, аммо супага михлангандек, оёқларига тушов урилган
каби негадир ўрнидан жила олмасди. Яхшироқ қараб, қизил либосли аёл унинг
оёқларига тармашиб олганини кўрдим. Маэстрони ўзига тортиб талпинар экан,
овозини эшитмасам-да, аммо бошқа ҳамма қатори, эҳтимолки менинг ҳам ўзим
каби, алланарсаларни айтиб ҳайқирар, нимадир дея фарёд соларди. Маэстро
қўлларидаги таёқчани тушириб юборди, аёл чангалидан зўр бериб қутулишга
уриниб кўрди. Аёлнинг ҳамроҳларидан бири бошқа оёғидан маҳкам тутди,
Маэстро ёлвориб ёрдам сўрагандек созандаларга юзланди. Энди ўзлари ҳам
саросимада қолган созандалар шошиб ўринларидан қўзғалар, кўзларини кўр
қилаёзган чироқлар таъсирида ерда сочилиб ётган созлару нота лавҳларига
қоқиниб йиқилишарди. Бир-бирларига туртиниб-суртиниб, тобора кўпроқ
томошабинлар саҳнага талпинишар, улар орасида талвасада қолган созандаларни
фарқлаш энди имконсиз эди. Оёқларини бўшатишга ҳаракат қилаётган
бечора Маэстро ёнида пайдо бўлган аллакимнинг қўлларидан тутди, аммо у
созандалардан эмаслигини фаҳмлаб, ўзини кескин ортга ташлади. Шу заҳоти
яна бошқа қўллар унинг белидан маҳкам қучди. Сўнг қизил либосли аёл адоқсиз
бир илтижо ва ўтинч билан Маэстрога қучоқларини очганини кўрдим ва шу онда
бечора мусиқабон кўздан ғойиб бўлди – ақлдан озган мухлислар галаси уни
саҳнадан тушириб, талашиб-тортишган кўйи партер ичкарисига олиб кетди. Шу
дамга қадар эҳтиросларнинг ушбу адоқсиз жазбаларига ҳайратланиб боқардим.
Ўзимни бу оломондан барибир фарқли билганим учун ҳам умумий манзарага
аралашмаган ҳолда, барчасини четдан кузатаётгандек эдим. Аммо, мана,
дафъатан қулоқларни қоматга келтиргудай аянчли бир ҳайқириқ янграб кетди.
Не кўз билан кўрайки, шу пайтга қадар оломон эҳтиросларига беписандлиги
билан менинг эҳтиромимга сабаб бўлган ягона киши – ўша сўқир одам оёққа
қалқиб, қўлларини тегирмон парраклари каби силтаган кўйи нималардир дея
ялинар, ёлворар ва илтижолар қиларди. Сабр косам тўлган ва мен энди ўзимни
бошқа идора қила олмасдим – шу сониядан эътиборан ўзимни ушбу эҳтирослар
жунбушига батамом дахлдор деб билиб, саҳна томон югурдим. Саҳнада эса қиёмат
қўпар, ақлдан озган эркагу аёл уввос солиб, машшоқлар қўлларидан созларини
тортиб олишар, уриб синдиришар, сўнгра эса бечораларнинг ўзларини пастга,
бетоқат оломон қучоқларига улоқтиришарди. Атрофда қўпаётган бебошликка
ҳисса қўшишга зиғирча иштиёқим йўқ, фақат бошқалар ёнида бўлиш ва ушбу
ажабтовур юбилей оқшомида содир бўлаётган ва рўй беражак барчасини ўз
кўзларим билан кўришни истардим. Бошқалар каби бутунлай эс-ҳушимни
йўқотган эмасдим ва шу боис ҳам бечора машшоқлар нега жуфтакни ростлаб
қолмаётганларига ҳайрон бўлдим. Саҳнанинг ҳар икки тарафини ишғол этган
мухлислар ерда сочилиб ётган созларни эзиб-янчиб, зўр бериб ҳайқирганча
олқишлар билан бостириб келаётганини кўриб, қочиб қутулиш имконсиз
эканини тушундим. Зал фазосида муаллақ қотган гулдурослар шу қадар яхлит
ҳолатга келган эдики, буни энди сукунатнинг бир шакли тарзида қабул қилиш
мумкин эди. Қўлидаги кларнетни бағрига маҳкам босган семизгина бир созанда
ўзим томон ҳаллослаб келаётганини кўриб, уни чалиб йиқитишимга, дарғазаб
оломонга туҳфа учун тутиб беришимга бир бахя қолди. Албатта бунга юрагим
бетламади, аммо машшоқ бечорани шу заҳоти бошқа биров – сийнабандидан
маммалари ирғиб чиққудек ўйноқлаётган бир сеньора тутиб олди, нималардир
деб ялиниб-ёлвораётган кларнетчини ёнимдан судраб ўтаркан, нафрату таҳдид
тўла нигоҳларини қадади менга. Машшоқ бир гала эркакларга топширилди ва
энди овози чиқмай, тинчиб қолган ўлжа эҳтирослар қиёмига чиққан айвончада
кўздан ғойиб бўлди.
Гоҳ у, гоҳ бу жойда чалинаётган қарсаклар шиддаткор ҳайқириқлар орасидан
базўр эшитилиб қолар, нафсиламри, жунбушга келган одамлар савдойиларча
машшоқларни овлаш билан овора экан, ҳалиям қарсак билан андармон бўлиш
аҳмоқлик эди. Туғёнга келган оломон қаъридан тобора ваҳшатлироқ ҳайқириқлар
эшитилар, бу ҳайқириқлар орасида бошқача овозларни, оғриқ зўри билинган
овозларни ҳам илғаб олиш мумкин эди – умуман, бунақа тўс-тўполонда
кимдир оёқ ва қўлларини синдириб олиши ҳеч гап эмасди, ахир. Бўшаб қолган
саҳнада бирмунча ҳаяллаб қолдим, аммо қизиқиш устун келиб, партерга қараб
юрдим. Ночор ёлворишлар, шафқат илтижолари худди шу жойдан – бенуардан
эшитилаётган эди. Мухлисларнинг тинимсиз опичлаб-қучишларидан тинкаси
қуриган созандалар энди тинч қўйишларини сўраб, ҳатто йиғлаганлари ҳам
эҳтимол эди. Партердагиларнинг бари энди айвонга кираверишда тўпланганини
кўриб, ўриндиқлар оралаб ўша томонга интилдим. Залдаги бесаранжомлик
яна ҳам кучайган, тобора сўниб бораётган чироқларнинг қизғиш шуъласи
манзарасида чеҳралар базўр илғанар, ҳар томон тебраниб, шакл ва шамойилини
йўқотган шарпалар каби туюлаётган жуссалар эса бесўнақай ҳаракат қиларди. Бир
замон шундоққина ёнимдаги иккинчи айвончада Маэстронинг кумушранг сочли
бошини кўргандай бўлдим. Аммо баайни гирдоб ичида ғарқ бўлган ва ё зўрлик
билан тиз чўктирилган каби у бирдан ғойиб бўлди. Ёнимда кимдир қичқириб
юборди ва шу заҳоти чопиб бораётган сеньора Жонатан ва Эпифаниянинг кенжа
қизини кўрдим. Иккиси ҳам ҳозиргина маэстро ғойиб бўлган айвон ёнидаги
оломон ичига ўзини урди. Маэстро ва уни таъқибга олган қизил либосли аёл
билан шериклари айнан мана шу ерда эканларига энди шубҳам қолмаганди.
Докторнинг арзанда қизи қўлларини чатиштирганча сеньора Жонатанга ишора
қилди, сеньора ҳеч иккиланмасдан, ўзига тутилган қўллар устига узангига чиққан
моҳир чавандоз каби эпчилгина чиқди ва ўзини айвонча ичкарисига отди. Мени
таниб қолган хонимча Эпифания нималардир деди, афтидан, энди унинг ўзига ҳам
ёрдам беришимни сўрадимикан, аммо мен уни кўрмаганга олдим ва, умуман, эс-
ҳушларини еб кўйган бу одамларнинг ўзаро жиққа-муштлашувига аралашишни
истамай, ўзимни четга тортдим. Бурни пачоқланган Кайо Родригесга кўзим
тушди. Жунунваш оломоннинг ҳад билмас эҳтирослари шу қадар нафратимни
қўзғардики, ҳар қадамда учраётган майиб-мажруҳларни кўриб, уларнинг
ҳолига зиғирча ачинмай қўйгандим, баттар бўлларинг! Пала-партиш қалашиб
ётган ўриндиқлар орасидан йўл тополмай эмаклаб юрган сўқир кишим билан
ҳам ишим йўқ эди энди. Фақат бельэтаж ва партерни тўлдирган оломон ичра
этни жунжиктириб, муттасил таралаётган мана бу мудҳиш фарёдларнинг охири
бормикан, деб ўйлардим. Ғалати тўполон эса ҳамон давом этар, тирбанд одамлар
оралаб айвонларга ўтолмаганларнинг баъзилари худди сеньора Жонатан каби,
бошлар оша сакраб тушишга уринишарди. Мен буларнинг барини кўриб турар,
бошқалардан фарқли тарзда эс-ҳушим ҳам жойидалигини англардим, айни
пайтда бу телбаликда иштирок қилишга зиғирча майлим йўқ экани ҳолда мана
шу лоқайдлигимдан ўзим ҳижолат бўла бошлардим. Худдики, атрофда қўпаётган
шармандали бу расвогарчилик манзарасига қовушмаётган менинг ҳолатимдан
ортиқ шармисорлик йўқдек эди. Кўпдан бери бўшаб қолган партерда ёлғиз
ўтирарканман, тиним билмай ҳамон ҳайқираётган оломон эҳтирослари сусая
бошлаганини илғадим. Ҳаял ўтмай эса қичқириқлар ростдан ҳам тиниб, атроф
энди баайни муҳораба майдонидан чекинаётганлар шивирига тўлди. Одамлар
тарқалиб, йўллар очилгач, фойега шошилдим. Маст-аластлар каби беўхшов
чайқалиб юрган одамларга кўзим тушди. Кимдир дастрўмоли билан лабларини
артаётган, яна бошқалари эса ёқавайрон олишувда ғижимланган кийимларини
тездагина хижолатнамо тўғрилаб қўйишарди. Бир неча аёл пардоз ойналарини
излаганча асабийлашиб сумкачаларини титкилар, баъзиларининг қўлида қонга
беланган дастрўмол кўринарди – афтидан тўполонда бирор жойи тимдаланган
бўлса керак. Кейин Эпифания арзандаларини ҳам кўрдим, энг қизғин телбаликлар
содир бўлган айвонларга барибир ўта олишмаган, шекилли, икковининг ҳам
қовоғидан қор ёғар, ёнимдан ўтаётиб шундай ўқрайиб қарашдики, худди ишлари
бароридан келмаганига айнан мен айбдордек! Улар кўздан йўқолишини кутиб,
сўнгра ташқарига йўл олдим. Худди шу пайт фойеда доимий ҳамроҳлари билан
бирга қизил либосли ўша аёл пайдо бўлди. Барзанги тансоқчилар олишув пайти
ғижимланиб, йиртилган кийимларидан ийманган каби қимтинишар, аёл эса
виқор билан мағрур одимлаганча мен томон келарди. Аёлнинг ёнидан ўтаётиб,
қирмизи лабларини бир-икки дафъа ялаб қўйганини, мана бундай – оҳистагина,
унинг ўзигагина аён баҳрадан тамшанган кўйи ялаб қўйганини кўрдим. Юзларида
эса қорни тўйган қобонникига эш мамнунлик ифодалари зоҳир эди.
1956


Испан тилидан
Шарифжон АҲМАД таржимаси

Шарифжон АҲМАД – 1969 йилда
туғилган. Тошкент давлат университетининг
(ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини
тамомлаган. “Бир тушнинг эврилишлари”
номли китоби, Хорхе Луис Борхес, Хулио
Кортасар, Андрей Платонов, Жуброн Халил
Жуброн ижодидан таржималари чоп этилган.

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil