Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Ўзга созни чалгулик қилма

Барҳаёт сиймолар


Тўра СУЛАЙМОН – (1934–2005) Ўзбекистон халқ шоири. Тошкент давлат
университетининг (ҳозирги ЎзМУ) ўзбек филологияси факультетини тугатган.
Ижодкорнинг “Мен қайга борар бўлсам”, “Интизор”, “Илтижо”, “Сизни эслайман”, “Гул
бир ён, чаман бир ён”, “Сайҳон”, “Сайланма” номли йигирмадан ортиқ китоблари нашр
этилган.


Ўзга созни
чалгулик қилма


Мени мафтун қилмоқ истарсен…


Ўйлатмаган сен эдинг, сўйлатмаган сен эдинг,
Не бир куйларга солиб кунлатмаган сен эдинг.
Бирда сайратиб, бирда бўзлатмаган сен эдинг,
Мени Мажнун қилмоқ истарсен…


Куйман десам куйдириб, ёнмай десам ёндириб,
Кўзимни қиш, қишимни баҳорга айлантириб,
Бир дамда ўтга солиб, бир дамда ўртантириб
Мени мафтун қилмоқ истарсен…


Йўлларингга кўз тутиб, кўзларим толар бўлди
Хаёлимда бир ўзинг – билмадим нелар бўлди?
Аҳволимдан, ҳолимдан улус уялар бўлди…
Мени Мажнун қилмоқ истарсен…


Армон қолганми менда – сен келганда кун мисол
Сен келганда кун мисол – кўнглим ҳам бутун мисол.
Гоҳида Жайҳун мисол, гоҳида Сайҳун мисол
Мени мафтун қилмоқ истарсен…


Сен ўзга бир карашма, сен ўзга бир ноз билан,
Баъзида ноз аралаш ўзга бир араз билан,
Сўз бўлмаса соз билан, соз бўлмаса роз билан
Мени Мажнун қилмоқ истарсен…


Бир бора бўйинг кўрсам, вақтим чоғдай бўлади,
Боғим боғдай бўлади, кўнглим тоғдай бўлади.
Бало-қазолар мендан кўп йироғдай бўлади,
Мени мафтун қилмоқ истарсен…


Сенингсиз бу оламда созим, созлигим қайда,
Олма юзлигим қайда, қора кўзлигим қайда?
Қора кўзлигим тугил ўзим-ўзлигим қайда?
Мени Мажнун қилмоқ истарсен…


Созим


Сенинг тилакларинг бўлмас мустажоб,
Узилмас торларим, синмас созларим.
Нолам Биру Борга етса не ажаб,
Узилмас торларим, синмас созларим.


Сен айтгандай, эрмак, касб-кор эмас бу,
Кўплар ета билмас орзу-ҳавас бу.
Бобомлардан қолган ёлғиз мерос бу,
Узилмас торларим, синмас созларим.


То она табиат менга ёр экан,
Ҳар дами ғанимат, бетакрор экан,
Диёнат бор экан, ялтоқ хор экан,
Узилмас торларим, синмас созларим.


Бирнинг тақдири – бу туман тақдири,
Сарбонга боғлиқдир карвон тақдири,
Созчининг қўлида камон такдири,
Узилмас торларим, синмас созларим.


Тонг – талъант белгиси. Тун эса Танглик.
Ой – оқшом эркаси, қуёш – Мангулик
Бадномга бўлмаса Ерда юргулик,
Узилмас торларим, синмас созларим.


Хоҳи рози бўлгил, хоҳи норизо,
Хоҳи мотам тутиб, хоҳи оч аза,
Довруқлари бўлиб элга овоза,
Узилмас торларим, синмас созларим.


Сенга қолган куним, кунмас – қабоҳат.
Кошки сендан кутсам имдод, иноят!
Мени қўллай олур, қилур ҳимоят,
Узилмас торларим, синмас созларим!


Гул бир ён, чаман бир ён
Синглим Коммунага


Чаман ичинда бир гул, гул бир ён, чаман бир ён.
Сарви, санобармидир? – Соч бир ён, суман бир ён.
Саҳар, субҳи содиқда мушк бир ён, мужгон бир ён.
Тун пардасин тортса гар
ой бир ён, осмон бир ён.


Ўсган боғига алқов, ўстирган боғбонига,
Хавфу хатардан сақлай келган соябонига,
Андалиб қўнар, зоғлар қўнолмас бўстонига.
Мақтовига мен бир ён,
борлиқ сухандон бир ён.


Ҳаким зоти бор ерда дард бир ён, дармон бир ён.
Ёринг жафокаш бўлса уй бир ён, зиндон бир ён.
Икки жон бир бўлмаса – шам бир ён, шамдон бир ён.
Айри бўлса йўллари
туғ бир ён, туғён бир ён.


Қўриқчиси бўлардим боғимда унар бўлса,
Кузим келмай баҳорим қайта бошланар бўлса,
Солномачиси бўлай магар у Қамар бўлса,
Қасам ичиб айтаман:
намак бир ён, нон бир ён.


Қумри, саъва ошён айлар бир гулафшон бу.
Бир кокили Сир бўлса, ул бири Зарафшон бу.
Илоҳий санамлардан бир зурёд, бир нишон бу.
Керак бўлса магар жон,
жон бир ён, жаҳон бир ён.


Бу оламда Ой танҳо, муборак Қуёш танҳо,
Бўйқизларнинг ичинда бир шу эгма қош танҳо.
Унингдек ҳеч ким менга бўлмаса сирдош танҳо,
Гўрўғли султон бир ён,
Тўра Сулаймон бир ён.


Ота макон


Тошларин тавоф қил, тупроғини ўп,
Гардин кўзга суртиб туғросини ўп,
Ҳар саҳар юкиниб байроғини ўп,
Бу Ота Макондир,
Бу Она Юртдир.


Бошинг қўйиб топин остонасига,
Зоғ йўлата кўрма Арк-қалъасига,
Ҳамиша тайёр тур ҳимоясига,
Бу Ота Макондир,
Бу Она Юртдир.


Сайҳуни, Жайҳуни жавоҳир, лаълли,
Тоғлари тамалли, боғлари болли,
Тақдиримиз шу эл биландир боғли,
Бу Ота Макондир,
Бу Она Юртдир.


Аркони давлатин йўли бир бўлсин,
Юрган йўлларида нафс асир бўлсин,
Тахт-тож, салтанати мудом сир бўлсин,
Бу Ота Макондир,
Бу Она Юртдир.


Кўки кўланкасиз – офтобли, ойли,
Фуқаросин кўнгли Ҳимолой бўйли,
Серфарзанд, сердавлат, хайрли қўлли,
Бу Ота Макондир,
Бу Она Юртдир.


Азалдан ардоқли, ор-номусли эл,
Тўқсон тўққиз бовли, бий, бўлисли эл,
Сабр-қаноатли, қут, қомусли эл,
Бу Ота Макондир,
Бу Она Юртдир.


Улкан йўлга чиқдим, йўлимда
Қайдам, қорли қоялар бордир.
Ўзлигимча, ўй-хаёлимда
Қиш билганим балким баҳордир…


Баҳор фасли, баҳор нафаси –
Йўлларимга кўп интизордир.
Йўлим тўғри, йўриғим ҳақдир,
Улкан йўлдан кетиб бораман.


Бировлардан қолиб орқада,
Бировлардан ўтиб бораман.
Манзил қайда, гап қайда ҳали,
Билмам, қачон етиб бораман!


Ёш боладай тиним билмасдан,
Бирда хиёл шошиб бораман.
Сўқмоқларни кўзга илмасдан,
Дарё мисол тошиб бораман.


Гоҳи боқмай олди-ортимга,
Ўз ҳаддимдан ошиб бораман…
Бўла билмас муродим ҳосил
Шошган билан, адашган билан,


Из қолдирмай юрган йўлимда
Улкан йўлга туташган билан,
Ўз йўлимни топмасдан туриб
Ўзгаларга ёндашган билан.


Манзил қайда, гап қайда ҳали,
Аро йўлда қолгулик қилма,
Ота мерос созим турганда,
Ўзга созни чалгулик қилма,


Термаларим, ўланларимсиз
Исму жисмим мангулик қилма.

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil