Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Ҳаққонийликниустувор билган адиб

Йўлдош МИРЗАЕВ

Ёзувчи Нурали Қобул бугунги ўзбек адабиёти, айниқса, романчилигида салмоқли
ижод қилиб келаётган адиблардан. Халқаро Чингиз Айтматов академиясининг
академиги, йигирма беш жилдлик “Темурийлар” эпопеяси хамда хамсатайн
(ўнлик) роман-памфлетлари ҳам чоп этилди. Бу памфлетлар тўпламининг олтинчи
жилди “Дордан қочган даҳолар” деб номланган бўлиб, асар мазмунан олдинги
жилдлар мавзусининг узвий давом эттирган.
“Дордан қочган даҳолар” роман-памфлетида дунёни ларзага келтирган Биринчи
жаҳон уруши даҳшатлари, айниқса Россия ҳудудида содир бўлган инқилоб, бу
давлат тўнтаришини амалга ошириш учун тузилган ячейкалар ҳамда уларнинг
нохуш оқибатлари, революционерларнинг ўзаро мансаб талашишлари, бири-
бирига қилган хиёнат ва сотқинликлари, мавжуд мафкура ва сиёсий қарашларнинг
қай тарзда бўлиниб, гуруҳларга ажралиб кетганликлари баён этилган.
Адиб мазкур асарни яратишда барча факт ва далилларни ўша алғов-далғовли
даврлардан қолган ярим-ёрти, сарғайиб, титилиб кетган тарихий ҳужжатларни
синчиклаб ўргангани кўринади. Чунки Нурали Қобул бу иш асносида мавжуд
материаллар орасидан шу вақтга қадар назардан қочирилган ёки сир тутилган
маълумотларни илғаб олиб, уларни изчилликка амал қилган ҳолда, сабр-бардош
билан сайқаллашга, натижада мазмунан тош босадиган китоб яратишга эриша
олган. Бундай улкан ишни амалга ошириш, шубҳасиз, ёзувчидан мисли кўрилмаган
сабр-тоқат ва катта маҳорат талаб қилади. Нурали Қобул айнан шундай иқтидор,
жасорат, ғайрат ва ижодга бўлган туганмас меҳр-муҳаббати билан ўз мақсадига
эриша олганлардан.

“Дордан қочган даҳолар”да ёзувчи синчковлиги, сезгирлиги ва зукколигидан
ташқари барча воқелик ва образлар қуруқ ҳамда сиқиқ фактларнинг ўзигаёқ
таяниб қўйилмай, уларга ранг-баранг бўёқлар билан жозиба берилгани билан ҳам
китобхон томонидан севиб ўқилади.
Адибнинг мазкур туркумдаги роман-памфлетларида шўро ҳукумати доҳийси
В.И.Лениннинг оиласи, ижтимоий келиб чиқиши ва ҳаёти ҳақида батафсил
маълумотлар келтирилган бўлса, олтинчи томда шу тузумнинг навбатдаги
доҳийларидан бири Иосиф Виссарионович Сталин тўғрисида кўпчилик учун
номаълум маълумотларни келтиради.
Россия империяси ва Совет Иттифоқининг энг машҳур етакчиси бўлган Иосиф
Сталин тарихда оммавий қатлиомлар билан ҳам қўрқув салтанатини бошқарган
давлат раҳбари сифатида тилга олинади. Унинг бу ишлари ҳозирга қадар ҳам
инсониятга нисбатан жиноят сифатида баҳоланади. Асл фамилияси Джугашвили
бўлган Иосиф Сталин баъзи маълумотларда 1879 йил Грузиянинг Гори
шаҳарчасида, паст табақага тегишли оилада туғилган дейилса, бошқа манбаларда
унинг авлод-аждодлари осетин бўлганлиги ҳақида айтилади. Бир нечта ташқи
туғма нуқсонларига эга бола отаси томонидан муттасил калтакланиб келинган.
Нурали Қобул Сталин шахсига тегишли қоронғи нуқталарни ёритишда айнан, шу
жиҳат – унинг асл келиб чиқиши ҳақидаги маълумотларга эътибор қаратар экан,
мазкур памфлетида қуйидагиларни келтиради:
“– Лейба Давидович, – гапини бўлиб жавоб қилди Белобородов. – … Ростдан
ҳам князь Эгнаташвилидан туғилганми? Бировлар Прежевальскийдан дейишади.
– Улар бизга ўхшаб урфу эътиқодини қаттиқ тутадиган, анъаналарига содиқ
бир миллат эмас… Унинг турқи-тароватига боқсангиз, Прежевальскийнинг қуйиб
қўйган ўзи. Прежевальский Екатерина ва Сосони давомли равишда моддий
қувватлаб турган. Буни Гори ва унинг атрофида яшовчи кишилар нари турсин,
тоғлардаги айиғу бўрилар ҳам билади… Онаси Екатерина Георгиевна Гладзе князь
Эгнаташвилининг уйида кир ювувчи бўлиб ишлаган. Хонадонда севги учбурчаги
бошланган. Бу шармандаликка чидай олмаган ота бўлмиш этикдўз Виссарион
Жугашвили уйидан чиқиб кетган. Худди Армандлар – Ульянов – Инесса
учбурчагига ўхшаш ахлоқсизликларни шарқ одамлари билхосса, кавказликлар
ақлларига сиғдира олмайдилар. Бу хуфиёна кўриниш баайни Романовлар
саройидаги воқеа каби ҳолат юз берган. Володянинг онаси Мария Александровна
Бланк ҳам шаҳзодаларнинг биридан бўйида бўлиб қолгач, уни яшин тезлигида
Илья Ульяновга турмушга берганларидек, иккинчи гилдия савдогари Яков
Эгнаташвили Гамбарсули қишлоғидаги этикдўз Виссарион Жугашвилига эрга
беради. Сталиннинг биринчи хотини Екатерина Сванидзе ҳам шу қишлоқдан.
Сталинга ҳеч ким тегмагач, уни онаси топиб берган. Екатеринадан туғилган ўғлига
Сталин Яков исмини беради. Бу гапни эшитганлар, “Иосиф ўғлига отасининг
отини қўйибди”, дейишса бошқа бирлари, “У Приживальскийдан туғилган бўлса-
да, Яков Эгнаташвилини отам деб билади!” дейдилар. Хуллас, мана шу “тройной”
ҳароми йўлимизга тўсиқ бўлиб, бизга қарши курашмоқда. Униям, устозиниям
бартараф этмасак мақсадимизга эриша олмаймиз.
Иосиф онаси иккиси давомли равишда отасидан калтак ейди ва отаси доҳил
одам зотини ёмон кўриб қолади. Ана шу носоғлом иқлимда, руҳан эзилган,
қонунсиз, ҳаром ва гуноҳдан туғилганини ҳис этган ҳолда инсониятга нисбатан
нафрат туйғуси, аламу изтироб билан ўсиб улғайди…
– Бир киши уни грузин эмас, осетин деди. Бу хусусда ҳам билганингиз борми
Лейба Давидович? – сўради Янкель Белобородов.
– Бор, Янкель. Айтишларига кўра Виссариан Жугашвили осетин бўлган. Бошқа
бир версия бўйича Эгнаташвили осетин ёки онаси ярим осетин…
– Этикдўз Виссарион Жугашвилини князь Эгнаташвилининг одамлари тинчитиб
юбришган дейишади. Бу ҳам тўғрими? – яна сўради Белобородов.
– Тўғри, Янкель. Хотини князникига кетганида Жугашвили аламидан дўстлари
билан бурнидан булоқ бўлиб вино ичади. Кайфи тарқаган этикдўз хотини қайтиб
келганида уни ўлгудек дўппослайди. Ўша сиз айтган князнинг одамлари келиб
этикдўзни олиб кетишади. Шу-шу уни ҳеч ким, ҳеч қачон, ҳеч ерда кўрмайди. Бу
воқеаларнинг барчаси ёш Иосифнинг кўз ўнгида содир бўлади”1. Асарда инқилобчи
аёллар Надежда Константиновна Крупская, Вера Заслуч, Вера Фигнер, Софья
Перовская, Инесса Фёдоровна Арманд, Арманда Тирнова, Александра Коллантай,
Лариса Рейнер ва бошқа кўплаб инқилоб ихлосмандларининг революцион
фаолиятларига ҳам ўрин берилган. Н. К. Крупскаянинг онаси Елизавета
Васильевнанинг ақлли, тадбирли, меҳнатсеварлиги ҳам эътироф этилган.
Инқилобчи аёлларнинг революция йўлидаги фидойилиги улар характерлари
орқали очиб берилган. Бу аёлларнинг қай тарзда ҳибсга олинганлиги, қийноқларга
солинганлиги, айримлари сургундаги эрларининг ортидан Сибирга ҳам кетганлиги,
ўз жуфтига садоқатлилиги, кўпларининг Сибирь, Тайгада қазоси етганлиги ранг-
баранг ташбеҳлар билан тасвирланган.
Адибнинг ўзига хос услубларидан яна бири шуки, памфлетларининг ҳар
бири ёки ҳар бир бобига улуғ олиму файласуфлар, машҳур шоиру ёзувчиларнинг
ҳикматли ибораларидан иқтибослар келтиради. Натижада ўқувчи ана шу маънодор
гап ва мақоллар маъносини чақиб, тушиниб етиш учун асарни янада қизиқиб
ўқийди.
Китобда рус ва бошқа миллат вакиллари сўзларидан уларнинг туб маъноларини
ҳам ишлатган ҳолда фойдаланилган. Таҳлил ҳам қилинган. Масалан, рус тилидаги
“захолустье” атамаси қалмоқларда “заха улус”, яъни бизнинг тилимизда “чегарачи”
ёки узоқдаги одамлар маъносида келади. Руслардаги “ура” жанговар сўзи турк-
қалмоқча “уралон” сўзи бўлиб “олға” билан маънодошдир.
Бундан ташқари яҳудийлар, руслар, қалмоқлар уруғлари ва Россия тарихига оид
воқеалар ҳам баён этилган.
Адиб миллий колорит, тарихий шахсиятларнинг ўрни, улар амалга оширган
ишларни пафос билан тасвирлайди. Воқеаларни асар персонажлари диологлари
орқали билдириб боради. Халқ мақоллари, ибратли ва ҳикматли жумлалар билан
тасвиру таҳлил этади. Бу Нурали Қобул ижодининг ўзига хос услуби ҳамдир.
Масалан, “Пахта билан бўғизлаш лозим”, “Яхши ёзувчидан яхши ўқувчи кам”,
“Қидирса сомон ичидаги игна ҳам топилади”, “Бош кесмоқ бор, тил кесмоқ йўқ”,
“Мардлар ҳамиша қийинни енгган, номардлар эса бўйнини эгганлар”, “Икки
бургутнинг талашиши бир қарғага ем бўлади” ва ҳоказо жумлалари билан бир
қаторда байналминал сўзлардан ҳам жойи келганда кенг фойдаланилган. Китоб
тили бийронлаштирилиб, сўз жозибадорлиги оширилган. Бу жиҳатларнинг
барчаси Нурали Қобулнинг каломга бой бисотидан далолат бўлиб, у қўллаган
ҳар бир сўз ёки жумла ўзига яраша кўпқатламлиги билан ҳам эътиборни тортади.
Матн эса сюжетларни тўлдириб, далиллаб боради.
1 Н.Қобул “Дордан қочган даҳолар”, 6-жилд, “Маърифат битиклари” нашриёти, Тошкент. –
2021 йил, 102–105-бетлар.

“Дордан қочган даҳолар”да узоқ йиллик даврлардан бери кўпгина давлатларнинг
бош раҳбарлари, айрим ўрта ва қуйи бўғин амалдорлари ҳаёти ёритилган. Ана
шу шахслар умрларидаги чалкаш-чулкаш, долғали пайтларидаги аччиқ-чучук,
тинч-нотинч дамлари чуқур зеҳн билан ўрганилиб, тарихнинг энг қора кунлари,
чиркин онлари, ғалати паллаларини далил исботлари билан ишонарли тарзда,
ўша қаҳрамонларнинг образини яққол кўз олдингизга келтира оладиган даражада
тасвирлаб берилган.
Нурали Қобул роман-памфлетларида қандай воқеа-ҳодиса ёритилмасин,
ундаги фикр теранлашиб боради. Масалан: Киев Русининг ғоят қадимий аутентик
қўлёзмаларидан ирвит алифбосида ёзилганларини аниқлаб, улардаги ўша
тарихий воқеаларни айнан акс эттиради. 1117 йил ва бошқа даврларда битилган
йилномаларда ёзилган тўполон, ғалаён, воқеа-ҳодисаларни, яҳудийларнинг
ҳазорлар билан аралашиб, ерлашиб Чернигов, Белая Вижа (Саркела) Жидова Вила,
Козори деган топонимлар, Русь, Польша ҳудудларида бўлганлигини, Киев иудей
жамоасининг Яаков бенхануика берган хатларининг ўнинчи асрда ёзилганлигини,
1156 йилдаги юнон монахи Федосей фикрлари, Киевда караимлар яшаганини,
шунингдек, тарихий халқлар турмуш тарзини ёритади. Бу миллат ва элатлар
ўртасида диний можараларнинг юзага келиши сабаблари, охир-оқибат уларнинг
қай тарзда маҳаллийлашиб кетганликлари қизиқарли ҳикоя қилинади.
Пётр Биринчи, Екатерина Иккинчи, Наполеон даврларидаги халқ ҳаёти, сарой
аъёнлари кечмишлари баёнланади. Буюк рус ёзувчиси Лев Николаевич Толстойнинг
катта энагаси лўли бўлганини ҳам эслатади. Адиб роман–памфлетларида шу тарзда
мамлакат бош раҳбар ва амалдорлари бўлган шахслар хусусиятларини пирамида
шаклида яратади. “Биринчи жаҳон урушининг шармандаларча ва шарафсизларча”
барҳам топганлиги, фуқаролар урушининг қай тарзда юзага келганлиги сингари
омилларни таъкидлаб, йигирманчи асрнинг йигирманчи йилларидаги очарчилик,
қаҳатчиликнинг Россия ва унга тегишли ҳудудларга қай тарзда бало-қазодай
ёпирилиб келганлигини чуқур тасвирлар ила ёритади.
Роман-памфлетлар композицияси бақамти ҳолда ўринлатилган бўлиб,
уларда миллий қавмланиш, гуруҳланиш ва бу қавм ҳамда гуруҳлар ўртасидаги
носозликлар, чуқур ёритилган. Масалан: генераллар Борис Совинков, Лавр
Корнилов бош вазир Александр Керенский, С. А. Плеве, Е. Сазанов, И. Коляев, Ф.
Э. Дзержинский, В. И. Ленин, Плеханов, Колчак, Деникин, Врангель, И. В. Сталин,
Л. Д. Бронштейин, (Лев Троцкий) генерал Евгений Миллер, Николай Юденич,
Ярослов Гошек, Владимир Кацеел, генерал Морис Жанин ва бошқа кўплаб инқилоб
раҳбарлари ҳақида етарли маълумотлар бериб, образларини ярақлатиб кўрсатади.
Улар ўрталаридаги мансаб талашиш ва ўзлари мўлжал этган лавозимлар учун
суиқасдлар уюштирганларини аниқ тасвир этган.
Адибнинг зукколиги шундаки, совет тузуми томонидан доҳийлик мақоми
берилган В. И. Ленин ва И. В. Сталиндан ташқари Л. И. Брежнев, Ю. Андропов,
В. Суслов ва бошқа Марказий Қўмита арбобларининг шахсий ҳаётига оид яширин
маълумотларни ҳам очиқлайди.
Муаллиф тарихнинг ўта нозик воқеликларини бор реаллиги билан баён этаркан,
ЕКП (Еврейская коммунистическая партия) ва РКП (б) фаолиятини миллий яҳудий
миллатига мансуб инқилобчилар Лейба Давидович Бронштейин – Троцкий, Янош
Соломон Мовшевич – Свердлов, Каменев – Розенфельд, Зиновьев – Апфельбаум

ва бошқа сионистларнинг ўз миллати шаъни учун амал курсисини қай даражада
торта-торт этганликларини ёритади.
Тарихий асарларда Михельсон заводидан чиқаётган Ленинга ўқ узиб, унга
суиқасд қилган Фанни Каплан (аслида яҳудий миллатига мансуб Файга Хаймовна
Райбалт) эканлиги айтилади. Аммо бу аёл ўша пайтда узоқ йиллик қамоқ жазоси
ҳамда оғир меҳнат туфайли кўр бўлиб қолган, қолаверса, Ленинга суиқасд
қилганлар икки киши эканлиги, ҳатто Лениннинг ўзи унга ўқ узган кимса эркак
киши бўлгани айтганлиги ҳақида ҳам маълумотлар борлигини биламиз. Шунга
кўра Лениннинг Троцкий ёллаган айғоқчи томонидан отилганлиги мантиқан
хулоса бўлиши мумкин.
Асарда Ленинга суиқасдни амалга оширган деб топилган Эсерка (Фанни
Каплан) террорист сифатида 1918 йилнинг 7 сентябрида ВЦИК раиси Свердлов
буйруғига биноан Кремль коменданти Павел Мальков томонидан отиб ўлдирилгани,
сўнг унинг мурдаси бензин тўлдирилган бочкага солиниб, ёқиб юборилгани, бу
воқеаларга ўша пайтда Ленин қабулхонаси мулозими вазифасида ишлаган ишчи-
деҳқон шоири Демьян Бедний гувоҳ бўлгани айтилади.
Асарда Романовлар сулоласининг сўнгги императори – Николай Иккинчининг
олтинлари тақдири ҳақида ҳам етарли маълумотлар бор. Генерал Григорий
Семёнов, Александр Колчак, генерал Потдягин ва бошқа амалдорлар тўғрисида
батафсил ҳикоя қилинган.
Адиб ёритаётган тарихий шахслар характерини ҳам чуқур таҳлил этаркан,
уларнинг кечмиш-кечирмишларини бир неча бор мантиқ чиғириғидан ўтказиб,
баёнлайди. Адибнинг ҳар бир фактни синчиклаб ўрганиши ва уларни ёритиш
жараёнида адолат, ҳақиқат, тўғриликка ёндашишишини сезамиз.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси, ўзбек адабиётининг йирик устунларидан бири
Одил Ёқубов Нурали Қобул ҳақида: “Нурали Қобулнинг кейинги ҳикоялари ва
қиссалари шундан далолат берадики, ёзувчи изланишларида ҳаётга чуқур кириб
боради, асарларидаги конфликтлар ҳаётий”, деб эътироф этганди. Адибнинг
биз юқорида таҳлил этган памфлетларида ҳам айнана шу жиҳат – изланишнинг
чуқурлиги ва зиддиятлар ҳаётийлиги билан ҳам эътирофга лойиқ асар сифатида
баҳоланишга ҳақли.

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil