Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

ОДАМНИНГ УЙИ


ОДАМНИНГ УЙИ
(ҳикоя)

Опа суд биноси ҳовлисига кириб келаётиб, қоровулхонанинг ён тарафида бир
қалдирғочнинг безовта бўлиб, гоҳ паст, гоҳ тепага қараб чирқиллаб учаётганини
кўрди. Беихтиёр ўша тарафга юрди.
Яқинлашиб қараса, пастда бир қалдирғоч полапони учишга ҳаракат қилиб,
турган жойида гир-гир айланарди. Юқорида – бино девори бурчагидаги уяда
қолган бошқа полапончалар эса тинмай чирқилларди.
– Ҳакимжон, бу ёққа қараб юборинг, – қоровулхона эшигини тортганча овоз
берди опа.
– Лаббай, Адолат опа?
– Мана буни қаранг, қалдирғоч боласи уясидан тушиб кетибди.
– И-ее, учаман деб шошибди-да! Ҳозир нарвон олиб келиб, жойига қўйиб
қўяман, опа.
– Эҳтиёт бўлиб жойлаштиринг, уяси ҳам омонатгина турибди, шекилли.
– Хўп, опа. “Қушнинг ҳам уяси бузилмасин”, дейсиз-да.
– Албатта бузилмасин, ҳечам бузилмасин, – деди-да, тез-тез юриб, ишхонаси
томон кетди.
Бугун фуқароларни қабул қилиш куни бўлгани учун хонасига кирган опа бир
финжон қаҳва ичиб олгач, стол устида турган қоғозларни қўлига олди.
Қарийб ўттиз йилки у одамлар тақдири – муаммолар, низолар, ечим ва
хулосалари, ана шу қаршисига ёйиб олиб, ўрганаётгани қоғозлар ортидаги ҳаёт
ва ундаги тақдир эгалари билан бирга яшайди. Суд учун кўриб чиққан ишлари
ортидан доим адолатли қарорлар чиқарилганидан одамлар унинг Малоҳат исмини
ҳам унутган, “Адолат опа” деб чақиришарди.


Бугун ҳам кун бўйи мерос, алимент, ажрим масалалари билан келган ўнга яқин
фуқароларни қабул қилди. Кечга томон яна эшик тақиллади.
– Ассалому алайкум. Мумкинми?
Остонада ёши тахминан ўн саккиз-йигирмалар атрофидаги бир қиз кўринди.
– Ваалейкум ассалом. Келинг, қизим.
Опа ёзишдан тўхтаб, қизни ичкарига таклиф этди.
– Ажрашишга ариза топширмоқчи эдим, шуни маслаҳатлашгани келдим…
Опанинг юраги зирқиради. Ёшгина, қадди-қомати келишган, қош-кўзлари қоп-
қора, киприклар узун, бир сўз билан хушрўй ва ёқимли қиз экан. Нега бундай
қарорга келган бўлди экан?
– Турмуш қурганингизга қанча вақт бўлди ўзи? – сўради секин.
– Икки йил бўп қолди. Лекин сира яшагим келмаяпти, опажон. Менга ёрдам
беринг… – маъюс, ялинчоқ нигоҳи билан умидла унга турмилди қиз.
Қиз билан гаплашиб олган опа унинг исми Моҳичеҳра эканлигини билиб олди.
– Болалигимдан онамдан кўра, дадамни яхши кўрардим, – гап бошлади
Моҳичеҳра. – Йўқ, онам ёмонмас, лекин меҳрибон ҳам эмасди. Мендан кўра укамни
кўпроқ яхши кўрар, шунгами дугоналаримнинг ойиси билан муносабатини кўриб,
ҳавасим келарди. Баъзан мен онамга ўгай эмасмиканман, деб ўйлаб ҳам қолардим.
Дадам камгап, босиқ инсон бўлишига қарамай, укамга ҳам, менга ҳам жуда
меҳрибон, шаҳарда ишлар, ишдан келишда иккаламизга, албатта, бирор нарса
кўтариб қайтарди.
Рости, уйимизда кўп жанжаллар бўлар ва уларни доим онам бошларди. Онам
аввал нолир, кейин овозини кўтариб гапира бошлар, охирида йиғлашга тушарди.
Ўша пайтлар бир қўшнимиз бўларди. Данғиллама уйи, қимматбаҳо машинаси
бор, кийиниши зўр… Шу аёл қачонки бизникига чиқса ёки онам уларникига
бориб келса, ўша куни уйда жанжал бошланарди.
“Сиз ҳам одамларнинг эридек бўлсангиз-чи! Одамлар дам олишга, саёҳатга
боради, тилла тақади. Сиз эса ишлаган пулингизни ҳам эплаб ололмайсиз. Қачон
қараса, пул йўқ, пул йўқ! Жонимга ҳам тегиб кетди, бунақа яшаш…”
Онам қанча бақириб уришса ҳам дадам овозини баланд кўтармасди. Ё кетмон
олиб, томорқага кириб кетар ёки қармоқ кўтариб, балиқ овлашга, дарё томонга
жўнарди.
Биз укам билан ухламай, дадамни кутиб ётардик. Дадам уйга келиб, бизни маҳкам
қучоқлаб, “Ўзимнинг ширинларим” деб, ўпиб қўйганидан кейингина ухлардик.
Дадамнинг кулиши жуда чиройли эди. Табассуми ҳеч кимникига ўхшамасди.
Бир куни онам уйдаги бор гиламларни ташқарига олиб чиқиб, уйни тозалашга
тушиб кетди.
Кейин дадамга қараб: “Гиламларни дарё бўйига олиб бориб ювиб келинг. Барибир
янгисини олиб беролмайсиз, чангютгични эса тушимизда кўрсак керак…”, – деди
энсасини қотириб.
Дадам онамнинг гапини эшитса ҳам, юзига қарамай, ишини давом эттираверди.
Бирпасдан кейин менга қараб: “Моҳи, кетдик, қизим, гилам ювиб келамиз”, – деди.
Бизга укам ҳам эргашди.
Дадам билан бирга бирор жойга бориш, бирга иш қилиш маза эди.

Ислом Али, [02.04.2024 2:27]
Ўша куни ҳам укам иккаламиз хурсанд эдик.
Дадам билан гилам ювишга тушиб кетдик. Укам ҳам бироз қарашгандек бўлди,
бир-икки атрофимизда айланиб юрди.
Бир пайт қарасам, дарёга эгилиб олиб нималарнидир гапиряпти.
– Ҳа, Асрор, тушингни сувга айтяпсанми, – дедим кулиб.
– Йўқ, тушимни эмас, ниятларимни айтяпман.
– Жиннимисан, сувга ёмон туш кўрса, айтилади. Ниятлар, орзуларни эса
юлдузларга айтади одам, – дедим билағонлик қилиб.

Укам ростданми, дегандек, менга савол назари билан қараб турди-да, “Бизнинг
дарёмизга ниятларни ҳам айтиш мумкин”, деб қўлидаги чўпини ўйнатганича нари
кетди.
Мен дадамга қарашишда давом этдим. Биринчи гиламни ювиб бўлиб,
иккинчисини бошладик.
Бир маҳал узоқдан укамнинг овози эшитилгандек бўлди. Дадам ҳам, мен ҳам
бирдан жим бўлиб қулоқ солдик. Бу овоз яна бир марта келди. Дадам иккаламиз
ўша томонга югурдик.
Қарасак… укам, укажоним сувда оқиб кетаяпти…
“Асроооор!” деб, бор овозим билан чинқириб юбордим. Дадамнинг овози
алланечук бўғилиб чиқди. Жон ҳолатда ўзини укажоним оқиб кетаётган томонга
отди.
Кейин нима бўлганини унча англолмай қолдим. Оёқ-қўлим баравар титрарди.
Дарё бўйлаб аввал укам, орқасидан дадам оқиб бораётганини кўриб турибман,
қирғоқ бўйлаб уларнинг ортидан югурдимми, эмакладимми, билмайман. Улар
кўринмай қолди. Кейин узоқдан югуриб келаётган бир одамнинг шарпасига кўзим
тушди. Кейин кимдир мени қўлимдан ушлаб нарироққа олиб кетди. Бирпастда
одамлар тўпланди. Ўрнимдан туриб югурай десам, оёғим ўзимга бўйсунмасди.
“Дада, дадажоооон! Асрооор! Укажоооон… Қутқаринглар! Дадажониииииим…
Илтимос, қутқаринглар”, деб атрофимга тўпланган одамларга қараб ялинар, лекин
овозимни ўзимдан бошқа ҳеч ким эшитмасди.
Кейин онамни кўргандек бўлдим. Оёқяланг югуриб келаётган онамни… Ўша
пайтда ҳушимдан кетган эканман.
Дадамнинг жасадини тўққиз, укамникини ўн икки кундан кейин топишди.
Ҳаётимда мен яхши кўрадиган ва мени яхши кўрадиган энг яқин кишиларимдан
бир кунда айрилдим.
Яшашнинг қизиғи қолмади. Кеча-ю кундуз кўзёшларим тинмасди. Туни билан
йиғлаб чиқардим.
Онамга ҳам қийин бўлди. Аввалги онамдан асар ҳам қолмади. Ўйчан бўлиб
қолди. Дадам билан укамнинг расмини олиб, бағрига босганича: “Мени
кечиринглар… Дадаси мени кечиринг… Асроржоним, онанг ўлсин болааам…”, –
деб йиғлаб ўтирарди ҳар куни.
Шу-шу дарё томонга оёғимни ҳам босмадим.
Укажонимни орзулари билан оқизиб кетган дарёни ёмон кўриб қолдим.
Кунлар кетидан кунлар ўтиб, дардимиз бироз унут бўлди.
Бу орада мактабни битирдим. Ўқишга киришга тайёрлана бошладим. Ёмон
ўқимаганман, институтга киришимга ишонардим. Қолаверса, дадам “Сени
ўқитаман, шифокор бўласан”, дерди. Тиббиёт институтига киришни ният қилиб
қўйдим.
Аммо онам ўқишимга рухсат бермади. Пулини ким тўлайди, йиғиштир
ўқишингни, деди.
Аввалдан онамнинг бирорта гапига қарши бормаганим учун, бу сафар ҳам
индамадим, кўндим.
Орадан бир йил ўтиб, онам мени турмушга узатиш ҳаракатига тушди. Тўғриси,
менга ҳеч нарсанинг қизиғи йўқ эди…
Тўй бўлди. Ўн етти ёшимда қишлоғимиздаги Мурод деган йигитга узатишди.
Келин бўлгач, ҳаёт мен ўйлагандан ҳам мураккаб эканлигини тушундим.
Ҳовли супуриш, кир ювиш, овқат қилиш, уйдагиларга мулозамат кўрсатиш… Бу
вазифаларни эплашга ҳали тайёр эмас эканман. Кучим ҳам, хоҳишим ҳам йўқ экан
бунақа юмушларни қилишга.
Бундан ташқари, қайнонам, қайнопаларим бора-бора мени менсимайдиган,
келинлик сарполарим яхши бўлмаганини юзимга айтиб, ерга урадиган бўлишди.
№ 06 2022 135
Онам эса, “Ишлаб, пул топишим керак”, деб хорижга кетиб қолган, аммам бир-
икки марта мендан келиб хабар олиб кетди, холос.
Ҳаётимдаги бу чигалликлар ичида биргина турмуш ўртоғимга бўлган
меҳримгина куч берарди.
У менга жуда меҳрибон, доим авайларди. Кун бўйи унинг ишдан келишини
кутиб ўтирар, келиши билан уйимиз ҳам, кўнглим ҳам ёришиб кетарди.
Аммо вақт ўтиб, у ҳам онаси, опалари таъсирида ўзгарди. Арзимаган баҳоналар
билан жанжал қиладиган, ҳар замонда ичиб келиб, урадиган одат ҳам чиқарди.
Мени ҳимоя қиладиган ҳеч кимим йўқлиги учун атайдан шундай қилишини
билардим. Агар дадам ёки укам ҳаёт бўлганида менга қўл кўтаришга ҳеч кимнинг
ҳадди сиғмасди.


Шу орада ҳомиладор бўлдим. Вақт ўтиб, қизимиз туғилди.
Чилла даврим эди. Бир куни кечқурун чақалоқнинг тагликларини юваётсам,
ташқаридан кимдир чақиргандек бўлди. Ҳамма уйқуда эди. Яхшилаб қулоқ солсам,
укамнинг овозига ўхшаб кетди. Беихтиёр югуриб кўчага чиқдим. Чиқсам, ҳеч ким
йўқ. Кейин нима бўлганини билмайман. Ярим кечаси уйдагилар ҳовлига чиқса,
мен йўқ, юваётганим чақалоқнинг таглиги эса ерда тупроққа қоришиб ётган экан.
Мени роса излашибди. Охири дарё бўйидан топиб келишибди.
Ўшанда ўн кунча истималаб, алаҳлаб чиққанман.
Шундан бери уйдагилар менга ғалати қарашади. Ўзини бир нарса қилиб қўяди,
жинни бўлиб қолган, деб, ҳаммага айтиб юришибди.
Қайнонам ажраласан, дейди ўғлига, ўғли эса ажрашмоқчи эмас.
Рости, ҳам бошида қизимнинг етим бўлиб қолишини сира истамаган эдим.
Лекин бора-бора кўнглим ҳамма нарсадан совуб боряпти.
Ўша куни укам билан дадамнинг орқасидан мен ҳам ўзимни сувга ташласам
бўлар экан…
Моҳичеҳра кўзёшларини тўхтатолмай қолди.
Адолат опа исми жисмига мос қизнинг йиғлашини кўриб яна юраги эзилди.
Қани эди шу қизгинанинг тақдири ҳам ўзидек чиройли бўлса, ҳатто йиғлаш ярашиб
турган кўзлари бахтдан порласа эди!
Одамлар қалбида мудраб ётган чин туйғуларни уйғота оладиган Адолат опа
қиз билан узоқ суҳбатлашди. Унинг атрофида яшаётган одамларнинг ҳар бири
билан ҳам гаплашиб чиққач, тобора нураб бораётган бир оилани сақлаб қолиш –
кечиктириб бўлмайдиган иш эканини ҳис этди. Қиз билан яна кўришишга келишиб,
хайрлашди.
Кетар маҳалда қиз бирдан тўхтаб, опага нимадир демоқчи бўлди. Бу сафар
унинг нигоҳи у қадар мунгли эмасди, назарида.
Оғир иш кунини якунлаб, уйига отланган опа қоровулхона ёнидан ўтаётиб,
эрталабки қалдирғоч полапони эсига тушди. Яқинроқ бориб уяга қаради: қалдирғоч
болаларининг боши кўринди. Шу пайт она қалдирғоч учиб келди. Полапонлари
чуғурлашиб қолди. Онаси навбати билан улар тумшуғига емак сола бошлади.
– Опа, қушни жойига қўйдим. Ростдан ҳам уяси омонатгина, илиниб турган
экан. Тагига тахтача қоқдим, энди уя мустаҳкам бўлди, – деди қоровул йигит
хонасидан чиқиб келиб.
– Яхши қилибсиз, яшанг. Савобли иш қилибсиз…
Сўнг қалдирғочу турли қушларнинг кечки чуғуридан кўнгли ёришиб, мамнун
бораркан, бирдан юрагини яна ўша ўттиз йиллик оғриқ симиллатди: Қушнинг
уйи-ку биров бузмаса, тўзғимайди. Жойида тураверади. Аммо одамларники-чи?
Одамларнинг…

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil