Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

ҚАДРСИЗ ҚАДРДОНЛАР ФОЖИАСИ

Илҳом Ҳасанов қисқа умр кўрди. Аммо шу қисқа умри ҳам инсон сифатида, шахс сифатида ўзлигини излаётган, асл ҳақиқатга интилаётган илм толиблари учун етарлича намуна мактаби бўла олди.
Донишмандлар назарида “Илмнинг боши – жим туриш, кейингиси – эшитиш, учинчиси – ёд олиш, тўртинчиси – унга амал қилиш, бешинчиси уни тарқатиш” экан, менинг назаримда, у шундай яшаш усулига тўлиқ амал қилиб яшади. Шу боис барча мақсадларига пағонама-пағона эришиб келаётганди…
Оилавий адабий муҳитдакамол топган Илҳом Ҳасанов ўзида борини, англаб етган фалсафасини тезроқ тарқатиш илинжида шошилиб яшади. Шу боис, ундан оз эмас, кўп эмас олимлик рутбаси вабиргина китоб ҳажмидаги битиклар: ҳикоялар, қисса, комедия, илмий танқидий мақолалар ҳамда таржима асари мухлисларига мерос бўлиб қолди.
Унинг “Бир кам дунё” трагикомедияси шўролар мустамлакачилик даврининг сўнгги йилларида ёзилган. Воқеалар ҳам ХХ асрнинг 80- йилларида бўлиб ўтади. Комедия Улуғ аянинг иккинчи жаҳон урушдан қайтмаган, Ҳалим ота руҳи билан суҳбатидан бошланади. Ҳалим ота урушда ўлмаганини, доим Улуғ ая билан ҳамдам, ҳамқадам яшаётганини эслатади. Сабабки, Улуғ ая уни доим хотирлаб туради. “Жон вужуддан айро тушса-да, яшайвераркан одамзот. Одамлар унутган, эсламай қўйган куни ўларкансан”. Ҳалим ота фарзандларини нафсига қул бўлиб кетганлигини билиб туради. Бу иддоларни “илгарилари болаларимни кўриб турардим, эндиликда қанча уринсам ҳам кўролмаяпман”, деган иқрорлари тасдиқлайди. Ўтганлар руҳи биз билан ёнма-ён яшашлари учун, биз уларни хотирлаб туришимиз етарли бўлади. Яқинларимизнинг, айниқса ота-оналаримизнинг биздан узоқлашиши – шайтоннинг бизга яқинлашишини тезлаштиради. Улуғ аянинг фарзандлари ўз отасига баъзан кўринади, ўшандаям қиёфасиз – “шакл-шамойилсиз кўланка” бўлиб кўринади. Улуғ ая оналик бурчини унутишни хоҳламайди. У фарзандлари тарафига ўтади. Ҳалим отанинг “Шундай-ку-я, аммо улар мени ўликнигина эмас, сен – тирикни ҳам анчадан буён эсламай қўйган кўринишади” каби эътирозлари онаизорни яна изтироблар гирдобига ғарқ қилади. Ҳаммасини тан олиб турса-да, ўзининг ноқобил фарзандлари устидан отага арз қилишни ножоиз деб билади. Чунки бу фарзандлар тарбияси билан ўзи шуғулланган. Уларни бировдан кам бўлмасин, ўксимасин, отасизлик оғир ботмасин деб ўлиб тирилган. Оқ ювиб, оқ тараган, ўқитган, аммо ўксик болаларга қаттиқ гапиришдан тийилган. Пиравардида, фарзандлар ҳаёт синовларида, турмуш машаққатларида тобланмаган, яшаб қолиш илинжида ўлиб-тирилмаган, шу боис кўзлари юмуқ, сояда ўсганлар. Қўлларига жарақ-жарақ пул тушганда эса, бойлик қиёфасидаги иблис улардаги ноинсоний истакларнинг ривожига кенг йўл очиб бергач,ҳаммадан ўзларини ақлли санаган имонсизлар нафақат атрофидаги одамларни, балки ўз туққан онасини ҳам менсимай қўядилар.


Мансур Ҳамиданинг – мақтовга сазовор қизининг ўғли. Ёзувчи қаҳрамонларга ном танлашда ҳам рамзийликни эътибордан қочирмаган. Мансур – сардор, олға интилувчи, йўлидан қайтмайдиган маъноларни билдиради. Мансур характеридаги ростгўйлик, гап келганда ҳеч кимни аямаслик, қайсарлик хислатларини саҳна асарининг табиатидан изламоқ мақсадга мувофиқдир. Демак, Илҳом Ҳасанов ўз трагикомедиясидаги зиддиятлар, характерлар қарама-қаршилиги, руҳий хавотирни юзага келтиришда киноялар, кесатиқлар орқали кулгу уйғотишни Мансур образига юклайди. Унинг ёш бўлишига қарамасдан – навқирон ёшдагилар билан гап талашишлари томошабинларда кулгу уйғотади. Мансур ўз оиласидаги уруш-жанжаллар, хиёнатлар кундалик одат тусига кириб қолган носоғлом муҳитда “бетгачопар, юзсиз, қайсар” бўлиб тарбияланган бўлса, бувиси суҳбатларидан тўғрисўз, оқ-қорани фарқига борадиган, тоғалари меҳрсизлиги, беоқибатлигидан эса уларга нисбатан нафрат туйғусини ҳосил қилиб боради. Мансур драма сюжетини ҳаракатга келтириб туради. Муаллиф мазкур образ орқали унинг тоғалари ва ўз онасининг номаълум қилмишлариниэкспозиция тарзида томошабинга эслатиб туради. Мансурдаги қайсарлик, ростгўйлик Ҳамида, Ҳикмат ва Ҳаким характеридаги мунофиқлик, иккиюзламачилик билан тўқнаш келганда фикр ва эҳтирослар жунбушга келади. Комедиянинг мазкур йўналиши учун зарур бўлган элементлар: киноялар, препитиялар, кулгига сабаб бўлувчи ноодатий нутқ, драматик вазият ва ҳаракатлар томошабинларни диққатини ўзига тортади.
Шундоғам инсоний ҳаёт тажрибасига эга бўлмаган Ҳаким, Ҳикмат, Ҳамидаларнинг (исмларда аччиқ киноя мавжуд)иблисона нафслари ҳакалак отишига нопок жамият тартиботлари озми-кўпми хизмат ҳам қилди. Бемор онанингҳолидан хабардор бўлиб туриш учун уларда фарзандлик бурч, инсоний ор-номус, туғишганлар меҳри етишмайди.Шу боис Мансур уларни бувим ўлди деб чақиради. Онанинг вафоти фарзандар учун аза эмас, маза. “Калхат”лар ўлжа талашади. Онадан қолган хазинага тезроқ эгалик қилиш керак. Шошилинч “ташриф”нинг сабаби – шу…
Асарда шўролар тузумининг барча кирдикорлари қаҳрамонлар хотираларида, савол-жавобларида, характерлар тўқнашувларида намоён бўлади. Ҳамиданинг характеридаги кемтиклик унинг дўконда ишлаши, одамийлигини пул, мол-дунёга алишиб юборганлиги ўз умр йўлдошини пора олишга ундаши, иш ўрин учун эрига хиёнат қилишдан ҳам қайтмаслигида кўринади. Унинг ўз боласи кўз ўнгида бегона эркаклар билан ношаърий ишларга қўл уриши, ўз фарзандини оғизга олиб бўлмайдиган сўзлар билан ҳақоратлаши, шифокор отасини обрўсизлантириши ёш мурғак бола қалбида онага нисбатан нафрат туйғуларини уйғотади. Шунинг учун ҳам Мансур ўз онасини назарига илмайди. Унинг қилган ишларини юзига солишдан чарчамайди. Қизиғи мол-дунёга муккасидан кетган она фарзандидаги бундай оқибатсиз хатти-ҳаракатларни бувисига ағдаради.


Бироз кечикиб келган катта – Ҳаким ака ўз жиянини, ҳар доим Улуғ ая атрофида гирдикапалак бўлиб юрадиган Мансурни танимайди.
Ҳаким. Бу кимнинг норасидаси, қайдан келиб қолди? Ҳай, жиблажибон… Э-э бу жиян-ку, жиян бери кел, кўришмайсанми, исминг нима эди, а?
Мансур. Кўришиб зарур кептими, ҳатто кимлигимни билмайдилар-у…
Ҳаким. Ҳа-а, энди катта одам ҳаммани таниши шарт эмас, уни танишса бўлгани.
Томошабинда кулги уйғотадиган бу хилдаги “қадрдонлар” суҳбати драматизмни юзага чиқармоқда. Давр фожиаси – амалдорни барча таниши керак, амалдор, мансабпарастнинг фуқарони ҳам, қавми-қариндошларини ҳам таниши шарт эмас.
Ота қадрдонлардан бири Номоз ота ҳам ўз гуноҳлари, шайтон қилмаган тубанликлари билан донг таратган. У уруш йиллари, очарчиликда Улуғ аянинг эрта-индин туғаман деб турган сигирини олиб бориб бозорда сотади. Бу ҳолат бир катак жужуқнинг қон қақшаб қолишига сабаб бўлади. Яъни гўдаклар қарғишига мубтало бўлган бадбахт. Ундан ташқари, машҳур тарихий шахс Файзулло Хўжаевни болшавойларга сотган, барча қилмишлари учун ёруғ дунёда ҳам Сталин қийноқларини жисми-жонида кечирган. Энди бу қийноқлар жаҳаннам азоблари олдида ҳеч нарса эмаслигини шарти кетиб, парти қолгандагина ич-ичидан ҳис қилмоқда. Бироқ дабдурустдан Улуғ аянинг олдига киришдан, унга рўбара бўлишдан қўрқади. Бу қўрқув диссертация ёқлаш арафасида турган Ҳикматга қўл келади. Олим тубанликка юз тутади. Улуғ ая олдига тавба қилиш ниятида келаётган “ўғри” “қароқчи”га йўлиқади. Қилган гуноҳлари эвазига бир эмас, уч сигирнинг пулини бериб бўлса-да, кечиришлигини, рози-ризочилигини олиш умидидаги Номоз ота пулни “олим”га бериб, хурсанд бўлиб уйига қайтади. Ҳикмат унинг номидан онаизоридан отани афв этишларини илтимос қилишини айтади.
Чўнтаги пулга тўлган Ҳикмат отадан пул олгани учун виждони, қолаверса Оллоҳдан эмас, бу пулга опаси ва акаси ҳам шерик бўлиб қолишидан қўрқади, хавотирланади. Бу ҳолатлар матнда унчалик кулги уйғотмаса-да, саҳнада омма кулгисига сабаб бўлади. Кулгини муаллиф ясамаганлиги, балки образ ҳолатидан англашилганлиги кўзга ташланади. Қаҳрамон ўзининг довдирлигини хатти-ҳаракатлари билан фош этади.
60 ёшлардаги Файзи ота жамоа хўжалиги раиси. Унинг ҳикояларига қулоқ тутсангиз, ҳар томонлама ўз жамиятига мослашган, ёлғонлардан қурилган тузумнинг керакли бир мурвати эканлигини англаб етасиз. У ҳақиқий иблиснинг устози. Унга иймон, диёнат, инсонийлик каби хислатлар бутунлай бегона. Ким нима деса сўрамасдан, сўриштирмасдан ҳақ ёки ноҳақлигини ўйлаб ўтирмасдан, миллий, маҳаллий манфаатларга зид келиши, келмаслигидан қатъий назар қулоғини қимирлатмай бажаришга тушади. Гўё у одам эмас электр токига ишлайдиган техник восита. Кнопкасини боссангиз бўлди. Яратади, лозим бўлса ер билан яксон этади. Биргина мисол. Улуғ аянинг қишлоқ марказида уруш қурбонлари ҳайкалини ўрнатиб, уларнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида берган пулига пахта сотиб олиб, планни бажариб юборади. “Бир хил ахлоқсизлик эса иккинчи хил ахлоқсизликни етаклаб келади, иккинчи хили – учинчи хилини, бошқача қилиб айтганда, ахлоқсизлик бамисоли юқумли касал, олдини олмаса, геометрик йўсинда кўпаяверади” (М.Қўшжонов). Файзи отанинг ахлоқсизликлари шу зайлда кенг қанот ёзади. Улуғ аяни кўриш боҳонасида келган отахон Ҳикмат ва Ҳакимларни бир пиёла чойга айтишни мақсад қилади. Чунки бир кун фойдаси тегиб қолиши мумкин. Ҳикмат билан спиртли ичимлик ичиб, онаси берган пулни мастлик-ростлик қабилида айтиб қўяди. Ҳикмат бемор ётган уйга келиб қутириб, уйни ёқиб юборади. Бунгача каттакон бир ишда ишлайдиган, “егани олдида, емагани кетида” бўлган Ҳаким хазина излаб, уй деворларини бузишга тушган эди.
Асарда куёв образи ҳам бор. У хотини Ҳамида томонидан хўрланган, ичишга ружу қўйган шахс. Мансур тили билан айтганда, у ёмон одам эмас. Шифохонада бир мурғак болани ўлимига сабабчи бўлиб, виждон азобига мубтало бўлган далли девона.
Қадрдонлар характери уларнинг тилларида, нутқ деталларида ҳам намоён бўлади. Ҳаким ўз онасига “кампиршо” деб мурожаат қилса, Ҳикмат зиёфатдан келиб, уйни бошига кўтаради. “Бизнинг мамаша – герой, й-ўқ, герой эмас миллионер!. Бутун колхозни, катта-кичикни пулга кўмиб ташлайдилар, фақат ўз фарзандларини эмас, шундайми мамаша?” Мазкур жумлалар ички дунёси фисқ-фасодларга тўлиб кетган, элининг урф-одатлари, тилига эътиборсиз икки оёқли махлуқларнинг асл башарасини кўрсатиб бера олади.
Аристотел трагедия жанрининг таркибий қисмларидан, яъни сюжет йўлларидан бири деб “перипетия” ни кўрсатади. Мазкур ҳодисани драматик турнинг бошқа жанрларида ҳам қўлласа бўлади. “Бири кам дунё”да ҳам асар қаҳрамонларининг тақдири, тутган йўллари тамошабинлар кутганидан, Улуғ ая ўйлаганидан бошқача, уларнинг истагига мутлақо зид драматик ҳатти-ҳаракатлар, яъни фожиа билан тугаши ҳам трагикомедия сюжети яхши ишланганидан далолат беради.
Хулоса қилиб айтганда, “Бири кам дунё” асари ўз моҳияти билан трагикомедия жанрида ёзилганлиги ўзини оқлайди. Улуғ ая шунчалик илдиз отган фожиани бири кам дунё-да, деб баҳолайди. Улар ҳамиша шундай деб ўзларига таскин беришади. Аммо бу ёруғ оламда оддийгина бир инсондек яшаб ўтишнинг ўзи нақадар машаққатли эканлигини ич-ичидан англаб турадилар.

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil