Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

«Қачон уйғонасан, эй кўнгил…». Турсун АЛИ

***

Уйқудан уйғондим тўсатдан,
Кўзларимда кезар тун ранги.
Кипригимни юмдим қайтадан,
Уйқу бермади тонг жаранги.

Далалар, боғларни кездим жим,
Қалбимда уйғонди ажиб шуур.
Табиатдек яшнар кўзларим,
Руҳимга дарёдек оқгай нур.

Нақадар бахтиёр энди кун…


Уйғониш

Қақшаган дарахт уйғонмоқда,
Шохларда куртаклар ёзилур.
Бошида шаббода тўлғанур,
Дарахтлар кўнглини очмоқда.

Елкада тупроқни кўтариб,
Гиёҳлар уйғонур ишқаб кўз.
Қиқирлаб айтганча янги сўз
Сой, ариқ чопмоқда ўкириб.

О, табиат уйғонмоқда буткул,
Эрта-кеч гуллагай ер юзи.
Осмон гулламоқда қирмизи,
Қачон уйғонасан, эй Кўнгил?..

           Уруш  

Лев Толстойнинг “Уруш ва тинчлик”
романи таъсирида

Аёллар кўзига чўккан малолат,
Болалар нимадир излайди бекор.
Бу аччиқ,
қоп-қора дунё омонат,
Каттаю кичикнинг кўзлари бедор.

Киприклар музлаган,
келмайди уйқу,
Кексалар йўталар ҳуркитиб тунни.
Ертўла жон сақлар, қалбларда қўрқув,
Атрофга ўрмалар ўлим ҳар куни.

Самокат учётган бола йиқилди,
Чиннидек титилиб кетди темир ҳам.
Менинг бу ҳолатдан
кўнглим сиқилди,
Зангори экран ҳам титилса шу дам!

Кино тасмасида кечмоқда уруш,
Гарчи китобда у,
йиғлайди кўнглим.
Гоҳида ўзимни йўқотиб беҳуш
Йироқ-йироқларга жавдирайман жим.

Бағримда нимадир узилгай ипдек…

Турналар

Турналар учмоқда юртим кўкида,
Юракка айланар – шеърият мисол.
Ҳамзатов битиклари менинг ишқимда
Осмоним буржида уч кунлик ҳилол.

Тунлар қулоғимга қуюлар бот-бот,
Жаҳон тилларида янграётган шеър.
Гўё Ҳамзатовнинг ўзи барҳаёт –
Доғистон тоғида кезаётган шер.

Турналар учмоқда юртим кўкида,
Борлиқни қучмоқда овози ўктам.
Узанган занжирдек улар сафида
Мағрур учаётир Цадас ўғли ҳам.

Булутлар пойида учар шиддат-ла,
Турналар бахш этар қалбларга ёғду.
Чирчиқ* қа бир қўниб кўтарилдилар,
Юртим осмонида парвози мангу.

*Чирчиқ шаҳрида 1972 йил Расул Ҳамзатовнинг “Турналар” шеърига ўрнатилган ҳайкал бор.

Аёл ҳасрати

Мардикор бозори… Аёллар турфа,
Маъюс ва ўйчан.
Қай бири шўхчан.
Улар кўзларимга
Мўлтирар,
ёлворар…
Бир жувон, буғдойранг,
учиб лаблари,
Мен томон отилди қушдек.
Улов қўзғаларкан сокин,
оҳиста,
Бир оғир энтикди мардикор аёл.
Сочилган тангалар мисоли,
Ичин сочди жувон тортинмай хиёл.
Эй воҳ, аёл қисмати…
сочидек қора,
Вайрона уй каби тўзғоқ турмуши.
Қора тундек кўзи йиғлар,
йиғидан баттар.
Қалбин туб-тубидан уйғонди ҳасрат:
“Қизим беш йилдирки кўрмас отасин,
Бизни ташлаб кетган совимай кўрпа.
У балки Руссия ўрмонларида
Балки мовийкўз оғушида,
Қовжираган гулдек унутмиз, зотан.
Энди ҳаётимда кундуз йўқ,
Бошимизда ой ҳам адашар.
Оҳ, қаранг, бепоён Сурхон қўйнидан
Етаклади бизни тақдир йўллари.
Умримиз кечмоқда ижара уйда.
Заққум шамолларга паноҳ кўксимиз.
Кундуз қизим ёлғизлик қўлида,

Тунлари алағда,
чўчийди бетин
Эй воҳ, қизим ўсмоқда оҳудек ҳуркак.
Мен эса,
Ҳар саҳар излайман юмуш.
Бўлса бас,
розиман,
оғир ва енгил…
Ҳалол йўлда юрса умр – тулпорим…»
Аёл кўзларимга ботинди маҳзун.
Мен ғариб,
мен ғариб очиб қўлларим,
Осмону фалакка этдим илтижо.
О, қанийди, Хизр бўлиб қолсам мен…

Тиланчи

Шаҳар.
Йўл.
Машиналар қатор-қатор.
Светофор кўзи қип-қизил.
Бир лаҳза тўхтайман.
Кўз ости уфқдек қонталаш бир аёл,
Бағрида гўдак қўл чўзар мен сари.
Аёл эса пичирлар менинг тилимда…
Юрагимда юмалар момақалдироқ.
Кўзларимда ўт сочар қоп-қора чақмоқ.
Не қилай? Руҳ олами келар жунбишга!
Юракни суғуриб борсамми шартта?
Ё кўзимни ўйиб, берсам бола қўлига.
Ёхуд ўтмас тишларим-ла
Бурдалаб ташласам ўзимни…
Светофор ёнур ям-яшил.
Мен қаёққа борай,
Йўл кўрсат, эй Худо!

Адашган туйғу

Каспий соҳилида дарбадар аёл,
Паришон хаёллар оғушида у.
Сочларин тўзғитган
денгиз ва шамол,
Кўзимга суврати чўкадир мангу.

Атрофга қарайди узуқ ва юлуқ,
Ўзга эллар аро ғариб, бенаво.
Бошида паноҳсиз
изиллар совуқ,
Денгиздек тўлқинли дунё бепарво.

Юрт соғинчи балки ўртар юрагин,
Болаларин маъюс товуши келар.
Балки ёр нафасин
қўмсайди эзгин,
Тўрт тарафдан турфа шамоллар елар.

Каспий соҳилида дарбадар аёл,
Чувалган хаёллар оғушида у.
Ватан эса йироқ,
у ҳорғин, беҳол.
Кўксини кемирар адашган туйғу.

Каспий соҳилида дарбадар аёл…

Руҳ тобланиши

Ёлғизман, ҳовлида бирор жонзот йўқ,
Гўё кўчиб кетган сершох дарахтлар.
Қушлар,
Капалаклар кўринмас нечоғ?
Бунда сукунатнинг кўзи чарақлар.

Жим-житлик куйлайди ғаройиб қўшиқ,
Руҳимга урилар
Денгиздек буткул.
Мен бир паризодга мажнундек ошиқ,
Севги гулобидан маст эрур кўнгил.

       Суврат

Рассом Йозеф Карл Штилернинг
Амалия Августа портретига ёзув

Сен паризод – малак осмондан тушган,
Кўзимда сувратинг, вужудим ёнар.
Жингалак сочларинг кўкка туташган,
Қошинг камонидан юрагим қонар.

Оҳудек кўзларинг бунчалар ғамгин,
Йўқ, сен суврат эмас, тириксан, малак,
Ғунчадек лабларинг пичирлар вазмин,
Оғушидан сенга жой берган фалак.

Шодликдан эгнингда қиқирлар либос,
Бўйнингда марварид сассиз жаранглар.
Кўзларимни сендан яширсам бехос,
Қулоғим остида товушинг янграр.

Нафис бармоқларинг гулдан-да гўзал,
Маҳзун юрагимга беради таскин.
Дунё мўъжизага тўладир азал,
Оқшом деразамни чертарсан балки…
Иброҳим Ҳаққул вафоти

Адабиёт боғдир, унга нур тўккан,
Пурвиқор аллома оламдан ўтди.
Илм денгизидан ноёб дур йиққан,
Бу фоний дунёдан
Қўл силтаб кетди.

Ялинмай, талпинмай ойга, қуёшга,
Фақат ўз руҳига этди итоат.
Илмин бағишлади кексаю ёшга,
Ҳар сўзи,
Китоби бўлди иродат.

Буюк Навоийга умр бўйи талпинди
Ва Жомий пойига гуллар тўшади.
Беҳбудий қабрини топмай ўкинди,
Фитрат, Чўлпон бирла
Тунлар яшади.

Орипов шеърияти бахш этди ҳайрат,
Руҳ бахш этди унга улуғвор Рауф .
Адабиёт йўли
Чексиз бир журъат,
Самовий кенгликда кезди тортмай «уф-ф».

Адабиёт боғдир, унга нур тўккан,
Пурвиқор аллома оламдан ўтди.
Илм денгизидан ноёб дур йиққан,
Бу фоний дунёдан
Қўл силтаб кетди.

                          Шоир 

Жонтемирга

Уни кўрсам,
Лайли ишқида ёнаётган Мажнун кирар кўзларимга.
Дарвоқе,
Сочи Мажнун сочидек узун ва тўзғин.
Ненидир излайди сирли дунёдан,
Ненидир излайди халойиқ кўзидан,
Излар дилгир,
Тотли сўзидан.
Ненидир излайди ёниб, ўртаниб.
Ойни қучган боладек ҳайқирар тўлиб.
Қарсиллаб куйчи дарахтлар синар кўзларида.
Кўзларида уйдан қувилган юпун аёл
Муз устида борар сирпана-сирпана.
Ғилдирар юрагида момақалдироқ.
Йўлин тўсиб ўтар автолар узоқ.
У сабр отида,
Пойида чақмоқ.
Гоҳ саҳрода Лайлисин излаётган Мажнундек,
Унинг-да кўзига тўлар қум
ва ўзин йўқотар бир зум,
«Ғажинг, майли, итфеъл тўдалар» –
Дея ҳайқиради маҳзун.
Гоҳ телба мисоли,
Чўзилган тунларда ўз-ўзига ненидир пичирлар.
Гоҳо
Кўл сингари жим.
У сўз излар,
Ҳеч кимса айтмаган сўз.

Балки,
Ҳақиқатдан қайтмаган сўз…
Унинг жигарига ханжардек ботар.
Ўша сўзни топса гар,
Балки қон рангида ёзилгай Шеър.

Уни кўрсам,
Лайли ишқида ёнаётган Мажнун кирар кўзларимга.

                 * * *

Аёл сочларидек тун қанот ёйган,
Бунчалар олислаб кетди юлдузлар.
О, қаридим, шекилли…

Чарчади кўзларим,
қани, уйқум, кел,
тушда сайр этаман ёруғ дунёни.

Олов тишлаб учяпти
қоп-қора булутлар аро
қанотлари чўғдек ҳаққуш.

                   * * *

Нелардир айтмоқчи бўлдим шаънингга,
Ва лекин нима ҳам дердим, яп-яйдоқ,
Қўнжи бўм-бўш, эй шўрлик дала.

Далалар ҳувиллар, изғийди шамол,
Тобора сарғиш тус олар баланд-паст ерлар.
Кўксимда майсалар кўкара бошлар.

         * * *

Уй. Бешинчи қават деразасидан мен
Тикилиб ётибман осмон-фалакка.
Ажабо,
Оқ,
Қора булутлар оғушида жим
Кўрмоқдаман ўз-ўзимни не тонг.
Қора булутларни ҳайдар нафасим,
Оёғимга парқу булутлар нарвон.
Қушдан-да
Енгил учмоқда руҳим,
Дунёни уйғотур, бас, ҳайқириғим.
Мен энди
Осмон тоқига бораётган ёлғиз карвон…

Турсун АЛИ – 1952 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. Шоирнинг “Зангори дарвоза”, “Юракдаги сўзлар”, “Ёруғ кунлар”, “Изтироб остонаси”, “Тун товуши”, “Ёлғизим”, “Уйғоқ сукунат”, “Ой япроғи”, “Қор шуъласи”, “Қуш пати” каби китоблари чоп этилган.

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil