Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

ШУКУР ХОЛМИРЗАЕВ ҲАҚИҚАТЛАРИ

ТАДҚИҚОТ

Отабек САФАРОВ

ШУКУР ХОЛМИРЗАЕВ ҲАҚИҚАТЛАРИ

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаевнинг ёзувчи-шоир шахсияти қирралари унинг асарларида акс этишидан ташқари, адабий тадқиқотларда ҳам биографик белгиларни инобатга олиш зарурати ҳақидаги тўхтамлари адабиётшуносликдаги муаллиф шахсини ўрганиш, муаллиф нуқтаи назари, эътиқоди, ҳаётий мезони, тафаккур тарзи, эстетик диди каби факторлар бир бутунликда асар ғоясини шакллантиришга хизмат қилишини ифодалайди. Шукур Холмирзаев ижодкорларнинг бошқалардан қай жиҳатлари билан фарқ қилиши, қандай сифатларга эга бўлиши ва нималардан ўзини сақлаши кераклиги ҳақида атрофлича фикр юритаркан, аксарият ҳолларда бу борадаги мулоҳазаларини адабиётга дахлдорлик нуқтаи назаридан келиб чиқиб билдиради. Жумладан, у ижодкор шахси зиммасига катта масъулият юкланиши, санъаткорнинг жамият, адабиёт олдидаги жавобгарлиги ғоятда залворли эканини таъкидлаш билан бирга бу қарашларини ўз ҳаёти ва ижоди тамойилига айлантиради.
Шукур Холмирзаев ижодкорликни алоҳида руҳий-маънавий, ижтимоий ҳодиса санаркан, уни умр кечириш воситаси эмас, балки яшашдан асосий мақсад, “нафас олишдек бир ҳол”сифатида талқин этади: “Рубъи маскундаги минг турфа қилиқли, минг бир ташвишли, минг-минг қиёфали одамлар орасида яна бир қурум бандаи мўминлар борки, уларнинг ҳар бири ҳам ўзича айри шахслар бўлсалар-да, муштарак бир жиҳатлари билан бир-бирларига ўхшайдилар ва умумлаштириб айтганда, битта вазифани бажарадилар; “бажаради” дейиш иддаога, баҳога, ҳатто буйруққа менгзаб кетади, йўқ: улар шу вазифани адо этишга маҳкумлар, уларнинг қалби-шуури шуни ҳаргиз талаб этади ва бу вазифани адо этиш – нафас олишдек бир ҳолдирки, улар буйўлдан бир сантим орқага қайтолмайдилар”[Холмирзаев Ш., 1997].
Яъни Шукур Холмирзаев, биринчидан, ижодкорларни алоҳида ижтимоий қатлам сифатида кўриш билан бирга ижодий иш мутлақо ихтиёрийлик асосида амалга ошиши зарур, деб ҳисоблайди. Қолаверса, мазкур иқрорда унинг ижодкорлик миссиясини бажармаслиги нафас олишдан воз кечиш каби имконсиз бўлгани ҳам англанилади.
Ахлоқий-эстетик қарашларида ростгўйлик тушунчалари алоҳида ўрин тутган, ҳақиқатпарастлиги ёшлигидаёқ намоён бўлган Шукур Холмирзаев ҳаёти мобайнида ҳақиқатни айтиш лозим бўлган жойда сукут сақламайдиган, ёлғон билан келишмайдиган инсонга айланади. “Болаликдан рост сўзни деган адиб ақидасига бир умр содиқ қолади. Зеро, бу ҳам ижодкорликнинг, ёзувчиликнинг муҳим бир фазилатики, жуда кўп қаламкашлар бундан бебаҳрадир. Эҳтимол, кўрган-билганини ёзиш, сохтакорлик ва ёлғонга тил бурмаслик ўша йиллардан бошланган бўлса керак”[Тошбоев О., 2018; 140].
Эътиборлиси, кейинчалик Шукур Холмирзаев инсоний муносабатлардаги рост-ёлғон тушунчаларини ўзи учун ижодий тамойил сифатида қабул қилади. Яъни ростгўйликни ижодкорга энг керакли фазилат деб билса, аксинча, ёлғонга адиблар ўзини сақлаши лозим бўлган иллат сифатида қарайди. Унинг фикрича, сохталик, носамимийлик ижодкорнинг ёлғонидир. Ижод кишисининг ёлғони эса Инсоннинг эзгу қадриятларини камситади, энг муборак туйғуларини сийқалаштиради. “Шоирларимиз бор – Ватан ҳақида ёзади. Хонандаларимиз бор – Ватан ҳақида куйлайди, бастакорларимиз бор – Ватан ҳақидаги қўшиқларга куй басталайди… Бу керак, зарур, бироқ биз мавзуни суиистеъмол қилмаслигимиз керак. Бу қутлуғ мавзуга сўзимиз, куй-қўшиғимиз муносиб бўлсин. Айтар сўзимизга масъул бўлайлик. …Шунинг учун, “Ватаним, сени севаман”, “Онам, сени севаман” деган тўртта-бешта гапни ҳуда-беҳуда тўтиқушдек такрорлайвериш муборак туйғуларни камситмайдими? Бундай ҳароратсиз, номига айтиладиган гап-сўзлар Инсоннинг мураккаблиги олдида мисоли хасдай гап” [Холмирзаев Ш., 2002], – деб ёзади у “Айтар сўзимизга масъул бўлайлик” сарлавҳали суҳбат-мақоласида. Шукур Холмирзаев ўзи ҳам амал қилган, бошқалардан ҳам шуни кутган яна бир ахлоқий категория бу, тамагирликдан сақланишдир. “Мен умрим давомида битта нарсага: – у ҳам бўлса, тамагирлик ёки бировдан бирор эҳсон кутиб яшашга одатланмадим”[Холмирзаев Ш., 2002], деган сўзлари унинг ҳаётий ақидасини англатади. Ёзувчи бу иллатни инсон феълидаги одатий қусур эмас, балки кенгроқ ижтимоий муаммо сифатида тушунтириб, унинг ёзувчи фаолиятига салбий таъсирини “Тамагир бўлмайлик, тама бу – иллат. Амалга, пулга, арзон обрўга учмайлик, буям – ёзувчи учун иллат”[Холмирзаев Ш., 1991], дея таъкидлайди. Унинг фикрича, ёзувчининг тамагирликларидан бири мукофотга ўчлигида кўринади. Бу эса ижодкорнинг ғурурини поймол қилади, шахс сифатидаги қиёфасига путур етказади: “Пишмаган мевани уриб туширадиган “мерган”дек мукофотга ин-ти-лиш, ҳай-ҳай, уят! Тамагирликдан бошқа нарса эмас!.. Э, шу йўл билан мукофот олгандан кўра… “четда турган яхши”-да! Ғурурингни поймол этмайсан. Қолаверса, бу ўткинчи дунёда адиб дегани Шахс бўлиб ҳам қолиши керак-ку!”[Холмирзаев Ш., 1991].
Кўриняптики, Шукур Холмирзаев талқинида адиблик, ижодкорлик – шахслик, яъни ҳар жиҳатдан шаклланган ижтимоий фуқаро билан баравар мақомдир. Юртнинг ҳар бир виждонли фуқароси эса жамиятдаги пасту баланд воқеаларга бефарқ бўлмаслиги керак. Чунончи, мамлакатда қийинчилик юзага келдими, ҳар бир киши, ўзининг касбу коридан келиб чиқиб, шу мушкулликни аритишга ҳисса қўшиши лозим: “Сен шу юртнинг бир виждонли фуқароси бўлар экансан, шу элнинг бир ўғлони экансан, унинг бошига шундай қора кунлар тушганда, овоз чиқаришинг керак!” [Холмирзаев Ш., 1991]. Ёзувчининг вазифаси эса, “…ўз имконияти, касби, қаноатларига суяниб, воқеаларга ўз муносабатини” билдириш, тўғрироғи, хулоса-тўхтамларини бадиий асарда ифодалашдан иборат.
Яна бир муҳим жиҳат: Шукур Холмирзаев ижодкорнинг сукутини фаолиятсизлик сифатида қабул қилмаслик керак, деб уқтиради. Яъни адиб доимий фаолиятда, у ижтимоий-маънавий ўзгаришларни кузатиш ва хулоса чиқариш билан банд. “Мен, масалан, шу эҳтиёжни қондириш учун, хабарингиз бор, ҳикоялар ёзаяпман: ҳикоя ҳам осонликча туғилмайди… У туғилиши учун мазкур воқеа-ҳодисаларни “ҳазм этиш”, унинг оқибатини кўра олиш ҳам зарурки, буям ўзига хос меҳнат ва мушоҳадани талаб этади”[Холмирзаев Ш., 1991], дейди.
Ижодкор ҳаёти ва ижодини бир-биридан ажратиб бўлмаслигини таъкидларкан, бу борада улуғ ёзувчилар фаолиятига ҳам айни шу нуқтаи назардан ёндашади. Лев Толстой, Эрнест Хемингуэй, Михаил Шолохов, Абдулла Қаҳҳор сингари сўз санъаткорлари ҳаётидаги ибратга муносиб жиҳатлар асарларининг ўзига хослигига замин яратганини қайд этади. Хусусан, Лев Толстой табиатидаги донишмандлик, Эрнест Хемингуэйнинг қаҳрамон ҳолатини бевосита кўриш-ҳис қилиш учун урушга боргани, Абдулла Қаҳҳорнинг камгап, ҳикматомуз сўзлаш тарзи уларнинг асарларида у ёки бу шаклда намоён бўлганига эътибор қаратади.
Ижодкор шахси масаласи адиб учун муҳим аҳамиятга эгалигини шундан ҳам билиш мумкинки, у аксарият адабий-танқидий мақолаларида, суҳбатларида ижодкор қандай инсон бўлиши, қандай ҳаётий аъмолларга риоя этиши зарурлиги, нималардан сақланмоғи керак деган саволларга жавоб излайди. Бундай ўринларда у ҳаммани бир қолипга солишга, барча учун умумий, якранг мезон яратишга уринмайди, балки умуминсоний ҳақиқатлар баёнида ҳаммага хос бўлган ўлчовларни келтириб ўтади.
Шукур Холмирзаев назарида ижодкорлик масъулияти адабий жараённи мунтазам кузатиш, ундаги тенденцияларни баҳолаб бориш ва ёш қаламкашлар учун қайғуришни тақозо этади. У Абдулла Қаҳҳор сиймосида ёш авлод учун доим ғамхўрлик қилган устозни кўради ва унинг бу ҳаракатини ибратли деб билади. “Адабиёт учун, хусусан, ёшлар учун нечоғлик қайғураркан у инсон. Ҳозир ҳам ўша машғулотлар бўлиб туради. Биз “катта” деб атайдиган қайси забардаст адиб бориб бир четда, ёшларнинг сўзларига диққат билан қулоқ солиб ўтиради? У киши ўтирар эди. Демак, билишни, авлодлар нима ҳақида баҳс юритишини англашни истар эканлар – англар эканлар-да!”[Холмирзаев Ш., 1987]. Шукур Холмирзаев Михаил Шолохов ижоди ва адабий-эстетик қарашларига ҳам кўп бора мурожаат қилган адиб сифатида:“Асримизнинг буюк ёзувчиси Михаил Шолохов ижоди билангина эмас, балки ҳаёти – яшаш тарзи билан ҳам биз учун улуғ намуна бўлиб қолди. Аслида, ёзувчининг ҳаётидан ижодини, ижодидан ҳаётини ажратиб бўлмайди”, деб таъкидлайди у “Шолохов сабоқларидан бири” сарлавҳали мақоласида [Холмирзаев Ш., 1984]. Мазкур мақоласида у Михаил Шолохов ижодида муаллифнинг ростгўйлиги қанчалик акс этганига урғу бераркан, “Шолоховнинг фазилатлари ҳаддан кўп. Унинг қазоси муносабати билан кўпгина машҳур ёзувчилар матбуотда қайғу ва чуқур ҳурмат билан мақолалар ёзиб чиқишди. Ва, ажаб, ҳаммаси ҳам буюкадибнинг бир фазилатини алоҳида қайд қилишди: “Шолохов ростгўй ёзувчи эди!”[Холмирзаев Ш., 1984], дейди. Эътиборлиси, Шукур Холмирзаев шу қисқагина мақоласида Шолоховнинг ҳаёт ҳақиқатини акс эттириш тамойилига қатъий риояси ва бу йўлдаги курашини кўрсатиб беради.
Шукур Холмирзаевнинг севимли ёзувчиси, унинг қарашлари шаклланишида муҳим ўрин тутган яна бир аллома адиб – Лев Толстойда ана шундай фазилат – камтарлик, камсуқумлик бўлганини инобатга олсак, ёзувчи бу борада ҳам ундан ўрганган, дейиш мумкин. Зотан, Толстой бадавлат бўлса-да, фақирона яшар, ортиқча ҳашамни ёмон кўрар, бекорчиликдан қочар, тинимсиз меҳнат қиларди. Улуғ адибнинг ўзига хос ҳаёт тарзи, ўзгача тутумлари ҳақида Жовли Хушбоқ шундай ёзади: “Лев Толстой ўзининг 80 йиллик юбилейи ўтказилишига доир тадбирлар тўхтатилишини сўраб ёзмаган жойи, нуфузли одами қолмади. 1908 йил 28 августда унинг юбилейини ўтказиш учун Петербургда қўмита ташкил этилганди. Профессор Ковалевский раислигида тузилган бу қўмита улуғ адиб юбилейини нишонлашга тараддуд ишларини қизғин бошлаб юборди. Аммо бундан хафа бўлганЛев Толстой шу қўмитанинг аъзоси Михаил Александрович Стаховичга мактуб ёзди”[Хушбоқ Ж., 2008; 132]. Умуман, Шукур Холмирзаев рус ёзувчиси Лев Толстой ҳаётий ақидаларини ҳам, ижодий принципларини ҳам алоҳида ўрганишга лойиқ, деб билади. “Инсон руҳияти қонунларини яхши билган донишманд” деб таъриф берган бу адибнинг инсонпарварликни ёқловчи ғоя-ташаббусларига эътибор қаратади. Лев Толстойга бағишланган “Ёлғизлик” ҳикоясида рус адиби тимсолида эрк ва эрксизлик, инсоннинг ўзини ўзи тарбиялаши каби умуминсоний масалалар юзасидан мушоҳада юритади.
Камтарин ҳаёт тарафдори бўлган Шукур Холмирзаев бағрикенглик, кечиримлилик, ҳалоллик, меҳр-оқибат сингари инсоний хислатларга эга адибларни ўзига яқин олган. Бу борада айниқса ёзувчи Шуҳратни алоҳида эҳтиром билан эслайди. Шуҳратнинг бағрикенглиги, ўзига душманлик қилган инсонларга ҳам яхшилик тилагани ва айни пайтда шу хислатлари билан одамларни ибратга чорлаганини бир қанча ўринларда турли муносабатлар билан эътироф этади. Устозлардан ёзиш услуби, ижод техникаси бобида кўп нарсаларни ўрганган Шукур Холмирзаев уларнинг ҳаётдаги тутумларига ҳам бефарқ қарамаган, балки ўзи танлаган ахлоқий тамойилларда ҳам уларга ҳамфикр бўлган. Бошқа адиблар ўзларининг эллик, олтмиш ёшлик юбилейларини катта-катта тантаналар билан нишонлаётган бир пайтда Шукур Холмирзаев эллик ёшга тўлган куни ўзининг Дўрмондаги камтарингина кулбасида ўтиради. Уни қутлаб борган ёзувчи Шуҳратнинг: “Нега бировга билдирмадинг (элликка кирганингни демоқчи – О.С.)?” − деган саволига: “Энди, нима кераги бор… Ўзимни кўрсатиб нима топаман, Шуҳрат ака? Ёзганим – амал…”− дейди ва ўзига қаттиқ таъсир қилган бир воқеани ҳикоя қилиб беради: “(Флобер – О.С.) элликка кирганини ўша куни (туғилган куни – О.С.) эслаган экан. Мопассанга хат ёзибди. “Дорогой Ги, приезжай пожалуста. Милий москвич оставил у меня русскую водку. Випьем. Сегодня мне исполняется пятьдестяь лет…”. …Ҳолбуки, у ўшанда олам танийдиган ёзувчи бўлган. “Бовария хоним”ни ёзган… Шуҳрат ака, улар тамани билишмас экан. Айниқса, ҳукуматдан. Уларда Ёзувчилар уюшмасиям бўлмаган экан… Қолаверса, Флобернинг ўзини шунақа – холис, мағрур бир инсон ўтган экан. Лекин, Шуҳрат ака, мен уларга тақлид қилганим йўқ. Ўзим, ўзим уяламан: элликка кирдим, нишонласам, деб юргандан кўра, ўзимни бўғиб…” [Холмирзаев Ш., 2007; 123]. Адиб фақат ёзганларида эмас, ҳаётда ҳам шундай ахлоқий тамойилларга риоя қилганини замондошлари, салафлари тасдиқлайди.
Ёзувчининг адабиётга сидқидилдан қилган хизматлари ҳақида адабиётшунос Қозоқбой Йўлдошев: “Сўз одамлари орасида мен фақат Шукур Холмирзаевнигина адабиёт фидойиси деб айта оламан. Шукур ака ўзидан кўра адабиётни кўпроқ севмоқнинг уддасидан чиқди. У қулайликлардан воз кечиб, адабиётга хизмат қилишга ўзида куч топа олди. Ёзувчи адабиётни ўзига хизмат қилдирмади, аксинча, бир умр унга хизмат қилди”[Йўлдошев Қ., 2002] дея қайд этади.
Шукур Холмирзаев совет тузумининг ноинсоний сиёсатини рад этса-да, ўша даврда яшаган инсонлар, айниқса, ижодкорлар фаолиятига баҳо беришда яккаш қоралаш йўлидан бормаслик кераклигини таъкидлайди. Жумладан, “Адабиёт ўладими?” сарлавҳали машҳур мақоласида ижтимоий-маънавий жабҳадаги янгиланишлар буҳронида ижодкорларнинг тийнатида ҳам ўзгаришлар юз берганига эътибор қаратаркан, бу ҳолат жамиятда ёзувчиликка эътиборнинг сусайиши, ижодкор мавқейининг пасайиб кетишига сабаб бўлмоқда, деган хулоса чиқаради. “Ёзувчининг эл-юрт назаридаги обрўйи ҳам тушиб кетаётгани аёндирки, бунинг сабаби нимада? Менинг фикримча, илк сабабларидан бири ўзимизда: “Ҳақиқатни айтиш керак! Демократия замони!” дея ҳовлиқиб кетиб, энг мўътабар адибларимиз, шоир ва шоираларимизнинг ҳам – беайб Парвардигор! – мустабид тузум тазйиқи, ўлим хавфи остида қилиб қўйган айрим “гуноҳ”ларини кавлаб топиб, матбуотда (демократик матбуотимизда!) эълон қилишлар бўлди” [Холмирзаев Ш., 1998].

Дарҳақиқат, Шукур Холмирзаевнинг адабиётга фидойилиги, бир томондан, замондошларининг эътирофида кўринса, бошқа жиҳатдан, ижодида намоён бўлади. Масалан, адиб умрининг охирги ўн-ўн беш йилида битган бир қатор асарларида, хусусан, “Олабўжи”, “Динозавр” романлари, “Булут тўсган ой”, “Қуёш-ку фалакда кезиб юрибди…”, “Аросат” ҳикояларида жамиятда кечаётган ўзгаришларга мослашолмай қийналаётган, икки йўл орасида қолган изтиробдаги ижодкор – ёзувчи образини гавдалантирди. Бу бежиз эмас. Чунки айнан шундай руҳдаги қаҳрамонлар, табиатан адабиётга, санъатга, тарихга фидойиликлари; турли талотумлар вақтида сув бетидаги хасдек юзага қалқиб чиққан олғирлик, ўзбилармонлик, манманлик каби иллатларнинг урчиб кетаётганини қабул қилолмасликлари билан муаллифга – Шукур Холмирзаевнинг ўзига ўхшайди. Чунончи, “Қуёш-ку фалакда кезиб юрибди…” ҳикояси қаҳрамони Қудратнинг: “Маънавиятнинг қадри шунчалар тушиб кетадими? Еб, ичиб, борингки, туғдириб, ухлайдиганлар замони келгандай: ҳолбуки, бу иш – фақат жонли жониворларга хосдир. Ахир, бизлар – одам…” деган ўкинчларида ёхуд “…менинг мафкурам – ҳаётни борича севиш эди. Ҳалиям ундан қайтмаган эдим. Аммо… …шу ҳаётнинг ўзи, нима бало, чарчатганмиди, жонга текканмиди, билмайман”[Холмирзаев Ш., 2005; 230] қабилидаги иккиланишларида муаллифнинг ўй-фикрлари, изтироблари бўртиб кўринади.
Шукур Холмирзаевнинг бадиий асарлари ҳам, ахлоқий-эстетик қарашлари ҳам Инсонни англаш бобида катта ибрат мактабидир. Ёзувчининг фикрича, гоҳида замона зайлига учиб, эркинликни бебошвоқлик тарзида тушунадиганлар ҳам бўй кўрсатиб қоляптики, бундай “ўз фикрига эгалиги” билан мақтанадиганлар инсонлараро муносабатларнинг мезони бўлган умумқадриятлар ҳам фикрдан ўсиб чиққанини, лекин улар вақт синовини енгиб ўтган ҳақиқатлар эканини унутиб қўядилар. Адиб ёзади: “…Оламда шундай ҳақиқатлар борки, жумладан, Яхшилигу Ёмонлик, Нодонлигу Жоҳиллик, Раҳм-шафқату буларнинг акси… Бу тамойилларга нисбатан ҳар хил эма-ас, БИР хил фикр, бир хил кўзқараш бўлиши керак-ку!” [Холмирзаев Ш., 2004] Бундай кўзқараш эса якранглик эмас, балки фикрлар хилма-хиллигига йўл очувчи ёндашувдир. 2023-йил 18-сон

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil