Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Раҳмат БОБОЖОН. ЁМҒИР ҚЎШИҚ АЙТАР БУГУН ШАҲАРДА…

             Ўзим ҳақда қисқача 

Мен – ташвишнинг содиқ бир югурдаги,
Тангри ато этган иқтидорим шу:
Қирқ жойдан ямалган ошиқ юраги,
Ҳар кун бўса олиб ғамнинг лабидан,
Шеърдан шеърга кўчган бир осий туйғу,
Ойдан ойга етмас маош кабиман.

Рақибим – ҳаловат қўйнидан тониб
Ҳар кеч сўз ташимоқ ёниқ ёдимга.
Умрлик ситамни ичаман қониб,
Оғриқлар куч берар эътиқодимга.
Балогардон ҳисдан ахтармайман наф,
Қўрқмайман манглайга ёзган хатодан.
Беишқ кимсалардан кўнглимни асраб,
Мен – ишққа қўлини очган гадоман.

Мени кеча-кундуз замину осмон,
Ҳар куни алдайди, мана, шайман, деб
Ҳа, менман – бахтига фириб берган ҳам.
Мендан ҳайиқмагин, эй далли армон,
Кўзингни яширма танимайман, деб.

Қалбимни ҳасратга Буроқ қиламан.
Ойдин саодатга отиб яна тош,
Ҳар оқшом ўзимни сўроқ қиламан:
“Сен кимнинг кўксига санчилган андуҳ,
Сен кимнинг кўзида ивирсиган ёш,
Сен кимнинг қалбида тўлғонган қушсан?”

Дардга оғир бўлди мендан айрилиш,
Исмимни алмашдим алвидо билан.
Айтгин, розимисан бемеҳр ташвиш,
Жонимни бўлишсам бир Худо билан?

Менга ташвиш борми бирор муносиб,
Борми борлигимни маҳв этгувчи куч?
Шайланиб ҳар нега, мана, ҳозирдан –
Руҳий оғриқларин қилиб учма-уч,
Мен ўша – энг гўзал шеърини ёзиб
Ўлимга ошиққан масрур шоирман…

                 Билдирги

Тўсатдан йўлларим йўлингга тушди,
Қисматим чекига тушди бир гуноҳ.
Висол аямади иккимизни ҳам –
Қўлларим қўлингдан айро тушган чоғ
Кечалар бир оғриқ кўнглингга тушди.

Одамзор оралаб ичкин бўзладинг,
Надомат шаҳрида адашдинг, балким.
Тўсатдан кўзимга тушди кўзларинг –
Ёниқ алвидони айтган каби жим.
Мен эса ўйладим
сўнгсиз бир оғриқ,
Ва шу изтиробга кўнмоқ ҳақида.
Яшамоқ ҳақида ўйламадим, йўқ,
Ўйладим мен сенсиз ўлмоқ ҳақида.

Эҳтимол, ўшанда кечиккан армон
Бугундан кечдию эртага тушди.
Эҳтимол, бир четда бахт кулди аён,
Айролик билдирмай ўртага тушди.

Ғўр қисмат жўнатган машъум хабарнинг
Топдик ўзимизча хулосасини.
Босиб ўтолмадик икков шаҳарнинг
Битта йўлкиралик масофасини.

Нари кет, деб сира шоширолмадик
Умрни хато-ю гуноҳларидан.
Наҳотки кўнгилни яширолмадик
Шафқатсиз жудолик нигоҳларидан…
Кечалар тўлғониб ким у ўксинган,
Ўй сурдим: ким қувди бахт отлиғ қушни?
Бир юрак дилдираб учди кўксимдан,
Бир юрак сарғайиб пойимга тушди…

             Муҳлат

“Эпиграф ёзманг, чунки у ёзаётган нарсангизнинг сирини ўлдиради”
Отлий

Ёлғизлик ҳувуллар беш йил нарида,
Қаро сочларини ташвишга ювар.
Ортимдан надомат ўлкаларида
Раҳмат Бобожоннинг сояси қувар.

Йигирма беш йилки сўрайдирман афв,
Йигирма беш йилки бир ғам дилни ер.
Йигирма беш йилки шодлик хоҳлайман,
Йигирма беш йилки ҳар гуноҳ шараф.
Йигирма беш йилки ўзни оқлайман,
Йигирма беш йилки қоралайман шеър.

Тўғри эшитдингиз! Йигирма беш йил…
Гувоҳликка ўтар соқов жавониб –
Кимдир соям билан, ҳа, топишди дил,
Ким эса шарҳлади куюниб, ёниб.

Мен нима ҳам дердим? Жимман. Бу жимлик
Соямни алдашга урунишимдир.
Ишим ва ижара уйга маҳкумлик
Менинг оддийгина кўринишимдир.

Армон ато этган сўзларга ташна
Нафс бедор кечалар ҳеч тортмайди “уф”.
Эрта кунларимга кулиб қарашга
Дош бермай ёрилар фақир таассуф.

Ҳа, соям ҳақида. У шундай аблаҳ,
Зулматда умримга тутади мотам.
Гоҳ қўлимга ўтар, оёғимга гоҳ,
Тақлидидан ҳатто уялмайди ҳам.

Ёлғизлик ўксинма, қолди жуда оз,
Битади умримни титган ёлғоним.
Сояси мангулар айтманг, илтимос,
Соямнинг беш йиллик умри қолганин…

Йигирма беш йилки сўрайдирман афв…

                           * * *

Даҳрнинг таптортмас талотуминда,
Бир сокин маъвода топмасдан қарор,
Кездим.
Мен бор-йўғи адашган бир руҳ.
Бесаодат кунлар ташрифи аро,
Ишққа, ошиқликка ташна заминга,
Ёмғир шевасида мактуб ёзар кўк.

Севгилим, бормисан, бор бўлсанг сен ҳам,
Қулоқ сол туробнинг дарди, оҳига.
Йўл олар мен билан – иккита елкам,
Самовий саманлар фурудгоҳига.

Ҳасратни келтиргай қай хушхабарчи,
Қаловини топган у қайси сирнинг?
Бир қучоқ аёзни келтирган, гарчи,
Йўриғи тўғридир октябрнинг.

Яралиш ўйнида мағлуб тақдирдан,
Минг-минг уринса ҳам кечолмаган воз,
Мен руҳман.
Сен тўғри топдинг, мен руҳман,
Фаромуш шаҳарнинг руҳиман, холос…

      Ҳасратнома

            1

Дунё аён тобора,
Руҳимизга ўқир ваъз,
Кечалари овора:
Ой – осмоннинг кулгичи.
Гул унмоқдан муқаддас,
Куз сўлмоқдан ҳушбичим.
Ҳаёт гўзал аслида
Қовушиш, ажри билан,
Ишқ ёнмоқлик қасди ва
Ёр эса ҳажри билан.

Хуш кел, ҳазрати фироқ,
Кўйингда ким мастона,
Ҳар кеч ўстирар нифоқ,
Нега бизга бегона, –
Яшаяпмиз бешаҳар?

Уйғонди гўзал уйқу,
Оёғин этмам тавоф,
Сен ҳам соҳиби қайғу,
Мен ҳам соҳиби азоб, –
Бироқ дунё бекадар.

Киммиз?
Борлиқни ютган,
Йўқлик қучоғига жо,
Кечасини унутган,
Бугунидан мосуво, –
Эртасидан бехабар.

Бўлиб олов зийнати,
Тунлар бўзлагай сабр.
Ердир ишқнинг қиймати,
Кўнгил бермоқ беқадр,
Кўнгил олмоқ бесамар.

Не бордир қалбимизда,
Руҳим, бу ишга бир боқ,
Бизларнинг олдимизда –
Айт, қайси дил гўзалроқ,
Айт, қайси йўл бехатар?

                 2

Қалбни бермоқдан олдин,
Беҳислар суллоҳига,
Мен ғам доғида қолдим,
Сен кимнинг гуноҳига?
Кунинг ўткир дамидан,
Тун битганда ниҳоят,
Сен кимнинг қаламидан,
Томган каломдирсан, айт?

Менам келгандим туйқус,
Дея, бўлмасдан унут:
Бор бўлсанг, тушимни буз,
Бор бўлсанг, исмимни тут.

Хаёлим сарҳадида,
Кечаётир оғир жанг.
Жавоб йўқ кўк хатига,
Теграмда тўрт тараф танг.
Беркин юрак қатига,
Чиқма асло истасанг…

Шерик бўлмас ғамингга,
Руҳ бу – эскирган буюм.
Ташла бизни домингга,
Кел эй, Илоҳий қуюн!

           * * * 

Ёмғир қўшиқ айтар
бугун шаҳарда,
Чолғувчи булутлар тинмас эрта-кеч.
Бир гўзал қайғудан айлаб хабардор,
Умрини алмашиб сонияларга,
Юксакда туғилар томчилар – дарвеш,
Оёғим остида жон беради хор.

Кесилган гулларнинг ғамидай майин,
Сакраб-сакраб ўтар нозик қадамлар
Кўкламнинг лаҳзалик кўлмакларини.
Ёмғирпўш остига қочар одамлар,
Ёмғирга тутаман, менчи, атайин,
Сочимни, юзимни, кўйлакларимни.

Қарзи бор одамдай ғўлдирар метро,
Қандайин бебахтсан, эй ернинг ости.
Ташқарида эса куйлайди ёмғир,
Йўл бериб минг йилки битмас кадарга,
Ғамини торига айлаганча жо –
Ёмғир қўшиқ айтар бугун шаҳарда,
Силкиниб, тебраниб, ичикиб оғир.

Гоҳида хиёбон, ундан нарида,
Гоҳида боғ аро билмай сира тин,
Гоҳида Чорсунинг бекатларида,
Гоҳида Бродвей томонда ғамгин, –
Ёмғир қўшиқ айтар бугун шаҳарда.

Бу осий шаҳарда бугун бизга ҳам,
Кўкнинг марҳамати кенгдир, эҳтимол,
Аслида ёмғирлар мендирман бу дам,
Аслида ёмғирлар сендир, эҳтимол,
Аслида ёмғирлар –
(фаромуш фалак)
Менинг ёдим билан туғилган андуҳ,
Менинг умрим билан бўй етган юрак,
Менинг исмим билан жиловланган Руҳ.

Ёмғир қўшиқ айтар
бугун шаҳарда…

            * * *

Бир қўл қолган фақат,
ялдо тунида,
ғамнинг елкасига ташланган оғир,
қон симирган нозик бармоқларини.

Бир йўл қолган фақат,
бир Мажнунига,
бир Лайлига олиб бормовчи ахир,
ишқдан ўргатмаган сабоқларини.

Бир гул қолган фақат,
бу боғда ғариб,
сўрарини билмай қай куздан паноҳ,
барча гўзаллиги, азоби билан.

Бир дил қолган фақат,
кўнгил ахтариб,
руҳига оловдек туташиб бир оҳ:
“Айтсам, ўлдурурлар, айтмасам, ўлам”.

                       * * *

“Умрим видо айтмоқ учун йўл қўйди…” –
Дейман бу қисматга қолмагач бир иш.
Тарк этар бир кун бу бефайз уйни
Менинг бўйим қадар улғайган Ташвиш.

Қўл силкиб ортимда умидим қолар,
Таассуф куйига рақс тушиб алҳол.
На исмим, на жоним, на ҳидим қолар,
Юрагимни олиб кетарман, ҳатто.

Чарсиллаб етказар симлар хабарни,
Зотан, айтаримни тинглагувчи йўқ, –
Тарк этар бир кун бу бадбахт шаҳарни
Менинг хаёлимдек талотўп Андуҳ.

Йўқлигим ўйнига сира ҳам кўнмай
Кимдир тор хонада ичикар, балки.
Руҳида лаҳзалик умиди сўнмай
Кимдир йўлларимга кўз тикар, балки.

Юракдан топмайман марҳам, давони,
Манзилга етмасдан мунғаяр туғим.
Тарк этар бир кун бу дайри фанони
Менинг исмим билан аталган Ҳукм.

                Ғулу

                    1

Эй, мангу аланга! Руҳим совқотар,
Ҳамонки чорлайман бўзлаб, зорланиб.
Балки, қаердадир эшилиб ётар
Бўйнимни қиймаган дунё дорлари.

Фалакдан бу дилнинг толейи маҳсус,
Бу дард ҳақда очмас кўнгил бир бор лаб.
Балки, қаердадир гуркирар ҳануз
Бошимни чопмаган мағрур болталар.

Балки, қаердадир ухлар хавотир,
Пинжига яшириб ёниқ туйғуни.
Балки, қаердадир ярадор ул ғам,

Оғриққа дош бермай чинқираётир.
Балки, қаердадир шундай қайғуни
Интиқиб кутади мангу бир Одам…

                             2

Мен – ғам мамлакати аро йўл солиб,
Босиб ўлдираман эркка ҳавасим.
Ҳар кун зир чопаман кўтариб олиб
Тити чиққан қисмат гувоҳномасин.

Кўзимни ўйнатар ёлғон шиорлар,
Ижарачи ташвиш боқади қаро.
Яшашга ҳақлисиз, сиз – бахтиёрлар,
Бир мен Бобожонов – ғариб фуқаро.

Йўлдан адаштирар, э-воҳ, бу ҳурлик,
Қўрқаман, бу қўрқув – ёлғиз меросим.
Дард билан шартномам – бутун умрлик,

Қарзга олинган қалам, қоғозим.
Наҳот, бошпанасиз бу исён шўрлик,
Наҳот, етим дилда мангу қасосим?

                  * * *

Қаердасан, сўйла,
Қайғулим, мунглим?
руҳим кўналғасин эгаллар ғулув.
Кўнглим – дард фарзанди. Норасо кўнглим –
кузнинг пойидаги домангир сулув.

Олдимизда турган, айт, қандай лаҳад,
ёмон кўриндикми қисмат кўзига,
иккимиз тентиймиз, иккимиз фақат,
шаҳар кўчаларин қоронғусида.

Ташқарида гоҳо нур умри шоддир,
девона ёмғирлар севалайди гоҳ.
Фақат метробекат бу кузга ётдир,
бу кузга бегона автотураргоҳ.

Ким кўксингга ғамнинг суратин чизган,
манглайда бебахтлик имзоси борми?
Кўнглим, ғариб кузнинг, айт, сендан ўзга,
бошқа бир қадрдон кимсаси борми?

Кўнглим, нима топдинг армондан ортиқ,
олий ишқнинг осий қазосисан сен.
Қай гуноҳим учун этилдинг тортиқ,
айт, қайси хатомнинг жазосисан сен?

              * * *

          1

Мен ким?
Кўнгил тутқуни,
Сен – Ҳақ битган қасида.
Учрашдик ҳажр куни,
Ҳижрон арафасида.
Юрак билибдир нажот
Бу ғам шоҳсупасини,
Қабул қилиб бугун шод,
Айрилиқ туҳфасини –
Қўл узиб гулгун майдан,
Мана, кетмоққа шайман.
Қандоқ қолай сен ила,
Сенсиз қандоқ яшайман?

Ошиқ кўнглим сийлаган
Май қайдадир, жом қайда?
Сендек гўзал хийлагар,
Мендек нотавон қайда?
Руҳ руҳга муносибсан,
Дил дилга эмас қарам.
Сен бахт ила косибсан,
Мен дард ила муҳтарам.

Бир умрлик армон бор,
Айролик эмас роҳат.
Мана, олти томон бор,
Кетарман десам, фақат –
На у ёқдан фармон бор,
На кўнгилдан ижозат?

Мен ким?
Кўнгил тутқуни…

                   2

Манам ошиқ, манам дилҳун,
Манам чалдим ўшал найни.
Бироқ, сўйла, кўнглим нечун
Борар йўлин тополмайди?
Тушларимни ул тилакка
Қорар йўлин тополмайди?
Бир ҳажрни минг бўлакка
Ёрар йўлин тополмайди?

Нечун дилда қазойим бор,
Бугунимдан давом йўқдир?
Нечун бунча жазойим бор,
Бирорта ҳам хатом йўқдир?

Ишқ – гулхандир, руҳимга тоб,
Ҳар учқунида ловларман.
Манам ахир нўноқ сайёд,
Манам қайғуни овларман.
На ўзимга бергум қанот,
На сандан бўйин товларман.

Исминг эмас, бугун э-воҳ,
Бир сўз келар тил учига.
Ташлаб кетар бўлдинг, гуноҳ,
Дарду ҳасрат, ғам ичига.
Бу умид бўлолмас паноҳ
Соғинчларим кулгичига.

Қайғуйим кўп, илинжим оз,
Кўнгил – энг биринчи ғаним.
Фақат, демагин илтимос
Йўлсизликни йўл эканин…

Раҳмат БОБОЖОН – 1998 йилда туғилган. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети талабаси. “Изтироб шивири” номли шеърий тўплами чоп этилган.

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil