АДАБИЁТ ВА ШАХС
Асар ўқисам, дамба-дам сўнгги бетини варақлаб қарайвераман. Қачон тугатар эканман, деган хаёлга борсам керак-да. Турсуной Содиқованинг китобларини ўқиганимда ҳам шундай. Фақат… бу сафар китоб тезроқ тугаб қолмасин, деган ўй устуворлик қилади. Чунки унингҳар сатри, ҳар битта саҳифасиданТурсуной опанинг овозини эшитаётгандай бўлавераман. Турсуной опани воиз сифатида билганим ва у кишибу санъатнинг барча сир-асрорларинибекамукўст эгаллаганига тан берганимдан шундай бўлса керак.
Опа керакли гапни ўз ўрни ва ўз вақтида маромига етказиб айтганига, бу билан мухлисларини лол қолдирганига кўп бор гувоҳ бўлганман.Одамлар соғиниб кутган ва ҳар биридан олам-олам таассуротлар олган ана шу маърузалар ҳеч бир таҳрирсиз китобларга кўчирилгандай туюлаверади менга.
Дарҳақиқат, опа шунчалар уста нотиқ эдики, унинг оғзаки нутқи билан ёзганлари ўртасида деярли фарқ бўлмас эди.
Турсуной Содиқованинг маънавий-маърифий публицистикаси маърузалари каби тарбияга, ҳаётнинг жиддий имтиҳонларига ва бу жараёндаги ҳазрати аёлнинг ўрнига бағишланган.
Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ ёзувчиси, Саид Аҳмад Турсуной Содиқованинг публицистикасини “қора сўз” билан ёзилган шеърий китоб, деб таърифлайди. “Аёллар тўғрисида бундай ёзиш учун аёл киши бўлишдан ташқари, албатта,Турсуной бўлиш кераклигига иқрор бўлдим. Қуш тилини қуш билади, дейдилар. Қуш бўлганда ҳам Турсунойдек сайроқи қуш бўлиш керак”, дея эътироф этгандитаниқли адиб.
Шу боис опанинг китоблари жавонларнинг тўридан жой олган, ҳатто узатилаётган қизларнинг сепига қўшиб қўйилмоқда. Ёзган китобларидан унинг қатъий, қўнғироқдай овози баралла янграб турибди.
ҲОКИМЛАР ҲАМ ЙИҒЛАЙДИ
Узоқ йиллар Турсуной опа билан бирга ишлаб, шундай хулосага келганманки,воиз мавзуни тингловчиларга қараб танлайди.
Дарвоқе, бу хулосаниопанинг ўзи ҳам кўп бора тасдиқлаган.
…Бекобод шаҳридаги машҳур “Металлурглар” саройига одам сиғмай кетган. Даврани ўша вақтдаги шаҳар ҳокими Жалолиддин Насриддинов бошқариб борди. Камина, опа билан давра тўрида ўтирибмиз. Сўз навбати Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим мудири, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шоира Турсуной Содиқовага берилди.
Залга асосан ёшлар ва аёллар йиғилишган экан.Шу боис суҳбатона, уни улуғлаш мавзусида бўлди. Мароқли суҳбат бот-бот қарсаклар билан бўлиниб турди. Одамлар самимий суҳбатни соғинишган эканми, ҳар ҳолда,учрашув режалаштирилганидан хийла узоқ давом этди.
Воизнинг ишораси билан раислик қилувчи даврага якун ясай бошлади. Опага миннатдорлик, эзгу тилаклар билдирди. Шу вақт одамлар орасидан минбар сарибир парча қоғоз қўлдан-қўлга ўтиб “учиб” келди. Опа хатга кўз ташлаб, раиснинг гапини бўлди:
– Мана шу илтимосни ҳам бажарайлик, – деди-да, хатни ўқиб берди. Унда “Ўзингизнинг онангиз ҳақида сўзлаб беринг”, деб ёзилган экан.
– Аввалиданоқ келишиб олайлик, – сўз бошлади, Турсуной опа. – Бугун пайшанба, жума оқшоми. Бу кун динимизда муқаддас ҳисобланади. Шу залда ўтирганлардан кимнинг онаси ҳаёт бўлса, ҳозирги тадбирдан сўнг тўғри онасини зиёрат қилгани борсин. Суҳбат давомида онангиздан “Ёшлигингизда сочларингиз роса узун, ўзингиз чиройли бўлгансиз-а?”, деб сўранг. Сиз юз марта эшитган жавобни яна бир марта сабр билан тингланг: онангиз ёшаради. Ютуқларингиздан гапиринг, онангизсевинади…
Кимнинг онаси узоқда бўлса, қўнғироқ қилинг: мен сизни яхши кўраман, деб айтинг. Унинг умрига умр қўшган бўласиз. Сиз билан ифтихор қилади.
Кимнинг онаси ўтиб кетган бўлса, бир калима Қуръон ўқиб, ҳақларига дуо қилинг: руҳлари шод бўлади.
Зинҳор-базинҳор мен қилган хатони такрорламанг. Онам ҳар доим мени алқасалар, мен боламни тинмай мақтар эдим.
Мен онамдан қолган дунёмнинг ўша бўш қисмида хатоларимга бош уриб, армон кўйлакларини судраб, яшаб боряпман. Онамдан сўрайдиган саволларим роса кўплигини энди биляпман. Онамга айтадиганларим юрагимда қолиб кетганини энди англаяпман. Онам керак бўладиган давралар энди бошланганини суякларим билан мана энди туйиб турибман. Э воҳ, э воҳ!..
Жаннатга зор бўлиш ҳам шунчалик бўлар-да. Онам – таъмлари оғзимда, ифорлари димоғимда қолган жаннатимдир. Худо берган бу жаннат бағрига тўйиб-тўйиб қолмаган гумроҳ мендирман. Этагидан ушлаб қололмаган “она” давлатимнинг иси келади, деб ҳали остонани, ҳали укаларимнинг юзлари, ҳали қўшнининг қўллари, ҳали девор, ҳали устунларни ўпиб юрган девона ўзимдирман.
Зал йиғлаяпти. Ёз ойлари эмасми, рўмолчасини уйида унутиб қолдирганлар кўйлагининг калта енгига кўз ёшларини артмоқда. Турсуной опанинг сўзлари эса шеърга туташади:
Борсам онам: жонимга жон қўшгани
Турсунжоним келибди деб яйрарди.
Мен эсам-чи, ташиб қўша-қўш ғамни,
Нуқул болам ташвишидан сайрардим,
Жонингизга жон бўлмадим, онам-а.
Дер эдингиз: чўнглар ичра чўнггимсан,
Турсунхон, деб атанг менинг боламни.
Санталатим бугун синди чўп мисол,
Султонлигим етимликка таланди.
Сиздан кейин хон бўлмадим, онам-а.
Тевараги текис болам, бой болам,
Турсунбойим дея алқаб ўтдингиз.
Минг бир камим теграмда чарҳ урса ҳам,
Юрагимда тоғлар бино этдингиз.
Сиздан кейин бой бўлмадим, онам-а.
Истарангни нурдан қилди Худойим,
Турсунойим, ой боламсан, дедингиз,
Ул тўкислик бугун қани, ойимим,
Нур узатгич қуёшим сиз эдингиз,
Сиздан кейин ой бўлмадим, онам-а.
Сиздан кейин ой бўлмадим,
бой бўлмадим,
хон бўлмадим,
Ҳаргиз бутун жон бўлмадим,
Онамў-ў-ў-ўв, онам-а…
Гулдурос қарсаклар янгради. Тингловчиларнинг кўзлари ва юзларига қўшилиб, кафтлари ҳам қизариб кетди. Турсуной опа мухлисларига таъзим бажо келтириб, жойига ўтирди. Қарасам, ёнимда ўтирган даврабоши йўқ – ҳоким ўриндиғи бўш турибди. Нима ҳодиса рўй берганини дарров тушундим. Ўзим ҳам тўлиб турган эканман, микрофонга “Раҳмат. Тадбир тугади”, деган сўзларни бир амаллаб айтдим.
БИР РИСОЛА ТАРИХИ
Турсуной Содиқовадан кўп нарсаларни ўрганганман. Опа иштирокида ташкил этилган учрашувлар, ўзаро суҳбатлар мен учун маҳорат мактаби вазифасини ўтаган. Уларнинг мақтовга лойиқ фазилатлари қаторида суҳбатдошини руҳлантириш, илҳомлантириш, эзгулик сари чорлаш кабилар ҳам устувор эди.
Сира эсимдан чиқмайди, РеспубликаМаънавият ва маърифат марказида ишлаган кезларимиз бир даврада “билағонлик” қилиб қолдим. Тахминан қуйидаги фикрларни айтганим ёдимда:
– Азага борган кампир ўз дардини айтиб йиғлайди, деган мақол воизларга тўғри келмайди. Воиз борган жойини, унинг шарт-шароитларини, одамларини билиши керак, сўнгра эсамаърузасини ўша муҳитга мослаштириши зарур. Бунинг учун у “мафкуравий харита”ни билмоғи лозим. Вазиятни баҳолашда бу жуда муҳим омил саналади.
Хуллас, “Мафкуравий харита” ҳақидаги тушунчаларимни айтдим. Унда эътибор қаратилиши лозим бўлган тўрт омилни келтириб, асослашга ҳаракат қилдим.
Опа фикримни маъқулладилар ва бу гапларни дарҳол қоғозга тушириб қўйишим кераклигинимаслаҳат бердилар. Бор гап шу.
Орадан бир кун ўтиб, ишхонада шошилинч йиғилиш бўлиб қолди. Раҳбар юқоридан топшириқ олганлигини, зудлик билан “Воизга ёрдам” туркумида қўлланмалар тайёрлаш ва китобча ҳолида чоп этиш лозимлигини айтди. Бўлажак қўлланмаларнинг мавзуси, жалб қилинадиган муаллифлар муҳокама қилинди.
– Тайёр матн бор, – деди Турсуной опа чамаси менинг кечаги гапларимни назарда тутиб. – Озроқ ишлов берилса, кифоя. Бу ишни мен ва Абдуқаҳҳор Иброҳимов ўз зиммамизга оламиз.
Абдуқаҳҳор Иброҳимов таниқли ёзувчи, машҳур драматург, ўткир публицист. У киши билан ҳам бир ишхонада ишлаймиз. Бир-биримизга ҳурматимиз чексиз эди.
Мен қотиб қолдим. Опанинг гапларига эътироз билдиргандек бўлдим. Чунки, ҳалибир сатр ҳам ёзмаган эдим.
– Кечаги матнни назарда тутяпман. Сиз ҳам кўрган бўлсангиз керак, – опа Абдуқаҳҳор акага юзланиб, ундан тасдиқ ишорасини олди.
Менинг бу улуғ зотларга эътироз билдиришга жасоратим етмади. Жим қолдим. Сукутим розилик сифатида қабул қилинди, чамаси, режа тасдиқланди.
Йиғилишдан кейин опани ўз хонамга чақиртирдим. Эътирозларимни тўкиб сочдим.
– Ёзмаган бўлсангиз, энди ёзасиз. Бошқа гап йўқ, – деди Турсуной опа.
Бу Марказ бўлим мудири Турсуной Содиқованинг Марказ раисининг ўринбосарига берган қатъий топшириғи эди.Бундай гапиришга опанинг маънавий ҳаққи бор эди, албатта.
Шу тариқа икки кун қоғоздан бош кўтармай ўтирдим. “Нотиқлик маҳорати”, “Масъулият юки”, “Мафкуравий харита”, “Қалбни забт этиш воситаси”, “Таянч нуқтаси”, “Нотиқ ва унинг “мен”и” каби сарлавҳалар билан битилган кузатув ва таҳлиллардан иборатмақолаларни ўз ичига олувчи мўъжазгина қўлланма пайдо бўлди. Кемтикларини Абдуқаҳҳор ака ва Турсуной опалар айтиб туришди. Кўп ўтмай, “Соғиниб кутилган учрашувлар”деб номланган китобчамчоп этилди.
“ЯШАСИН, ЭРКАКЛАР”
– Турмуш ўртоғим бир марта “ўтлаб” кетдилар. Уйга қайтганларида кечирдим. Иккинчи марта кетиб қолдилар, яна кечирдим. Ҳозир ҳам кетиб қолганлар. Энди нима қилай, келсалар кечирайми?
Бу тадбирларнинг бирида тингловчи аёл томонидан воизга берилган савол эди.
– Кечирасанда, кечирмай қаёққа борасан?– Опанинг болалиги Тошкентда ўтганлигиданми ёки ўзини яқин олибми, ёши ўзидан кичик аёлларга сенсираб мурожаат қилар эди. –“Кетдилар”, “келсалар”, деб эрингни ҳурматини жойига қўйиб гапиряпсан-ку.Демак, яхши кўрасан, кечирасан.
Ҳамма кулиб юборди. Ярим ҳазил айтилган бу гапнинг замирида чуқур маъно бор эди.
– Агар эринг ишдан ҳориб-толиб келганида, ювиниши учун қўлига иссиқ сув қуймасанг, қалбини хушнуд қиладиган икки оғиз ширин сўз топа олмасанг, оғзига ёқадиган бир ошам таом қўя олмасанг, – опа бир зум тин олиб турди-да, гапини соддагина якунлади, –ўзинг айтганингдай, “ўтлаб” кетади-да.
Ташкил этадиган тадбирларимизда асосан аёллар иштирок этарди. Шу боис, опа эркакларга ён босиб гапирарди. Оила деб аталмиш муқаддас қўрғоннинг яхлитлигини сақлаш биринчи навбатда аёлнинг зиммасида эканлигини тушунтиришдан сира чарчамас эди.Агар эркаклар йиғилса борми, сўзсиз аёлларни осмонга олиб чиқиб қўярди. Бу ҳам Турсуной опанинг кенг фикрлилиги, холислигидан деб биламан.
“ХОЛА ЭМАС, АММА БЎЛИНГЛАР…”
Воизлик санъатини озми-кўпми эгаллаган бўлсам, бундаТурсуной опанинг хизматлари жуда катта. Учрашувларда опа ўзидан аввал ҳамиша менга сўз бердирар эди. Бу “Ўзингнинг чиройингни кўрсатмоқчи бўлсанг, хунуккинани дугона қил”, деган қизлар фалсафаси эмас эди. Менинг билимларимни чархлаш, кўникмамни ўстириш учун қилардилар бу ишни.
Меҳнат фаолиятимнинг каттагина қисмифуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан боғлиқ. Маҳалланинг вилоят, республика тизимларида раҳбар лавозимларида ишладим. Бу соҳада ҳам маънавиятчи бўлганлигим, Турсуной опадан ўрганганларим жуда асқатди.
Бўш вақтларимда маҳаллада ишлайдиган ходимларнинг малакасини ошириш курсларида маърузалар ўқидим. Тингловчиларнинг эътиборини йиғиб олишда опанинг услубларидан тўла фойдаландим.
Бунга бир мисол. Маҳаллажамоат фондининг Тошкент вилояти бўлимида раис бўлиб ишлаган кезларим фуқаролар йиғини раисинингдиний маърифат, маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари билан илк бор учрашганимда, гапни “Ассалому алайкум, Анзират холалар” деб бошладим.
Биласиз, Анзират хола ўзбек киночилари ишлаган машҳур “Суюнчи” бадиий фильмининг бош қаҳрамони. Маслаҳатчилар маҳалла ишининг куйди-пиштисида ана шу персонаждан ўрнак олишлари керак, деган ишора бор эди гапимда.
Орадан ўн бир йил ўтиб, яна худди шу лавозимда қайта ишлаш тақдир бўлди. Энди бу тоифадаги аёллар билан учрашганимда ёки улар даврасида маъруза ўқиганимда (уларнинг лавозимлари ҳозир маҳалла фуқаролар йиғини раисининг оила ва тарбия масалалари бўйича ўринбосарлари, деб номланади),гапни “Ассалому алайкум, Анзират аммалар” деб бошлаганман. “Сизлар хонадонларга энди хола бўлиб эмас, амма бўлиб киринглар”,деган ақидани қулоқлариги қуйишга ҳаракат қилдим.
Тингловчилар асосан аёллар, уларнинг ҳар бири кимгадир хола, кимгадир амма. Хола “илонбош”, амма“саватбош” бўлади, деган гап бор халқимизда. Жиянлар холам келдилар, деб пешвоз чиқадилар, лекин ҳамма вақт ҳам аммам келдилар, деб юраги ёрилмайди.
Чунки, амма аксарият ҳолларда хонадондаги камчиликларни гапиради ва бунга маънавий ҳақи бор кўринади. Бу ҳол ҳаммага ҳам ёқавермайди. Амма билан холанинг ўртасидаги жуда нозик ўхшашлик вафарқни менга Турсуной опа ҳижжалаб тушунтириб берган эдилар.
Хонадондаги камчилик ва нуқсонларни дўстона кўрсатиб бериш, йўл-йўриқ кўрсатишда гарчи ёмон кўринсада, аммалар пешқадам.
ТЕНГ ЕГАННИ ТАНГРИ СУЯДИ
Оҳангарондаги дон комбинатида бўлиб ўтган учрашувда биз бехабар машинага икки қоп ун юклаб юборишибди.Бу гапни ҳайдовчи Турсуной опани ишхонасида қолдириб қайтганимиздан кейин айтди. Бориб ҳар икки қопни ҳам опанинг хизмат машинасига юклаб қўйиш кераклигини буюрдим.
Эртаси куни эрталаб опа мени чақиртирди. “Тенг еганни Тангри суяди”, деди. Бир қоп унни қайтариб олиб келганлигини билдирди. Мен уни ноилож машинамга юкладим.
Орадан бир муддат вақт ўтиб, гап орасида Турсуной опага ўша куни ишдан қайтаётиб, маҳалламизда тўй қилаётган қўли калтароқ оила хонадонига кириб ўтганим, унни шу оилага ҳадя қилганимни айтдим.
– Бундайгапларни айтмаган маъқул, – деди суҳбатдошим. – Энди мен ҳам айтайин: ўша куни иккимиз ҳам деярли бир хил иш қилибмиз…
Ўзим гувоҳ бўлганман, учрашувларда опага кўп совғалар берилар эди. Йўл-йўлакай уларнинг барчасини тарқатиб келардилар.
Биз 1999 йилда муборак Ҳаж ибодатида бирга бўлганмиз. Ўша саодатли кунларда ҳам опанинг эътиқоди ниҳоятда мустаҳкамлигига, ибодатда собитлигига амин бўлганман. Сўзлари ва амаллари бир-бирига мутаносиб, танти ва истеъдодли, ҳар битта дилнинг калитини топгувчи, камёб инсонлардан бири эди Турсуной Содиқова…