Ситорабону ҲОШИМ қизи. ЖИМ КУЗАТАР УНИ БИР НИГОҲ
* * *
Бахт ҳақида куйлай дейману,
Зорланиб боряпман тобора.
Ғуруримни асрай деб, бироқ
Хорланиб боряпман тобора.
Сукунатим тўфонга ўхшар,
Тартибларим тўзонга ўхшар,
Юрагимга сиғмайди қушлар,
Торланиб боряпман тобора.
Кўзинг акси ўчган кўзимдан,
Исминг буткул кўчган сўзимдан,
Лек сендан кечмаган ўзимдан
Орланиб боряпман тобора.
Қандай оташ, қандай чўғ эдим,
Баҳор, ёздан кўнгли тўқ эдим,
Ҳароратим аёзлар еди,
Қорланиб боряпман тобора.
Ишқинг нафас, менга ҳаводир,
Сен – умримда гўзал хавотир,
Сенсиз бошда қиличлар ҳозир,
Дорланиб боряпман тобора.
Рад этилган тунларим ҳаққи,
Ичга ютган хунларим ҳаққи,
Йўқланмаган кунларим ҳаққи,
Борланиб боряпман тобора…
Ушалмас орзулар
Сенли хаёлларни суриш ҳам бир бахт,
Орзу – мен ҳаётдан қочиб борар жой.
Шундай маъво бўлса: денгиз, тоғ, дарахт,
Бир кулба, бир стол, икки финжон чой.
Кўзларим кўзингдан қувончлар ичса,
Шудрингдай буғланса хатоларимиз.
Дийдор шаробидан сармаст илгичда
Устма-уст илинса пальтоларимиз…
Соатлар бўлмаса ўша маконда,
Адашиблар кетса ҳисобларимиз.
Бир умрга бахтдан масрур жавонда.
Ёнма-ён терилса китобларимиз…
Умримда бир отса эди сизли тонглар
Кафтларимда номингиз бор азонларда,
Бору йўғим тўзиб кетди тўзонларда,
Гулдай кутдим, интизорман хазонлардай,
Шундан бугун айвонимда кузли тонглар.
Кунлар санаб адашаман саноғимдан,
Йиқилмоққа тайёр ёшлар қароғимда,
Ичикишлар чўғдай турар томоғимда,
Мени қучар фарёдли ва бўзли тонглар.
Сизни кутдим, келмоғингиз нақд, тайиндай,
Тилга чиқмас дуойим бор танглайимда:
Бир кўрмоқлик бор бўлсайди манглайимда…
Умримда бир отса эди сизли тонглар…
Сизли тонглар…
Сизли тонглар…
Сизли тонглар…
Иқрорман
Иқрорман, сизгача кўп бора тойдим,
Кўп бора турғазди Раҳмон қўллари.
Кўзингиз кўрганим ўша тун – ойдин,
Ўшанда барг очди қалбим гуллари.
Иқрорман, нуқсону, гуноҳим сонсиз,
Бироқ алдамадим ўзимни-ўзим.
Муҳаббат – бир қўшиқ, умрлик, сўнгсиз,
Уни сизга боқиб тинглади кўзим.
Иқрорман, мафтунман, асирман, тамом!
Ортиқ яшолмайман ўзимни енга.
Неча йилдан учиб келдим сиз томон,
Неча йилдан кечиб келдингиз менга!
Иқрорман, бир сизга муҳтожлигим рост,
Ҳар битта заррамда мавжуд исмингиз.
Мен – чап қовурғангиз, ҳув субҳи аласт –
Чоғида йўқотиб қўйган қисмингиз.
Бахтли аёл
Кўзгу қаршисига келади тонгда
Бўёқ, атир-упа, тақинчоқ, безак…
Бир маҳаллар баҳор кулган чеҳрада
Илк хазонин кўз-кўз қилмоқда кузак.
Изтироб меваси – заъфарон юзга
Суради замоннинг упа-элигин.
Гўё бахтли аёл йўқ ундан ўзга,
Гўёки билмайди андуҳ нелигин.
Кўз ёш изларини яширмоқ учун
Сурмада бўяйди киприкларини.
Гўё кўрмагандек ёниб битганин
Манзилига элтар кўприкларининг…
Лабларини сувар алвон лаббўёқ,
Тишлари кўп ботган дудоқларига.
Айтилмас изҳорлар, берилмас сўроқ,
Кўмилиб кетган қалб қудуқларига.
Тақдири сингари чигал сочининг
Толаси эслатар умр йўлини.
Кўчага чиқади яшнаб, очилиб,
Ўйнамоқ-чун бахтли аёл ролини…
Ёлғизликнинг сурати
Бошда вайрон бўлган дил охир ҳам чил-чил экан,
Дунё ишққа эринчоқ, ҳижронга эпчил экан,
Деворларга бошимни уриб, шуни англадим:
Ёлғизликнинг сурати ҳар жойда бир хил экан…
Кенгга кенг олам дейсиз, сиғмай қолдим, тор бўлди,
Гулсан деган эди ёр, қучганлари хор бўлди,
Бахт манзили қайда, деб топа олмай зор бўлдим,
Шивирлади руҳимга: ишққа тўла дил экан…
Бир йўлга чиққан эдим, йўлларимни олдилар,
Саҳро сари йўналдим: чўлларимни олдилар,
Нася гўзал кунлар деб, йилларимни олдилар,
Тишларим орасида азоб чеккан тил экан…
Кун тартиби
Muxiddin, [30.01.2024 21:41]
Субҳидам уйғонар шошилиб,
Ибодатда узоқ чўкар тиз.
Машриқнинг кўзлари очилиб,
Энди ёруғ мўралаган кез.
У ўзини овутар ишда,
Машғулотлар ўтади – қувноқ.
Қаердандир, эҳтимол, тушдан
Жим кузатар уни бир нигоҳ.
Ҳамма уни қувватмакон дер,
Кулгу деса, шу қизни англар.
Билмасларки, кўнглида кўп сир,
Курагида не пайкон занглар…
У табассум қилади майин,
Кўзларига қалқиса жола.
Бахтли, ёлғизлангани сайин,
Тақдир иши – Ҳаққа ҳавола.
Дарс беради – тарқайди ғашлик,
Ваъз ўқийди Абадий Ишқ деб.
Хонасида кутар бекаслик,
Сукунатлар – тунларига зеб.
Нолимайди, эслатмас ўзин,
Ҳеч кимсага сақламайди кек.
Унга ҳамроҳ матонат, тўзим,
Ўша қизнинг исми – ЁЛҒИЗЛИК…
«Шарқ юлдузи» журнали, 2023 йил, 12-сон.