Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Лев ТОЛСТОЙ

ИККИ ҚАРИЯ

Ҳикоя

Юҳанно, IV, 19. – Ҳазрат, кўриб турибманки, Сен пайғамбарсан, деди аёл. 20. – Ота-боболаримиз бу  тоғда топиндилар. Аммо  сизлар топинадиган ер Қуддусда, дейсизлар.

21. Исо унга айтди:

– Менга ишонгин, шундай вақт келадики, шунда Отага на бу тоғда, на Қуддусда топинасизлар. 22. Сизлар нимага топинишни билмайсизлар, бизлар эса, нимага топинишни биламиз. Чунки нажот яҳудийлардандир. 23. Бироқ вақти-соати билан ҳақиқий топинувчилар Отага Руҳ ва ҳақиқат билан топинадилар, ана ўша вақт-соат келди! Ота шу йўсинда Ўзига топинувчиларни излайди.

I

Икки қария кўҳна Қуддусга бориб, худога сиғинишни ният қилишди. Бири бой деҳқон, уни  Ефим Тарасич Шевелев дейишарди. Иккинчиси эса, ўртаҳол киши Елисей Бодров эди.

Ефим оғир-вазмин, ароқ ичмайди, тамаки чекмайди, ҳатто ҳидлаб кўрмаган, гапнинг дангалини айтганда, умрида ҳақоратли сўзни тилга олиб сўкинмаган, боз устига қатъиятли, қаттиққўл киши. Қишлоқда икки муддат оқсоқолликни ўтади, ҳалол-тоза ишлади. Оиласи катта: икки ўғли, уйланган набираси бор – ҳаммалари бирга яшайди. У табиатан соғлом, серсоқол ва тўғрисўз чол, етмишни қоралаб қолган бўлса-да, соқолига эндигина оқ оралаяпти. Елисей эса, на бой, на камбағал, дастлаб дурадгорлик билан андармон бўлди, энди қартайганда хонанишин бўлиб қолди, асалари боқади. Битта ўғли овга чиқади, бошқаси – уйда. Елисей кўнгли очиқ, хушчақчақ киши. Ароқ ичади, тамаки чекади, қўшиқ айтишни яхши кўради, аммо ўзи мўмин-қобил, уйидагилар билан ҳам, қўни-қўшниси билан ҳам тинч-тотув яшайди. Елисей паканароқ, қорачадан келган, патаксоқол, қадди-басти жойида, бошида бир туки йўқ, тақирбошилигидан   пайғамбар Елисейга ўхшаб кетади.

Қариялар сафарга чиқишга келишиб, гапни бир жойга қўйганига ҳам анча бўлди, бироқ нуқул Тарасичнинг юмуши чиқиб қолаверади: ҳеч иши тугамайди. Бири охирлади деганда бошқаси бошланади: ё набирасини уйлантиради, ё аскарликдан қайтган кенжасини кутиб олади, йўқ деганда кулбасини бузиб, қайта қуради.

Қариялар байрамда учрашиб қолиб, йўғон болор устига ўтиришди.    

– Хўш, – деди Елисей,– қачон бурчимизни адо этишга борамиз?

Ефимнинг пешанаси тиришди.

– Шошмайлик, – деди, – борамиз, бу йил мен учун оғирроқ келди. Уйимни бузиб қайта тикладим, юз сўмча чегириб қоларманми дегандим, учинчисиям кетяпти. Шундаям охирига етказолмадим. Ёзга чиқиб битираман, шекилли. Ёзда, худо хоҳласа, албатта, йўлга чиқамиз.

– Ақли ожизимча, – деди Елисей, – эзгу ишни ортга суриб бўлмас-ов, ҳозироқ йўлга чиқиш керак. Баҳор – айни вақти-да.

– Тўғрику-я, бироқ ишлар қалашиб ётибди, дабдурустдан ташлаб кетаманми?

– Сендан бошқа ишлайдиган йўқми? Ўғлингга буюр.

– Эплолмайди! Тўнғичимга ишонч йўқ – панд беради.

– Бир куни келиб дунёдан ўтамиз, биродар, улар бизсиз ҳам кунини кўриб кетаверади. Ўғилинг ҳам ўрганиши керак.

– Шундайку-я, бироқ ҳаммаси кўз ўнгимда бажарилишини истайман.

– Эҳ, биродар! Ишни тугатиб бўлмайди. Мана, яқинда уйимдаги аёллар байрам арафасида ҳамма ёқни супуриб-сидиряпти. Гоҳ уни қилиш керак, гоҳ буни. Катта келиним, эсли аёл-да, эшит, нима дейди: “Раҳмат, дейди, байрам ўтади-кетади, бизни кутиб турмайди, дейди, минг уринма, ишнинг охирига  етолмайсан”.

Тарасич ўйланиб қолди.

– Шу қурилишга, – деди,– ҳазилакам пул сарфламадим; сафарга қуруқ қўл билан чиқиб бўлмайди. 100 сўм – озмунча пулми?!

Елисей кулиб юборди.

– Гуноҳга ботма, биродар, – деди у. – Сенинг топган-тутганларинг меникидан ўн ҳисса зиёд, пулни баҳона қиласан. Фақат айт, қачон йўлга чиқамиз, мендаям пул йўқ, топилади-да.

Тарасич мийиғида истеҳзоли кулди.

– Қара-я, қандай бойвачча, – деди, – қаердан оласан?

– Уйда қириб-қиртишлайман-да – унча-мунча чиқади; етмаганига – ўн-ўн бештача асалари уясини қўшнига пуллайман. Қачондан бери сўрайди.

– Асалари галаси тез кўпаяди, тер тўкиб ишлайсан, тиришасан.

– Нега тиришарканман?! Йўқ, биродар! Ҳаётда мен ҳеч нарсага, гуноҳга ботишдан бошқасига ғам чекмайман. Кўнгил хотиржамлигидан бошқаси бекор!

– Шундай дейсан-у, уйда бош бўлмаса, иш пачава.

– Агар кўнгилга келганини қилаверсанг, ўзингни бошқармасанг, шундай бўлади. Кўнгил чопса – кетдик! Чинданам, борайлик.

II

Елисей биродарини кўндирди. Ефим роса ўйлаб, эртаси куни тонгда Елисейнинг уйига келди.

– Хўш, жўнаймизми, – деди,– тўғри айтасан, худонинг ўзи йўлимизни очар. Тирик эканмиз, кучимиз борида йўлга чиқайлик.

Бир ҳафта деганда чоллар йиғинишди.

Тарасичнинг уйида пули бор эди. У йўлга ўзи учун 100 сўм олди, кампирига 200 сўм қолдирди.

Елисей ҳам йиғинди; қўшнисига 10 та асалари уясини сотди, шу наслнинг 10 та қутисини ҳам қўшнисига берди. Ҳаммасига 70 сўм олди. Қолган 30 сўмни уйидагиларнинг чўнтагидан қоқиштирди. Кампири ўлимтигига деб йиғиб қўйган пулини, келини бор-будини берди.

Ефим Тарасич ҳамма ишни: қаерда қанча пичан ғамлашни, гўнгни қаёққа чиқариб ташлашни, уйни охиригача битириб, устини ёпишни ўғлига юклади. Мўлжаллаб юрган ишларини – ҳаммасини унга тайинлади. Елисей эса, хотинига фақат сотилган асалари уяларини алоҳида ажратиб қўйишни ва алдам-қалдамсиз ҳаммасини қўшнига беришни уқтирди, уй юмушлари ҳақида оғиз очмади: уларни қандай уддалашни, ҳарқалай, ишнинг ўзи кўрсатади. Қандай қилса яхши бўлишини уйдагиларнинг ўзлари билади.

Чоллар сафарга шай бўлишди. Уйда нон ёптиришди, тўрвалар тиктириб, янги пайтавалик йиртишди, пишиқ пойабзал тикишди, эҳтиётдан дарахт пўстидан тўқилган енгил чиптаковуш ҳам олишди. Уйдагилар уларни қишлоқ четигача кузатиб хайрлашгач, чоллар олис йўлга равона бўлди.   

Елисей кайфи чоғ бўлиб йўлга тушди, қишлоқдан узоқлашиши биланоқ барча ташвишларни унутди. Унинг фикру хаёли ёлғиз йўлдошининг кўнглини оғритиб қўймаслик, бировга қўпол гапириб юбормаслик, манзил-мақсадга етиб, уйига эсон-омон қайтиш ўйи билан банд. Елисей йўл-йўлакай ўзича ё пичирлаб дуо ўқир, ё авлиё-анбиёлар ҳақида ўзи билган ривоятларни такрорлаб борарди. Бирон киши дуч келса ёки тунашга тўғри келса, ким бўлмасин, художўйлик билан хушмуомалада бўлишга, ширин сўзлашга интилди. Юрган сари кўнгли кўтарилди. Елисей фақат бир ишнинг уддасидан чиқолмади. Тамаки ҳидлашни ташламоқчи бўлиб, тамакидонини уйга ташлаб келган эди, хумори тутди. Йўлда кимдир сийлади. Ора-сира йўлдошидан ортда қолиб, уни гуноҳга ботирмай, деб тамаки ҳидлаб оларди.

Ефим Тарасичнинг қадам олиши дадил, ножоиз иш қилмайди ва беҳуда гап сотмайди, у кўнгилчан, аммо енгилтак эмас. Фақат уйидаги ташвишлар миясидан чиқмайди. Улар нима қилаётган экан, деб хавотирланади. Ўғлига зарур ишни тайинлашни унутмадими, ўғли айтганларини қиляптими? Йўл-йўлакай картошка экаётган ёки гўнг ташиган одамларга кўзи тушса: ўғлим ишни ўзим буюргандай уддалаяптими, деб ташвишланади. Қанийди, ортига қайтса, ишларни бир-бир кўрсатарди, ўзи дўндириб қўя қоларди…

III

Чоллар беш ҳафта йўл босишди, чиптаковушлари тўзиб кетди, янгисини сотиб олмоқчи бўлиб хохоллар қишлоғига киришди. Уйларидан чиққандан буён тунашга ва тушликка пул тўлашади, аммо хохоллар бир-бирига гал бермай уларни меҳмонга чорлашади. Уйларига олиб кириб, сийлашади, бир тийин пул олмайди, яна йўлда тамадди қиласиз, деб тўрваларига нон, ҳатто кулча ҳам солишади. Шу тариқа чоллар эмин-эркин хўп ва кўп юришди; яна бир губерния ҳудудини босиб ўтиб, ҳосилсиз ҳудудга етиб келишди. Бу ерликлар уйига киритишади, тунагани учун ҳақ олмайди, аммо овқат бермайди. Ҳамма жойдаям нон улашишмади, бир сафар пулга ҳам топилмади. Ўтган йил ҳосил битмади, дейди одамлар. Бойлар хонавайрон бўлиб, бор-будини сотишди, ўртамиёналар – йўқчиликка юз тутди; қашшоқлар эса бир амаллаб тирикчилигини ўтказишди ёки айримлари бу ерлардан бутунлай бош олиб кетди, ёки тиланчилик қилишди, бировлар уйида қўл учида кун кечирди. Қишда тўпон чайнаб, лайлак гўшти ейишди, дейишади.   

Чоллар мўъжазгина қишлоқчада тунаб қолишди, 15 фунтча нон харид қилишди, кун иссиғига қолмайлик деб, саҳарлаб йўлга чиқишди. 10 вёрстча юришгач, сой бўйига етишди, косачада сув олиб, унга нон ботириб тамадди қилишди ва пойабзалларини алмаштиришди. Ўтириб, ҳордиқ чиқаришди. Елисей мугузни олди. Уни  Ефим Тарасичнинг боши узра айлантирди.      

– Шу жирканч нарсани, – деди Тарасич, – итқитиб юбориш қийинми!

Елисей қўлини силтади.

– Зўрсан,– жавоб берди у, – аммо мени гуноҳга ботирма!

Улар қўзғалиб, сафарни давом эттиришди. Яна ўн вёрстча яёв юришди. Каттагина қишлоққа келиб, тўғри ўртасидан кесиб ўтишди. Энди кун қиздира бошлаган эди. Елисейнинг тинкаси қуриди, ташналикка чидолмай, бироз нафас ростламоқчи бўлди, Тарасич эса, йўлида давом этаверди. Тарасич дадил юрар, Елисей унинг ортидан етиб юришга қийналарди.

– Чанқаб кетдим, – деди у.

– Майли, сув ичиб ол. Мен ичмайман.

Елисей тўхтади.

– Сен мени кутиб ўтирма, анави уйга кириб, чанқоқбосди қилиб чиқаман. Бир зумда ортингдан етиб оламан.  

– Маъқул,– деди у.

Ефим Тарасичнинг ўзи кетди, Елисей эса, уй томонга бурилди.

Елисей уйга етиб келди. Чоғроқ экан, харобага айланибди; пойдевори қорага, юқориси оққа бўялган, девори нураган, афтидан, оқланмаганига кўп бўлган, томининг бир чети очилиб ётибди. Уйчага ҳовлидан ўтиб кириларкан. Елисей ҳовлига ўтди; қараса – пойдеворга туташ супачада соқолсиз, ориқ бир эркак чўзилиб ётибди, хохолча кўйлак-иштонда. У совуқ, зах ерда ётар, қуёш тиғи устига тик тушиб турибди. У қимир этмай ётибди, аммо ухламаган. Елисей сўз қотди, сув сўради – эркак жавоб бермади. “Ё бемор, ё қўпол”, – ўйлади Елисей ва эшикка яқинлашди. Уйчада бола йиғларди. Елисей эшик ҳалқасини қоқди. “Хўжайин!”. Жавоб бўлмади. Яна таёқча билан эшикни тақиллатди. “Диндошлар!”. Миқ этган овоз йўқ. “Худонинг бандалари!”.  Садо чиқмади. Елисей орқасига қайтиб кетмоқчи бўлди, шунда девор ортида кимнингдир инграгани эшитилди. “Бу одамларнинг бошига кулфат тушганми? Бир қараб қўйиш керакдир?”. Елисей кулбага қараб юрди.       

IV

Елисей ҳалқани бураб кўрди – ёпиқ эмас. Эшикни очиб, даҳлизга кирди. Уйнинг эшиги очиқ эди. Чап томонда печь; тўғрида катта хона; бурчагида бут қўйилган токча, стол; стол ортида – эшак-ўтирғич; эшак-ўтирғичда биргина кўйлакда ялангбошини столга қўйганча бир кампир ўтирибди, қоқсуяк, ёнида сомондай сариқ, ингичка, катта иштон кийган болакай кампирнинг қўлидан тортиб, нимадир сўраб йиғларди. Елисей ичкарилади. Хонадан қўланса ҳид анқийди. Қараса – печдан наридаги каравотда яна бир аёл ётибди. Кўзлари маънисиз тикилган, фақат хириллаб, оёғини гоҳ кўтаради, гоҳ туширади. Кампир бош ирғаб, бегона кишига кўз ташлади.

 – Сенга нима керак? – деди у аранг.–  Нима керак? Ҳеч вақо йўқ.

Елисей кампирнинг нимадир деганини илғаб, унинг ёнига борди.

– Мен,– деди у,– худонинг бандаси, бир коса сув бер.

– Йўқ, дейман, ҳеч вақо йўқ. Оладиган нарса йўқ, йўлингдан қолма.  

Елисей сўради: “Нима, орангизда бирон соғ одам йўқми, аёлга қарайдиган?”

 – Ҳеч ким қолмади; мужик ҳовлида жон беряпти, биз бу ерда.

Болакай бегона кишидан чўчиб жимиб қолганди, кампир тилга киргач, яна унинг қўлидан тортқилади: “Нон, энажон! Нон!”, – дея йиғлай бошлади.

Елисей кампирдан энди сўрамоқчи бўлиб оғиз жуфтлаганда хонага эркак киши кирди, у деворга суяниб келиб, эшак-ўтирғичга чўкмоқчи бўлди, аммо етиб келолмади, бўсағада ерга қулади. У ўрнидан туришга уринмай, сўз қотди. Ҳар бир сўзни аранг ҳижжалар – орада нафас ростлаб олиб, кейингисини айтарди.

– Бўлисни очарчилик босди, – деди у.– Одамлар очликдан ўляпти! – эркак боши билан болакай томонга ишора қилиб, йиғлаб юборди.

Елисей елкасига осилган тўрвасини силтаб тушириб, қўлларини бўшатди, кейин тўрвани эшак-ўтирғич устига қўйиб, ипини еча бошлади. Очиб, ундан нон, пичоқ олди, нондан бир бўлак кесиб эркакка узатди. У олмади, болакай ва қизча томонга имлади – уларга бер деган маънода. Елисей болакайга узатди. Болакай нон ҳидини сезиб, бир бўлак нонга икки қўллаб ёпишди ва уни юзига босди. Печ устида ётган қизча ҳам тушиб келиб, ютоқиб нонга тикилди. Елисей унга ҳам нон берди.

Яна бир бўлак кесиб, кампирга узатди. Кампир нонни олиб, чайнай бошлади.

 – Сув бўлсайди, – деди у, – оғзимиз қуруқшаб қолган. Сув келтирмоқчийдим, –  деди, – кечами, бугунми, эсимда ҳам йўқ, йиқилиб тушдим, уйга етиб келолмадим, агар биров олмаган бўлса, челак ўша жойда ётгандир.

Елисей улардан қудуқ қаердалигини сўради. Кампир тушунтирди. Елисей ўша жойга бориб челакни топди, сув келтириб, ҳаммага улашди. Болалар сув ичиб, яна нон кавшадилар, кампир ҳам, аммо эркак олмади. “Кўнглим тортмаяпти”, деди. Аёл ўрнидан турмади, у ҳеч ўзига келолмас, фақат кроватда ётганча тўлғанарди. Елисей қишлоқдаги дўконга кетди, бориб буғдой, туз, ун, мой сотиб олди. Болтачани топиб, ўтин ёрди, ўтинни печга қалаб, ўт ёқди. Қизча унга кўмаклашди. Елисей шўрва, бўтқа пишириб, уларнинг қорнини тўйдирди.

V

Эркак озгина тамадди қилди, кампир ҳам нимадир еди, қизалоқ билан болакай эса, косачани ялаб-юқтагач, бир-бирини қучоқлаб уйқуга кетишди.

Эркак билан кампир қандай қилиб бу аҳволга тушишганини гапириб бера бошлади.

 – Биз бир амаллаб кун кечирардик, – деди у, – ўтган йили ҳосил битмади, куздаёқ бор-будимизни еб тугатдик. Ҳеч вақомиз қолмади – қўни-қўшнидан, саховатпеша кишилардан тиландик. Бошида бериб туришди, кейин эса, рад қила бошлашди. Қўлдан берганга қуш тўймас. Ҳадеб тиланиш жонга тегди: нарсаларимизни сотиб, қарзга ботдик – пул ҳам, ун ҳам, нон ҳам, – бари тугади. Ўзимга иш қидирдим, – деди эркак, – қидирдим, топилмади. Ҳамма жойда одамлар фақат қорин тўйдириш эвазига ишлайди. Бир кун ишлайсан, икки кун санқийсан – иш излайсан. Кампир қизалоқни етаклаб, узоқларга бориб тиланчилик қилишади. Хайр-садақа қаёқда, ҳеч кимда нон йўқ. Амал-тақал қорин тўйғазардик, пишиқчиликка етиб олармиз, деган умидда эдик. Баҳордан бошлаб ҳеч вақо бермай қўйишди, боз устига касаллик тарқалди. Жуда ёмон келди. Бир кун туз тотсак, икки кун очмиз. Гиёҳларни еб бошладик. Гиёҳданми, бошқаданми, хотин дардга чалинди. Ётиб қолди, менинг ҳам, – деди эркак, – мадорим қуриди. Оёққа туриб олишига ҳеч вақо йўқ.   

– Ёлғиз ўзим, – деди кампир, – югурдим-елдим, охири очликдан силлам қуриб йиқилдим, мадорим қолмади. Қизалоқ ҳам бемажол, шўрлик  қўрқиблар кетди. Қўшнининг уйига чиқиб кел дегандик, чиқолмади. Бўсағага борганда мадори қуриб йиқилди. Ўтган куни қўшни хотин чиққан эди, бизни оч ва касал ҳолда кўриб, терс бурилганча кетиб қолди. Унинг ўзини эри ташлаб кетибди, гўдакларини боқишга ҳеч вақоси йўқ. Шу аҳволда ётибмиз – ажалимизни кутиб…

Елисей уларнинг сўзини охиригача тинглади ва ўша куниёқ йўлга чиқиб, шеригига етиб олиш фикридан қайтди – шу ерда тунаб қолди. Елисей эрталаб туриб, гўё хўжалик ўзиникидай, уни тартибга солишга киришди. Кампирнинг хамир қоришига кўмаклашди, печга ўтин қалади. Қизалоқни эргаштириб, қўшнилардан керакли нарсаларни сўраб олди. Хўжаликка зарур бўладиган нарса қолмаган – ҳаммасини сотиб, еб тугатишган: на хўжалик асбоб-ускуналари, на кийим-кечак қолган. Елисей керакли нарсаларни ғамлай бошлади: нималарнидир ўзи ясади, бошқаларини сотиб олди. Шу тариқа Елисей бир кун, икки кун, учинчи кунни ҳам шу ерда ўтказди. Болакай оёққа туриб, дўконга чиқиб келадиган бўлди, Елисейга эркалана бошлади. Қизалоқ эса, шўх-шодон, барча юмушларда ёрдам беради. Улар Елисейнинг изидан чопиб юради: “Амаки, амакижон!” дейди. Эркак ҳам деворга суяниб юра бошлади. Фақат аёл ўрнидан туролмади, уч кун деганда кўзини очиб, егулик сўради. “Қани, – ўйлади Елисей, – энди борақолай, шунча вақтимни бекорга сарфламадим, ҳарқалай”.

VI

Тўртинчи кун рўза-ҳайит келиб қолди ва Елисей ўйлади: “Майли, улар билан бирга ҳайитни ўтказай, байрам баҳона бир нима ҳадя қилай, оқшом йўлга чиқарман”. Елисей яна қишлоқ оралади, сут, оқ ун, гўшт-ёғ харид қилди. Кампир билан бирга овқат пиширди, нон ёпди, эрталаб ибодатга чиқди, қайтиб келиб одамларга қўшилиб ҳайитлик қилди. Шу куни аёл ҳам ўрнидан туриб, қадам босди. Эркак соқолини қиртишлаб, тоза оқ кўйлагини кийди – кампир ювиб қўйган эди – қишлоқдаги бой деҳқоннинг уйига хайрия сўраш учун йўл олди. Бойнинг жамғарган пичан ва буғдойи кўп эди – ундан янги ҳосилгача қарзга пичан, буғдой олмоқчи эди. Қош қорайганда хўжайин сўлжайиб қайтиб келди ва йиғлади. Бой раҳм қилмабди, “Пулини олиб кел”, дебди.

Елисей яна ўйга толди. “Энди буларнинг тирикчилиги қандай ўтади?” Одамлар ўрим-йиғимга чиқади, бир амаллашади: пичан ғамлайди. Жавдари буғдой етилди – одамлар ўрим-йиғимга киришади (кўз тегмасин, баракали бўлибди!), улар нимадан умид қилади: ўзларига тегишли бир ботмон ер бойга сотиб юборилган бўлса. Мен кетар бўлсам, улар тағин бурунги аҳволига тушади”. Елисей ўйга ботди ва оқшом йўлга чиқишга ошиқмади – эрталабга қолдирди. Ухлаш учун ҳовли томонга ўтди ва чўзилди. Ибодат қилди, аммо уйқуси қочди: бир ўйи – кетиши керак, вақтини ҳам, пулини ҳам совурди; бир ўйи – одамлар увол: “Ҳаммасига кўмак беролмайсан. Уларга сув келтириб, бир бурдадан нон бермоқчи эдим, холос, ташвишлар бири бирига уланиб кетди. Энди эса, пичан билан буғдой сотиб олиб бериш керак. Буғдой  ол, кейин – болаларга сигир, эркакка от даркор, пичан ташийди. Афтидан, шу ерда ўралашиб қолдинг, Елисей Кузьмич. Жаҳл келса, ақл қочади!” Елисей ўрнидан қўзғалди, бошига ёстиқ қилган чакмонини олиб қоқди, буғдой бошоғини ҳидлади, калаванинг учини топмоқчи эди, йўқ, бўлмади: ўйлаб ўйининг охирига етолмади. Кетиши зарур, аммо бу уйдагиларнинг ҳоли не кечади. Нима қиларини билмайди. Чакмонини тахлаб бошининг тагига қўйиб, яна чўзилди. Ётди, ётди, хўрозлар қичқира бошлаганда кўзи илинди. Туйқусдан кимдир уйғотгандай туюлди. Қараса, йўлга шай ҳолда, тўрваси ҳам, ҳассаси ҳам қўлида, шундоқ дарвозадан чиқса бас, дарвоза эса, бир киши сиққулик очиқ, гўё йўлга чорлаётир. У дарвоза томон одимлади, аммо чиқишда ёнбошдаги тўрваси тиралиб қолди; уни ўтказиб оламан деганда, ҳассаси деворга қадалди. Ҳассани чиқариб олмоқчи бўлганди, қараса, ҳасса деворга қадалмаган, уни қизалоқ тутиб турганча: “Амаки, амакижон, нон!” деб қичқирармиш. Пастга қараганди, болакай пайтавасидан тортармиш, деразадан эса, кампир билан эркак термилиб турганмиш. Елисей уйғониб кетди ва ўзига ўзи: “Эртага буғдой билан пичан сотиб оламан, – деди овоз чиқариб. – От ҳам, янги ҳосилгача етгулик ун ҳам, болаларга сигир ҳам олиб бераман. Денгиз ортидан Исони излаб топгунча ўзингни йўқотиб қўйишинг ҳеч гапмас. Одамларга нажот бериш керак!” Шундан сўнг Елисей тонггача қотиб ухлади. Елисей эрта турди. Бой деҳқоннинг уйига борди – жавдари буғдой сотиб олди, пичанга ҳам пул тўлаб қўйди. Уйдагини сотиб юборишган экан – чалғи ҳам олди. Эркакни пичан ўримига жўнатди, ўзи эса, қишлоқ оралади: қовоқхона эгасидан араваси билан сотиладиган от топди. Савдоси пишди, бир қоп унни аравага босди ва ниҳоят, сигир сотиб олишга чоғланди. Елисейдан икки хохол аёлни қувиб етди. Хотинлар ўзаро гап сотиб кетишаётганди. Уларнинг ўз лаҳжасида гаплашаётганини эшитиб, гап ўзи ҳақида эканини илғади.

– Қара-я, олдин унинг кимлигини билмабмиз, шунчаки бир бегона-да, дегандик. Айтишларича, сув сўраб кирган экан, шу бўйи қолиб кетибди. Уни худо етказибди. Кўрдинг-ку, қовоқхона эгасидан от-арава сотиб олди. Бу дунёда шундай одамлар ҳам бор экан-а. Бориб кўрайлик-чи, нималар қиларкин?!.

Буни Елисей эшитди, ўзини алқашаётганини англади ва сигир сотиб олгани кетди. Қовоқхона эгасининг ёнига қайтиб, унга отнинг пулини берди. Сакраб аравага чиқди ва унни олиб уйга жўнади. Дарвоза олдига келиб тўхтаб, аравадан тушди. Уйнинг эгалари отни кўриб анграйиб қолишди. Улар отни ўзлари учун сотиб олинган деб ўйлашса-да, сўрашга журъат этишолмади. Хўжайин чиқиб, дарвозани очди.

– Отахон, – сўради у,– отни қаердан олдинг?

– Сотиб олдим, – деди.– Арзонроғи учраб қолди. Охир тўладиган қилиб ўт ўриб қўй, оқшом берасан. Аравадаги қопни тушир.   

Хўжайин отни аравадан чиқарди, қопни омборга киритиб қўйди, ўт ўриб охурга солди. Сўнг ухлагани ётишди. Елисей ташқарида ухлашга чоғланди ва кечқурун тўрвасини ҳам олиб чиқиб қўйди. Эл уйқуга кетди. Елисей ўрнидан туриб, тўрвасининг оғзини бойлади, чакмонини кийди ва Ефимнинг ортидан равона бўлди.

VII

Елисей  беш вёрстча йўл босди. Кун ёриша бошлади. У дарахтнинг тагига ўтириб, тўрвасини очиб, пулини санади. 17 сўму 20 тийин қолибди. “Хўп, – ўйлади у, – бу билан денгизнинг нариги тарафига ўтолмайсан! Исонинг номи билан пул йиғиш бориб турган гуноҳ. Биродарим Ефим бир ўзи етиб борар-да, мен учун бир шам ёқиб қўяр. Афтидан, зиёратим охиратга қолди, шекилли. Раҳмат, яратган эгамнинг сабри улуғ”.

Елисей ўрнидан турди, тўрвасини силтаб елкага ташлади ва ортига қайтди. Фақат қишлоқни айланиб ўтди, одамларнинг кўзига кўрингиси йўқ. Елисей уйига тез етиб келди. Чунки бир кўнгли Ефимнинг ортидан боришни ўйлади, аммо бу мушкул туюлди; ортига қайтганди, худо мадад бердими, чарчоқ сезмади, йўли унди. Енгил қадам ташлаб, ҳассасини ўйнатиб, бир кунда 70 вёрстдан йўл босди.

Елисей ўзининг уйига етиб келди. Даладаги ҳосилни йиғиштириб олишибди. Уйдагилар отахонни кўриб қувониб кетишди, аммо йўлдошидан нега ажралиб қолгани, нега манзилга етмай ортга қайтганини сўраб-суриштиришди. Елисей сабабини айтиб ўтирмади.

– Насиб қилмаган экан, – деди, – йўлда пулимни йўқотиб қўйиб, шеригимдан ортда қолиб кетдим. Хуллас, боролмадим. Исо ҳаққи, кечиринглар.

Қолган-қутган пулини кампирга тутқазди. Елисей уйдаги юмушлар ҳақида сўраб-суриштирди: ҳаммаси яхши, юмушлар вақтида бажарилган ва барча  тинч-хотиржам, ҳамжиҳатликда яшаётир.

Ефимовлар хонадонидагилар Елисей уйга қайтганини эшитиб келиб, ундан оталарининг аҳволини сўрашди. Елисей уларга ҳам ўша гапларни такрор айтди.

– Отангиз, – деди у, – жуда яхши кетяпти, биз Петров кунига уч кун қолганда айрилишгандик; мен ортидан етиб бормоқчи бўлгандим, иш чаппасига кетди: бор  пулимни йўқотиб қўйдим ва ортимга қайтдим.

Одамлар ҳайрон қолишди: қандай қилиб шундай ақлли одам бундай аҳмоқона ишга йўл қўяди – сафарга чиқса-ю, ярим йўлдан ортга қайтса, пул йўқотгани-чи? Ҳайрон бўлишди-ю, кейин унутишди. Елисей ҳам унутди. Уй ишларига чалғиди: ўғли иккови қишга ўтин ғамлади, хотинлар билан буғдой янчиди, саройнинг устини ёпди, асаларига қаради, 10 та асалари уясини қўшнига берди. Кампири қўшнига сотилган асалари уяларидан қанча янги кўч чиқарганини яширмоқчи бўлди, буни Елисей ўзи ҳам, қанчаси бир уяга йиғилган-йиғилмаганини  яхши биларди, шунинг учун қўшнига ўнта ўрнига ўн етти уя асалари берди. Елисей йиғинди, ўғлини пул ишлаб келишга юборди, ўзи эса, қишга чиптаковуш тўқишга ўтирди ва унга қолип ясаш билан андармон бўлди.

VIII

Ўша куни Ефим касал кишиларнинг уйида қолган сафардоши Елисейни кун бўйи кутди. У узоққа кетмади, бир жойга ўтириб йўл қаради. Кутди, кутди, ухлади, уйғонди, яна кутиб ўтирди – шеригидан дарак йўқ. Кўзлари тўрт бўлди. Қуёш дарахтлар ортига яширинди ҳам Елисейнинг қораси кўринмади. “Наҳотки, ёнимдан ўтиб кетган бўлса, – ўйлади у, – ёки ўтмадими (балки, кимдир аравасига миндириб олиб кетгандир), ухлаган бўлсам, кўзи тушмагандир. Йўқ, кўрмай қолиши мумкин эмас. Даштда атроф кафтдагидек кўринади. Орқага қайтсам, – деб ўйлади, – у олдинга ўтиб кетади. Орамиз баттар узоқлашиб кетади. Кел, юраверай-чи, карвонсаройда топишармиз”. Қишлоққа етиб келиб, суриштириб элликбошини топди, мабодо мусофир қария келиб қолса, ўзи турган уйга олиб боришларини тайинлади. Аммо Елисейдан дарак бўлмади. Ефим йўлида давом этар экан, кўринган кишидан калбош қарияни кўрмадингизми, деб сўрарди. Ҳеч ким кўрдим демайди. Ефим ҳайрон, бир ўзи ёлғиз кетди. “Одессадами, кемадами, – ўйлади у, – бир жойда кўришармиз”. Кейин бу ҳақида қайта ўйламади.

Йўлда бир мусофирга дуч келди. Унинг эгнида ридо ичидан кийиладиган яктак, сочи узун, бошида кулоҳ, Афондан келиб, Қуддусга кетаётган экан. Улар мусофирхонада танишди ва гурунглашиб бирга кетишди.

Одессага қийналмай етиб боришди. Уч кун кема келишини кутишди. Кўплаб тақводорлар йиғилганди. Улар турли тарафлардан келишган. Ефим яна бир бор Елисейни сўраб-суриштирди – уни ҳеч ким кўрдим демади.

Ефим хорижга чиқиш паттасини тўғрилади – 5 сўм экан. 40 сўлкавойни борди-келдига сарфлади, йўлга нон, тузланган балиқ харид қилди. Кема тақводорлар билан лиқ тўлди, Тарасич билан мусофир ҳам жойлашди. Лангар кўтарилиб, арқонлар бўшатилди-да, кема очиқ денгизга чиқди, кундузи тинчгина сузишди; кечга бориб бўрон қўпди, ёмғир қуйиб, кема саҳни сувга тўлди. Ҳамма тўзиб, хотинлар бақир-чақир қилишди, чидамсиз эркаклар кема бўйлаб изғиб, жон сақлашга жой излашди. Ефимни ҳам қўрқув босди, фақат ҳаяжонини сиртига чиқармади: кемада қаерга ўтирган бўлса, шу жойда тамбовлик қарияларнинг ёнида, тунда ҳам, эртаси куни ҳам шундай қилт этмай ўтирди; фақат тўрвасини маҳкам қучоқлаб олди, бировга бир сўз демади. Учинчи кун бўрон тинчиди. Бешинчи куни Царградга етиб келишди. Айрим мусофирлар қирғоққа тушиб, турклар қўлидаги муқаддас София ибодатхонасини зиёрат қилишди; Тарасич тушмади, кемада ўрнидан жилмай ўтирди. Фақат оқ бўлка нон сотиб олди. Бир кун тургач, яна денгизда сузиб кетишди.

Кейин Смирна шаҳри ва Искандариядан ўтиб, Яфа шаҳрига эсон-омон етиб боришди. Яфада барча тақводорлар кемадан тушди: бу ердан Қуддусгача 70 вёрст яёв борилади. Кемадан тушаётганда ҳам одамларни ваҳима босди: кема баланд, ундан пастдаги қайиққа сакраш керак, қайиқ эса чайқалиб турибди, унинг ёнига қулаб тушиш хавфи бор; икки киши шалаббо бўлди, қолганлар бешикаст. Сўнгра  яёв кетишди; уч кун деганда Қуддусга етишди. Шаҳардан ташқарида, Рус карвонсаройига жойлашишди, патталарни рўйхатдан ўтказишди, тушлик қилиб бўлгач, мусофир иккиси қадамжоларга зиёратга отланишди. Ҳали Муқаддас зиёратгоҳга киришга рухсат берилмаган эди. Патриархлар ибодатхонасига боришди, тақводорларнинг бари шу ерга йиғилди, эркаклар алоҳида, аёллар алоҳида ўтиришди. Ялангоёқ, давра қуриб жойлашдилар. Сочиқ тутган роҳиб чиқиб, одамларнинг оёғини юва бошлади; ювади, артади, ўпади, ҳаммага бирдай алоҳида-алоҳида хизмат кўрсатди. Ефимнинг ҳам оёғини артиб, ўпди. Кечки, эрталабки ибодатларни адо этиб, шам ёқишди ва ўтган авлод-аждодларини хотирлашди. Ўша ернинг ўзида таом берилди ва вино тортилди. Эрталаб Мисрлик Мария жон сақлаган ҳужрани зиёрат қилишди. Шам ёқишди, қисқагина ибодат қилишди. Ўша ердан Иброҳим пайғамбар ибодатхонасига йўл олишди. Савеков боғини, Иброҳим пайғамбар ўғлини худога қурбонлик қилмоқчи бўлган жойни кўришди. Ундан кейин Исо Мария Магдалинага аён бўлган жойга, Ёқуб пайғамбар ибодатхонасига ўтишди. Мусофир ҳамма жойни кўрсатди ва қаерда қанча пул бериш кераклигини айтиб турди. Туш пайти карвонсаройга қайтиб, овқатланишди. Уйқуга ётишга шайланар экан, мусофир нола қилиб, тугуни ва кийимларини титкилай бошлади.

– Ўғирлашибди, – деди у,– менинг пулим, катмонимни ўмаришибди, йигирма уч сўм бор эди: иккита ўн сўмлик, учта бир сўмлик.

Мусофир қанча оҳ-воҳ чекмасин, охир-оқибат иложсиз  уйқуга кетишди.

IX

Ефим ухлагани чўзилди, кўнглига яна ваҳима оралади. “Мусофирнинг пулини ўғирлашмаган, – ўйлади у, – аслида унда пул бўлмаган. Бирор жойда хайр-садақа қилмади. Буни менга буюрди, ўзи бергани йўқ, қолаверса, орада мендан бир сўм олди”.

Ефим шундай хаёлларга берилди ва ўзига ўзи маломат қилди: “Бир бандани қоралашни менга ким қўйибди, гуноҳга ботмай. Энди бу ҳақида ўйламайман”. Энди унутай деганда мусофирнинг пулга ўчлигини, гапирганда ҳечам катмонини ўғирлатган кишига ўхшамаганини ўйлай бошлади. “Унда пулнинг ўзи йўқ эди, – ўйлади у.– Ҳаммаси ёлғон!”  

Эрталаб туриб муқаддас қадамжо – Исо Масиҳ ибодатхонасига –эрталабки  ибодатга йўл олишди. Мусофир Ефимнинг изидан қолмай эргашди.

Ибодатхонага етиб келишди. Тумонат одам – тақводор-мусофирлар, руслар, турли элатлар, юнону арманлар, турклар ва сурияликлар – жуда кўпчилик йиғилган.

Ефим оломон қатори Муқаддас қопқа остонасига етиб келди. Роҳиб уларни йўлга бошлаб, турк посбонлари ёнидан олиб ўтди, Халоскор хочдан ечиб олинган ва муқаддас ёғ суртилган, тўққизта катта шамдондаги шамлар порлаб турган жойга бошлади. Йўл-йўлакай ҳаммасини кўрсатиб, изоҳлаб борди. Ефим ўша жойда шам ёқди. Сўнгра роҳиб Ефимни ўнг қўлдаги зинадан юқорига – Голгофга, хоч турган жойга бошлади; Ефим бу жойда яна ибодат қилди. Сўнгра Ефимга ер дўзахга туташган қудуқни кўрсатишди; кейин Исонинг қўл ва оёқлари хочга михланган тарафга ўтишди; ундан сўнг Одам Отанинг қабрига, Исонинг қони тўкилган жойга боришди. Сўнгра Исога тиканли чамбар кийдиришганда у ўтирган тошни; кейин калтаклаш учун Исони боғлашган устунни кўрсатишди. Кейин Ефим Исонинг оёғини банд этиш учун тайёрланган икки тешикли тошни кўрди. Яна ниманидир кўрсатишмоқчи эди, халойиқ шовқин кўтарди: ҳамма муқаддас қабр жойлашган ғорга шошарди. У ерда ўзга, православ ибодати бошланди. Ефим оломонга қўшилиб, ғор томон юрди.

У мусофирдан узоқроқ юрмоқчи эди – мусофирни ўйласа, гуноҳга ботарди, – аммо мусофир унинг изидан қолмади, ортидан эргашиб, муқаддас қабргача борди. Улар меҳробга яқин турмоқчи эди, кечикишибди. Одамлар шунчалик тиқилишиб кетгандики, на олдинга, на орқага юриб бўларди. Ефим тик турганча ибодат қилар экан, аҳён-аҳёнда ҳамёнини пайпаслаб қўярди. Ҳардамхаёл бўлиб қолди у: бир ўйи – мусофир алдаётгандай туюлади; бир ўйи – алдамагандай, ҳақиқатан катмонини ўғирлатгандай; мен ҳам шундай аҳволга тушишим мумкин-ку, деб ўйлади у.

X

Ефим тик турганча ибодат бажо келтираётир, нигоҳини тўғрига, бутхонага тиккан, муқаддас қабр ва қабр устидаги 36 та чироқдан кўз узмасди. Ефим тик турганча, бошлар узра боқди, бу не мўъжиза! Ярқираган чироқлар остида, муқаддас олов ёниб турган жойда, энг олдинги сафда, эгнида жун чакмон, кал боши ялтираб Елисей Бодров тургандай туюлди. “Елисейга ўхшаркан, – ўйлади у. – Бўлиши мумкин эмас! Мендан аввал етиб келиши даргумон! Бизнинг кемадан аввалгиси бир ҳафта бурун жўнаган. Унга улгуриши мумкин эмасди. Биз тушган кемада эса, йўқ эди. Мен тақводорларнинг барчасини ўз кўзим билан кўрдим”.

Ефим шуни ўйлаган чоғида қария ибодат қила бошлади ва уч бора юкунди: бир марта тўғри худога, кейин православ одатига кўра икки ёнга! Қария бошини ўнгга бурганда, Ефим уни аниқ кўрди. Бодровнинг айнан ўзи, ўша – соқоли қора, патакдай, ёноқларидаги туклар мошгуруч, чинтоғи ҳам, қошлари ҳам, кўзлари ҳам, бурни, бутун қиёфаси ўзиники… Худди  ўзи, Елисей Бодров.

Ефим дўсти топилганига қувонди, аммо Елисей қандай қилиб ундан ўзиб кетганига ҳайрон қолди.

– Тасанно сенга, Бодров, – деб ўйлади у. – Бунча ўзғир бўлмасанг! Афтидан, учар одамга ҳамроҳ бўлгандирсан-да. Ҳали чиқишда уни топиб оламан, ўзимнинг кулоҳ кийган мусофиримдан воз кечаман, энди сенга ҳамроҳ бўламан, балки сен мени олдинроқ топарсан.

Ефим Елисейни кўздан қочирмасликка тиришди. Ибодат ниҳоясига етди, халойиқ қўзғалди, сур-сур бошланди ва Ефимни бир четга чиқариб ташлашди. Уни яна ваҳима босди, ҳамёнини ўмаришмасин-да, ишқилиб. Ефим ҳамёнини қўлида маҳкам ушлаб, одамлар орасини ёриб ўта бошлади, бир амаллаб четроққа чиқиб олса, бас. Холи жойга ўтгач, тинмай изғиди, ибодатхонадан ҳам, ундан наридан ҳам Елисейни излади. Ибодатхонадаги ҳужраларга жойлашган тумонат одамларни кўрди: улар ўша ернинг ўзида овқатланишар, вино ичишар, ухлашар, китоб ўқишар экан. Аммо Елисей еру кўкда йўқ. Ефим карвонсаройга қайтди – ўртоғини тополмади. Шу оқшом мусофир келмади. Ғойиб бўлди, бир сўмни ҳам қайтармади. Ефим ёлғиз қолди.

Эртаси куни Ефим муқаддас қабрга кемада ёнма-ён ўтирган тамбовлик чол билан бирга йўл олди. Олдинроққа ўтмоқчи бўлганди, яна четга суриб ташлашди, устуннинг ёнида тик туриб ибодат қилди. Тўғрига қараган эди – яна ёрқин чироқлар остида олдинги сафда Елисей – меҳроб қаршисидаги роҳибдай қўлларини ёйиб турибди, кал боши ялтирайди. “Қани, – ўйлади Ефим, – энди қўлдан чиқариб бўпман!” Оломонни ёриб ўтиб борди – Елисей йўқ. Афтидан, кетиб қолган. Учинчи кун ҳам муқаддас қабрга қаради – Елисей табаррук, кўринарли жойда турибди, қўлларини ёйиб, юқорига боқади, худди боши узра нима борлигини билиб тургандай. Кал боши ялтирайди. “Қани энди кўрамиз, – ўйлади Ефим, – уни қўлдан чиқармайман, чиқиш йўлагига бориб тураман. Ўша жойдан ўтади, албатта!” Ефим ташқарига чиқди, турди-турди, ярим кун тик оёқда юрди: ҳамма кетди, аммо Елисей йўқ.

Ефим Қуддусда олти ҳафта турди ва ҳамма жойда бўлди: Вифлеемда ҳам, Вифанияда ҳам, Иорданда ҳам; муқаддас қабр ёнида янги кўйлагига муҳр бостириб олди, уни шу кўйлакда дафн этишлари учун; Иордандан сувдонни тўлатиб олди, бир сиқим тупроқ, муқаддас олов шамларини харид қилди, олтита жойга хотиранома ёздирди, уйга етиб олгунча етгулик асраган пулидан  бошқа барини ишлатди. Яфагача келди, кемага ўтириб, Одессагача сузди ва қолган йўлни уйигача яёв босиб ўтди.

XI

Ефим ўша юрган йўлидан ортига қайтди. Уйига яқинлашгани сари яна турмуш ташвишлари хаёлини банд этди, унинг йўғида: уйида қандай тирикчилик ўтказишди экан. “Бу йил, – ўйлади у, – сув сероб келди. Уйни бир умр қурасан, бир кунда вайрон бўлади. Менсиз ўғлим нима қилди, баҳорги юмушлар бажарилдими, чорва қандай қишлади, уйни кўнгилдагидек таъмирладими?” Ефим ўтган йили Елисей билан айрилишган жойга етиб келди. Одамларни таниб бўлмайди. Ўтган йил қаҳатчиликка дуч келган одамлар энди тўқ, тўкин яшаётир. Далада ҳосил мўл. Халқ қаддини тиклабди, азоб-уқубатлар унутилибди. Ефим шомда ўтган йили Елисей ушланиб қолган қишлоққа яқинлашди. Қишлоққа кириб келиши билан четдаги бир кулбадан оқ кўйлакли бир қизалоқ чопиб чиқди.

  – Бобо! Бобожон! Бизнинг уйга кир.

Ефим ўтиб кетмоқчи эди, аммо қизалоқ йўлини тўсиб, этагидан тортқилаб ҳовлига олиб кирди, ўзи эса қиқирлайди.

Уй бекаси ўғилчасини эргаштириб айвонга чиқиб, уйига таклиф қилди:

– Бобожон, уйга кир, овқатлан, ётиб қолақол.

Ефим кирди. “Айни вақти, – ўйлади у, – Елисейни ҳам сўраб-суриштираман: ўшанда айнан шу уйга сув ичгани кирган эди”. Ефим ичкарилади, аёл унинг елкасидан тўрвасини олиб, қўлига сув қуйди, дастурхонга ўтирғизди. Сут, мураббо, бўтқа олиб келиб қўйди. Тарасич мусофирларни шундай қарши оладиган одамларни алқади. Аёл бош ирғаб унинг гапини маъқуллади.

– Бизнинг, – деди у, – мусофирларга қайишмаслигимиз мумкин эмас. Биз бир мусофирдан ҳаётни ўргандик. Ўшанда биз худони унутиб яшардик, худо шундай жазоладики, ҳамма бирдек фақат ажалини кутди. Ёзга бориб ҳаммамиз ётиб қолдик – егулик йўқ, касаллик авж олган. Ўлар ҳолга тушганимизда худо бизга сенга ўхшаш қарияни юборди. У туш пайти сув сўраб кирганди, ночор аҳволимизни кўриб, ачинганидан уч-тўрт кун шу ерда қолди. Ҳаммамизни едирди, ичирди, оёққа турғазди, ер, от-арава харид қилиб, бизга ташлаб кетди.

Уйга кампиршо кириб келди ва жувоннинг гапини бўлди.

– Асли кимлигини ўзимиз ҳам билмаймиз, – деди у,– одаммиди ёки тангрининг фариштасимиди. Ҳаммага меҳр берди, ғамхўрлик кўрсатди ва кетди-борди, энди кимнинг ҳақига дуо қилишни ҳам билмаймиз. Ҳозиргидек кўз ўнгимда: ётибман, ажалимни кутяпман, қарасам – кекса киши кириб келди, тўпоригина, тақирбош, мендан сув сўради. Мен эса, гуноҳкор банда, ким у, нега бу ерда сандироқлаб юрибди, деб ўйлабман. У-чи, қара, қандай савоб ишлар қилиб кетди! Аҳволимизни кўриб, тўрвасини шу ерга қўйиб, боғичини ечди.       

Қизалоқ гапга қўшилди.

– Йўқ, – деди у, – бувижон, у олдин тўрвасини хонанинг ўртасига ташлади, кейин дўконга кетди.

Сўнгра улар қизишиб, қариянинг айтган гаплари, қилган савоб ишларини бирма-бир эслашди: қаерда ўтиргани, қаерда ухлагани, нималар қилгани, кимга нималар дегани.

Кечга бориб отда уй эгаси эркак келди, у ҳам Елисейнинг бу ерда қандай яшаганини ёдга олди.

– У бизникига келмаганида, – деди у, – гуноҳга ботиб ўлиб кетардик. Ғам-аламда ўтардик, одамлардан ҳам, худодан ҳам норози бўлиб жон таслим қилардик. У эса, бизни оёққа турғазди, у туфайли биз худони англадик, саховатпеша инсонлар борлигига ишондик. Уни худонинг ўзи ярлақасин! Аввал ҳайвондай яшаган эканмиз, у бизни одам қаторига қўшиб кетди.  

Мезбонлар Ефимни обдон сийлашди, тунашга жой беришди ва ўзлари ҳам уйқуга ётишди.

Ефимнинг уйқуси қочди, Қуддусда, биринчи сафда Елисейни уч марта кўргани хаёлидан кетмади.

“Хўш, у мени қаерда ортда қолдиргани, – ўйлади у, – мана энди аён бўлди! Мен чеккан заҳматлар қабул бўлдими, йўқми, билмадим, аммо унинг савоб ишларини худойим ўз даргоҳида қабул қилган”.

  Эрталаб мезбонлар Ефим билан хайрлашдилар, йўлда ейиш учун бўғирсоқ пишириб беришди, кузатишди ва ўзлари ҳам ишларига отланишди, Ефим эса, ўз йўлига равона бўлди.  

XII

Ефим роппа-роса бир йил сафарда бўлди. Баҳорда қишлоғига қайтди.

У уйига кун қорайганда кириб келди. Уйда ўғли йўқ экан: қовоқхонага кетибди. Ўғлининг маст-аласт қайтганини кўриб, Ефим уни саволга тутди. Атрофига қараб билдики, унинг йўғида болапақир бироз қуюшқондан чиқибди. Пулни совурибди, ишларни ташлаб қўйибди. Ота ўғлини тергай бошлади. Ўғил қўполлик қилди.

– Ўзинг-чи, – деди у, – ўзинг ўғрилик қилгансан, кетаётганингда ҳамма пулни олиб кетгансан, яна мени тергайсан.

Қария ғазабланиб, ўғлини урди.

Эрталаб Ефим Тарасич ўғлининг устидан шикоят қилиш учун оқсоқолнинг ҳузурига йўл олди, Елисейнинг ҳовлиси ёнидан ўтаётганида унинг айвонда турган кампири қуюқ саломлашди:

– Ассалому алайкум, отахон, – деди у. – Зиёратинг қабул бўлсин, ибодатга кирдингми?

Ефим Тарасич жойида тўхтади.

– Худога шукур, – деди у, – кирдим; аммо чолингни йўқотиб қўйдим, ҳа, уйга қайтганини эшитдим.

Кампиршонинг жағи очилди – гап сотишга иштиёқи зўр эди.

– Қайтди, – деди у, – валинеъматимиз аллақачон қайтиб келди. Биби Маръямни хотирлаш кунидан кейин, шекилли, адашмасам. Худо йўлдан уйга қайтаргани учун суюндик! Уни соғиниб қолгандик. Энди нима ҳам қиларди – даври ўтган. Бизга бош бўлиб юрса, бас, хурсандмиз. Ўғлимизнинг қандай қувонганини кўрсанг! Усиз – кўзим нурсиз, дейди. Уни тез соғиниб қоламиз, яхши кўрамиз, асраб-авайлаймиз.

– Қани ўзи, ҳозир уйдами?

– Уйда, қариндош, асаларизорда, асал йиғяпти. Ҳосил мўл бўлди. Худо асалариларга шундай ғайрат берибдики, валинеъматимиз бунақасини кўрмаганман дейди. Худо баракасини берса, ҳеч гапмас, дейди. Уйга кир, отахон, у хурсанд бўлади.

Ефим айвондан, кейин ҳовлидан ўтиб, Елисейнинг асаларизорига борди. Асаларизорга кириб қараса – Елисей тўрсиз, енгчасиз, кулранг чакмонда оққайин соясида қўлини икки томонга ёйиб юқорига қараб турибди, кал боши ялтирайди, худди Қуддусда, муқаддас қабр бошида тургандагидай, унинг боши узра худди Қуддусдагидай, оқ  қайин оралаб тушган нур жилва қилади, бошини айланиб олтин асаларилар чамбардай чарх урарди. Ефим жойида тўхтаб қолди.

Елисейнинг кампири эрига қичқирди.    

– Отахон келди!

Елисей ортига қайрилиб қаради-ю, қувониб кетди, асалариларни соқолидан авайлаб ажратиб оларкан, биродарига пешвоз чиқди.

– Хуш келибсан, биродари азиз… Яхши бориб келдингми?

– Юрган – дарё. Сенга Иордан дарёсидан сув келтирдим. Уйга кириб ол, худо дуоларимизни даргоҳида қабул қилсин…

– Худога шукур, ўзи асрасин.

Ефим жимиб қолди.

– Йўл юриб, бориб келдик, даргоҳида қабул қилдимикин, ёки билмадим…

– Худонинг айтгани бўлади, биродар, худонинг айтгани…

– Қайтишимда сен қолиб кетган уйга ҳам  кирдим.

Елисей чўчиб  тушди, шошиб, гапни бошқа ёққа бурди:

– Худонинг айтгани бўлади, биродар, худонинг айтгани. Уйга кир, қани, асал бераман.

Елисей гапни айлантириб, босди-босди қилди.

Ефим енгил тортди ва Елисейга йўлда учраган уйдаги одамлар ва Қуддусда ўзи гувоҳ бўлган мўъжиза ҳақида ҳам лом-мим демади.     

У худо дунёга келган ҳар бир кишига ўз бурчини меҳр-муҳаббат ва савоб ишлари билан адо этишини буюрганини англаб етди.

Рус тилидан ҲУМОЮН таржимаси

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil