
Мавлон БОБОХОНОВ – филология фанлари доктори (DSc), профессор. 1978 йилда
туғилган. Мақолалари матбуотда эълон қилинган.
XXI аср ўзбек романчилиги шакл ва мазмун жиҳатдан янада мураккаблашиб,
реалликни акс эттиришнинг турфа услуб ва йўналишларини ўз ичига олган
кўпқиррали адабий ҳодисага айланмоқда. Замонавий роман анъанавий ҳикоя этиш
услубларидан бироз узоқлашиб, этнографик тадқиқотлар, хотиралар, публицистик
таҳлиллар ва фалсафий мулоҳазалар билан бойиб бормоқда. Айни пайтда миллий
романларимизда халқимиз ўтмиши, қадриятлари ва анъаналарини қайта ёритиш
жараёни жадаллашиб, постколониал тадқиқотлардаги қарашлар билан уйғунлашиб
бормоқда.
2024 йилда ўзбек адабиётида ўнга яқин роман яратилган бўлиб, уларнинг ҳар
бири турли эстетик йўналиш ва мавзулар орқали бадиий тафаккуримизни бойитди.
Муҳаммад Алининг “Умрлар гулшани” реал ҳужжатларга, кундаликларга
асосланган роман-эссе бўлиб, муаллифнинг шахсий тажрибалари, адабий
мулоҳазалари ва ижтимоий кузатишларини ўз ичига олади. Муаллиф ўз ҳаётини ва
атрофидаги шахсларни ортиқча безакларсиз, бадиий-публицистик руҳда, табиий
тарзда тасвирлайди. Асарнинг фалсафий мазмуни ижодкорнинг руҳий кечинмалари
ва жамиятдаги ўрни ҳақидаги фикрлари билан бойитилган. Муаллиф ўз ҳаётидаги
адабий таассуротлар, улкан ёзувчилар – Горький, Бальзак, Тургенев ҳақида
мулоҳазалар юритиб, уларнинг ижодий тамойилларини таҳлил қилади. Шу билан
бирга, асар ижтимоий муаммоларни ҳам қамраб олиб, ёзувчилар, санъаткорлар ва
маданият ходимларининг ҳаётини романтиклаштирмасдан, уларнинг мураккаб ва
машаққатли йўлини реалистик тарзда тасвирлайди. Биргина мисол, муаллифнинг
тарих ва халқ олдидаги шахсий жасорати шўронинг ўша даврдаги айрим
ташвиқотчилари юртимиздаги осори-атиқаларнинг халқимизга тегишли жойи
йўқлигини айтиб, оғзига эрк берганида кўринади. Кўп жиҳатлари билан машҳур
ёзувчи Лион Фейхтвангернинг “Муаллиф ҳақида ўзим” номли таржимаи ҳолини
эслатиб юборадиган “Ўз-ўзингни англаб ет” номли эссе ёзишга киришади: “Қаттиқ
ишга киришдим. Битаётган роман бир четда қолиб кетди… Бир ой қимир этмай
эссе билан шуғулландим. Тарих уммонига шўнғидим. “Турон” нима, “Туркистон”
қай ер, турк тарихи ва ҳоказо. Қисинган халқимга, гўёки, тарихингни бил, улуғ
тарихинг бор, ўзинг улуғсан-ку, халқим, шу ҳақиқатни англаб ет, демоқчи бўлдим”.
“Умрлар гулшани”нинг кучли жиҳатлари – унинг ҳаққонийлиги, самимийлиги
ва халқона услубидир. Муаллиф оғир фалсафий услубдан қочиб, содда ва равон
тилда ёзгани сабабли, асар осон ўқилади. Айрим эсдаликларнинг ҳаддан зиёд
чўзилганлиги ва ўзаро боғланмаганлиги муаллифнинг тўқимадан холи самимий
ифода услуби туфайли сезилмай кетади.
Ўтган йили нашрдан чиққан романлар орасида Улуғбек Ҳамдамнинг “Тўрткўча”
романи муҳим адабий ҳодиса бўлди. Ўттиз йиллик тарихий жараёнлар ва
жамиятдаги ўзгаришлар шиддатини якка қаҳрамон – Ўлмас образи орқали талқин
қилган бу роман мазмунан мураккаблиги ва бадиий юксаклиги билан ажралиб
туради.
Роман анъанавий эпик ривоятдан кўра мозаик тарзда қурилган бўлиб, қисмларга
ажратилган ҳикоялар силсиласидан ташкил топган. Ҳар бир қисм ўзига хос ном
остида берилиши воқеалар оқимини тартибли ва ёдда қоларли қилади. Ўлмаснинг
ҳаёт йўли марказий сюжет бўлиб, у болаликдан катта ҳаётга қадам қўйиш, ижтимоий
туб ўзгаришлар даврини ҳис қилиш ва шахсий изланишлар жараёнида инсон
сифатида шаклланиш босқичларини босиб ўтади. Унинг кутилмаган бурилишлар,
танлов ва мушоҳадалар орқали камол топиши романга психологик ва фалсафий
чуқурлик бағишлаган.
Романда асосий эътибор шахс ва жамият муносабатига қаратилган. Ўлмас
нафақат шахсий камолот йўлида тинмаётган образ, балки умумий тарихий
жараёнларни кузатувчи ва тафаккур қилувчи шахсдир. Унинг тилидан самимий
айтилган: “Тавба, элу юрт озми-кўпми таниган бир ёзувчи бўлсам, қанчадан-қанча
одамлар китобларимни ўқиб, хатлар йўллаган, менга кўнгилларини очиб, сирдошга
айланган бўлса-ю, нега менинг ўзим уларга бағримни очишга ийманаман-а?.. Ёки
шунчалар хато яшадимми?..” дейиши юқоридаги фикрларимизни тасдиқлаш учун
етарли.
Очиғини айтганда, бугунги ўқувчи ёзувчидан зарурат бўлса, ўзи билан ўзи
гаплашадиган, ўз хатти-ҳаракатларини тафтиш эта оладиган, ўрни келганида
ўз аъмолидан қусур қидириб, ўзни расолашга бел боғлаган қаҳрамонни кутади.
“Тўрткўча” ана шундай роман – ҳаққонийлик, фалсафийлик ва бадиий теранликни
уйғунлаштирган автобиографик асар. Ижтимоий ва маънавий ўзгаришлар улкан
шахсга айланган замондошимиз тафаккури орқали таҳлил қилингани, тарихий
мерос, мафкуравий бўшлиқлар, мустақиллик давридаги муаммолар ҳақида, баъзи
ўринларда ўткир публицистик руҳда бўлса-да, теран фикрлар дадил билдирилгани
боис, роман ўқувчини чуқур мулоҳазага чорлайди.
Гулнора Раҳмоннинг “Кечиккан тонг” романи ижтимоий-маиший ва фалсафий
муаммоларни қамраб олган асар бўлиб, бир оиланинг тақдири орқали жамиятдаги
зиддиятларни кўрсатади. Роман марказида моддий ва маънавий инқирозга тушган
аёл – Малика турибди. Асарда ретроспектив композиция қўлланилган – ҳозирги
воқеалар ўтмиш хотиралари билан уйғунлашади. Оилавий муаммолар (эрнинг
хиёнати, ажрашиш) ва ижтимоий зиддиятлар (Султоннинг сиёсий фаолияти ва
таъқиблар) асар якунида бир махражда туташади – Султоннинг ўлими Маликанинг
руҳий кечинмаларига сабаб бўлади. Малика – кучли, аммо ҳаёт синовларида
эзилган аёл. Султон – фуқаролик фаолияти ва оила ўртасида иккиланадиган шахс.
Раҳимжон – ўғил сифатида янги авлод умидини акс эттиради. Замира ва Дилсора
каби иккинчи даражали образлар марказий қаҳрамонлар ва асосий воқеаларни
ёритишда ёрдамчи роль ўйнайди. Роман услуби содда, бадиий ифодага бой.
Муаллиф ички монолог ва билвосита нутқ орқали қаҳрамоннинг руҳий ҳолатини
аниқ ифода этади. Масалан, Маликанинг эри ўлганини эшитган пайтидаги
реакцияси унинг ички нутқи орқали – “пиёла синганчалик таъсир қилмади” дея
ифодаланади.
“Кечиккан тонг”да инсон психологиясининг чуқур таҳлили, ҳаётий воқеаларнинг
таъсирчанлиги кузатилади. Бироқ, баъзи сюжет чизиқларининг суст ёритилиши ва
Шерзод сингари баъзи персонажларнинг юзаки тасвирланиши кузатилади. Шерзод
атрофидаги болаларнинг Раҳимжонни намозга чорлаш мақсадида қийин-қистовга
олиши романга зўракилик билан тиқиштирилган бўлиб, ҳар қандай натуралистик
тасвирда ҳам мантиқ борасида адабий меъёрга амал қилиш бош мезон эканлигини
унутиб қўймаслик керак.
Қатор ҳикоя ва қиссалари билан танилиб келаётган Раҳшона Аҳмедова
ижодининг янги босқичи бўлмиш “Тонготар” романи қиссага хос зичлик ва
динамик воқеалар занжирига эга бўлса-да, мазмуни ва муаллиф бадиий мақсади
нуқтаи назаридан роман жанрига яқин келади, дейиш мумкин.
Асарда ўтиш даврининг мураккаб масалалари кенг ёритилган. Муаллиф инсон
ва жамият муносабатларини, ижтимоий-иқтисодий муаммоларни фалсафий ва
психологик таҳлил қилишга уринган. Тарихий ва замонавий воқелик уйғунлик касб
этмаса-да, Нодирабегимнинг қатли билан бошланган фожиалар бизга замондош
Фароғатнинг ўта аянчли тақдирига ҳамоҳанг келади.
Муаллиф романда аёл қаҳрамонлар образи орқали жамиятдаги оғриқли
муаммоларни аямай танқид қилган. Бу борада айниқса, Фароғат, Фотима ва Мунира
образлари яққол ажралиб туради. Жоҳил эридан тарсаки еб, ўз оиласи бағрида ўзини
ёлғиз ҳис қилаётган Муниранинг “Атроф шунчалар биқиқ, торки, қимирласанг,
бошингни урасан. Бир марта эмас, қайта-қайта ураверасан. Чунки бу торликдан
чиқиш йўли йўқ. Бу қафаснинг номи – ёлғизлик” деган хулосага келиши ана шу оғир
муаммоларнинг майда одамлар бошига кулфат бўлиб ёғилаётганлигини англатади.
Романдаги эркакларнинг аксарияти Жабборали каби ўтиш даврида ўзини йўқотиб,
ўз қадр-қимматини танимайдиган шахсларга айланиб боради. Унга ўхшаш қатор
образлар орқали ёзувчи жамиятдаги ижтимоий муаммоларни, маънавий бўшлиқни
кўрсата олган.
“Тонготар”да рамзий образлар талайгина. Масалан, тонгнинг отиши, нур,
ёруғлик каби мотивлар яхшилик ва янги ҳаёт рамзи сифатида талқин қилинади.
Айрим қисмларда аёллар бошига тушган кулфатлар такрорланиб келаётгани
сезилади; негадир умидбахш тонг мотиви асарнинг умумий фожиавий руҳига
тўлиқ мос келмайди. Баъзи қаҳрамонларнинг ички кечинмаларини беришда
ҳаддан ошириб юборилган ўринлар учрайди. Масалан, ўз пуштикамаридан бўлган
чақалоғини кўчадаги ўриндиққа ташлаб кетаётган Фароғатнинг нарироқдаги дарахт
панасида туриб қишлоғидаги аёлларнинг аксарияти ҳаётда қадр топмаганлиги
ҳақида мулоҳаза юритиши, онаси, болалиги ҳақида ўй суриши мантиққа унчалик
мос тушмайди. Иккинчи қисмнинг “Айни дам ўша болалик пайтларини қўмсаркан,
хаёлидан хотинлар ҳали ҳам сув ташиб юргандир, деган ўй ўтди” дея якунланиши
ўқувчида қаҳрамон шахсининг табиий такомилига нисбатан ишончсизлик уйғотиб
қўйиши мумкин.
Романнинг айрим қусурлари муаллифнинг услубан ривожланиш йўлидаги
уринишлари сифатида қабул қилиниши мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам
“Тонготар” ўзбек насридаги муҳим асарлардан бири сифатида ўқувчилар қалбидан
жой олишидан умидвормиз.
Гулжаҳон Мардонованинг “Кўкка учган тулпорлар” романи тарихий мавзудаги
бадиий-этнографик асар сифатида халқимиз маданияти, қадимий анъаналари,
жамият тараққиёти ва алоҳида шахслар тақдири мавзуларига бағишланган.
Асар миллий қадриятлар ва тарихий воқеаларни қаҳрамонлар руҳияти билан
уйғунлаштиргани билан аҳамиятлидир.
Роман Амир Темур давридан тортиб, шўро даврининг қатағон йилларигача
бўлган тарихий жараёнларни қамраб олади. Асардаги асосий қаҳрамонлар халқ
вакилларининг турли жиҳатларини акс эттиради. Масалан, Қобил бобо – аждодлар
анъанасига садоқатли, доно ва оқил инсон; Бобомурод чавандоз – жасоратли,
иродали ва қатъиятли шахс; Норбуви – оддий ўзбек аёлининг сабр ва матонат
тимсоли; Алимардон – ёш авлоднинг шижоати ва адолатга интилишини ифодаловчи
образ, Ойимгул образи асарда ўзбек аёлларининг меҳрибонлиги, сабри, иродаси,
жуфтига меҳр-муҳаббати зиёдалигини мужассам этган. У оиласини бирликда
ушлаб туриш, миллий қадриятлар ва анъаналарни асраб-авайлаш йўлидаги фидойи
ҳаракатлари билан ажралиб туради. Роман халқ достонлари ва ривоятларига ўхшаш
эпизодик қистирмалар билан бойитилган. Жумладан, тулпорлар асарда инсоннинг
руҳий куч-қуввати, орзулари ва озодликка интилиши рамзи сифатида тасвирланган.
Романнинг бадиий қурилиши ва сюжети таҳлил қилинганда бош қаҳрамонлар
қалбидаги зиддиятлар, руҳий тебранишлар етарлича чуқур очилмаган ҳолатлар,
сюжет линиялари бир-бирига йироқ ҳолатлар ўқувчига асар қаҳрамонлари орқали
таъкидланадиган зиддиятлар таъсирини тўла ҳис этишга бироз халал беради.
Романда қамраб олинган турли тарихий даврлар воқеаларини бир-бирига боғлашда
яна бошқача бадиий ечимлар ҳам бўлишини кутасиз. Масалан, Амир Темур
замонидан қатағон йилларигача бўлган ҳодисалар ўртасидаги ўтишлар бадиият
жиҳатдан тарқоқдек таассурот қолдиради.
Ўринбой Усмоновнинг “Қоришқи” романида тарихий мавзу кўтарилган бўлиб,
мустамлакачиликка қарши кураш, ватанпарварлик ва ижтимоий адолат мавзулари
маҳорат билан ёритилган. Асар марказида Раҳмонқул қўрбоши ва Аноржон
додхо номи билан машҳур халқ озодлик ҳаракати қаҳрамонлари ва уларнинг
босқинчиларга қарши матонатли кураши туради. Муаллиф ҳозирги Тожикистоннинг
Суғд вилоятидаги Ошоба қишлоғи жойлашган ҳудудларда маҳаллий аҳолининг чор
Россияси босқинига қарши мардонавор курашини реалистик ва таъсирчан усулда
тасвирлаб, ўқувчини ўша давр муҳитига олиб киради. Асар жўшқин руҳда бўлиб,
ҳикоя тарзи драматик бурилишларга бой.
“Қоришқи” фақат тарихий воқеаларни эмас, балки миллий озодлик, адолат
ва хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни каби муҳим ғояларни ҳам қамраб олади.
Аноржон додхо (Қоришқи) образи орқали бир пайтлар аёлларнинг жасорат
ва ирода бобида эркаклардан қолишмаганлиги ойдинлашади. Асар охирида
босқинчиларига қарши мардонавор курашган Аноржон қаҳрамонларча нобуд
бўлади. Унинг мурдасини ялангликдан топиб олган Азаматнинг аёл жангчи
ҳақидаги қуйидаги сўзлари Аноржонни ўқувчи кўз ўнгида қаҳрамонга айлантиради:
“– Кўряпсизларми? У ифлос, додҳонинг ортидан келиб пичоқ урган. Олдидан
келишга қўрққан. Айтинглар, шу эркакнинг ишими?.. Энди Қўрбошига нима
деймиз? Нега тезроқ келмадик? Ошналар, оғалар, айтинглар, нима деймиз? Қайси
бирларинг босқинчиларнинг ўтакасини ёриб келган додҳо ўлди деб айта оласанлар?
Холмурод, сенми? Ё сенми? Мен айта олмайман! Тилим кесилиб кетсин! Тилим!”
(Шарқ юлдузи, 2024 йил, 12-сон, 125-бет).
Муаллиф Аноржон додҳо тимсоли орқали адолат ва озодлик учун курашнинг
барча учун бирдек муҳимлигини, халқ ўз қаҳрамонларини ҳеч қачон унутмаслигини
бош ғоя сифатида асар тўқимасига сингдирган.
Холмуҳаммад Каримийнинг “Ғордаги омонат” романи маънавий қадриятлар,
авлодлар ўртасидаги ришталарни бадиий акс эттирувчи асар сифатида намоён
бўлди. Бош қаҳрамон Ўктамнинг бобосидан қолган омонатни қабул қилиши
ва унинг маъносини тушуниш жараёни орқали муаллиф инсоннинг ўз тарихига
нисбатан муносабатини таҳлил қилади.
Ўктам асар давомида ҳақиқий шахсга дўниб боради. У аввалига омонатга
шунчаки моддий мерос сифатида қараган бўлса, вақт ўтиши билан унинг маънавий
аҳамиятини англайди. Муаллиф маҳорати қаҳрамонлар руҳиятини, айниқса табиат
манзараларини ифодалашда яққол намоён бўлади. Асардаги пейзаж тасвирлари
нафақат муҳитни тасвирлаш, балки қаҳрамонларнинг ички дунёси, кайфиятини
очиб бериш учун хизмат қилганини кўрамиз.
Ёш ёзувчиларимиздан яна бири Хуршид Абдурашиднинг “Дардисар” романида
реализм, сатира ва мистика уйғунлашган бўлиб, унинг марказий қаҳрамони – Жин.
Ҳотамжон туфайли Кўзаобод шаҳрида яшовчи инсонлар орасига тушиб қолгач, у
жамиятдаги муаммолар, ахлоқий қадриятлар ва инсонларнинг иккиюзламачилиги
ва манфаатпарастлигини фош қилади. Асарда жамиятдаги маънавий таназзул –
инсонлар ўртасидаги муносабатлар ва қадриятларнинг сусайиши Жиннинг ўткир
нигоҳи орқали бадиий талқин қилинади. Сюжет оригинал бўлмаса-да, қочирим
ва мажозларга бой ёзув услуби, мистика ва ҳаёт ҳақиқатларининг маҳорат билан
уйғунлаштирилиши романни ўқишли қилади.
Муаллиф кунимиздаги айрим тўс-тўс ва чекловларга нисбатан енгил юмор
орқали ишора қилиб ўтган ўринлар кўплаб топилади. Масалан, университетдаги
назоратчилар талабаларнинг билим олишидан кўра, уларнинг уст-боши ва
ангорига эътибор қаратишини қуйидаги жумлалардан англашилади: “Назоратчи
Турсунбойнинг қулоғига секин пичирлади: – Америкадан экани яхши, лекин қонун
ҳамма учун баробар. Кейинги сафар оқ кўйлак кийсин, бир; галстук тақсин, икки;
соқолини олиб келсин, уч. Ана, кейин келаверсин. Бу формасини Нью-Йоркигами,
Лос-Анжелесигами борганда кийсин. Айтиб қўй, тушунарлими?” (“Дардисар”,
135-бет.)
Романни ўқиб чиқар экансиз, бадиий қуввати ва жин теварагидаги воқеалар
асосига қурилгани ҳисобига уни қисса деб номлаш ўринлироқ бўлар эди деган
иштибоҳ кўнгилга келади.
Умуман олганда, “Дардисар” нафақат бадиий, балки ижтимоий-танқидий нуқтаи
назардан муҳим аҳамиятга эга. У ўқувчини ҳаёт ҳақида ўйлаш, ҳақиқат ва ёлғонни
ажрата билишга ундайди.
2024 йил ўзбек романлари ҳақидаги кузатишларимизни якунлар эканмиз, энг
аввало, аёл ёзувчиларнинг адабиёт саҳнидаги таъсири сезиларли ортганини қайд
этиш лозим. Шунингдек, ёш қаламкашлар томонидан роман жанрига бўлган
қизиқиш ошгани кузатилмоқда. Улар бир нечта ҳикоя ёки қиссадан сўнг, бирданига
роман ёзишга ҳаракат қилмоқда. Бироқ шошма-шошарлик, чуқур тафаккур
ва бадиий етукликдан йироқ асарларнинг “роман” сифатида тақдим этилиши
хавотирли ҳолатдир. Ҳолбуки, мазкур жанрнинг юксак талабларига мос келмаган
асарни “роман” деб эълон қилиш на адабиётимизга, на китобхонга наф келтиради.
Роман – бу эпик кўламли асардир. Унда халқнинг тарихи, тафаккури арзирли
бирор қаҳрамон тақдирининг теран, мукаммал ва кенг қамровли бадиий усуллар
орқали ифодаланиши бош мезондир. Ўтган йилги айрим “роман”лар бу асосий
талабларга жавоб бермаслиги – адабий муҳит учун жиддий ишора бўлиб, ёзувчилар
ва нашриётлар роман жанрининг юксак талабларини унутмаслиги, унинг эпик
кўлам ва бадиий мураккаблик мезонларига тўлиқ мос келиши шартлигини эсда
сақлашлари лозим.
«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 8-сон