Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

ИТ ЙИЛИ

Муҳсин ҒАНИЕВ – фалсафа фанлари номзоди, доцент. 1947 йилда туғилган. Тошкент
театр-рассомчилик институтининг мусиқали драма факультетини тамомлаган. Унинг
“Ғалати воқеалар”, “Бир бор экан…”, “Истасангиз шу…”, “Зуҳро” номли китоблари
нашр этилган.


Ит йили бўлгани учунми, билмадим, кўча, хиёбон, бекат, дўкон, бозор, тепа ва
пастки қават, лифт, зинапоя, автобус, троллейбус, қўйинг-чи, еру кўкни ит босди.
Ҳатто тушларимда ит қопиб, чўчиб уйғонаман.
Сизга кулгилидир, менга ачинарли. Итга дуч келавериб кўргани кўзим,
эшитгани қулоғим қолмади. Бу қурғурлардан қанча узоқ бўламан десам, улар
шунча рўпарам ё оёғим остидан чиқиб келаверади.
Уларнинг хили, ранги, тури кўп экан. Бироқ тури кўп бўлгани билан турқи
битта – ҳаммаси бир гўр!
Индамайгина, тинчгина юришса майли. Ит бўлади-ю, ҳурмайдими?!
Ачинарлиси, катта кишилар, тузуккина хонимлар, арслондек йигитлар,
сарвиқомат нозанинлар, митти болажонлар, қўйинг-чи, мендан ташқари,
ҳамма ит еталаган. Итлар туфайли баъзан дўконларда озиқ-овқат қолмайди. Бу
жониворлар ҳар қанақанги таомни еявермагани учун, эгалари уларга уринмаган,
айниб қолмаган озиқ-овқат сотиб олиб, зўр пазандаларга ажойиб таомлар
пиширтираркан. Ити овқат емай қолса борми (шундай овқатни-я!), эгаси хафа
бўлганидан юраги сиқилиб, дунё кўзига қоронғи бўлиб, очлик эълон қиларкан.
Итгинамнинг боғи йўқ, емиши қора чарос, деганларича бор экан… Ҳар кимнинг
ити ўзига ўхшайди: уришқоқники – уришқоқ, шаллақиники – шаллақи. Ҳар
кимнинг ити ўзига ёқади, шунинг учун ҳам уни мақтагани мақтанган. Боласини
бунча алқамайди. “Болам ёмон!” деганларини эшитдим-у, “Итим ёмон!” деган
кимсани кўрмадим.
Агар итини мақтаб қўйсангиз, эгасининг боши осмонга етади, хўмрайган
бўлса – чеҳраси очилади, сизга ҳурмати ошади. Шунинг учун, итини етаклаб
юрган чиройли қиз атрофида йигитларнинг бир тўдаси гирдикапалак бўлиб
юради. Унга ёқаман деб итига роса хушомад қилади, ит каби ҳуради, улийди, ҳатто
акиллайдиган йигитлар бор. Итга буни қанчалик ёқиш-ёқмаслигини билмадиму,
қизларга ёқади.
Шунинг учун итлар ҳақидаги китобларнинг бозори чаққон. Йигитлар уларни
ажойиб саргузашт роман сингари қизиқиб ўқийдилар. Йигитларнинг кўпчилиги
итшунос бўлиб кетиши ҳеч гапмас. Кўнгиллари қизда, қизники итда бўлса,
шўрликлар нима қилсин?!
Бизнинг домда қўшниларим итларни кўчага олиб чиққанини кўрсангиз эди.
Ҳар бир дарахт тагида икки-учтаси туради, ўтиради, ётади. Ўйнагани жой
қолмагач, шўрлик болалар итлар билан пойга ўйнайди.
Баъзан домимиз ҳайвонот боғини эслатади. Ёнимиздаги хоналардан ҳурган,
акиллаган, ириллаган, улиган товушлар эшитилади. Бундан юрагим эзилади.
Одамларнинг нақадар шафқатсиз ва золимлигидан ғазабланаман-да, қўлимга
полювгични олиб уйнинг шифти, сўнг поли ва деворларига ураман. Кошки, бу
бағритош одамларга менинг шафқат тилаб қилган ҳаракатларим таъсир этса.
Бекорга уйимнинг поли, шифти ўйилиб, миямнинг тубида чуқур из қолади.
Итларга муносабатим яхши, лекин уларнинг менга нисбатан қараши
бошқача, негадир. Кошки, бу жониворларнинг ҳаммасиям кичкина бўлса. Аммо
кичкинасиям ўз касбини оқламоқчи бўлгандек, олайиб – қаеридан узиб олсам
экан деб туради.
Биттасини, бехосдан чап оёғимдан олганида, тепишга тўғри келди. У акиллади.
Эгасининг кўзлари қонга тўлиб, мени кишанламоқчи бўлгандек ўқрайди-да,
итини занжирга солди. Сўнг нималардир деб ғудранди.
Тишланган оёғим ва йиртилган шимим билан овора бўлганим учун унинг
сўзларига эътибор беролмадим. Бироқ важоҳатидан, яхши сўзлар айтмаганини
фаҳмладим. Шу билан кифояланмай, мени ҳаммага ёмонлайдиган бўлди. Ити
бўлгани учунми, билмадим, қўшнилар унга ишонишди. Аслида, мен итга эмас,
ит менга ташланди-ку?!
Буни қарангки, ўша ит унақа-бунақа эмас, зотдор экан. Нега сочлари жингалак,
пешонасида гажаги бор, деб ўйладим-а…
Зотдор бўлса нима? “Шундай ажойиб ит илтифот қилибдилар-да. Бошқаларни
назарларига илмай, бизни танлабдилар, деб тишлагани учун таъзим қилайми?!”
Бу ҳали кичкинаси, каттасидан сақласин. Каттасини тепиб кўринг-чи!
Бир куни лифтда катта кўппакка дуч келдим. Уни тепиш тугул, капалагим учиб,
нафасимни ютдим. Итнинг авзойи бузуқ, пешонаси тиришган эди. Баъзан ириллаб
қўярди. Шунда унинг тишларига кўзим тушди – катта экан. Қозиқ тишлари бош
бармоқдек келади. Бир сўз билан айтганда – даҳшат!
Қўшним эса, жаҳлимни чиқариб: “Итим яхши, ақлли-ҳушли, тишламайди”,
деб турибди. Қизиқ, у кимни лақиллатмоқчи: меними ё итни?
Қайси бирини тушунай? Бу вазиятда итни тушунганим маъқул бўлса керак.
Лекин мен учун шу нарса аён: бу зотдор ит бир кунмас, бир кун эгасини еб қўяди.
Итга самимий муносабатимни билдириш учун илжаймоқчи бўлдим. Аммо ит
тиш оқини ёмон кўришини эслаб, оғзимни рўмолча билан ёпдим.
Кичкинагина жойда катта ва кўзи қонга тўлган кўппак билан тўқнашиб қолсанг,
унинг кайфияти ва кўнглига қараркансан. Қарамай кўр-чи – итлиги тутиб, нозик
жойингга тишини ботириб олади. Ахир, ит итлигини қилади-да.
Итдан узоқроқ туриш учун, лифт деворига михлаб қўйилгандек ёпишиб,
билинар-билинмас нафас олиб турибман. Ит эса, бирон нарса эсига тушгандек,
менга қараб ириллади.
Яхшилаб эслаб кўрсам – ўртамизда ҳеч қандай гап-сўз ўтгани йўқ, арпасини
хом ўрган, овқатини тортиб олган эмасман. Чунки уни биринчи кўриб туришим.
Ким билади, эҳтимол, бу ит эмган мен билан бир лифтга тушишни ўзига
муносиб кўрмагандир. Не қилай, хатоимни кеч англабман. Билсам, ит бор лифтга
асло кирмасдим. Лифтнинг эшиги тезроқ очила қолмайдиям.
Янаям уйимиз юзинчи қаватдамас, бўлмаса итнинг сабр ялоғи тўлиб,
ташланиши турган гап эди. Қизиқ, америкаликлар нима қиларкин? Ҳар ҳолда ит
билан бирга юзинчи қаватдан тушишнинг ўзи бўлмайди.
Итлардан ишхонадаям қутула олмадим. Тўғри, ҳеч ким бу ерга итини
етаклаб келмайди – қоровул қўймайди. Лекин “Ит йили” дейишиб, итнинг катта
суратларини катта пулга сотиб олиб, ҳамма деворларга ёпиштириб ташлашди.
Ҳойнаҳой, уни касаба қўмитамиз маданий тадбир сифатида уюштирган бўлса
керак.
Атайлаб қилгандек, менинг хонамга ҳалиги лифтда дуч келган зотдор
кўппакнинг суратини ёпиштириб қўйишибди. Аввалига кўзимга кўринди, деб
ўйладим, кейин сочларим тикка-тикка бўлиб, рангимда ранг қолмади.
Э, Худойим-эй! Бу ит йили қачон тугайди?!.

«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 7-сон

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil