Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Сендан гўзал эди дардларинг

Шуҳрат ОРИФ – “Дўстлик” ордени соҳиби. 1981 йилда туғилган. Ўзбекистон Миллий
университетининг журналистика факультетини тамомлаган. Ижодкорнинг “Мен асли
одаммас, ёр эдим”, “Шом товуши” номли китоблари нашр этилган.


* * *
Сени олиб келган шамоллар таниш,
Улар мени ташлаб кетганди бадар.
Кўксимда қовжираб битган умидим,
Наҳот етиб келдинг қисматга қадар.


Ҳаммаси чалкашди туғилганимда,
Билмам келганимдан ким кўпроқ ютди.
Умрим шамол кутиб ўтиб кетгандай,
Наҳот бир шамолни мен қирқ йил кутдим?!


Ҳадисини олдим яшамоқликни,
Ўзим бошқадирман, бошқадир лойим.
Ўзгача бўлмоғи мумкин эди, лек
Шамоллар кечикди менмас, Худойим!


* * *
Сендан гўзал эди дардларинг
(Мен уларни севдим аслида).
Менга туҳфа этдинг маъюслик,
Умримнинг энг маъюс фаслида.


Кўзларимдан изладинг бахтни,
“Бахтли бўлмоқ шартми, гул”, дедим.
Одам каби яшагим келмас,
Одам каби севмоқчи эдим…


Биз лойиқмиз буюк қисматга,
Майда қисмат бахтли бўлмоқлик.
Кўзларингнинг ёшини кўрдим –
Энди ечим эмас ўлмоқлик!

* * *
Орамизда йигирма куз бор,
Йигирма баҳор бор сарсари.
Орамизда ҳамма бахтиёр,
Иккимиз – энг бахтиёр ғариб!


Орамизда – исмсиз йиллар
Ва милярд одам бор исмли.
Орамизда – соқов кўнгиллар,
Орамизда – сершовқин жимлик…


Орамизда – висол ҳадиги,
Орамизда – бахт тиклаган дор.
Орамизда кўпмас… атиги
Йигирма томчилик кўзёш бор…


Орамизда қисмат саргардон,
Орамизда – зериккан қафас.
Орамизда дунё сақлар жон,
Фақат бизга етмайди нафас…


Орамизда севги бор, гулим –
Биргалик йўқ, лек бир бўлиш бор.
Бизга ҳавас қилади ўлим –
Исмингни пичирлаб ўлиш бор…


Каъба қаршисида


Йўллар хаёлларимдек чалкаш,
Шу йўлларда шамолдек елдим.
Эшигингни очгин, Худойим,
Бир йигитни етаклаб келдим…


Ҳеч бир йўлга дохил қилмадим,
Бари вайрон бўлган менгача.
Англадимки, умримда мен йўқ,
Менинг умрим – Сендан Сенгача!

Тириклик чиптамдир, ҳаётим
Сенинг хабарингни кутмоқлик.
Оёғим заминга боғланган,
Юрак эса осмонга боғлиқ…


Йиғламоққа ғайратим етмас,
Қисмат эса кулгани кулган.
Йўллар хаёлларимдек чалкаш,
Манзил термулгани термулган…


Ҳол


Сўзсиз кезинаман соҳилда,
Худо билан қолгандек ёлғиз.
Денгиздек масъум ва осуда,
Ором олар қайдадир бир қиз…


Денгиз тўлғонади безовта
Уйқусидан уйғонди бир қиз…
Сўзсиз кезинаман соҳилда,
Худо билан қолгандек ёлғиз…


***

Сўзсиз термуласан қаршимда,
Биламан – кўп менга айтаринг.
Ўкинма. Йиғлама. Сўзлама.
Бари таниш, кўҳнадир бари…


Сўзсиз термуласан қаршимда,
Нигоҳимни этасан таъқиб.
Ҳаммасига рухсат берилган,
Ҳаммасига қўйилган тақиқ…


Сўзсиз термуласан қаршимда,
Кўзларингда минг йиллик гина.
Бадар кетган ошиқлар каби
Ўтаяпман сассиз, жимгина…


Сўз демайман. Кетасан ғамгин,
Изларингдан тўкилади оҳ.
Бу ҳам бахтдир – соқовдек яшаб,
Ўзинг билан сўзлашиб ўтмоқ…

Манзара


Япроқлар шивирлар – саволлари кўп,
Япроқлар шитирлар – тили кесилган.
Дарахтлар тазарру онини англаб,
Кўйлагини ечиб жойнамоз қилган…


Кимдир келишини кутар ўриндиқ,
Гўё ниманидир келган фурсати.
Тангри бандасини бунча севмаса –
Видо борлигини қўяр кўрсатиб…


Кўкка совурилди яна бир имкон…
Сокин талвасада титрайди олам.
Йиғилар оралаб хиргойи қилиб,
Ҳаллослаб бозорга кетмоқда одам…


* * *
Хонқизидек ғимирлар умрим,
Йиллар норозидек кунлардан.
Лаҳзаларнинг ҳаловати йўқ,
Ҳижрон иси келар тунлардан.


Баъзида ҳаммаси мукаммал,
Баъзида ҳаммаси чаладек.
Минг бир тадорикда яшайман,
Фотиҳини кутган қалъадек…


Тақдирнинг исмини топмадим,
У – имлоси эскирган чизма.
Дарёлардан рўшнолик тилаб,
Ўтаётган шўрлик денгизман…


Тўлқинлар киради тушимга,
Денгизман ва лекин исбот йўқ.
Хижолат чекмайман, барибир
Исбот сўрайдиган бир зот йўқ…


* * *
Менга ачинма, эй дўст,
Сен менинг рақсимни кўр!
Кулгуларимда балққан
Қондаги аксимни кўр!

Кўзни бойлаб дорбоздек
Чопа оламан дорда.
Дунёдек ўсар эдим…
Қурғур шу юрак бор-да!


Бир кун келади умрим,
У менга ўхшамайди.
Мен йиртган кўйлакларни
Онам каби ямайди…


Ҳаёт – Румийдан қолган
Овозсиз чилдирмадир.
Мен уни танидим-у,
Ҳеч кимга билдирмадим…


* * *
Мендек зерикканга ўхшайди кузак,
Мусича сингари оғир хўрсинар.
Бизни баҳорларда адаштирган қиз,
Сарғайган боғимиз келиб кўрсинлар.


Хазонлар – ошиқлар қабристонига,
Умидини кўмиб қайтар турналар.
Самода юрагим суратин чизиб,
Сизнинг исмингизни айтар турналар…


Бизни бу бекатда ҳеч ким танимас,
Ҳаёт – мен кўришни истамаган туш.
Биламан қайдадир турибсиз илҳақ,
Сочингиз елкандек ёйиб фаромуш.


Кимнидир, ненидир кутдим ишониб,
Осмонга термулиб ўтдим теракдай.
Хазон бўлиб ҳамки кетолмаяпман,
Гўёки ҳалиям сизга керакдай…


Япроқдек омонат тебранади дил,
Тамаки тутатар яна ғолиб куз.
Дунёни бир гўзал рангга бўярдим,
Афсус, сиздан олдин куз келди, афсус…

«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 7-сон

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil