
Шавкат РАҲМОН – (1950–1996). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.
Москвадаги Адабиёт институтини тугатган. Шоирнинг “Рангин лаҳзалар”, “Юрак
қирралари”, “Очиқ кунлар”, “Гуллаётган тош”, “Уйғоқ тоғлар”, “Ҳулво”, “Сайланма”
номли шеърий китоблари нашр қилинган. Ф. Г. Лорка, X. Р. Хименас, А. Альберти
шеърларини ўзбек тилига таржима қилган.
* * *
Сен мени билмайсан,
Билмайсан, йўқ, йўқ!
Оловдан ёмонман, сувдан баттарман.
Турарман, эшикни ёпарман қаттиқ,
Бош оққан томонга кетарман.
Мен қайтиб келмасман,
Хайр, бахтли бўл!
Вақтни сўрайди йўлда қоровул.
Мен чекиб бораман, ортга қарамай,
Жилпанглаб ўтади сўнгги трамвай.
Уйга ҳам етаман қоқ ярим тунда,
Жойимга ётаман чиқармай нафас.
Сен ухлай олмайсан, жуда яқинда
Энтикиб, энтикиб
Оласан нафас!
Баттол орзуси
Халақит беради
ҳамиша бу вақт,
бемалол ишлашга қўймас бизларни.
Қанча чўлпонларни отувдик пақ-пақ,
зўрға яширгандик қонли изларни…
Аммо вақт очворди…
биз гумдон қилган
ҳозирча… ўттиз-қирқ милёнта мурда
содда – гўл халқларга жи-и-ндай тешилган
калла чаноқларин кўрсатиб турар.
Хўш, мунча ваҳима…
ахир сиёсат
вақти-вақти билан қон талаб қилар,
ахир ҳурфикрлик деган риёзат
ҳар қандай давлатни йиқита билар.
Инсонпарварликдан қайтганимиз йўқ,
ҳалиям тошларни кесар болтамиз.
Агар керак бўлса,
ўқларимиз кўп,
ҳаммани бир бошдан пақ-пақ отамиз.
Чўлпон-пўлпон дейсиз,
ишимиз катта,
тарихга сиғмасдан турар ўжарлар,
жаҳолат босган тўрт асрни ҳатлаб
Бобурни олувдик энди мўлжалга.
Аммо сал кечикдик…
чала қолди иш,
вақт ҳам мудраб қолар – ҳали кўрамиз,
Навоий мулла бор, тағин Яссавий,
нарида Қошғарий,
бор-ку Тўмарис…
Озодлик
Қорли уваларда қора қўтослар,
темир ҳалқалар бор бурунларида.
Бир жойда айланар бутоқ чўлларнинг
дарага қамалган қуюнларидай.
Қамчинлар тарсиллар,
ёрилар ҳаво,
қий-чувлар,
ҳуштаклар,
суронлар жўшар, ҳарсиллар,
гулдурар ўжар қўтослар,
жон кириб қутурган тоғларга ўхшаб.
Қорлар қораяди…
орқада қолар
қамчинлар овози,
шавақи саслар.
Энди бирин-кетин кенгликка эмас.
қорли чўққиларга ўрлар қўтослар.
Бу йўл сўнгги йўлдир,
ягона йўлдир,
уларни на шамол,
на қоя тўсар.
Қўтослар ўрлайди тик чўққиларга.
поёнсиз борлиқда чўққилар ўсар…
* * *
Биродар яшайбер, йиғлаб ва кулиб,
Чайир билагингда оқар қувватинг.
Қайта туролмасанг бир кун йиқилиб,
Ачинма, бошқага қолар ниятинг.
Боравер ғовларга аччиқма-аччиқ,
Тилка-пора бўлсин, ўртансин юрак.
Биродар, дунёда, гапирсам очиқ
Фақат яхши ният яшаши керак.
Чидамак мумкинмас, мумкинмас сира,
Ҳамоқат ҳайқирса, боқилса ўғри,
Фаҳш юрса, менман, деб тоза, бокира,
Тўғрилиги учун қийналса тўғри.
Ҳали жуда кўпдир каламушният
Дунёни кемириб, сотиб юрганлар.
Умрида ўтқазмай бирорта дарахт,
Занчалиш кўксига муштин урганлар.
Курашсанг арзийди ҳақиқат учун,
Курашиб юрганлар ҳақдир, одилдир.
Қотиллик қилганлар қотил-ку, лекин
Кузатиб турганлар асл қотилдир.
Яшайбер, қалбингга ишониб, мағрур,
Яшайбер, бўлсанг ҳам оромдан йироқ.
Ғолиб чиқмоғлигинг жуда ҳам зарур,
Бошқача бўлиши мумкинмас бироқ.
Авж
Мен, шубҳасиз, парчаланаман,
шундай тугар буюк хизматим.
Кимга кўзим, кимга пешонам,
кимга тегар қизиқ қисматим.
Ғалаёнга тўла вужуддан
охир дунё бўладир халос.
Ер остига кириб кетарман
барча мўмин бандаларга хос…
Бироқ ерда мангу яшайдир
кўҳна юзим, ўйчан кўзларим,
демак, ўлмас бу дунёда ҳеч
Худо берган эзгу сўзларим.
Улар янграб тинмай айланар
разолатнинг теварагида.
Мен-чи, мангу кулиб ётарман
қулоқ солиб ернинг тагида.
Мендан нима қолур…
Умр – қумсоат ҳам
яримлаб қолди,
кўнглим тўлгани йўқ билганларимдан.
Ёдимни оғритар кечирганларим,
кўпдир қилмаганим қилганларимдан.
Кечалар тобора ойдинлашади,
кўзингда қуёшнинг чечаги сўлмас,
яшагинг келади,
фақат умрни
қумсоат сингари тўнкариб бўлмас.
Гўзаллар ёдимдан ўчдилар бир-бир,
дўстларим бағримдан кўчдилар бир-бир,
йилларим узилиб тушдилар бир-бир,
фақат бу кўнгилни тўлдириб бўлмас.
Кун келди,
оҳларинг учадиган кун,
юрагинг оламга сиғмайдиган кун,
юзингни босганча ернинг юзига
силкиниб-силкиниб йиғлайдиган кун.
Кимни бахтли қилдим,
кимни умидвор,
кимларга кўнглимни ёриб сўйладим.
Қўлимни бердимми мозий қаъридан
чўзилган саноқсиз ожиз қўлларга?!
Қуёш даласида эгилганларнинг
енгилроқ қилдимми оғирлигини?
Айтдимми кимларнинг асл дўстлигин,
кимларнинг ҳақиқий ёғийлигини?!
Кун келди
бошингни эгадиган кун,
ҳаттоки ўзгалар гуноҳи учун
юзингни босганча ернинг юзига,
силкиниб-силкиниб йиғлайдиган кун.
Менда нима қолур,
абадий нурлар
барқ уриб яшнаган дунё томонда?
Уриниб-суриниб, сира тўлмаган
бир Кўнгил қолади
қолса ҳам мендан…
* * *
Бағри ёмон баттолларга бор,
Қаҳри ёмон қаттолларга бор;
Қон ялаган қассобларга бор,
Сўз ўйнаган каззобларга бор;
Иймонидан кечганларга бор,
Бор-йўғини ечганларга бор
Нега менга келасан, эй дард,
Нега менга келасан, эй ғам!
* * *
Наҳот шеърлар айтдим
бўшлиққа қараб,
наҳотки соврилди олов сўзларим,
наҳотки ҳақ бўлса, элу юрт асли
қуруқ сўзлар, деган гумроҳ дўстларим?!
Наҳот, бекор ўтди
гулдай умримнинг
минг йилга татирлик олтин чоғлари,
наҳот бирор руҳни уйғотолмади
шоир юрагимнинг қалдироқлари?!
Наҳотки, бирорта дилга етолмай,
беҳуда сарфланиб қанча куч-чидам,
келиб кетаверар ёруғ дунёга,
келиб кетаверар мендай куйчилар?!
Ёрилган ҳаракат баёни
Бир одам изладим…
изладим ғариб,
жуфти йўқ бургутдай хунук қишладим.
Кездим армон тўла бир жом қидириб,
малаклар йиғлади,
итлар тишлади…
Умринг узоқ бўлсин,
эй дарёжоним,
ҳуснингга ҳирс билан назар солмадим.
Занжирлар товшига тўлганда ёдим
ўзингдан ўзга бир дилдор қолмади.
Қолмади бир илинж,
ишонч қолмади,
ваҳший даҳоларнинг макри билинди.
Ит базми қизиган ойсиз шомлардан
қизғониб опқочдим дарё дилимни.
Бу чиркин оғизлар…
синган каллалар…
иғводан, бўҳтондан осилган тиллар…
ҳирслар лашкарлари босган паллада
шоҳларин бўғизлаб тишлаган диллар.
Бу қуёш хўрланган…
бу ой зўрланган…
зарлари таланган бу содда жабал.
Қон, ароқ, пешобни эмиб тўралган
буваклар бўкириб йиғлаган маҳал
ё Худо дедиму
нурлар ўйнаган
пешонам илк бора тупроққа тегди,
ё Худо дедиму
эркин гуллаган
дарёдил самога дилимни бердим.
Умринг узоқ бўлсин,
эй, дарёжоним,
кечалар қаърида бир гул йиғлади,
юзимга сачради бир булбул қони.
кўнглимга бу дунё
нечук сиғмади?!
Нечук бағрингдаман,
кимнинг ишқида?
Нечук ёлвораман умрингни тилаб?
Улкан жасадимни тошлар ичида
юварсан энг нозик қўлларинг билан.
Айтгил, эй дарёжон,
бормиди зулм?
Тоғлар силсиласин бузворди нола:
“Гулларнинг баргини емаган, гулим,
булбуллар қонини ичмаган, болам”.
«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 7-сон