
Ситора ШОДИЕВА – 1992 йилда туғилган. Бухоро давлат университетининг
филология факультетини тамомлаган. Шеърлари республика матбуотида эълон
қилинган.
* * *
Яхшиям сўнг сўзни айтмаганимиз,
Хайрият, суҳбатинг чала қолгани.
Балки бу мен учун охирги имкон,
Оғриқларим билан яшаб олгани.
Шукурки, ёнимда эмассан билсанг,
Сезмай ўтаяпсан қийноқларимни.
Сен бундай азобни топа олмайсан,
Кўчириб ташлаб ҳам тирноқларингни.
Неча юлдуз учди нигоҳларимда,
Кафтимда ўсдилар минг-минг илтижо:
Бирлаштириб қўйма йўлларимизни,
Мени оғриғимдан айирма, Худо.
Шу қадар топиндим қоронғиликка,
Қуёшнинг рангини унутдим буткул.
Жирканч ёлғизликдан хабар топгандай,
Тонгларнинг тўни терс, туйғулари тул.
Ярим қолди суҳбат, ярим қолди сўз,
Юраклар яримдир, яримдир бари.
Сен келсанг, билмадим яшарман қандай,
Сенсиз яшаяпман телба-тескари.
* * *
Кўзларинг – умримни ютган аждаҳо,
Бағринг – бахтсизлигим йиқитган чоҳдир.
Қўлларинг – қалбимга солинган занжир,
Қадаминг – қибламни янчган гуноҳдир.
Тун – қора қоғознинг қора чизгиси,
Сенингсиз отмади севгирангли тонг.
Ҳижронинг кўнглимнинг кесиб тилини,
Ўзи севги дея бонг урмоқда, бонг.
Йўлларинг – ошиқнинг ғамидай узун,
Соқов дилни судраб боравердим мен.
Ҳизрни, Раҳмонни, Жабборни чорлаб,
Жабрингдан чил нураб боравердим мен.
Гарчи сиртимни ҳеч чиқмади ёриб,
Ҳисларим – эзилган анор донаси.
Игналарга тўла чевар дунёда,
Ишқинг – юрагимнинг ангишвонаси.
* * *
Сенга келдим…
Минг йиллик ғамнинг,
Ғафлат тўла исканжасидан.
Мен юракни аранг қутқардим
Қабоҳатнинг зил панжасидан.
Келдим…
Зардоб тўла кўзларнинг
Порласин деб қорачиғлари.
Тун ёқасин йиртганда моҳтоб.
Чириб битар ғусса тиғлари.
Келмасмидим…
Шул нигоҳларга
Оҳ, янгидан бўлмоққа маҳбус,
Коинотда ўқилиб ҳукм
Ва мангуга қолсам то ҳануз…
Қайтмас эдим…
Ишққа тирмашиб,
яшамоқни билардим шараф,
Эсиз сенга келмаган умрим,
Сенга элтмас йўлларимга ҳайф…
Сенга келдим…
* * *
Биламан, келасан қачондир,
Қизил қор ёғади ўша кун.
Келасан, ўзингга бўйсунмай,
Борингни қилиб кунфаякун.
Сўнг ҳали исмини билмаган,
Туйғудан топасан бахт, ҳузур.
Нигоҳлар учрашган лаҳзада,
Дунёга ўт кетар, қараб тур.
Ва… яшаб қоламиз иккимиз,
Бир сиқим куюнди ишқ қолар.
Кўксингга бошимни қўйганда,
Вақт шошар, вақт қочар, вақт ёнар.
Эҳтимол, қарғишга учраган,
Лаънатлар, гуноҳлар туғилар.
Манглайга қорамтир доғ босиб,
Муҳаббат юракдан қувилар.
Биламан… келасан қачондир,
Тиланиб ўтмишдан ижозат.
Сенсизлик қабрига ташланган
Кўнглимни қилгани зиёрат.
«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 6-сон