Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

ДЕРАЗА ОЛДИДАГИ АЁЛ

Қулман ОЧИЛ – Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист. 1957
йилида туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика
факультетини тамомлаган. “Жайдари фалсафа”, “Сой соҳили”, “Баракали йигит”,
“Қасд”, “Сайёра”, “Гардан ва гардун” каби тўпламлари чоп этилган.


Ҳикоя


У бехосдан уйғониб кетди. “Октава” деган сўз, ҳа, айнан сўз тушига кирган ва
миясида қуюндай айланиб, тинимсиз акс садо берарди: “Октава, октава, октава-а!”
Ажаблангани – кимдир, кимлигини аниқ илғай олмади, шивирлаб айтган шу
биттагина сўз тушига кирибди. Хўп, кирган бўлса, касб-кори, туриш-турмуши
мусиқадан хийла узоқ одамнинг тушига нега келиб-келиб бу – лотинчами, юнончами,
инглизчами, ишқилиб, ажнабий калима киради?
Девор соатда 02:14 рақамлари хирагина милтираб турарди. Хаёлини жамлаган
киши бўлиб, уйқусида кўрган сирли кечинмаларини суроблашга ва таъбирини
тахминлашга уринди. Ўқиган-эшитган жойи бор: октава – мусиқага дахлдор сўз. Ўзи
уни бирор марта бўлсин на тилга олгани, на ёзгани эсида. Иши тушмаган. Пешонасига
иншоотлар лойиҳасини тайёрлашу инжиқ буюртмачиларга маъқуллатишдек серғалва
ишлар ёзилган нуфузли ширкатнинг серташвиш раҳбаридан мусиқий оҳанжамалар
хийла йироқ.
Тушга нималар кирмайди, деб хаёлан қўл силтади у ва ёнбошига ағдарилиб,
ухламоққа берилди. Кўзи илинар-илинмас, бу сафар отасининг ҳайқириғидан
уйғониб кетди: “Туринг, болам, тезроқ туринг! Китобларингизни кимдир қақшатиб
ётибди!”
Миясида чақмоқ чаққандай бўлди. Боя шуурида патифон пластинкасидек
ғийчиллаб айланиб қолган “октава” сўзини ҳам шивирлаб айтган отаси эмасмиди?
Худди шундай: отаси! Бироқ меъмор ўғлинингки элас-элас фаҳми етадиган бу ғирт
ажнабий сўзни саксондан ошган деҳқон одам қаёқдан билсин?..
Ёнида ухлаб ётган хотинини уйғотиб юбормаслик учун секин туриб, дераза
пардасини авайлаб четга сурди. Еру кўкни бўлиб-парчалаб ташлагиси келгандай,
момагулдурак гумбурлаб кетди. Кўча-кўйдаги автомобиллар чинқириб юборди.
Тараққос бойлаб келган ёмғир ўзининг тасир-тусурини қандай бехосдан бошланган
бўлса, чанг-тўзонни бостиришга ҳам улгурмасдан, “дийдорига тўйдирмас”дан
шундай тез ўтди-кетди. Қирмизи гулларини кўрсата бошлаган навниҳол арғувон
шумшайиб қолди. Изидан, мана сенга, дегандек шовуллаганча қуйиб юборган жала
деразага рутубат пардасини тортди-қўйди.– Ҳа, нима бўлди? – хотинининг ҳорғин овози келди. – Бирорта жонон тушингизга
кирдими дейман? Уйқунгиз қочиб кетди.
Эр синиқ жилмайди ва кўчага ишора қилди: кўрмаяпсанми? Аёлининг кўнгли
жойига тушди, чоғи, оғзини катта очиб эснади-да, бошини яна ёстиққа ташлади.
Меъморнинг иккинчи қаватдаги иш бўлмасини сув-пув босмаган, жиҳозларига
ўт-пўт кетмаган. Ўнг томонни саросар эгаллаган ойнаванд жавондаги китоблари,
ўртадаги чизмачилик тахтасидаги қоғоз-қаламлари, ёзув столи, ашқол-дашқол – ҳаммаси ҳар доимгидек жой-жойида. Икки ўғли икки хонада донг қотиб ухлаб
ётарди.
Гарчи хаёлидан, тушга нималар кирмайди, деган фикр боз ўтган бўлса-да,
кўнглига оралаган безовталик беҳуда эмаслигини сезиб турарди. Луғатдан топилган
икки изоҳ – “диатоник гамманинг саккизинчи босқичи; шу гаммада бир номдаги икки
нота оралиғи”ни соҳа аҳлидан бошқа тушуниши маҳол. Учинчи изоҳ жўнроқдай
туюлди: “Октава – эркак кишининг жуда паст овози”.
Ишга отланар экан, одатига кўра, эшик олдидаги кўзгуга нигоҳ ташлади.
Майсадек мулойим соқол-мўйлаби оқ юзига ярашиб тушган барваста, рухсори очиқ
йигит унга ўйчан боқиб турарди.


Ишдан эртароқ чиқиб, тоғ сари йўлга тушдилар. Отаси уч кун бурун телефонда
тайинлаб айтган илтимосни энди орқага ташлашнинг сира иложи қолмаган. Дарвоза
тепасидаги “Сиҳатгоҳимизга хуш келибсиз!” деган каттакон лавҳа тагидан ўтиб, уч
қаватли бинонинг олдида тўхтаганларида аллақачон қоронғи тушиб бўлган, атроф
жимжит, меъмор кўнглининг бир чети эса ҳали-ҳамон ғаш эди.
Сўраб-суриштириб, ота қадрдони – қишлоқ оқсоқоли билан унинг увоққина
кампири қўнган хонани топдилар. Хона танишдай туюлди. – Ҳожи бобо билан ҳожи она ҳам шу ерда даволанган эканлар, – деди азза-базза
йўқлаб келган ҳамқишлоғини ўтқизишга жой тополмай қолган оқсоқол. – Хонамиз
ҳам, дўхтиримиз ҳам бир чиқди. Айтганча, дўхтир синглимизнинг бирор гапи борми,
сизни икки-уч марта сўрадилар.– Ким экан у опа? – дея ажабланди меъмор. – Бўлим мудири, – деди оқсоқол ва маъноли томоқ қириб қўйди. – Кўҳликкина
аёл. Бугун навбатчи эканлар. Ҳалигина хабарлашиб кетдилар.
Қишлоқдошлари олдида андишага бориб тургани билан, кўзларига маъюслик
муҳрланиб қолган ювошгина, бечораваш жувонни дарҳол эслади. Аёлнинг
қамишдай тик ва ингичка қомати хаёлида гавдаланди.
Долоннинг охиридаги бежирим оқ эшикни секин чертди. Шошиб-пишиб
қўйилган қадам товушлари эшитилиб, чироқ ёқилгани ва аёл кишининг таниш
овози келди: “Келинг”. – Мумкинми?
Тўрда ўтирган оқ халатли аёл дик этиб ўрнидан турмоқчи бўлди ва юзлари
буришиб, яна курсисига ўтириб қолди. Пастки лабини тишлади. – Ия, нима бўлди?! – Тиззамни столга уриб олдим!– Узр-узр!.. Сизни безовта қилиб қўйдим-а?– Йўғ-э! Зиёни йўқ, шошганда бўптуради.
Кулишдилар. Аёл жилмайганида хийла сўлиб, ёшлик тароватини эрта йўқота
бошлаган лаблари, кўзлари атрофида ажиннинг қалам учида чизилгандек нозик
излари кўриниш бериб ўтди. Ҳожи бобони эсладилар. Дўхтир чол-кампирнинг ҳол
аҳволини сўрар экан, уларни ҳавас билан алқади. Нақадар аҳил, бир-бирига нақадар
меҳрибон. Тилларидан бол томади-я! – Нега дам олишга олиб келмаяпсиз?
Меъмор елка қисди:– Келгилари йўқ. – Вой, нега-а? – ажабланди шифокор. – Шароитимиз ёқмайдими? – Ёққанда қандоқ. Сизни эслаганларида-ку, икковлари баравар дуо қилишга
тушади. Йўли узоқ эмиш. Ўзингиздан қолар гап йўқ: кексалик.
Орага ноқулай сукут чўкиб, жим қолдилар. – Лекин сиз ёшсиз-ку! – деди аёл бирдан овози титраб. – Сиз нега кўринмай
кетдингиз? – Бизни кўриш жуда осон, – деди меъмор ҳазил оҳангида. – Чиптаям олиш шарт
эмас, бож ҳам тўлаб овора бўлиб юрилмайди!– Шубҳам мўл, – дея ҳазилни илиб кетган бўлди аёл. – Жуда мўл! Котибингизми,
ёрдамчингизми – билмайман, ўлса ўлади, лекин бирор марта сизни телефонда улай
демайди. “Йўқлар”, “мажлисдалар”, “сафардалар”… Қаердан топгансиз бундай
баракат топкур йигитни, а! Раҳбар одамнинг тилли-жағли, оёқ-қўли чиққонгина
котибаси бўларди.
Эркакнинг боши эгилди.– Ишимиз оғир. Ширкатимизда аёл киши йўқ ҳисоби. Дош бериши қийин. –
Бошини кўтарди. – Ҳай, бизни қўйинг. Ўзингиздан гапиринг. Ўзингиз қалайсиз?– Қалай эмас, олтин! – жувоннинг юзида истеҳзо аралаш жилмайиш пайдо бўлди. – Мана шу хонага эртаю кеч қоровуллик қилиб ўтирибман.
Ишхонасидаги қизлар билан унда-бунда театр-меатр, концерт-пансертга
тушганларида, шунча йўлдан ўз оёғим билан шаҳарга келдим, бирров саломлашиб
ўта қолай деб, бир эмас, уч марта излаб борибди. Меъморнинг идораси вазирликнинг
биносида эмасми, киритишмабди. – Қачон? – меҳмон қизариб-бўзариб кетди.– Ўша йили. Уч йил бурун.– Уч йил? – у, ҳайронман, дегандай елкасини учирди. – Уч йил ўтиб кетдими?– Ўтмай нима қилсин?.. Тағин боришга, тўғриси, иймандим.
Стол қиррасидан ўпкалаб турган тиззанинг лўқиллаган оғриғини унутиш
кўйида аёлнинг жавобини кулгига олдилар. Жувон меҳмонни “янги арғумоқ” билан
қутлаган бўлди. Аввалига танимабди. Олдингиси новвотранг эди-да. Буниси қора.
Хўжайинидек кўркам, салобатли. Лекин рақами ўша-ўша. Мотор товушини эшитиб,
шартта чироқни ўчирганини ва деразадан қараганини айтди. Меъмор машинадан
шошилмасдан тушиб, қаддини ғоз тутиб қадам ташлаганию “семизгина” елим
халтача кўтарган ҳайдовчиси изидан пилдираб эргашганигача кўриб-кузатиб турган
экан.
Аёл унга маъюс, лекин таънали қаради. – Бир куни мана шундай, ширин жилмайиб кириб келишингизни кўнглим
сезарди. – Бирдан кўзлари ёлқинланиб кетди. – Ишонардим!..
Меъмор бир зум ўйланиб қолди-да, қуруққина қилиб жавоб қайтарди:
– Ҳечдан кўра, кеч! Келдим-ку!
Аёл хўрсинди.– Эх Вы! – деди бирдан русчага ўтиб. – Йигит киши-я!– Тинчликми? – дея яна чайналди меъмор. – Бизга бирор хизмат бормиди?– Қандай хизма-ат?! – аёл совуқ егандай қалтираб кетди. – Сизни соғ-омон
кўришдан бошқа яна қандай хизмат бўлсин!..


Озиб-ёзиб дам олишни ният қилган чол-кампирнинг меҳрибон шифокорга дуч
келганларидан бошлари осмонда эди. – Дўхтиримиз сизни кўп сўрадилар, – деди меъморнинг онаси. – Ўғлингиз қаерда
ишлайдилар? Ёшлари неччида? Фарзандлари кўпми?– Баъзан чойимизгача ўзи дамлаб беради, – деди отаси. – Яна денг, шанба куни
уйидан палов кўтариб келганини айтмайсизми!..
Дўхтирнинг қувончи ҳам қарияларникидан қолишмасди. Айтардики, ёши бир
жойга етганида бундай файзли жойларда эр-хотиннинг бирга ҳордиқ чиқариши –
катта бахт. Унинг ота-онасига бундай қувончли кунлар насиб қилмаган. – Болам, – деди отаси сафари қариш арафасида, – дўхтир қизимизни рози қилиб
кетайлик. Бирор йўлини қилгин.
Бу ниятнинг қаловини тополмай ўғилнинг боши қотди. Ҳайдовчисига маслаҳат
солса, осон йўлини айтди-қўйди: “Эл қатори “кўки”дан битта бериб қўя қолинг-да”. – Пул? – фиғони чиқди меъморнинг. – Аёл кишига-я?
Гулбозорнинг устидан чиқиб қолдилар.– Дўхтир опанинг ёши неччида? – дея гулқайчисини дарҳол қўлига олди миқти
бозоргон.
Меъмор тахминлади: ўзидан камида ўн ёш кичик, ўттизнинг нари-берисида.
Лов-лов ёниб турган бир юз бир дона қизил атиргул чиройли саватга
жойланганидан кейин, харидор чўнтагидан ташрифномасини чиқарди ва тескари
томонига шошилмасдан ёзди: “Қўлингиз дард кўрмасин, сингилжон!” Имзо. Сана. – Ҳуснихатдан ҳам Худо қарашган экан, – деди гулчи. – Қойил! Хаттотмисиз
дейман?– Шунга яқин.
Ташриф қоғози елим жилдчага жойланиб, хивич саватнинг ўрма балдоғига
назокат билан ёпиштирилди.– Бу марҳаматингизни кўриб, – деди гулфуруш, – дўхтир синглимиз ҳушидан
кетиб қолиши тайин. Кетмаса, келинг, пулингизни қайтариб берганим бўлсин!..

  • * *– Майли, – деди энди, орадан уч йил ўтгач, ўша “дўхтир синглиси” айбдор оҳангда
    ва ҳаприқиб кетган юзини четга буриб, кўрсаткич бармоғи билан кўзёшларини
    сидириб ташлади, – ўтди-кетди ҳаммаси… – Ўтган ишдан – бугунги туш яхши, – деб ғўлдиради меҳмон. – Галстукнинг қизили сизга жуда ярашаркан. – Ростанми?– Ҳа. Ўтган гал тўқ яшил эди.
    Аёл мулойим нигоҳ билан унинг боши узра қаергадир, нариги томонга дам
    № 6 2025 161
    Қулман ОЧИЛ
    бадам кўз ташлаб қўймоқда эди. Ажабланган меъмор орқасига ўгирилиб, ҳар хил
    китоб-питоб, журнал-пурнал, қоғоз-поғозлар тахланган ойнаванд жавондан бошқа
    нарсани кўрмади.
    Жувон яна ўша томонга қаради. Меҳмон ҳам бурилдию оқ темир жавоннинг
    устида турган таниш саватга кўзи тушди. Кўзларига ишонмай туриб кетди. Бу,
    шубҳасиз, ўрма балдоғига ўзининг ташрифномаси осилган ўша гулсават эди.
    Атиргулнинг қуриб-қовжираган тиконли новдалари ингичка тортиб, ташрифнома
    сарғайиб қолган. – Бу ўша саватми? – деб сўради йигит худди яшин ургандай қалтираб. Қовоқлари
    пир-пир учаётган аёл гапиролмади. – Қандай? – деб сўради меъмор. – Шунча йил? Яна дўхтирнинг хонасида?
    Аёл бош ирғади:– Ҳа! Уйга олиб кетолмадим. Фалаж ётган одам ўксинмасин дедим.
    Эркак билан баробар ўрнидан туриб кетган жувон ўзини қаерга қўярини билмай
    овора. Оқ халатининг ёқасидан бўлиқ сийналарини аранг яшириб турган қирмизи
    ичкўйлагининг тўр-ҳошияси кўриниб турарди. Қора сочлари қулоқлари ортига
    қизил пилик билан турмакланган. Карахтланиб қолган аёл меъморга қаради,
    меъмор – унга. Эркак хаёлини сирли саросима ўз ҳукмига олиб, ичидан кўтарилган
    лаззатбахш олов бутун вужудига ёйилганини сезди. Бундай дамларда қайси эркак
    энтикмайди? Таваккал қилмайди. Кўнгил тўла – гап, айтилиши шартдай, лекин
    айтишга тил ожиз.
    Икковининг ҳам юзлари оловланиб, телба кўнгиллари тўлқинланиб кетган,
    ҳансирар эдилар. Меъмор илкис эшикка қаради ва уйқудан чўчиб уйғонгандай
    сапчиб тушди.– Узр! – деди шошиб. – Яхшиси мен энди бора қолай…
  • * *– Қўнғироқ қилсам бўладими? – деб нозланиб сўраган эди жувон уч йил бурун
    хайрлашаётганларида. – Бўлганда қандоқ, – дея марҳамат қилган эди меъмор ва бирдан дадиллашиб,
    қўшиб қўйганди: – Сиздай назокатли хоним қўнғироқ қилсалар, биз фақат хурсанд
    бўламиз. Хурсанд бўлиш учун қўнғироғингизни кутамиз!
    Бу гал совуққина хушлашдилар.– Узилишиб кетманг, – дея шивирлади кўзидан ёши селоб бўлиб оқаётган аёл ва
    тузалишидан умиди буткул узилган бемордай чор-ночор жилмайди.– Хайр! – деди эркак ундан кўзини олиб қочар экан. – Кўнгилга оғир олманг!..
    Шартта чиқиб кетди. Чиқиши билан қулоғига “чирқ” этган таниш сас келди:
    чироқ ўчди! Ҳайдовчи машинасини илкис орқага олди ва шитоб билан олдинга
    босди. Меъмор қоронғи хона деразасидан вужудида кўпираётган қони, кўзида
    аччиқ-аччиқ ёши билан изидан термилиб қолган аёлнинг нигоҳини кета-кетгунича
    сезиб турди. “Ўзимдай бир шўрликнинг хасми ҳалоли”, деб пичирлади лаблари.
    “Октава”нинг изоҳи ёдига тушди: “Эркак кишининг паст, жуда паст овози”.

«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 6-сон.

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil