
Зилола ХУЖАНИЯЗОВА – 1973 йилда туғилган. Қарши давлат университетининг
филология факультетини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган. Ижодкорнинг “Юрагимда бир гул ўсади”,
“Дил шеваси”, “Кўнгилга йўл”, “Ҳулво” (Туркия), «Соғинч шивирлари». “Аксиома”, “Кел,
эй дўст” (Озарбайжон) шеърий тўпламлари ҳамда “Публицистика ва ёшлар маънавий
идеали”, “Оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик назорати”, “Глобаллашув
шароитида ёшлар маънавияти”, “Оила – тарих ва тараққиёт силсиласида” номли
илмий-публицистик рисолалар муаллифи.
Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов адабиётшунослик илмида ёрқин
из қолдирган олим. Аммо, устознинг илмий-танқидий, публицистик асарлари
билан бир қаторда жаҳон адабиёти дурдоналаридан қилган таржималари алоҳида
таҳсинга сазовор.
Озод Шарафиддиновнинг таржимон сифатидаги фаолияти Мустақилликнинг
илк йиллари, мураккаб давр ва ижодий муҳитда шаклланди. Шу сабабли, Озод
Шарафиддинов Мустақиллик йилларида халқ маънавий тафаккурини ўстирувчи
энг кучли бадиий асарларни таржима қилди.
Таржимашуносликда ёзувчи ғоясини сақлаш асосий масалалардан ҳисобла
нади. Профессор Нажмиддин Комилов таъкидлаганидек, “Таржимада асарни
қай тарзда тушунишнинг аҳамияти катта. Чунки таржимон агар ижодкор нияти,
ғоясини англаб етса, руҳига, маънолари оламига кира олса ва буни ўз она тилида
санъткорона акс эттирса, таржима аслига яқин, баркамол бўлади”.
Бу жиҳатдан Озод Шарафиддинов катта маҳоратга эга. У асарнинг нозик
маъноларини, ижодкор руҳини, асарнинг концепциясини тўғри илғаб олади ва
таржимада асл нусханинг бутун концепциясини акс эттиради. Таъкидлаш жоизки,
Озод Шарафиддиновнинг таржимонлик услуби унинг таржималари тилида
бутунича акс этган ва бу услуб ўзига хослиги билан ажралиб туради.
Озод Шарафиддинов томонидан таржима қилинган Эфраим Севеланинг
“Тўхтатинг самолётни тушиб қоламан” номли асари юксак маҳорат билан
таржима қилинган асарлардан биридир. Эфраим Севела мазкур асарида, етмиш
йилдан ортиқроқ собиқ советлар мамлакатида ҳокимият тепасида турган шўро
сиёсатини очиқ заҳарханда йўли билан фош этган. Аслида, бу каби мавзуда кўплаб
асарлар яратилган. Аммо, Севеланинг бошқалардан фарқи – унинг айнан ўша
заҳархандасида.
Ёзувчи жиддий мавзуда яратилган бу қиссада рўй берадиган воқеалар саҳнасини
жудаям ҳарир мато билан пардалайди. Пардалик матони ҳазил-мутойиба, киноя
кесатиқ, пичинг гап ва иборалардан “тўқиган”. Ўқувчи кўз ўнгида, бир қараганда
сатирик жанрда яратилган саргузашт асар пайдо бўлса, аммо “ҳарир парда”
орқасидаги ишорани, яъни зўрлик ва қўрқув салтанати бўлмиш катта давлат
машинаси ўтхонасига кўмирдек отилаётган, куйиб жизғанак бўлаётган инсон
тақдирини англаши қийин кечмайди.
Шу ўринда, муаллиф томонидан асарда қўлланилган ажойиб топилма,
ноёб услубий ўзига хослик ҳақида тўхталиб ўтишни жоиз деб топдик. Бу бош
услуб. У бор бўйи билан асар сюжетини қамраб олган. Бу услубни янаям яққол
тасаввур этмоқ учун уни “самодаги суҳбат” тарзида номлаш мумкин. Асарнинг
сюжети шундай қурилганки, унда қаҳрамон Аркадий Рубинчик, самолётда ёнида
ўтириб қолган нотаниш ҳамроҳига бошидан кечган воқеаларни сўзлаб беради.
Саргузаштлари кечган минтақалар Россия, Исроил ва Америкага юксакдан қараб
сўзлайди. Бу дамда унинг оёғи ердан узилган, шу сабабдан у ўрислар ҳақида ҳам
яҳудийлар ҳақида ҳам ёки америкаликлар ҳақида ҳам таассуротларини очиқ-ойдин
баён қилади. Ҳеч нимани яширмай, ҳеч кимдан андиша қилмай баралла сўзлайди.
Аслида, муаллифнинг мақсади шу: қаҳрамонини шундай гапириши учун самолётда
учирган. Чунки бирон-бир мамлакат ҳудудида туриб, шу мамлакат ҳақида, ундаги
ҳукуматлар ва инсоний муносабатларга нисбатан – на Америка, на Исроил ва на
Россияда бу қадар холис таъриф бериб бўлмайди. Ҳаводаги одам эса – нейтрал
шахс.
Аркадий Рубинчик ўзи кўрган, бошидан кечирган воқеалар ичида ўзига йўлдош,
елкадош, суҳбатдош, тўшакдош, шишадошлик қилган бир қанча одамлар образини
яратади. Уларнинг қиёфалари, феъл-атворлари – муайян бир табақанинг ёки воқеа
ва ҳодисанинг характерини очиб беришга хизмат қилади. Бу Гоголнинг услубига
ўхшайди. Бир кишини бор бўйича, бор қусурлари билан шундай шаффоф қилиб
тасвирлайдики, унинг қиёфасида жуда кўпчиликнинг башараси акс этади. Келинг,
тадқиқотимизни асардан олинган кичкина бир парчанинг таҳлили билан бошлай
қолайлик.
Асарнинг бошида миттигина бир персонаж “ярқ” этиб кўзга ташланади ва
ўзи мансуб бўлган яҳудий миллатининг иккинчи – паст табақасига хос гўллик,
соддалик, илм-фандан йироқ, омилик хислатларини намоён этади. Аммо, яҳудийча
қувлик бор унинг жисмида. Эфраим Севела ёзади:
«Евреи, как мы с вами знаем, народ крайностей, без золотой серединки. Если
еврей умен, так это Альберт Эйнштейн или, на худой конец, Карл Маркс. Если же
Бог обделил еврея мозговыми извилинами, то таких непроходимых идиотов ни в
одном народе не найдешь, и Иванушка-дурачок по сравнению с ним – великий
русский ученый Михаил Ломоносов”.
Озод Шарафиддинов ушбу парчани шундай таржима қилади: “…Биламизки,
яҳудийлар меъёрни билмайдиган халқ, уларга олтин ўрталиқ бегона. Агар яҳудий
заковатли бўлса, у Алберт Эйнштейн ёки жилла бўлмаса, Карл Маркс бўлади.
Агар Худо ақл улашаётганда яҳудий кечроқ қолган бўлса, унда бунақа бетамиз
каллаварамни бошқа бирорта халқдан қидириб тополмайсиз. У билан таққослаганда
тентак Иванушкани Михаил Ломоносов десангиз ҳам бўлаверади”.
Биз асарнинг асл нусхасида Сема Кац образига берилган бу каби сифатларга
тўхталаётганимиз сабаби, унинг Москва театрларидан бирида ўт ўчирувчи бўлиб
ишлашини-ю, бир пьесани юз маротабалаб томоша қилиб зерикмаслигини,
“ер юмалоқ” деган фикрни буюк бир кашфиётдек қабул қилиб ҳайратланишини
тасвирламоқчи эмасмиз, балки Севеланинг содда ва самимий фикрлари, равон тили,
айниқса кесатиқ ва пичинглари таржимада қанчалик акс этганини кўрсатмоқчимиз.
Бу борада сўз юритганда таржимон Озод Шарафиддиновнинг маҳорати ва
муваффақиятини тан олмасликнинг иложи йўқ.
Таъкидлаш лозимки, трагик-комедия жанрида яратилган бу қисса худди аслидаги
мақомда ўзбек китобхонларига етиб келиши учун Озод Шарафиддиновнинг
таржимонлик маҳорати билан бирга шахсий тажрибаси ҳам қўл келган. Бунда биз
таржимоннинг ҳазил-мутойибага бой, ҳозиржавоб ижодкорлигини, Совет тузуми
жабру жафоларини чеккан, тажрибаси бор инсон эканини назарда тутмоқдамиз.
Хўш, Озод Шарафиддинов таржимада Эфраим Севелага хос салоҳиятни сақлаб
қолиш учун қандай йўл тутган? Келинг, асарнинг асли билан унинг таржимасидаги
айрим нуқталарни муқояса қилиб юқоридаги саволга жавоб излаб кўрайлик. Зотан,
таржимада қиёслаш тадқиқотнинг асосий мезони саналади.
Қиссанинг бошидаёқ Эфраим Севеланинг ғарбча “Здарствуй жопа, Новий
год” жумласини таржимон анчайин юмшатиб, мазмунига ҳалал етказмаган ҳолда
“Салом, хунаса Янги йил” деб таржима қилади.
Асарда Севела яратган кўпдан-кўп образлар ичида, оддий рус ишчиси Коля
Мухин образи бор. Бу собиқ совет замонида шиорларда, дарсликларда ва матбуот
саҳифаларида “номи улуғ”, ҳаётда эса, аслида “супраси қуруқ” ишчилар синфининг
типик вакили. У топган пулини ичади, ичгандан сўнг хотини Клаванинг башарасини
бежайди:
“И тогда отливаются кошке мышкины слезки. Коля так изукрасит ей
физиономию, столько навесит фонарей – больше, чем при иллюминации на улице
Горького в День Победы…”
Асарда ёзувчининг заҳархандаси таъсирчан. Ғалаба байрами куни Горький
кўчасида кўпдан-кўп чироқлар порлайди. Коля сингари ишчилар осиб чиқади бу
чироқларни. Коля эса ичган куни – байрам. Шу куни у музаффар қайтади уйга.
Кейин, ғалаба шарафига хотинининг башарасини шундай кўп фонуслар билан
бежайдики, у Горький кўчасидагидан ҳам кўп, демоқчи.
Ҳамма ҳам Москвада бўлмаган ва Горький кўчасида Ғалаба байрамини
нишонламаган. У ерда порлагувчи чироқларни ҳам кўрмаган, ана шундай ўқувчи
учун таржимадаги: “Коля унинг башарасини бежайди, моматалоқ бўлмаган жойини
қолдирмайди”, деган сўзлар ифодалаган манзара тасаввурга яқин.
Таржимоннинг маҳорати баъзан асар таржимасини асл нусхадан кўра
муваффақиятли чиқишига сабабчи бўлади. Бундай ҳол таржимашуносликда
ўз исботини топган. Адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров ёзади: “Таржима
амалиётида асл нусхани тўлалигича ёхуд унинг бирор бир қисмини оригинал
даражасидан ошириб ўгириш ҳоллари ҳам мавжуд”.
Озод Шарафиддинов таржималарида ёзувчининг ғояси, тушунчаси,
дунёқараши, руҳи, нияти ва услуби борича акс этади. Бу ҳолни олим томонидан
амалга оширилган барча таржима асарларида кўриш мумкин.
Айниқса бундай натижа воқеаларнинг мантиқий боғланишида рўй-рост
кўринади. “По пьяной лавочке, а часто и натощак, с похмелья, Коля обожал
съездить по уху своей жене Клаве, а при удачном попадании, засветить ей фонарь
под глазом”, деб ёзади Севела.
Таржимада: “…яхшилаб отиб олган пайтларида… Коля хотини Клаванинг қулоғи
тагида шавла қайнатишни яхши кўради. Мабодо, омади чопиб, шапалоғими,
муштими мўлжалга аниқ тегса, унинг қовоқлари теварагини кўкартириб қўяверади
ҳам”.
Яна бир мисол. Бу ҳам мантиқий мосликка хос. Коля Мухин Аркадийни
сионистлар гуруҳига олиб киради. Унда “тарихий ватан” тушунчасини уйғотади. Бир
гал яҳудийларни зўр бериб Исроилга кетишга даъват этиш билан шуғулланаётган
Бенцион Самойлович Патлах деган кишиникига боришга ундайди.
“И пошли мы. Благо, недалеко – рукой подать”, дейди Рубинчик. “Бордик, чиндан
ҳам яқин экан, “ҳов” десанг эшитилади” тарзида таржима қилинган. Энди савол
туғилади. Таржимон, асл нусхага яқин қилиб “недалеко – рукой подат” жумласини,
“Яқин экан – қўл чўзсанг етади” тарзида ўгирса бўлмасмиди?
Эфраим Севела асарида воқеа ва ҳодисаларни тасвирлашда муболаға санъатидан
жуда унумли фойдаланган. Назаримизда таржимон “муболаға оқими”га муболаға
қўшгиси келмаган, балки уни мантиқли мушоҳада ўзанига мос иборалар билан
бойитган. Яъни у, “қўл узатса етгудек” муболағаси масофа кўрсаткичини, “ҳов”
деса эшитиладиган ибораси билан алмаштирган.
Озод Шарафиддинов Эфраим Севела асарини таржима қилишга киришиб, ўз
олдига қўйган мақсадига эришган. Яъни, “таржимон адекват таржима намунасини
яратган” ёки таржимада аслиятидаги руҳни сақлаб қола олган. Бу руҳ эса ўйноқи,
ҳазилга мойил, аммо таги зил – заҳарханда. Шу сабаб ташбеҳ ва истиоралардан,
халқона иборалардан кенг фойдаланилган. Ўрни келганда мақолларни матнлар
орасига сингдириб юборганки, у матннинг бўёқдорлигига хизмат қилган.
Шундай мисоллардан бири, асардаги “Со cвиным рылом, как говорится, да в
калачный ряд”ни “Пулинг бўлмаса, думингга ғалвир боғлаб нима қиласан?” деган
сўзлар билан ифодалаганки, у ўзбек китобхонига тушунарли ҳамда асарнинг
ўқимишли чиқишини таъминлаган. Бадиий таржимага хос бўлган бу каби ижодий
ёндашув фақат мазмунга халал етказмагандагина ўзини оқлайди. Акс ҳолда у
мазмунга путур етказиб, бадиий воситалар таъсирчанлигини камайтиради. Бундай
жузъий, меъёр ўзанидан тошган нуқсонлар Озод Шарафуддиновдек забардаст
мутаржим ижодида баъзан кўзга ташланади.
Масалан, асарда СССР Олий Совети Президиуми қабулхонасини эгаллаб олиб,
Исроилга чиқиб кетиш учун виза талаб қилаётган йигирма чоғли яҳудийнинг хатти
ҳаракатини бир чеккада кузатиб турган Аркадий ва Мухин воқеанинг ривожи қай
таҳлид бўлишини кутиб туришарди. Уларни милиция ва КГБ ходимлари ўраб,
назорат қилиб турар, ҳукуматдан эса “ҳа” деган жавоб келмаётганди. Шу пайт Коля
Мухиннинг Аркадийга айтган гапи бор: “ – Знаешь, Аркаша, – глубокомысленно
заключил Коля Мухин. – Тут одно из двух. Как говорят в народе, или хрен дубовый,
или дуб хреновый”.
Рус тилида “хрен”нинг иккита маъноси бор: бири асл, иккинчиси кўчма.
Қуйидаги иборада у асл маъносида қўлланган бўлса (бу эҳтимолдан холи албатта)
“Хрен” ўсимлик сифатида дубдек қаттиқ бўлса ҳеч нарсага ярамайди. “Ўз навбатида
“дуб” ҳам энг қудратли ёғоч сифатида “хрен” каби юмшоқ бўлса – юқоридаги гап.
Агар “хрен” кўчма маънода қўлланган бўлса – бу бошқа гап, ҳар ҳолда
Севеланинг услубига ҳам Коля Мухининг тўпори, сўконғич тилига ҳам иккинчи
фаразимиз мос келади. Шу важдан таржимадаги “Хўжаали ёхуд Алихўжа” деган
ибора аслият руҳидан йироқ. Чунки “Алихўжа – Хўжаали” – иккидан бири” дегани
эмас, балки бир нарсанинг ўзи.
Яна бир ўринда таржима аслнинг ўрнини боса олмаган: “Смех и грех. Не
зря говорится, от великого до смешного – один шаг…” Таржимада у қуйидагича
ўгирилган: “Ҳам куласан, ҳам йиғлайсан. Улуғлик билан кулгининг ораси бир
қадам, деб бекорга айтилмаган…”
“Смех и грех”нинг нотўғри таржима қилиниши, иккинчи гапнинг ҳам хато
таржима қилинишига олиб келган. Зотан, Севела “улуғлик билан кулгининг
ораси бир қадам” демоқчи бўлмаган, у “От великого до смешного…” яъни
“Улуғликдан кулгили аҳволга тушиш оралиғи бир қадам” демоқчи. Қолаверса,
“Смех и грех” – “Кулги ва гуноҳ” тарзида ўгирилганида тўғри бўларди. Чунки
бу икки сўз бирикмаси, аслида, Шарқ ҳикматини ўзида мужассам этган. Зеро,
шарқона одоб-ахлоқ қоидаларига кўра баланд товушда кулмоқ ноўрин саналган
бўлса, исломда нимтабассумдан ортиғи гуноҳ ҳисобланган.
Мулоҳаза ўрнида шуни айтмоқчимизки, баъзи бир шундай жузъий
камчиликларини ҳисобга олмаганда асар Озод Шарафиддинов томонидан маҳорат
билан таржима қилинган. Эфраим Севеланинг “заҳарханда”си остида яширинган
асосий туб мазмун таржимада очиб берилган. Асарни ўқиш асносида бундай
мисолларга кўплаб дуч келамиз. Илмий жиҳатдан олиб қараганда мутаржим,
таржима назариясига маълум қоидаларнинг барчасига қатъий амал қилган ҳолда,
асарни маҳорат билан таржима қилган.
«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 4-сон