Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Сенинг томирингда денгиздан туғён

Йўлдош ЭШБЕК – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими. 1950 йилда
туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) филология факультетини
тамомлаган. Шоирнинг “Соғиниб яшайман”, “Мовий турналар”, “Ҳаёт чечаги”,
“Дарахтлар эртаги”, “Мангу масофа”, “Йиғлаётган қиз” каби қатор шеърий китоблари
нашр этилган.


Бу итнинг
кўзида бир шам бор
мунглиғ шам узра бир маҳзун нам бор
кўтариб четда бир оёғин
тортинган кўринар сиёғи
бир дамда аланглаб бир боши
кўп секин ғингшийди фарёд бу
излагандай тундан қуёш
куппа кундуз излар
ҳаёт бу
муз қотган пуштиранг шафақни
қирмизга бўяйди тумшуғи
кутгандай кераксиз шафқатни
бўлгандай занжирнинг ошиғи
жуфт оёққа қўяди бошин
ер-у кўкдан оғирроқ бир бош
кўз шамидан томар қуёши
корчалондан занжирли қуёш
Қайдасан
бошимдан имтиҳон кетмас
ерман ҳеч тумтайган бир осмон кетмас
сен-ла қийноқ тунлар ҳурлик эди бир
қийнаб юборар тонг ҳеч осон кетмас
йўқсанки бу саҳар ичра заҳар бор
нафас олмоқда ҳам бу ҳижрон кетмас
ортида очилар бир гул деразам
очилмоқда унга ҳеч имкон кетмас
очилса очилмас унга бир осмон
менки қон айладим ундан қон кетмас
ёғишлар кўксига энди мадормас
балки гул хуш мендан мутлақ жон кетмас
Йўлдош Эшбекни кўр бахтли кўринур
чексиз ҳижронидан ҳеч бир он кетмас.


Саратон
ёнмоқда ёнмоқда одам
ёнмоқда саҳрода қуруқ ҳам ҳўл ҳам
олам ғамга ўхшар оламга алам
оролга ўхшайди ахир бу кўл ҳам


бу кўл ҳам оламга айтар дардини
мовий тўлқинлари ҳаяжонидир
тозалаб қўйгудек чангу гардини
саҳрога бахшида фидо жонидир


оролга ўхшайди ахир бу кўл ҳам
ҳар ёни қоқ тупроқ қаттиқ тупроқдир
оролга ўхшайди қуршайди чўл ҳам
сўнг тоғлар қуршайди гарчи титроқдир


ёрдам беролмайди буюк чўққилар
ҳаяжон шамоли титратар кўлни
хаси йўқ роҳатнинг инграб ўқидан
ҳеч бўлмас оромнинг армони тўлди


ўзингни менгзадинг кўлга эй ўғлон
гар қаттиқ қирғоғи кўлнинг кўп ғози
сенинг томирингда денгиздан туғён
соҳилнинг тош қотган йўқми парвози


соҳилнинг ишқ ўти ёндирган кўксинг
ва кўксин бу ўтга доимо қафас
хоҳ йиғла хоҳ куйла хоҳ ён хоҳ ўксин
ёқ синдир аланга сенга нафасдир

шубҳасиз каззоблар сени ўлдирар
шубҳасиз ўлдирар томошабинлар
сенинг қадаҳингни бахтга тўлдирар
у заҳарки яшаш оғу алҳазар!


оғу керак экан уйғонмоқ учун
ўлим учун фақат бахт экан зарур
сен кўл бўл саҳрони уйғотмоқ учун
агар саҳро бўлсанг бўлмоқ учун ҳур!


Кўзингнинг
шуъласидир кундуз
кундуз
кўз юмсанг зулмат
кирса-да ёриб қандайдир нурлар


нурлар ичда ҳам ёришар
зулмат билан қоришар
кўз юмсанг суратсиз ҳол кўрасан
тўхтаган ҳолни шитоб
ўксиз ҳол
рангсиз шамол кўрасан


ки диёрда доим рангин эди шамол рангин эди хаёл
кўз юмсанг
зулматлар таъсири йўқдай
зулмлар асири йўқдай


йўқдай ҳақсизлик адолат
зарбалар таъсири озайган каби
бўртиб ҳам кетади дейсан
бўртишидан ғам ейсан


кўксингдаги зарб изи кўкка етар
кўрмайсан
кўз юмсанг
ялонғоч башарни
овозсиз мусиқа кўрасан


шакли йўқ суратни
йўқ суратни кўрасан
мен кўз юмсам
нафсимга кўз юмсам дейман
ҳали қазилмаган қабримга кўз юмсам
тупроғи каби
Сенинг томирингда денгиздан туғён
ҳали келмаган ажалимга
кўз юмсам
очган бўламан


очган бўламан йўл
кўз юммасликка
кўз юмсам


очган бўламан йўл келажакка
бадбин кечмишимга юмсам кўз
юмсам кўз


дунёга
шукр у ҳам йўқ


ой тирноғин нур кўраман
кўз юмсам
ўзимни ҳур кўраман
афсуски кўраман


ўзимни
фақат
сени кўрсам дейман
ғам ейман


кўз юмсам
юмолсам
кўзим туғилмасдан олдин
кўзим ўлмасдан олдин
изим ўчмасдан олдин


кўз юмсам изимга
ўзим ўлмасимдан олдин
кўз юмсам ўзимга


ўлимга маҳкум ҳар не
кўз юммоққа маҳкуммас


кўз очиб
сени кўрсам


кўз ювсам
кўз юмишга ҳам.



Қушлар
гала-галадур
ажиб наво чаладур
кўк юзини тўлдириб
жанубга йўл оладур


кун на иссиқ на совуқ
одам одамга ёвуқ
даврангга ол сен ҳам кел
кетар кўксингдан ҳовур


тутма мени бегона
менинг кўнглим ғамхона
мен тортинчоқ боламан
кўнглим уйи вайрона


қушлар гала-галадур
жанубга йўл оладур
шафақларнинг олдида
қирмиз қушлар қоладур


жаҳон менинг енгимдан
тушган лашкар аслида
йўқ демагин тенгингман
мен ҳам Турон наслидан


оқ дарёда оқ олма
оқиздингми сен менга
дема йўлингдан қолма
менга тенгмассан дема


олмани қирмиз кўрдим
дарёни кўрдим алвон
қушлар соясин сўрдим
қип-қизил бўлди жаҳон


шафақ бағри қоп-қора
бор қирмиз тешиклари
э ғамдард кўксим ёра
бор кўкка эшиклари


пишнаб-пишнаб сув ичган
Зарафшондан жийрондир
сояси сувга тушган
сув бағри қон вайрондир

Жийрон Чибор авлоди
тулпор насли Ғиротнинг
уфқ ортида фарёди
чорлаб келарми зори


титратади осмонни
шафақ келмас тўпиқдан
асрларки фиғони
қирмиз қушдир уфқда


қушлар гала-галадур
ажаб куйлар чаладур
кўк юзини тўлдириб
уфққа йўл оладур


қушлар менинг дуойим
қабул қилсин Худойим
доим қушлар сояси
қуёшим менинг ойим!


Осмон

ойга торлик қилаётгандек
чироғин ой секин илаётгандек
нури кириб келиб кўнгулга майин
кўкдан кенг кўнгулни силаётгандек


тилаётгандек хуш хушликни тайин
наво тилаётгандек ҳусни ҳузн найин
бундай гўзалликка сабр айла кўнгул
қўй десам сабрингга эмасмен мойил


дарз кетган осмондек ёрилган сайин
симирсанг чизилган сайин нур майин
дарз кетиб синмасанг эмасмен ризо
термасам синиғинг учларга майин


эзгу орзуингда қалбингда ватан
ширин сўзингдаю лабингда ватан
бўлинган ойингда қутлуғ пойингда
ул чашму сойингда жойингда ватан
чашму селобингдан минглаб малоик
жаҳонки мустағрақ ватанга лойиқ


ойда ой йўқ осмонда осмон
ерда ер йўқ ватанда ватан
ой билан осмон йўқ дунёда ватан
биз юлиб кетгаймиз бўлса дафъатан
биз олиб ўтгаймиз элтгаймиз омон
гар бўлса бул томон азалдан ёмон
кетгаймиз ул томон ватан етгаймиз!


От
чопиб боради сузгудек ерни
ит чопиб боради узгудек ерни
кўтармоқ бўладир ерни осмонга
ўрганиб қолмасин токи осонга


токи у от каби тортолсин юкни
итқитиб ноқобил суворийни у
юмшоқроқ бағрига олсин буюкни
барчага тенг қараш мумкин эмас-ку


Ернинг четигача чопиб борар от
гар тулпор бўлса у чиқарар қанот
алвидо айтаркан хуш маконига
боғламоқ бўлади ерни жонига


асли парвози ҳам суворий учун
қанот чиқармоғи ер ори учун
аслида сир эди бу қат-қат қанот
букланиб ётарди кутганча ҳаёт


қобирға остида биқин остида
бир ҳаво истарди истарди қуёш
эрк недир билмасди фалак дастидан
эрк бир ҳаёт дея айларди бардош


от чопиб боради узгудек ерни
жами тобеликдан мутеликдан ҳам
қамчи изларидан қирмизи терни
тўкиб борар экан
ўзи бир олам!


От чопиб боради ерни узгудек
оламдан қутқармоқ бўлади ерни
оламни қутқарар фақатгина эрк


Ой
кўтариб борар сув
дарё нурга тўлгандир
хотиранг қолди мангу
дунё дарё бўлгандир


бу дунё эмас хушдир
бу дунё инсиз қушдир
қушнинг қўнар жойи бор
чин дунёнинг сойи бор


қатор-қатор тун ўтар
сояси бутун ўтар
шафақни чил-чил айлаб
ўтар қуёшлаб ойлаб


дарё кўксимда шафақ
ойни топ айла шафқат
қуш тилида қуёш бор
элтгайдир сенга дилдор


қирғоғидан ўтар қул
булбулини кутар гул
бўл-бўл дейди унга бул –
бул унга йиғлар нуқул.


Асодай
соянгни тутиб тураман
бахт сенинг қалъангга қараб юраман
қандай бўлар экан бахтиёр зотлар
яшарми уларга чопиб ҳаётлар


асодай соянгни тутиб тураман
демак йиқилганман яна юраман
демак азоб тортдим нима қиламан
наҳот мен азобни сен деб биламан


қалъанг сенинг яқин йироқдай яна
қонимда соянг бор титроқдай яна
яна бахтлиларга бегонадайман
ҳасад йўқ бахт йўғу девонадайман


мен бир дорбоздайман қарамам дейман
пастга қараб қўйиб хавф ғамин ейман
кўкка қараб қўйиб кўриб дор расмин
аҳволин англайман қўрқоқнинг пастнинг


қўрқоқлар қозонин устига қурар
ботирлар хавф узра дор узра юрар
васваса берару мордай кўринар
менга ҳам нозик йўл дордай кўринар

бир қалъа кўринар саробми ёҳу
юрган бари бедор харобми ёҳу
бу саҳро ичра мен сендан кечгим бор
бир томчи зилол сув бўлсин ичгим бор


бир томчи зилол сув қалъангдир балки
келарки нур сиймо энтикар қалбинг
гумонни орттирар шайтон кучи-да
мендай адашганлар бордир ичингда


балки нур ҳассага илашганлар бор
икки оламда ҳам улар бахтиёр
нурдан кам эмасдир сенинг соянг ҳам
яъни соянг нурли
бахтиёрдир ғам


яъни бу ғам сенинг ўзингдирсан Бахт
қалъанг ичра ким бор билмасман фақат


улардан кўп севар ташдаги хорлар
десамми уларни мен бахтиёрлар
десамми ҳар бири қалъа қўрғондир
ҳар бири бахт эрур гар кўкси қондир


улардан кўп севар ташдаги зотлар
эшик оч бошлари ёриқ озодлар
ҳар бири қошингда санар ўзин хор
уларсиз бахт сенинг қадринг қайда бор!


Чақмоқ
осмонга сиғмас
гуллар гулдона сиғмас
алам нафақат дилга
олам-жаҳона сиғмас


буғдой сиғмас бошоққа
гадолар боши оққа
Йўлдош Эшбек кенг боққа
кўнгли фиғона сиғмас


турналар кўзёшим
осмон ҳур қуёшим
Йўлдош Бек тоғ тошига
зори Турона сиғмас


чашма фақат Зарбандга
Яшар Акиф зар бандга
ташна ошиқ ҳар бандга
Йўлдош нишона сиғмас

нурлар ҳар ёнга сиғмас
сирлар аъёнга сиғмас
Йўлдош Ёрнинг қулидир
Ори баёна сиғмас!


Ори унинг ғулидур
Қолу баёна сиғмас
Йўлдош Эшбек ҳоли нур
Ҳарфу лисона сиғмас.


Қонимни
берай десам қоним ҳам камаймоқда
жонимни берай десам жоним ҳам камаймоқда
нафсим ила жанг қилай курашай дейман ҳар он
онимни берай десам оним ҳам камаймоқда


ишончим ортар аммо дуч келганда муаммо
қоним қайнар қасдма қасд муаммо чиқар пучга
яхши қайсарлик шиддат мадад бергайдир Аллоҳ
ишончга таянч бўлиб умид киргайдир кучга


шайтон ҳам тушар ишга пуфлар умид шамига
энди шамдай титрар нафс ғулу ташир камига
она сизга маконим онадир Туркистоним
қонимни берай дейман хуш туғён айлар қоним


бўлиниб битмас ватан вақт ҳаким ҳатто ҳакам
бўриларга ем бўлмас бирлашиб сурлар шоним
Туркистон буюк чинор илдизлари мустаҳкам
жонимни берай дейман хуш туғён айлар жоним


она қўрқманг соғман гар энди қарироқман
элдан эмас хиёнат элидан нарироқман
лоф урар мақтанчоқлар бармоқда ўйинчоқлар
ватан ўйинчоқ эмас у сўз қирмиз қучоқлар


лофлар ҳали сўз эмас тил сўзлар дил кўз эмас
ватан оҳдир ҳамиша агар кафан бўз эмас
сўз айтай дейман аммо тилим айланмас нечун
тилимни бойлаганлар нечун бойланмас нечун


ўғрилар тергайдилар ким ҳуқуқ бергайдирлар
тўғрилар қарайдилар бошини эггайдирлар
бош кўтар эй шоёним эй юрти бепоёним
жонимни берай дейман хуш туғён айлар жоним.

«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 3-сон

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil