Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

ШУМҒИЯ

Ҳабиб АБДУНАЗАР – 1968 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг
(ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини битирган. Ижодкорнинг “Манзара”,
“Анжир гули”, “Гулларини қўмсаган оғоч”, “Дил меҳроби” шеърий китоблари ҳамда ҳикоя,
қиссалари нашр этилган.


Ҳикоя– Ҳов шумғия, кир энди уйга, шом бўлди.– Ҳозир, пича ўйнай.
Бола аслида ўйнамаётган эди. У эшакка суяниб, тўп ортидан чопиб юрган
болаларга, қип-қизил рангга чулғаниб ботаётган қуёшга қараб ўтирарди. Болалардан
бири югургилаб келди-да, унинг ёнига чўкди: – Нега онанг сени шумғия дейди?– Билмасам, – елка қисди бола.– Шумғия помидор пояда ўсадиган ўт-ку, – билағонлик қилди ошнаси.– Ҳа-а… сариқ-пуштими?– Кўсакчаси бор-ку. Шу-да!– Бўлди-бўлди, билдим, – боланинг кўзлари қувнаб кетди. – Илонўтми?– Эй, ҳечам-да, – ошнаси катталарга хос кўкрак кериб, қошларини чимирди. –
Биз кеча барини юлиб ташладик. Беор улар, қайта чиқаверади, кўрсатарман ҳали. – Ёмонми шунчалик?– Ёмон-да, онам айтди, томирлари билан помидорнинг қонини сўриб оларкан… – Ҳов, кирасанми, йўқми уйга?
Бола жилмайди, бу сафар онаси унга “шумғия” демади. У эшагини етаклаб, уйи
томонга юрди.
Бола қуёшни яхши кўрарди…
Отаси нон топиш илинжида анча йиллар мусофир юртларда ишлаб, рўзғорини
амал-тақал тебратди. Оғиздан орттириб, мол-ҳол ҳам қилди. У баъзида қуёш тушиб
турган супа устига жой солдириб, ёнбошлаб олганча осмонга боқиб, хўрсинарди:
“Мен кезган ўлкаларда қуёш бундай нур сочмайди!”– Қуёш – бизники, – дўстларини ишонтиришга уринарди бола. – Қара, мен
юрдим, у ҳам юрди, мен тўхтасам-чи…
У қуёш билан дашт этакларига, ҳатто қишлоқдан анча олис жой, тепалик
ортидаги Бойсарбулоққа ҳам бориб келарди.– Мана сенга сув, – дерди у булоқдан сув олиб, қуёш тиғига қўяркан. – Қани ич,
йўқ, аввал сен ич, кейин мен.
Бола сатил ичида ярқираб турган қуёшга завқланиб боқар, лабларини сувга
теккизиб, ўпмоқчи бўлар, эркалар, сўнг яна қуёш билан уйига қайтарди.
Бир кун йўлда келаётиб лабларига иссиқ томчилар сирғалиб тушгандек бўлди.
Бола қуруқшоқ лабларини ялади, шўр таъмни сезди. Қўлининг орқаси билан
оғзини артган эди, қип-қизил қон бўлди. У ерга чўккалаб ўтирди-да, бурнидан
оқаётган қонни янтоқ баргларига худди рассом расмга бўёқ бераётгандек, бошини
у ёқ-бу ёққа қимирлатиб томиза бошлади. Бола қонни майсалар, ўту гиёҳлар
устига томизиб томоша қилиб ўтиришни хуш кўрарди… Бундай пайтда вужудида
бир ажиб енгиллик ҳис қилар, агар тенгқурлари билан муштлашаётиб бурнидан
тирқираб қон кета бошласа борми, аллақандай куч таъсирида то рақибини мағлуб
қилмагунча олишарди. – Бурним қонаса, ўзингдан кўр! – ҳатто аввалдан огоҳлантириб ҳам қўярди у.
Томчилар тезлашди, бир туп янтоқ қип-қизил рангга бўялди-ю, боланинг боши
айланиб, ерга ағдарилиб тушди. Ўткинчи чол эшагида уни амаллаб уйига олиб
келди. Бола ҳушига келганида анча-мунча қон йўқотган, ранги сур матодек оқариб
кетган эди.
Шу воқеадан буён қуёшда юриши тақиқланган бўлишига қарамай, унинг бу
одати қолмаган, ота-онаси эса ҳар сафар қонни амаллаб тўхтатиб оларди. – Она, онажон, – бола онасининг ёнига югургилаб келди. – Қонади, яна бурним
қонади. Қаранг!
Айвонда ўғлининг тиззаси йиртиқ иштонига ямоқ солиб ўтирган она ўрнидан
сапчиб туриб, у томон интилди.– Қуёшга чиқма, демадимми, шумғия?
Она унинг қондан ивиб қолган кўйлагини ечди-да, айвонга уч-тўртта ёстиқни
устма-уст ташлаб, боласининг бошини баландроқ қўйиб, ётқизди. Кейин ўзи
ўтирган кўрпачанинг йиртиқ жойидан юлиб олган пахта парчаларини ўғлининг
бурун тешикларига тиқди. Лекин қон пахтадан ҳам сизиб ўта бошлагач, қудуққа
чопди. Шошилиб у ердан бир сатил сув олиб келгач, боланинг ёнига қўйди
да, сўнг ўғлининг бошини эгилтириб, юз-қўлларини ювди. Бурнидаги тиқилиб
турганча қондан ивиб кетган пахтани олиб ташлаб, ҳар сафар увадаси юлиб
олинавериб, фақат астари қолган кўрпачани силтаб-силтаб пахтасини йиртиқ
жойига тўдалади-да, шу ерига қўлини суқиб, яна бир чангал увадани узиб олди
ва уни ҳам фарзандининг тинимсиз қон томчилаётган бурнига тиқди. Энди қон
боланинг томоғига қараб юрди. У оғзи тўла қонни ғарғара қилиб, ёнидаги тоғорага
тупурди. Аёл тезда устунга илинган эски сочиқни сувга ботириб, енгилгина сиқди
ва боланинг пешонасига қўйди:– О, болам-а, кеча аранг тўхтатувдим, – зорланди аёл.– Буни қуёш қилмади, – йиғламсиради бола.– Қара, ҳамма жойинг кир, – куйинди онаси боланинг юзларини пешонасига
қўйган ҳўл сочиқ билан ҳар замонда артиб қўяркан. – Қайси култепага юмаладинг?
– Юмаламадим…– Қачон бўлса ҳам шу қуёш бошингга етмасайди…– Нега бошимга етиши керак? Мен қуёшга нима қилдим? – йиғламсиради бола.– Қилиғингга қара: бу иссиқда кучугинг ҳам соядан чиқмаяпти-ку…– У қуёшни ёмон кўради-да, – тўнғиллади бола.– Сенга нечи айтдим-а, иссиқ уради деб, – онанинг лаблари асабий титради. –
Ўлимимга рози қилдинг.
Бола бошқа ҳеч нарса демади.
Шу пайт қўшни кампир пастқамгина девордан бу ёққа бўй чўзди:– Ҳа қўшни, тағин бурни қонадими?– Нима қилсам экан-а буни, – қўшнига жавдираб боқди аёл. – Отаси ҳам отарга,
ёталакка кетувди.
Масала жиддий эканини сезган қўшни кампир ҳовли этагидаги девори нураган
жой – қазғоқдан ўтиб келди.
Боланинг томоғи оғриб қолса, онаси, албатта, шу кампирни уйга бошлаб келар,
момо эса кўрсаткич бармоғига пахта ўраб, болани оёқлари орасида чангаклаб сиқиб
оларди-да, дод-войига қарамай, оғзига ғадир-будур бармоғини тиқиб, томоғини
босарди. Изидан қулоқ-бошини тортиб, орқасига шапатиларди. Бир гал у жон
аччиғида кампирни аяб ўтирмади.– Ҳаҳ, қурғур-а, – кампир боланинг оғзига тиққан қўлини ток ургандек тезда
тортиб олганди ўшанда. – Бармоғимни узиб олдинг-ку!
Бола қўрқувдан кампирнинг оғриқдан жон аччиғида силташга тушган қўлига
қаради: момонинг бармоғи жойида, фақат қоқ ўртасида тиш излари қолибди.
“Яхши бўлди, энди қайтиб оғзимга қўлини тиқавермайди”, ўйлади у. Лекин кампир
таслим бўлмас шашт билан болани яна оёқлари орасига олиб: – Ҳозир, бир ёни
қолди, мана-а, – дея безиллатганча томоғига бармоғини тиқди. Бу ўжар кампир
барибир мақсадидан қайтмаслигини билган бола кейинчалик уни кўрса, кўзларида
ёш билан секингина келиб ўзи қўйнига ўтирадиган бўлди.– Бу туришда адойи тамом қиласан охири, – кампир боланинг елкаларини силаб,
меҳрибонлик кўрсатди. – Жа-а бардор-бардор қилдинг-да!– Нима қилай, уролмасам, аҳволини кўриб турибсиз-ку? – эзилди она. – Тунов
куни онамникига боргандим, бирпас ўтириб нафас ростлашга ҳам қўймади,
кетамиз деб туриб олди. “Ҳой, тўхта, момонг билан озроқ гаплашай”, деганимни
биламан, жазаваси тутиб, бўсағада турган пўстакни олиб дастурхонга улоқтирса
бўладими! Кучим қолмади, момо, қонимга ташна қилди бу шумғия! Бир шапалоқ
урувдим, бурнидан қон булоқ бўлди. Онам ҳам қўрқиб кетди. Икковлашиб зўрға
қонни тўхтатдик-да. – Пўстакни ўзининг бошига кийгизмадингми, – елкалари силтаниб кулди
кампир.
Бола ялт этиб кампирга қаради-ю, яна нигоҳларини шифтга қадаб олди. Сўнг
ўйлади, “Чиндан ҳам, пўстакдан қалпоқ қилсам-чи, шунда қуёш билан қўрқмай
юраман, ана – қўйлар юрибди-ку шу иссиқда. Бало ҳам ургани йўқ”.– Майли, сиқилма, – деди кампир жиддий тортиб. – Инсофга келиб қолар. Сен
буни у ёқ-бу ёққа қарат, бошқа бир касаллик орттириб олмасин яна. Дўхтирлар
нима дейишди ўзи?
Шумғия– Дўхтир нима ҳам дерди, момо? Кўрсатдим, қуёшда юрмасин дейди. Бунингиз
гапга қулоқ солармиди? Бу шумғиянинг атрофида майса ҳам кўкармайди.
Олдидагини ҳам, ортидагини ҳам еди бу…
“Олдимдаги акам – у ўлган… орқадаги укам – у ҳам ўлди. Энди билдим онамнинг
мени нега “шумғия” дейишининг сабабини…”
Боланинг томоғига нимадир тиқилиб, кўзлари ёшланди.– Ундай дема, – кампир маҳзун тортди. – Бу тақдир, ахир, боланг одамхўр эмас-ку.– Куйгандан айтаман-да, момо, – кўзларига ёш олди она. – Отам: “Туялар чўл
тиканини жуда яхши кўрганидан оғизлари қонаб кетса ҳам чайнашдан тўхтамайди.
Илиқ қоннинг таъмини тиканники деб ўйлаб, оғриққа ҳам қарамай еяверади”,
дерди. Уч-тўрт туялари шу тиканни еб ўлиб кетувди. Бу қурғур ҳам ўша туяларнинг
ишини қиляпти-да… Шаҳардан дўхтир келганмиш. Шунга ҳам бир кўрсатаймикин?– Дўхтир қолдими?! Улар ҳам эмчи бўлган ҳозир. Борсанг, томоғингни артиб
қўяди. Бу менинг ҳам қўлимдан келади.
Кампир бир зум ўйланиб турди-да, чуқур нафас олиб, сўнг гапини давом эттирди:– Эшитдингми Худаймани?– Йўқ, толчивиқлик тожик аёлни айтяпсизми?– Ҳа, шуни. Бир ўғли бетоб эди. Ўт пуфаги оғриб шифохонага борибди. Ўлгур
Германдан яхши шифокорлар келди, деб эшитган экан-да. “Ўт пуфагингизни
олаётганда пичоғимиз буйрагингизга тегиб кетди” деб, буйрагини кесиб олиб,
кейин уни ўша хорижликларга сотиб юборишибди.– Ё, ўлай, – аёл ҳайрат ва қўрқув тўла кўзларини ўғлига тикди. Хаёлида ҳуддики
бу воқеа ўғли билан ҳам содир бўладигандек.
Бола ҳам шифтдан кўзини олиб, кампирга қаради… Ҳолсизгина ўйлади: “…ма
бодо аллакимдан бурун сотиб олса, у ҳам қуёшда юрган бўлса-чи?”
Кампир билан онаси ҳамон боланинг бошида чуқур-чуқур хўрсинишганча ўзаро
фикрлашардилар: – Гапимни олиб, барибир эски амал ҳам қилиб кўр.– Эски амал?– Ўғлингнинг қонини майит суягига томизсанг, насиб – бир ҳафтада отдай бўлиб
кетади. Ирими шу.– Ё, Тангрим, – аёлнинг кўзлари ола-кула бўлиб, сапчиб ўрнидан туриб кетди. –
Гуноҳ-ку! Худонинг қаҳри келмайдими, қабрни очиб, суякларга…– Суякларни қопга солиб уйга олиб кел демадим-ку, – ўқрайди унга кампир. –
Озроқ пахтага бурнининг қонидан олиб, қабр ичидаги суякка суртиб қўясан, холос.
Момоларимиз бурундан қон кетиш ҳам зиён-заҳматдан, дейишарди. Бир қилиб кўр,
шу иш сендан ош-қатиқ сўрармиди? Боланг қўйнинг изидан итдай дала-даштда
юрса, яхши-ёмон жойларни босгандирда? Ўзинг айтгандинг-ку, тўзоннинг ичида
қолиб кетибди деб. Болани катта қилишнинг ўзи бўлмайди-да, қизим. Шуни учун
бу йўлда нима қилма – Худо кечиради.
Аёл қўллари титраб, боланинг пешонасидаги латтани олиб сувга ботирди-да,
енгилгина сиқиб, яна унинг пешанасига қўйди.
Бола димоғидаги лахта қонни тупурмоқчи эканлигига ишора бериб, кўрсаткич
бармоғи билан оғзига нуқди. Аёл тоғорани унинг олдига суриб, елкасидан
оҳистагина кўтарди. Бола тупуриб, яна шифтга қараб олди ва ўйлади: “…балки
уларга қон керакдир. Мурдалар тирилиб кетса-я? Қуёши йўқ-да уларнинг…”– Майли, болам, эҳтиёт бўл. У ёқ-бу ёққа югур. Жим турма. Югурган қуруқ
қолмайди, – кампир секин ўрнидан турди. Сўнг елвагай енгини қайтариб, дуога
қўл очди: – Қани, илоҳим, боланг ҳеч нарса кўрмагандек бўлиб кетсин. Зиён
заҳматлардан Ўзи асрасин, омин.
Кампир пилдираб, яна ҳовли этагидаги қазғоқдан ўтиб, кўздан ғойиб бўлди.
Кун қайтди. Аёл ҳовлига сув сепиб, кўзи илинган болани чивиндан ҳимоялаш
учун унинг болиши узра дарахт новдасидан камон шаклида тиркагич қилиб, устига
рўмол ташлаб қўйди, сўнг мол-ҳолга қарагани молхона тарафга кетди.
Уй ишларини сарамжон-саришта қилгач, оғзини очиб, мириқиб ухлаётган
ўғлининг пешонасидан ўпди. Шундан кейингина дераза рахида турган фонусни
қўлига олиб йўлга чиқди. Изидан ити ҳам эргашди. Бир хаёли итни ҳовлига қамаб
ҳам қўймоқчи бўлди-ю, яна фикридан қайтди, у билан ўзини журъатлироқ ҳис
қилдими, индамади.
Тун. Алламаҳал. Аёл муюлишдан ўтиб, катта йўл бўйлаб дашт сари – кунботарга
қараб юрди. Гоҳо секин, гоҳида қадамини тезлаштириб, қоронғилик бағрига
сингиди. Одатда, одамларга дашт қўйнидаги ёлғизоёқ йўллар ёд бўлиб кетган –
кўзини боғлаб қўйсангиз ҳам чақир-чуқурлардан холи текис жойларни мўлжалга
олиб қадам ташлайди. Кўча кимсасиз, ҳатто итлар ҳам ҳурмайди. Аёл узоқ юриб,
қабристон рўпарасига келганда тўхтади. Дарвозасига яқинлашмай туриб бир разм
солди, ортига ўгирилиб, атрофга бирров кўз югуртирди-да, дарвоза зулфинларини
бирлаштириб, чандилган симни ечиб, ичкарига кирди.
Унинг қўлидаги фонус катта-кичик дўнгликларни ёритиб борар, ойсиз, қуюқ тун
сукунатга чўмган, ҳатто шитирлаган оқбош япроқчалари ҳам кўнгилга ваҳм солади.
Аёл эски, оғзи ўрадек очилиб қолган бир мозор ёнида тўхтаб, чўнқайиб ўтирди-да,
унинг оғзини яна каттароқ очиш учун қўллари билан пайпаслашга тушди. Фонус
ёруғидаги аёлнинг яловдек ҳилпираётган сояси гоҳ улканлашар, гоҳ кичрайиб, ўша
ўрага кириб кетгандек кўздан йитарди. Кўп ўтмай, аёлнинг қўлида нимадир пайдо
бўлди: бу одам бош суяги эди. Шу ҳолатда нафаси бўғзига тиқилганча ҳансирар,
лаблари эса аллақандай дуони тинимсиз пичирларди…
Аёл уйга келганида тонг ёришай деб қолганди. Унинг бутун вужуди қалт-қалт
титрар, пешонасидан совуқ тер қуйиларди. У болага сездирмай, секингина унинг
оёқ учига чўзилди. Кўп ўтмай алаҳсирай бошлади:– Ай, қўйиб юбор қўлимни… Момодан сўра, момодан!..
Бола кўзини очганида тонг аллақачон ёришиб, қуёш тирсак бўйи кўтарилган
эди. Ўрнидан туриб, оёғи учида совқотгандек қунишиб ётган онасини кўрди. Онаси
жуда эрта, тонг ғира-ширасида туриб, ўғлини уйғотар, нонушта қилдириб, олдига
қўйларни солиб берарди. Бола ҳовлини бир айланиб келса ҳам онаси ҳамон қимир
этмай ётарди. Унинг ичига ғулув тушди, хавотири ортди. Онасини секингина
чақирди, жавоб бўлмагач, оҳистагина туртиб кўрди, йўқ, ҳеч нарса ўзгармади.
Қўлларини ушлаган эди, совуқ кесакка бармоқ теккизгандек бўлди, қўрқиб кетди.
Бола шундагина онасига нимадир бўлганини англади ва кўзлари жиққа ёшга
тўлганча кўчага отилди. У катта тупроқ кўча бўйлаб кунботар томонга чопиб
борар, ҳар замонда ортига бурилиб, уфқдан ҳаллос кўтарилиб келаётган қуёшга
қараб қўярди. Қаёққа чопиб бораётганини ўзи ҳам билмас, отаси сурувни ҳайдаб,
қишлоқдан анча олис бўлган дашт – Қорабўйинга чиқиб кетган эди. Бола анча
югурди, ўпкаси оғзига тиқилиб, йўлнинг қоқ ўртасида қуёшга қараганча туриб
қолди. Сўнг эшитилар-эшитилмас шивирлади:– Қуёш, онам…
Кейин эсига кимдир тушди, шекилли, яна изига қайтди ва тўғри кампирнинг
уйига кириб борди. У боланинг қўрқув тўла кўзларини кўрди-ю, нимадир бўлганини
англаб, турган жойида қотиб қолди…
Ҳовлига тумонат одам йиғилди. Йиғи-сиғи овозлари эшитилди. Уй ичида
ўтирган аёллар ғўнғир-ғўнғир қилиб алланарсаларни гаплашарди:– Кечагина кўрувдим, жонга ҳам ишонч қолмабди-да…– Касал эканми?– Нечага кирган экан?
Шу пайт кимнингдир дод солган овози аёллар суҳбатининг белига тепди. Улар
ҳушёр тортди, рўмолининг учи билан кўзларини артгандек бўлди.
Бола уйига бирор марта келмаган одамларни, ҳатто юзкўрмас бўлиб кетган
қўшнисининг ҳам ҳовлида ғимирлаб юрганини кўрди. Аммо ҳамон ҳеч нарса
тушунмай атрофидагиларга ҳайрат ва англаб бўлмас мужмал бир кайфиятда қараб
турарди.
Асрга яқин одамлар аёлнинг тобутини ҳозиргина ўзи қайтиб келган қабристон
томон қўлма-қўл қилиб шошиб олиб боришарди. Бола тобут ортидан йиғлаб борар,
онасини олиб кетмасликларни сўраб ёлворар, буни эса на ўзи ва на бошқалар
эшитарди…
…Аниқ эслолмайди. Жазирамага қарамай, чопон кийиб, дўппили бошларини
эгиб олган эркаклар сафи қора иланг-биланг чизиқдай анча олисдан кўрина
бошлагандагина чоғи, отасининг кўзини шамғалат қилиб, бу сафдан ажралиб, анча
ортда қолган бола онасининг ҳали тупроғидан ҳовур кўтарилиб турган қабри устига
қайтиб келди. Ногоҳ лабларига иссиқ нимадир сирғалиб тушди, ялаб кўрди – шўр…
Бармоқларини теккизиб, бурни қонаганини билди. Томчилар тезлашди. У қабр
бошига чўкди-да, ёнгинасида турган оқбош япроқлари устига бурнидан қуйила
бошлаган қон томчиларини бошини у ёқ-бу ёққа қимирлатиб, томиза бошлади.
Назарида, оқбошнинг япроқ ва пояларига томган қон томчилари қуёш нурларида
жимирлаб, унинг илдизи томон ҳаракатланарди…

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil