Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Дўстларим, бу дунё шеър билан ёруғ

Абдулла ШЕР – Ўзбекистон халқ шоири. 1943 йилда туғилган. Тошкент давлат
университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини битирган.
Шоирнинг “Кўклам табассуми”, “Алёр”, “Атиргул сояси”, “Роз”, “Қадимги куй”,
“Севги олмоши”, “Сарбаст қўшиқлар”, “Гул йиллар, булбул йиллар” тўпламлари ва
“Сайланма” китоби нашр этилган.

Қисқача таржимаи ҳол


Шоиру шеъру шуур…
Эркин Воҳидов


Иккала асрга умримни чархлаб,
Мен узоқ яшадим учқун сачратиб;
Сотмадим шов-шувга ўзимни нархлаб
Ва нархдан баҳони олдим ажратиб.


Тўғри, гоҳ, тонг дея, шом шуъласини,
Йилтироқ йилларга ишониб, абгор,
Мен ўзга йўлларнинг ашуласини
Ўзимнинг йўлим деб айтганларим бор.


Лекин, ёлғонлардан юлқиб баримни,
Қулистон ўлкадан Ватанга шошдим,
Ҳурликка бағишлаб қўшиқларимни,
Шеърият мулкида бир эшик очдим.


Шеърият


Исмимни ҳайқириб осмон ногаҳон,
Найзадор қуёшни отар мен томон.
Юрагим дейди-ю: “Мен ҳам бир осмон!”
Қуёшни бағрига олади шу он
Ва қалбда вулқондек кўтаради бош
Шеърият – юракка санчилган қуёш.

Ташбеҳлар чўғ эрур, оҳангим – олов,
Бандларим гулхандек ёнади лов-лов,
Қуёшдан куч олиб, ҳар янги қалов,
Зулматга ўт қўяр сўзлар беаёв.
Ҳаттоки ёғдудан юмшоқ тортар тош,
Шеърият – юракка санчилган қуёш.


Мисрамас, ҳақиқат тиғдек ярақлар,
Ёлғоннинг бошини узиб, мажақлар,
Нур билан битилган азиз варақлар
Шаштидан булутли олам чарақлар,
Руҳим камалакка яшайди ёндош,
Шеърият – юракка санчилган қуёш.


Бу вужуд қалб билан то экан тўлуқ,
Инсон улуғвордир, муҳаббат – улуғ,
Ҳақиқий шоирнинг ҳар мисраси туғ,
Дўстларим, бу дунё шеър билан ёруғ,
Илм ҳам, фазл ҳам шу нурга жондош,
Шеърият – юракка санчилган қуёш.


Шеърим


Шеърим на оққушсан ва на товуссан,
Сен қорни чўчитган баҳор шарпаси.
Шамолда чайқалган ўжар фонуссан
Зулматни сапчитган нурнинг парчаси.


Очиқ-сочиқмассан, чимматлисан сен,
Булутни ёпинган ёмғирсан асли.
Лекин, тушунганга журъатлисан сен,
Гулхандан бут чиққан умрсан асли.


* * *
Ҳар бир шеърим, ўқувчим, қара,
Томчидаги дарёга ўхшар:
Улар селдек тортади наъра,
Улар сойдек жаранглаб яшар.


Тоғлар оша, уларки, елмиш,
Улар келмиш чўллардан ўтиб,
Тонгдан келмиш, тунлардан келмиш
Юрилмаган йўллардан ўтиб.

Улар келмиш тарихдан ошиб,
Гоҳ қон ютиб, гоҳо шон ютиб,
Улар келмиш ўзимдек шошиб,
Эзгуликни кафтида тутиб.


Эслайсанми?..
Дўстим Эргаш Муҳаммадга


Эслайсанми, ёшлик вақтларни,
Шеълар айтиб, жўшиб кетардик,
Бахтимизга ўзга бахтларни
Бизники деб қўшиб кетардик.


Эслайсанми, тенгсиз поённи
Менсимасдан уфққа чопардик,
Гоҳ титкилаб эски осмонни,
Янги-янги юлдуз топардик.


Эслайсанми, дарёлар кечиб,
Кемаликни қилардик орзу,
Қултум майдек курашни ичиб,
Излар эдик эркка тарозу.


Эслайсанми, тарих деган хас
Дафтарларда ўсарди гулдек…
Сўзимизга қилганча ҳавас,
Йиллар ўтди сайраб булбулдек.


Эслайсанми?.. Қизиқ бу олам…
Гарчанд ўздик биздан ўзгандан,
Лекин сувдек ўтяпмиз биз ҳам
Дунё деган эски ўзандан…


* * *
Ёшлик шавқи қурган қумқаср
Қулаб, менга бироз эс кирди;
“Қадриятман!” деган бесабр
Янгиликлар бугун эскирди.


Кўзни очиб, қарасам мундоқ,
Ўша ҳаммом, ўша эски тос;
Янгиликка ишониб, қувноқ,
Ўзгарибман менгина, холос.

Бу яхшими, билмам, ё ёмон?
Фақат шеърим оҳ чекар зимдан;
Тийини йўқ, сўми кўп замон
Қаҳ-қаҳ уриб, кулар устимдан.


Не қилардим энди, хўш, дўстлар?
Қўшилишиб куламан мен ҳам…
Фақатгина эси йўқ кўзлар,
Ёлғиз қолсам, бўлаверар нам.


***

Бу чарх хўп ажойиб, бу дунё қизиқ,
Осмонни ер қилар истаса замон;
Гоҳ совуқ деганинг, бир боқсанг иссиқ,
Мени лол қолдирар турланган инсон:


Энди таниш йўлга видо айтиб жим,
Умидвор боқаман нотаниш изга:
Таниганларимни танимай қолдим,
Танимаганларим, таъзимим сизга!


Зомин тоғларида


Рауф Парфини эслаганим
Мен Зоминнинг арчаларини
Кўриб, бугун сени эсладим;
Хотиротнинг парчаларини


Бут қилгувчи сўзлар изладим.
Нега сени хотирлайман кўп,
Бу туйғуга, билмам, не сабаб,
Ёндош гулни излаган бир чўп


Гуллигини эсларми, ажаб?!..
Қани, бунда кезсайдик бирга,
Шамолларга қулоқ тутсайдик,
Дунё деган бу мажҳул сирга


Сирли-сирли шеърлар битсайдик;
Арчаларнинг салқинларидан
Биз орзуманд йилларга қайтсак
Ва кунботар ёлқинларидан


Олов олиб, қўшиқлар айтсак;
Устозимиз Чўлпонни эслаб,
Туркистонни соғинсак яна;
Тарихлардан ўзликни излаб,
Майдонлардан топсак бошпана!..

Ҳа, устоз ҳақ: ҳа, фақат хаёл
Бу дунёда гўзалдир якто!
Ҳаёт эса – ялмоғиз мисол
Шафқат билмас жодугар момо!..


Яшар эдик хаёлларда биз,
Устимиздан куларди кўплар,
Ўша “кўплар” ҳануз кўп, эсиз,
“Меҳрибонлар” – қўшоғиз тўплар!


Сен ҳам кулиб, қилмасдинг парво
Лабингни қув чўччайтириб гоҳ,
Кеча устоз деганлар ҳатто
Ими-жими қазиганда чоҳ.


Ҳатто сени кўрдилар сийлаб,
Қуёш ясаб сенга чироқдан,
Сен-чи, қумни хамирдек ийлаб,
Сув келтирдинг Чўли Ироқдан…


Сайрар бир қуш, боқ, кун тиғида,
Сал нарида қақирлар илон;
Қушу илон оралиғида,
Боқ, турибман тирик ва ҳайрон.


Нима дейин тағин, эй дўстим,
Сен етмаган кунларда яшаб…
Чақираман сени. Дунё жим.
Шеър ёзаман чаккамни қашлаб…


***

Ел қўзғалди. Сукутсоз тошлар
Юз тутади ёз нафасига;
Сарғиш ўтлар югура бошлар,
Қувалашиб, тоғ тепасига.


Ўт-ўланлар рангига кирган
Ниначилар – учаётган чўп;
Яхшиликка садоқат билан
Яшар фақат арчалар тўп-тўп.


Сипогина қимирлар бир-бир,
Елда улар тепа шохлари…
Қутлар, чорлар, куйлар босабр,
Тош устида Аллоҳ боғлари!..


Кунботар қўшиқлари

1
Шеърга бердим ойу йилимни,
Аямадим ўзимни сира.
Ачитади жону дилимни
Бир пайт ширин бўлган хотира.


Атрофимда ўзимдан бошқа
Бугун ҳеч ким йўққа ўхшайди;
Нима қолди сўзимдан бошқа? –
Тилим худди чўққа ўхшайди.


Шуми умр деган мукофот?!
Неларгадир ақлим етмоқда…
Аста-аста сирпанчиқ ҳаёт
Кунботарга қараб кетмоқда…


2
Икки аср дарсхонасида
Кечди умрим – куним, соатим;
Олис йиллар афсонасида
Яшар менинг бор ҳақиқатим.


Нима қолди? – қарсаклар тинди,
Фақат сўзлар – жону жаҳоним!
Бутун – бутун, синганим – синди,
Шукр дейман: бор ўз хирмоним!


Учинчи шоирга


Шеър ўқимай қўйди кўп одам,
Дилим оғрир аччиқ ҳайратдан.
Путур кетди анча, қарасам,
Шеър аталган улуғ санъатдан.


Шоирлар бор – бойқушдек сайрар,
Овозида бир дунё зулмат;
Қулфеъл омма завқ олиб яйрар:
“Бор экан-ку, мана, ҳақиқат!”


Бошқаси дер тўтидек бийрон:
“Дондан ширин ўзбек сомони!”
Сўзидаги жарангдор ёлғон
Алдаб қўяр ҳатто Ҳумони.

Бирин ўқиб, дейман: “Яшамоқ
Керакмикан зулмат Ватанда?!” –
Деразадан ўзни ташламоқ
Орзу бўлар руҳ ўлган танда.


Бирин ўқиб, кўз тинар, зотан
Шеъри атом нуридан ёруғ!
Дея: “Жаннат бошланар биздан!”
“Уча бошлар”, оёқда чориқ!


Ҳа, ёруғни ёқтирмас бири,
Байроқдори “қора” авомнинг,
Бири – маддоҳ, мақтовнинг пири:
Қўшиқчиси бўм-бўш ҳаммомнинг…


Ҳей, учинчи шоир, бормисан?!
Кел, қайтаргин одамни шеърга!
Сен, биламан, сўзнинг орисан,
Шоир номин урмайсан ерга!


***

Сўрадимми? Нима сўрадим?
(Тилим гўё ланғиллаган чўғ!)
Пайшанбадан жума сўрадим
Деб: шанбадан кўнглим бўлсин тўқ.
Хайр, дедим якшанбага ҳам
Ёздан кейин қичаб кузимни.
Қалин тўқай экан бу олам,
Мен йўқотиб қўйдим сўзимни:
Шу-шу ишим – қидир-қидир,
Қидирганим топилмас;
Нодон қалам – қитир-қитир,
Дафтар шўрлик ёпилмас…

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil