Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

ЖАМАНҚУЛ ҚАБРИСТОНИ

Алланазар АБДИЕВ – Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси. Филология фанлари номзоди.
1963 йилда туғилган. Нукус давлат университети филология факультетини тамомлаган.
Унинг ўттиздан ошиқ бадиий, илмий ва публицистик китоблари нашр этилган. “Субҳидам
арафасида” романи, “Эран сахий”, “Соғин сигир”, “Ит ва одам” қисса ва бир қанча
ҳикоялари ўзбек тилига таржима қилинган.


Наср
Қадим ўтган – ёвгарчилик кўп содир бўладиган замонларда шу ерларда бир
қавм яшаган экан. Қўшниларнинг ҳужуми-ю талонидан, қирғинлардан зада бўлган
қавм сардори оқсоқоллар билан келишиб, одам қадами тегмаган жойлардан макон
қилайлик, бошқа ёт кўзларга бирдан кўринмайлик дея тоғлар ораси – пастқамларга
кўчиб келишибди. Бу суви мўл, тупроғи ҳосилдор, яйлови ўтли, файзли масканга
жойлашиб ҳам олишибди. Тоғдан савр шамоли эсиб турарди.
Кунлардан бир кун қавмдан бир киши қаттиқ бемор бўлибди. Бундан сардор,
оқсоқол, дин пешволари ташвишга тушибди. Негаки, бу қавм ақидаларига кўра
макон тутган ерларида ким биринчи вафот қилса, қабристон унинг номи билан
аталар ва марҳум руҳи тўғри жаннатга боради, деб қараларди. Лекин хасталикка
чалинган кимса бор-йўғи бир бойнинг қули бўлиб, бадбашара, қоп-қора кимса экан.
Ҳар қанча кўнгли пок, беозор, меҳнаткашлигига қарамай, ҳамма ундан жирканарди.
Одамлар уни “Иши ҳалол, гўшти ҳаром” эшакка тенглаб, мазахлашарди. Бола
пайтида сотиб олинган бу қулнинг ўз исми аллақачон унутилиб кетган, ҳамма уни
Жаманқул деб чақирарди.
– Қавмдошлар, Жаманқулнинг касали оғир. Бир-икки кун, ошиб борса, ҳафтага
бормай вафот қилиши аниқ. Жони ачиб, даволатаётган бирор кимсаси ҳам йўқ.
Била-кўра уни жаннатга юбориб, яна қабристонимизни аллақандай қулнинг номига
қўймассиз!? – дея мурожаат қилибди сардор қавмига.
– Қўймаймиз! Бунга қаршимиз! Ўлса гум бўлсин, ундан кўра унақа тасқара
маймундан қутулганимизга садақа берганимиз афзал! – чувуллашди қавмдагилар.
– Ҳақ фикр. Бироқ энди, бунинг учун кимдир Тангри йўлига жонини садақа
қилиб, жаннатга борсин. Қабристонни унинг номи билан атаймиз! Қани, ким бунга
рози?
Ҳеч зотдан садо чиқмабди.
– Ҳой, биродорлар, жигарбандлар, наҳот мозоримиз энди “Жаманқул
қабристони” деб номланса? Ор-номус борми ўзи сизларда? Қани, ўз ихтиёри
билан биттангиз ўртага чиқинг! Ахир Жаннатга борасиз, ҳур қизлар билан сайрон
қиласиз. Бу дунёдагидай тирикчилик ғулғуласи йўқ, у дунёда меҳнат қилмайсиз…
Барибир “Мен!” дейдиган мард топилмабди.
– Ҳой, жонингиз тотлими, ёки тортиниб турибсизларми? У ҳолда ўзим
танлайман… – жаҳли чиқди сардорнинг ва қўр бўлиб ўтирганлар оралаб, уларга
бир-бир кўз ташларкан, дебди:
– Қани, Жўмард оқсоқол, сиз энг обрўли инсонсиз. Ҳаммамиз ҳурмат қиламиз.
Ёшингиз ҳам анчага борган. Қабристон, бу – энг табаррук сўнгги масканимиз,
сиғинадиган жойимиз, зиёрат қиладиган муқаддас маконимиз. Шу сабабли унинг
сиздай улуғ инсон номи билан аталгани яхши. Қавмдошлар, бу гап сизга маъқулми?
Шундай шарафга фақат Жўмард оқсоқол муносиб-ку? Тўғрими?
– Маъқул, маъқул! Келганда қандоқ! – дейишди кўпчилик ўзларидан чўчиб,
танлов бошқа ёққа овганидан қувониб.
– Хўш, Жўмард оқсоқол, ўзингиз нима дейсиз?
– Менда муаммолар бўлиб турибди, бўлмаса жон-жон деб рози бўлардим…
– Ўғил-қизларинг ўз олдига ўтов тиккан. Энди сенда қандай муаммо бўлиши
мумкин? – сал-пал иддоа қилди сардор.
– Катта набирамни туғилганидан ўзим боққанман. Шуни уйлантириб, чевара
қучсам деган орзуда эдим, – деб минғирлабди оқсоқол.
– Майли, бугун жонингни бермаганинг билан юз йил яшайман дейсанми? Кўп
бўлса беш бўғирсоқ ерсан, тирик қолиб…
Сардор энди қавмнинг ботири ҳисобланган Садақбойга юзланибди:
– Мардлик кўрсатадиган пайтинг келди, ботирим!
– Мен ёв билан олишиб ўлишга аҳд қилганман! – дея ботиримиз қисқа ва кескин
айтди.
– Қўя қол, сен ҳам бир, – деб ёқтирмай унга қўлини силтади сардор.
У ҳаммага секин нигоҳ ташлай бошлади. Кўзи одамларнинг энг ортида, бўйи
узун йигит орқасига паналаб турган қавмнинг мулласига тушди. Унга “Ўртага
чиқ!” деди.
Муллани ёнига олиб, елкасига қоқиб:
– Куни билан ҳар кимларга айтиб ўтирибмиз-а, аслида бу сенинг бурчинг-ку…
Қани, нима дейсан, қачон у дунёга юборайлик: бугунми, эртагами? Қандай кетишни
истайсан? Осайликми, чопайликми ёки сўяйликми?
– Вой-вой, сардорим, мени қўйинг… – мулла жон ҳолатда унинг оёғи остига
йиқилди. – Чиройли хотиним бор. Уйланмаган болам бор…
– Зарари йўқ, ўғлингни уйлантираман, хотинингни ўзим оламан. Бўладими?
– Афу қилинг… Мени қўзғаманг… – ҳиқиллаб йиғлашга тушди мулла.
Сардор уни оёғи билан тепиб юборди.
– Нари кет, йўқол! – кейин оломонга қаради. – Яна сўрайман, қани ўз истаги
бўйича жонини Жабборга берадиган, шундай қилиб бу дунёда мартабага, у дунёда
бахтга эришишни истовчилар борми?
Алланазар АБДИЕВ
№ 12 2024 75
Жаманқул қабристони
Одамлар жимжит… Чивин учса ғўнғиллагани эшитилгудай сукунат хоким.
Сардор қавмнинг кўзга кўринган ёшуллиларига ва бошқаларига: “Сен бор!”
“Сен-чи?” “Қавмнинг обрўсини ўйла”, деб айтиб кўрди. Бу гапларидан ҳам нон
пишмади. Садо чиқмади. Қавм обрўси учун ҳеч ким бошини қия олмади.
– Мана шундай номардлик қилганликдан, оғзибирчилик бўлмаганидан,
қавмдошларимизни севмаганликдан, туққан масканимизни қадрламаганимиз
учун душманларга дош беролмай, Ватанимиздан жудо бўлдик, қувилдик…
Оғзимиздагини ҳозир ҳам бир қулга олдирмоқчи бўлиб турибмиз.
– Чамаси эрюрак, туққан элни, қавмларни севувчи, ватанпарвар якка ўзингиз
эканми?! Қани, жонингизни қийиб, жаннатга боринг, парилар билан сайрон қилинг,
қабристонга исмингизни қўямиз, – дейишди оломон қичқиришиб.
– Мен… Мен? – иккиланди куни бўйи ҳаммани тергаётган сардор. – Мен-а?
Йўқ, бўлмайди! Йўлбошчисиз қоласиз. Ҳали ўрнимни босадиган шогирд ҳам
тайёрлаганим йўқ…
Шу пайт, кимдир югуриб келди бемор Жаманқул жонини Жабборга
топширганини хабарлаб…


Қорақалпоқ тилидан Базарбай УМАРОВ
таржимаси

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil