
Шуҳрат ҲАЙИТОВ – филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD),
адабиётшунос. 1984 йилда туғилган. Ўзбекистон Миллий университетини тамомлаган.
Бобур ижодига доир ўттиздан зиёд илмий-оммабоп мақолалар муаллифи.
Буюк мутафаккир, шоир ва олим Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодига маърифат
фидойилари – жадидлар томонидан катта қизиқиш билан қаралган. Туркий адабиёт
оламида илк бор Шокиржон Раҳимий, Мустафо Чўқай, Абдулла Авлоний, Абдурауф
Фитрат, Чўлпон ва Абдулла Қодирий каби миллат ойдинлари Бобур ҳаёти ва
фаолиятига катта эътибор беришган. Хусусан, Шокиржон Раҳимийнинг 1923 йилда
“Билим ўчоғи” журналида босилган “Заҳириддин Муҳаммад Бобур” мақоласи
ушбу йўналишдаги илк тадқиқотлар сирасига киради. Абдулла Авлонийнинг
Афғонистон халқ маорифи вазири, сўнг шўролар иттифоқининг Афғонистондаги
элчиси вазифасида хизмат қилган даври воқеалари акс этган “Саёҳатнома” асарида
Боғи Бобурни зиёрат қилгани ва улуғ шоир ҳақидаги ўй-кечинмалари баён этилган.
Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” асарида “Бобурнома” эслаб ўтилиши ҳам
бекорга эмас. Боиси, Абдулла Қодирий дунё адабиётини, ўзбек халқининг миллий
руҳини, шеваларидаги луғат бойлигини яхши билган. У ХХ асрнинг 20-йилларида
қайта шаклланган замонавий ўзбек адабий тили учун беқиёс хизмат қилгани
ҳақиқат.
Адабиётшунос олим Баҳодир Каримовнинг “Икки даҳо – икки бебаҳо” (2020)
китобида, шунингдек, “Жаҳон адабиёти” журналининг 2019 йил 4-сонида эълон
қилинган “Бобурнома”дан “Ўткан кунлар”га” номли мақоласида бу ҳақда шундай
ёзилади: “Отабекнинг “Бобурнома” мутолааси “Ўткан кунлар” илдизи устида
фикрлашга, тасвирдаги ички манера, сўздаги ростлик, характер мантиғи, инсон
шакли-шамойили, айниқса, романнинг поэтик нутқи – тили тўғрисида айрим
мулоҳазалар айтишга имкон беради. Тасаввур кўлами “Бобурнома” бўйлаб
кенгаяди. Адиб бошқа асарларида ҳам бу муаззам китоб ва унинг эгасини эслайди.
Бобур ижоди, айниқса, унинг бетакрор шеърияти Чўлпон ижодига таъсир
этганлигига кўплаб мисоллар бор. Шунингдек, Абдурауф Фитрат томонидан 1928
йилда нашр эттирилган “Ўзбек адабиёти намуналари” мажмуасида Бобурнинг
31 ғазали, 2 маснавийси, 28 рубоийси ва “Бобурнома”дан парчалар киритилгани
ўша давр учун катта тарихий воқелик бўлган. Отажон Ҳошимнинг ушбу китобга
ёзган сўзбошисида Бобур ҳаёти ва ижоди ҳақида кўп маълумотлар бериб ўтилган.
Булардан ташқари, Ўзбекистонда қатағон йиллари, Бобур номи ва унинг ижодига
муносабат яхши бўлмаган замонларда “Литературная энциклопедия” китобига
Олим Шарафиддинов ва Сотти Ҳусайн томонидан “Ўзбек адабиёти” номли
мақоланинг ёзилиши, унда Бобур ижодига оид энг муҳим ва холис илмий баҳо
берилгани ўз даври учун катта жасорат бўлган.
“Бобурнома”ни танитишда айниқса, Фитрат тадқиқотларининг аҳамияти
каттадир. У 1928 йилда “Бобурнома”дан айрим парчаларни эълон қилиш орқали
ўзбек ўқувчиларига бу бебаҳо асарни танитган. Илмий тадқиқотларда унинг яна
ўндан ортиқ илмий асар ва қўлланмаларида Бобур тилга олинади. Жумладан,
“Адабиёт қоидалари. Адабиёт муаллимлари ҳам ҳаваслилар учун қўлланма”
дарслигида Бобур ва унинг ижоди ҳақида янги давр ўзбек адабиётшунослигида
биринчи бўлиб маълумот берилган. “Ўзбек адабиёти намуналари” (1-жилд)
мажмуасида эса “Бобурнома”нинг Ҳиндистон қисми табдил этилиб, Ўзбекистонда
илк марта нашр қилинади. Адабиётшунос олим Ҳамидулла Болтабоев
тадқиқотларига кўра, “Адабиёт қоидалари” китобида энг кўп мисол Навоий ва
Бобур ижодидан келтирилган. Фитрат, шунингдек, “Аруз ҳақида” рисоласида
туркий арузнинг хусусиятларини тушунтирар экан, Бобурнинг аруз назариётчиси,
ҳам арузнинг гўзал вазнларида шеър бита олган ҳассос шоир эканлигини алоҳида
эътироф қилиб ўтади. Фитратнинг Бобур асарлари, жумладан, “Бобурнома”га доир
тадқиқотлари кейинчалик туркий халқлар адабиётидаги кўплаб илмий изланишлар
учун манба вазифасини бажарди.
Жадидларнинг Бобур ҳаёти ва ижоди борасидаги тадқиқотлари шу тарзда
Ўзбекистонда кейинги давр бобуршунослик илмининг ривож топишига асос бўлиб
хизмат қилди. Хусусан, ўтган асрнинг 40-йилларига келиб олимлар томонидан
Бобур ижодига бўлган эътибор пайдо бўла бошлади. Жумладан, 1948 йили Саиджон
Алиев “Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг шеърий ижодиёти” мавзусида, 1949 йили
Сабоҳат Азимжонова “Умаршайх ва Бобурнинг Фарғона улуси” мавзусида, 1944
йили Москвада Павел Петров “Бобурнома” тарихий манба сифатида” мавзусида,
1954 йили Галина Благова “Характеристика грамматического строя (морфологии)
староузбекского литературного языка конца ХV века по “Бабурнаме” мавзусида
номзодлик диссертацияларини ёқлади. Шундан сўнг ўзбек ва бошқа туркий тилли
жумҳуриятлар адабиётида қатор диссертациялар кўпая бошлади.
Ўзбек ва жаҳон адабиётида Бобур сиймосини бадиий асарларда акс эттириш
масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, бу борада кўплаб бадиий,
тарихий ва маърифий асарлар, шунингдек, қатор бадиий ва ҳужжатли фильм
ҳамда спектакллар яратилган. Жаҳон адабиётида ўз ўрнига эга бўлганлар: француз
адибаси Флора Анна Стилнинг “Бобурхон”, яна бир француз адиби Фернард Гренард
“Бобур”, америкалик ёзувчи Ҳаролд Лембнинг “Бобур – йўлбарс”, ҳиндистонлик
Муни Лаълнинг бобурийлар тарихига асосланиб ёзган олти жилддан иборат
романлари шулар жумласидандир.
Бир сўз билан айтганда, Шарқ ва Ғарб олимлари, адиблари томонидан Бобур
шахсияти, ижоди ва у яшаган давр ижтимоий-сиёсий, маданий, адабий ҳаётига оид
яратилган адабий асарларда буюк ватандошимиз Бобур сиймоси турли ракурсда,
ҳар бир адибнинг ўз дунёқараши, услуби орқали тасвирланганини кўриш мумкин.
Масалан, Румер Годеннинг “Гулбадан” (2007), Вилям Рашбрукнинг “Ўн олтинчи
аср бунёдкори” (2011) Фрис Вюртленинг “Андижон шаҳзодаси” (2012) каби жаҳон
адабиётининг энг дурдона асарларида Бобур ҳаёти, унинг ХV аср охири ва ХVI
аснинг биринчи ярмида Мовароуннаҳр, Хуросон ва Ҳиндистонда кечган фаолияти
тарихий ва бадиий талқинда юксак ифодалаб берилган. Энг муҳими, бу каби асарлар
орқали кўплаб хорижий мамлакатлар халқлари онгида Бобур ва у асос солган буюк
сулола янада мустаҳкам ўрин олган.
Туркий халқлар адабиёти ривожида Бобур ижод дурдоналарининг таъсири
беқиёс бўлган. Ўзбек, қорақалпоқ, озарбайжон, турк, туркман, қозоқ ва қирғиз
адабиётида кўплаб ижодкорлар адабий тафаккурида бевосита Бобур шахси ва
унинг асарларининг ўрни алоҳида эканлигига кўплаб мисоллар келтириш мумкин.
Хусусан, қозоқ классик адабиётининг юксак чўққиси ҳисобланган Абай кўпгина
аллома мутафаккирлар қатори Бобурни ҳам ўзига устоз деб билган, истеъдодига
таъзим қилган. Бундан ташқари, Шарқ шеъриятига, хусусан, Бобур ижодидан
таъсирланган ҳолда шеърлар битиш фақат Абайдагина эмас, балки ХIХ асарда
яшаб ижод этган Шангерей, Шуртонбой, Оқон Сери, Шаади тўра Жангиров,
Базор Жиров, Қорасоқол Эримбет, Қулинчоқ, Мали хўжа, Кенже хўжа каби қозоқ
шоирларида ҳам кузатилган. Бундан кўринадики, қозоқ шеърияти намояндаси,
қозоқ халқининг фахри бўлган Абай Қўнонбоев сингари қозоқ адиб ва шоирлари
Бобур асарларидан доимо баҳраманд бўлиб, уни ўзларига устоз билиб, ижодига
ошуфта бўлган.
Бобур ижоди туркман адабиётига ҳам алоҳида таъсир кўрсатган. Туркманистонда
бобуршунослик илмий ривожига салмоқли ҳисса қўшган олим Раҳиммамат
Куреновнинг ёзишича, бобурийлар давлатини идора қилишда туркман халқининг
вакиллари ҳам қатнашишган. Улар орасидан Байрамхон, Анисий, Абдураҳим
сингари шоирлар етишиб чиққанини инобатга олсак, Бобур туркман адабиёти
ривожига ҳам ўзига хос ижобий таъсир кўрсатган етук адабий шахс эканлиги
намоён бўлади.
Ўзбек адабиётида Бобур сиймосини акс эттириш масаласи эса асосан ХХ
асрнинг иккинчи ярмидан амалга оширила бошланган. Ушбу даврга келиб Бобурга
бағишланган поэмалар ёзила бошланди. Ойбек, Пиримқул Қодиров, Хайриддин
Султонов ва Хуршид Даврон каби ёзувчиларимиз шоир ҳаётига оид ниҳоятда
мароқли, гўзал асарлар яратиб, китобхонларни бу буюк тақдир соҳибининг
бетакрор маънавий олами билан ошно қилганлар. Шунингдек, Асқар Маҳкамнинг
“Таважжуҳ”, Исмоил Тўлаковнинг “Сўнгги кеча”, Тўлан Низомнинг “Уч сўз”
асарлари эълон қилинди. Асқар Маҳкамнинг “Таважжуҳ” достони бошданоёқ ички
дард, изтироблардан, яъни Бобурнинг ҳасратларидан иборатдир. Бу ҳасрат шунчаки
ўз яқин, хеш-ақраболаридан қилган шикоят эмас, балки у ўз эзгу ниятларини амалга
оширишга, адолатни барқарор қилишга, беҳуда урушларни, низоларни бартараф
этишга, бобоси давлатининг азалий мавқеини тиклашга изн бермаган дунё
талотўпларидан, унинг кажрафторлигидан, мансабпараст, тахтпарастларининг
қутқусидан юраги зардобга тўла йирик шахснинг надоматларидир. Исмоил
Тўлаковнинг Бобурга бағишланган “Сўнгги кеча” драматик достони таркибида эса
халқ қўшиқларига мурожаат қилинади. Асарда дарвиш образи муҳим ўрин тутади.
Зеро, унинг дарвиш бўлиши бежиз эмас. Чунки ўз ватани – Андижондан айрилиб,
ўзга юртларда макон тутган дарвиш она ватан соғинчи туфайли шу ҳолга тушади.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров айтганидек, Бобур Мирзонинг
ҳаёти ва фаолиятига оид мавзулар уммондай чексиз. Бу уммонда ўнлаб, юзлаб
адабий кемалар сузиши мумкин. Бугун халқимиз Бобур сиймоси ва унинг умри
мобайнида бошидан кечирганларини қай даражада билишсалар унда юқорида
номлари келтириб ўтилган ёзувчиларимизнинг хизматлари шу қадар каттадир.
Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” асари, муаллиф таъбири билан
айтганда, бу чексиз уммондаги мажозий кемалардан биридир. Ушбу асарда бош
қаҳрамон – Бобур ҳаёти билан боғлиқ Мовароуннаҳр ва Хуросонда ХV аср охири
ва ХVI аср бошларида содир бўлган қатор тарихий воқеалар хронологик тартибда
кўрсатилади. Бундай воқеалар ривожи Бобурнинг мураккаб ҳаёти ва ижод йўлини
кўрсатиш билан чамбарчас боғлиқдир.
Ёзувчи бу асарни 1972 йилда илк бор ёзиб, нашрга топширса-да, аммо маълум
муддат чоп этилмайди. Тўғрироғи, мустабид тузум тазйиқи остида роман олти йил
нашр қилинмай ётади. Ниҳоят, 1979 йилда Шароф Рашидовнинг ёрдами билан
нашр этилади ва адибга ушбу романи учун 1981 йилда Давлат мукофоти берилади.
Бир сўз билан айтганда, Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” ҳамда бобурий
шаҳзодалар ҳақида “Авлодлар довони” каби асарлари Бобур шахси ва фаолиятининг
янада кенг тарғиб этилишида ўзига хос ўринга эгадир.
Бундан ташқари, таниқли ёзувчи Хайриддин Султоннинг Бобур қадами етган
манзиллар ҳақида ёзган “Бобурийнома” маърифий романи, Хуршид Давроннинг
“Самарқанд хаёли” қиссаси ва “Бобур соғинчи” пьесалари ўзбек адабиёти оламида
Бобур сиймосини юксак даражада акс эттирган асарлар дейиш мумкин. Хуршид
Давроннинг “Бобуршоҳ” асари “Бобур соғинчи” номи билан 1997 йили дастлаб
Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқий театрида, кейинчалик Ўш давлат ўзбек
драма театрида саҳнага қўйилди. Шоирнинг яна қатор шеърларида Бобур мавзуси
етакчи ўринга эга ҳисобланади.
Бобур сиймосининг насрий асарлардаги ифодаси борасида сўз борганда айниқса,
Хайриддин Султоннинг “Саодат соҳили” тарихий қиссаси диққатга моликдир. Зукко
китобхон бу асарда истеъдодли ёзувчи ўзини буюк шоирга руҳан яқин тутганини
яққол ҳис қилади. Асарда буюк шоир ҳаётининг сўнгги дамлари улкан маҳорат
билан тасвирланади. Она диёрига қайтиш ихтиёри қўлидан кетган “қаландар”
шоҳнинг ҳаёти китобхонни буткул ўзига ром қилиб қўяди. Биргина шоҳ эмас,
балки кўчаларда саргардон бўлган Бахшитурк, ўзга элларда даҳшатли ўлим топган
Бобоқул, жаҳонгашта аллома Ҳофиз Кўйкийнинг тақдири турли-туман воқеалар
таъсирида намоён бўлади. Қиссада ёзувчининг олис тарихни жуда яхши билиши,
Бобур умрининг сўнгги давридаги мураккаб ҳаёт йўлини, руҳий кечинмаларини
аниқ тасвирлашида яққол кўзга ташланади. Қисса орқали улуғ ўзбек шоири, давлат
арбоби, олим ва мутафаккир сиймосини чизишдек масъулиятли ишни бажаради.
Асарда ҳаёт воқелиги, тарихий ҳақиқат, инсоннинг мураккаб ички кечинмалари
таъсирчан тарзда акс эттириб берилади.
Хайриддин Султон Бобур умрининг сўнгги даврига бағишланган ушбу қиссадан
ташқари, улуғ шоир ҳаёти ва ижодига бағишланган яна талай асарлар яратган.
“Ой ботган паллада”, “Нуқта” ҳикоялари, “Бобурнинг тушлари”, “Тавба” каби
эссе-бадиалари шулар жумласидан. Адиб мазкур асарларида Бобурнинг буюк
мақсадлар йўлида кечирган оғир, машаққатли ҳаётини шоирона бўёқлар билан
тиниқ манзараларда бетакрор тарзда кўрсатиб беради.
Адибнинг, шунингдек, аждодларимиз изидан жаҳон бўйлаб сафарга чиққан
биринчи ўзбек “Бобур изидан” илмий экспедицияси аъзоси улароқ юзага келтирган
“Бобурийнома” маърифий романи ўз йўналишига кўра биринчилардан бўлиб
мухлислар эътиборини қозонди. Адабиётшунос Азмиддин Носиров ушбу асар
ҳақида шундай ёзади: “Ёзувчи Хайриддин Султон Бобурнинг руҳий оламини,
қалб тасвирини, нозик ҳис-туйғуларини шунингдек, саройдаги меҳрсизлик,
оқибатсизликни тарихий фактлар асосида, сўфий аллома Ҳофиз Кўйкий билан
бўлган суҳбатларда жонлантиради. Яна диққатга сазовор жойи шундаки, Хайриддин
Султон талқинида Бобур Мирзо Аллоҳ карамига сазовор хосиятли шахс бўлганлиги
асосли очиб берилади”.
Ушбу асардан кейин Бобур мавзусида маърифий, сафарнома-кундаликлар асосида
янги-янги асарлар юзага кела бошлади. Шундай асарлардан бири – истеъдодли адиб
Қамчибек Кенжанинг “Ҳинд сориға” деб аталган сафарномасидир. Асар кундалик
шаклида ёзилган. Унда тасвирланган саргузаштлар, енгиб ўтилган қийинчиликлар,
янги-янги ўлкалар ва мамлакатлар манзараси ўқувчини астойдил қизиқтиради.
Айниқса Деҳли, Агра, Ҳирот, Машҳад, Калькутта, Лоҳўр, Ҳайдаробод, Хайбар
довонидан ўтиш ва бошқа кўпгина боблар таъсирли ёзилган. Қамчибек Кенжанинг
ушбу асари Бобур Мирзога бағишланган китоблар орасидан ўзига хос ўрин олди.
Ижодкор сафарнома жанрини кўпгина янгиликлар билан бойитди.
Қамчибек Кенжа Бобур номидаги халқаро экспедиция аъзоси сифатида
бобурийлар ва бошқа буюк аждодларимиз изидан Афғонистон, Эрон, Покистон,
Ҳиндистон, Бангладеш, Туркия, Сурия, Иордания, Саудия Арабистони, Ироқ каби
мамлакатлар бўйлаб ижодий сафарларда бўлиб, ана шу сафарлар таассуротлари
асосида “Ҳинд сориға” асаридан ташқари “Андижондан Даккагача”, “Буюклар
изидан”, “Андижондан Боғдодгача”, “Буюк Соҳибқирон ўтган йўлларда” каби
бадиий сафарномаларни яратди. Қайд этиш лозимки юқорида номлари зикр
этилган асарларнинг ҳаммаси Бобур Мирзонинг ҳаёти ва фаолияти тарихимизнинг
энг ёрқин саҳифалари билан боғлиқ эканини кўрсатади.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур сиймосига бўлган эҳтиром, унинг бадиий ифодаси
ўзбек шеъриятида ҳам ўзининг яққол ифодасини топа олган. Эркин Воҳидов, Абдулла
Орипов, Сирожиддин Саййид, Мирзо Кенжабек, Минҳожиддин Мирзо, Ғайрат
Мажид каби шоирлар томонидан бу мавзуда кўплаб шеърлар битилган. Турли хил
жанрдаги бундай асарларнинг бош қаҳрамони, албатта Бобурдир. Адабиёт оламида
яратилган бундай асарларнинг кўпчилигига эса “Бобурнома” илҳом манбаи бўлган.
Ёзувчи Хайриддин Султон таъбири билан айтганда, “Бобурнома” – кўп маъноли,
серқатлам ва ўлмас асар. Бу муаззам асарнинг ҳар бир сатри ҳақида биттадан ҳикоя
ёзиш мумкин”.
Ўзбек шеъриятида Бобур мавзуси ҳақида сўз борар экан, Ўзбекистон халқ шоири
Абдулла Орипов адабий-эстетик тафаккури такомилида бу мавзу алоҳида ўрин касб
этганлигини қайд этиш лозим. Абдулла Орипов Заҳириддин Муҳаммад Бобурга
атаб “Бобуршоҳ”, “Бобур” асарларини яратган бўлса, “Генетика”, “Ўзбек қомуси”
шеърларида ҳам Бобур номини алоҳида тилга олиб ўтган. Шоир “Бобуршоҳ”
ғазалида Бобурни ҳам шоҳ, ҳам шоир сифатида улуғлайди. Уни Навоийга қиёслаб,
шеъриятда алоҳида бир дунё эканлигини эътироф этади:
“Темурбек наслидан чиққан Ажиб сиймодир, Бобуршоҳ. Навоийдек шеъриятда
Ўзи дунёдир Бобуршоҳ”, деб таърифлайди.
Хуршид Даврон шеъриятида ҳам Бобур мавзуси устувор. “Барокўҳ тоғига
чиқдим тирмашиб…” мисраси билан бошланувчи бир шеърида шоир тоққа Бобур
қурдирган уйни кўриш учун чиқмоқчи бўлади. Лекин унга, “Шошилма, Бобур уйи
йўқ, фақат пойдевори қолгандир омон”, дейди. Аммо шоир бунга жавобан, “Уйнинг
пойдевори омон бўлса бас, Уйни бўлса ўзим қилгум тасаввур”, деб ёзади. Бу билан
шоир пойдевор омонлиги учун мағрур ва шодланади. Бобур шахси ва фаолиятига
бўлган юксак эҳтиромини ифодалайди.
Ўзбек шеъриятида Бобур мавзусига кўплаб мурожаат этган шоирлардан
яна бири Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиддир. У Бобур ижодини
севиб ўрганади. Шоир асарларидаги Ватанга бўлган севги, юрт равнақи учун
қайғуриш туйғуси кўп жиҳатдан Бобур ижодига ҳамоҳанг. Айниқса, унинг “Юз
оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур” достони ўзгача услуби, тарих ҳақиқатларидан
сўзловчи жилвалари ҳамда шоҳ ва шоирнинг, ички – руҳий кечинмалари, ўй ва
изтиробларини очиб берганлиги боис ҳам китобхонлар кўнглидан жой олган.
Мазкур достон Сирожиддин Саййиднинг Заҳириддин Муҳаммад Бобурга бўлган
чексиз ҳурмати, айниқса, унинг буюк қомусий асари – “Бобурнома” ва бетакрор
ғазал ҳамда рубоийларини севиб мутолаа қилиши, уларни чуқур таҳлил қила олиши
натижаси ўлароқ, дунёга келган асардир.
Хулоса қилиб айтганда, бугунга қадар Бобур ҳақида ўзбек ва жаҳон адабиётида
кўплаб шеърий ва насрий асарлар битилган. Шундан ўттиздан ортиғи романдир.
Бундан ташқари, қанчадан қанча кичик насрий асарлар, кўплар шеърлар, эссе ва
поэмалар ёзилган. Юқорида тилга олинган ва олинмаган бу каби асарларда гарчи
асосий тарихий воқелик манбаси “Бобурнома” бўлса-да, ундан ҳар бир ижодкор
ўз илмий-бадиий маҳорати, адабий-эстетик дунёқариши ва имконияти даражасида
фойдаланган. Насрий асарларда асосий эътибор Бобур шахсиятини очиб беришга,
унинг давлатдорлик фаолияти ва ўзига хос характерини яратишга ҳаракат қилинган.
Бундай асарларнинг деярли барчаси тарихий фактларга таянган ҳолда бадиийлик
тамойилларига кўра яратилган. Шу боисдан ҳам уларда баъзан тарихийликдан
узоқлашиш, бадиий тўқимага эътибор бериш, “Бобурнома”да мавжуд бўлмаган
фактларни киритиш ҳоллари кўзга ташланади. Бу албатта, бадиийлик талаби, ҳар
қандай бадиий асар бундан холи бўлмайди. Энг муҳими, ҳар бир ижодкор Бобур
образини ўзига хос ва мос тарзда, ўз савиясидан келиб чиққан ҳолда яратган ва
бу асарлар адабиёт ривожида, шунингдек, бобуршунослик тараққиётида ўз илмий
адабий ва бадиий қимматига эга асарлар ҳисобланади.