Шаҳло ҲОЖИЕВА – филология фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент. 1968
йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) ўзбек филологияси
факультетини битирган. “Чўлпон ва миллий шеъриятнинг янгиланиши” монографияси,
“Ўзбек тили”, “Мутолаа санъати”, “Нутқ маданияти ва мутолаа санъати” сингари
ўқув ва услубий қўлланмалари, етмишдан ортиқ илмий ва илмийоммабоп мақолалари
нашр этилган.
Муайян миллатнинг адабиёти фақат ўз қобиғидагина ривожлана олмайди.
Миллий адабиёт чинакам такомилга эришмоғи учун қардош ва жаҳон халқлари
эстетик тафаккури ютуқларини ҳам ўзида мужассам этиши зарур. Янги ўзбек
шеъриятининг тамал тошини қўйган улуғ шоир Абдулҳамид Чўлпон рус,
инглиз, ҳинд, хитой адабиёти билан бирга турк, татар ва озарбайжон шоиру
адиблари асарларини синчиклаб ўрганган. Мазкур халқлар адабиётининг нодир
намуналарини ўзбек тилига таржима қилиб, миллатни жаҳон эстетик тафаккури
ютуқларидан баҳраманд этди. Бу орқали миллий адабиётнинг, янги замон
шеъриятимизнинг ривожига улкан ҳисса қўшди. Абдулҳамид Чўлпоннинг турк
адабиётига муносабати, қардош халқ шоирлари билан ижодий алоқалари ҳақидаги
тадқиқотларимиз ушбу фикрни тасдиқлайди.
Турк шоирлари Юнус Эмро ва Тавфиқ Фикратнинг ирфоний мазмундаги, Номиқ
Камол, Ризо Тавфиқбек ва Абдулҳақ Ҳомиднинг замонавий руҳдаги шеъриятини
ўрганган Чўлпон ўз ижодида улар анъаналарини ривожлантирди. Улуғ ўзбек шоири
поэтик образ яратишда, мавзу ва ғоя ифодасида Тавфиқ Фикрат тажрибаларини
янгилади. Чўлпон ўзининг “Марҳум Тавфиқ Фикрат” мақоласида мана бундай
ёзади: “Усмонлиларнинг “адабиёти жадида” (янги адабиёт)чиларининг пиру
устози бўлган Тавфиқ Фикратбек бутун янги насл туркларнинг юракларина энг
гўзал, нафис ва латиф шеър букетлари қадамишдир. Унинг кенг хаёли равон (тез)
ва енгил ифодаси кимни, қайси бир шеър ва адабиёт муҳибини тасхир этмас?”
Ушбу мулоҳазалар ҳам Чўлпоннинг Тавфиқ Фикрат шеъриятининг шайдоси
бўлганини, ундан ўрганганини кўрсатади. У турк шеъриятининг “Энг гўзал, нафис
ва латиф шеър букетлари” ифоридан баҳраманд бўлди. Мулоҳазаларимизни қиёсий
таҳлиллар орқали очиб беришга ҳаракат қиламиз.
Тавфиқ Фикратнинг “Ғариб ҳолат” ва Чўлпоннинг “Суйган чоқларда”
шеърларида миллий руҳият ифодаси, миллат истиқболи билан боғлиқ ҳасрат
талқини жиҳатидан уйғунлик кузатилади. Таъкидлаш керакки, бу уйғунлик ҳар
икки шоир ижодидаги ўзига хосликни инкор этмайди:
Ҳасратинг алами кўнглимдан тошар,
Ҳижрон оғусига тўлган чоғимда.
Ситамдийда руҳим сенингла яшар,
Йиғлаб, сукутларга толган чоғимда1.
Чўлпонда:
Гўзалларнинг маликаси экансан,
Буни сенинг кўзларингдан ўқидим.
Ўқидимда, истиқболим қушига
Хаёлимдан олтин қафас тўқидим.
Ҳар иккала шеърда ҳам миллатга муҳаббат, унинг келажаги учун қайғуриш
туйғуси шоир лирик кечинмалари билан мутаносиб ифодаланади. Тавфиқ Фикрат
“ҳасрат алами”, “ҳижрон оғуси” каби истиораларда лирик қаҳрамон – ошиқнинг
айрилиқда қолган ҳолатини беради. Худди шундай Чўлпон сатрларидаги
“гўзалларнинг маликаси”, “истиқбол қуши”, “олтин қафас” истиоралари буни
асослаб туради.
Кейинги бандларда ҳам шу руҳ давом этган. Тавфиқ Фикратда:
Гоҳ ёдинг тиғ каби зеҳнимни тилар,
Хоин ишқ қалбимга урар панжалар,
Руҳимда очилар оппоқ ғунчалар
Дудоғинг муштоғи бўлган чоғимда.
Чўлпонда:
Кўзингдаги ҳикоянинг мазмунин,
Шоир бўлсам, айтибайтиб йиғлардим.
Ўшал эски жароҳатли қалбимни
Сатрларнинг наштарила тиғлардим.
Тавфиқ Фикратнинг лирик қаҳрамони – ошиқ. Бироқ бу ишқ лирик кечинмадан
ижтимоий дард ифодасига қараб ўсиб боради. Шунинг учун шеърнинг ҳар бир
сатрида аламли кечинмалар акс этган. Севгилининг ёди унинг қалбига тиғдек
ботади, ишқи қалбига панжалар уради. Ҳижрон ҳислари лирик қаҳрамон қалбида
аллақандай илиқликни пайдо қилади. Буни кейинги мисраларда қўлланган
“Руҳимда очилар оппоқ ғунчалар” истиораси ҳам тасдиқлайди. Чўлпоннинг
лирик қаҳрамони ҳам муҳаббатдан масрур. Бироқ унинг ҳам қалбини ҳижрон
тилкаламоқда. Бу аламзада булбул образида намоён бўлган. “Кўзингдаги ҳикоя”
ҳам шоирнинг ўзига хос топилмаси бўлиб, бу кўчма маънода ишқни билдириб
келган. Фақат бу ишқ Ватан ва миллатга бўлган муҳаббат даражасига юксалади.
Ҳар иккала шоир талқинидаги яна бир муштараклик – Тавфиқ Фикратда “Оппоқ
ғунчалар”, Чўлпонда гунафшалар сингари флористик образларда намоён бўлган.
1 https://kh-davron.uz/kutubxona/jahon/turk/rizo-tavfiq-fikrat-sherlar.html
№ 10 2024 105
Шаҳло ҲОЖИЕВА
Тавфиқ Фикрат шеъриятининг Чўлпонга ҳаётбахш таъсири деярли барча
ишқий шеърларида кўзга ташланади. Жумладан, “Таниш гўзал” ва “Гўзал” шеъри
муқоясаси орқали буни асослаш мумкин бўлади. Эътибор берилса, яқинлик аввало,
шаклда – сарлавҳада намоён бўлган: шеърдаги лирик қаҳрамон гўзал – суюкли
эканлигини бир қараганда англаш қийин эмас.
Тавфиқ Фикратда:
Кунботар шафағи байроқ тикаркан,
Кўлларга кўлкалар кўркам чўкаркан,
Сочбоғини ечиб, ёйибтўкаркан,
Сочин тўлқинтўлқин оқиши борди.
Чўлпонда:
Қоронғу кечада кўкка кўз тикиб,
Энг ёруғ юлдуздан сени сўраймен,
Ул юлдуз уялиб, бошини букуб,
Айтадир: мен уни тушда кўрамен.
Тушимда кўрамен – шунчалар гўзал,
Бизданда гўзалдир, ойданда гўзал!
Эътибор берилса, ҳар иккала шеърда ҳам қалб севгилисининг гўзаллиги
табиатдаги энг чиройли ҳолатларга менгзалади. “Кўлларга кўлкалар кўркам
чўкаркан” (оқшом тасвири) ва Чўлпондаги “Қоронғу кечада кўкка кўз тикиб” (кеча
тасвири) сатрларида манзара уйғунлигидан ташқари, бадиий ифодада ҳам яқинлик
бор: ҳар иккаласида ҳам товуш аллитерацияси (“к” товуши такрори) кузатилади.
Кейинги бандларда Чўлпон ёр латофатини табиатдаги ойнинг чиқиши, эрта тонг
шамолининг эсиши, қуёшнинг нур сочиб чиқиши каби киши қалбига ўзига хос ҳаёт
эпкинларини олиб кирадиган манзараларга менгзайди.
Сўнгги бандларда ҳам мазмуний яқинликни кўриш мумкин. Тавфиқ Фикратда:
Ҳуснида бир адо борки, осийди,
Мени хароб этган у адосийди!..
У шоир кўнглимнинг ошиносийди –
Юзимга бир шеърдай боқиши борди…
Чўлпонда:
Мен йўқсил, на бўлиб уни суйибмен,
Унингчун ёнибмен, ёнибкуйибмен,
Бошимни зўр ишга бериб қўйибмен,
Мен суйиб… мен суйиб, кимни суйибмен?
Мен суйган суюкли шунчалар гўзал,
Ойданда гўзалдир, кунданда гўзал!
Ҳар иккала шоирнинг ҳам лирик қаҳрамони – ошиқ маъшуқаси учун ниҳоят
фидойи инсон сифатида кўринади. Тавфиқ Фикрат суюклининг ҳусни олдида ўзини
осий ҳисобласа, Чўлпон эса маъшуқа муҳаббати йўлидаги йўқсилга қиёс этади.
106
Шарқ юлдузи
Тавфиқ Фикрат ва Абдулҳамид Чўлпон
Иккинчидан, Тавфиқ Фикратнинг лирик қаҳрамони қалбидаги ишқ ёлқини уни адо
этган, Чўлпон эса буни “Бошимни зўр ишга бериб қўйибман” дея шу йўлда собит
эканлигини ифода этади. Ҳар иккала шоирнинг лирик қаҳрамони ҳам нафақат
зоҳирий, балки ботиний гўзаллик олдида бош эгади. Яъни уларнинг ҳар иккаласи
ҳам чин, фидойи ошиқ сифатида намоён бўлади.
Тавфиқ Фикратнинг “Шоми ғарибон” ва Чўлпоннинг “Юпанмоқ истаги” номли
шеърлари орасида мазмуний ва поэтик образ танлашда ворисийлик, адабий анъана
кузатилади. Тавфиқ Фикратда:
Бир оқшом овора кезаркан қирда,
Бу ер париларла маскун деб билдим;
Ҳайратла боқаркан, бу ваҳшатзорда
Ҳуснининг асрори тўлғун деб билдим.
Чўлпонда:
Билмадим, кўнглимни юпатгай кимлар:
Боғларми, тошларми ё оқар сувлар
Ёки кишанлардан бўшалган қуллар,
Ёки севилмасдан ташланган туллар?
Ҳар иккала шеърда ҳам эрк учун курашаётган лирик қаҳрамон гавдаланади.
Чунки адабиётшунос Нормат Йўлдошев тўғри таъкидлаганидай: “Фикрат ва
Чўлпонни боғлаб турган ришта ҳам Ватан ва Миллат манфаати билан боғлиқ”дир2.
Табиат тасвири (оқшомдаги қир, боғлар, тошлар) лирик қаҳрамон руҳиятидаги
маҳзунликни ифода этган. “Ваҳшатзор” ва “кишанлар” эса эрксизликни билдириб
келган. Бу шеърда шаклий ўхшашлик ҳам мавжуд: шеър бандлари а-а-а-б тарзида
қофияланган: дастлабки уч мисра ўзаро оҳангдош бўлиб, тўртинчи мисралар
бандлараро деярли бир хил интиҳо топган. Тавфиқ Фикратда ҳар банд охири
“билдим” феъли билан тугаган бўлса, Чўлпонда “гуллар”, “сувлар”, “қуллар” ва
ҳоказо оҳангдош сўзлар билан якун топган.
Тавфиқ Фикрат турк мумтоз шеъриятининг катта вакилларидан биридир.
Шунинг учун шоир шеъриятида шарқ шеъриятига хос анъанавий образлар, ғоя
ва фикрлар акс этган. Жумладан, ошиқ булбул образи Чўлпонда аламзада булбул
сифатида келади. Чўлпон XX аср бошлари ўзбек шеъриятида рамзчилик оқимини
бошловчидир (Абдураҳмон Саъдий). Айниқса, инсон ва табиат ўртасидаги
муносабатларни рамзий тимсолларда бадиий ифодалаш учун Чўлпон Тафвиқ
Фикратдан кўп ўрганган.
Юқоридаги бадиий таҳлиллар ва қиёсларга таяниб айтиш мумкинки, Чўлпон
ижодида турк адабиётининг Тавфиқ Фикрат ва Яҳё Камол сингари вакиллари
асарлар билан ҳам мазмун, ҳам шакл жиҳатдан уйғунлик кузатилади. Бироқ
бадиий-эстетик идеалнинг лирик кечинмадан Ватан ва миллат дарди. Озодлик
ва эрк талқини даражасига ўсиб чиқиши жиҳатидан Чўлпон шеърияти эстетик
тафаккурни янги миқёсларга юксалтирганини алоҳида таъкидлаш керак.