Абдунаби БОЙҚЎЗИЕВ – “Шуҳрат” медали соҳиби. 1954 йилда туғилган. Тошкент
давлат (ҳозирги ЎзМУ) университетини тамомлаган. Ижодкорнинг “Ғуборингни
ёзгайман”, “Сени излаб келдим”, “Ўзбекнаво юлдузлари”, “Жудолиғ дашти”, “Кўзлари
дарёйим!..”, “Дилхирож туйғулар”, “Беш наво”, “Беш сўмлик кеккайиш”, “Чўли ироғим”
номли ва бошқа китоблари нашр этилган.
Тақдир
Тошдек новдаларда
Туғилади майин япроқлар.
Жун Таками
Бу қисматнинг
Боши тош,
Урилди-я тошларга.
Бир манглайда сағир ризқ
Ялчимади ошларга.
Совуқ
Сур нигоҳларга
Гул суратин чизди у,
Меҳрни қабоқлардан
Мунгрон мунгрон узароқ.
Дийдаларга дил атрин
Нектар нектар чекди-ю,
Тош қотган юракларга
Мисқол мисқол экди у.
Бу қисмат
Ғамда унди,
Исмати метин бўлди!
Оловларга отилган
Ғўла – бир ўтин бўлди!
На чора,
Тош қалбларга,
Гул суратин чиздию,
Меҳрни нигоҳлардан
Мижгон мижгон узди У!…
Ўтмишга шарҳ
Бу борлиқнинг…
Ҳар буржи нигоҳ!
Кўз бор ҳатто исталбаларда!
Ҳатто дарахт, кўкатлар огоҳ,
Гумон, шубҳа босганинг қадам.
Шамол
Гарчи эпкинли сабо,
Жонисарак – ҳар бурчда ҳозир.
Узлатдаман, ҳеч зот йўқ, дема.
Бу кўчада гадо ҳам нозир,
Ҳушёр гумон… анови эман!
Ҳатто,
Ёмғир суви эминмас
Самолардан силқиган йиғи.
Писмиқ ғудда илжаяр бесас.
Қувроқ майса кузак жиззиғи,
Қўтир чинор – йиллар ғуссаси…!
Фақат
Қушлар сайроғи бийрон,
Дилидаги мудом тилида.
Куйлолмайсан шу қушдай сайрон,
Сен, дудуқсан қўрқув дўлида!
Хунхор йиллар…
Мозийга дўнди,
………………………………………
……………………………………..?!
Кўргуликлар айланди тушга.
Ажаб, вайрон боқяпман энди,
Ўзим яшаб ўтган ўтмишга!
Бугун, ҳайрон қоляпман, энди
Қандай кирдим экан, етмишга!
Сонет
Дўрмон, Дўрмонжон, бормисан дўстим,
Мана, яна келдим, бағринга мангиб.
Гарчи Андижонда, бўлисда ўсдим,
Лекин, бир жигардай қолдик боғланиб.
Ким сўзга ошиқдир, кимда жунун бор,
Илҳом излаб келар, мудом сен сари.
Имдод тилаб келар қай бир ижодкор,
Биров устозларнинг қутлуғ изларин…
Ким неки ниятда, новмид қайтмагай,
Завқ бергай ҳар бута, ҳар бир гиёҳи.
Сарин эпкинлардай унар байтларинг,
Бу ерда ҳар даминг ғизолга доҳил.
Бу ерда ҳар бир гул Лайли нигоҳи!
Бу ерда ҳар эпкин Мажнуннинг оҳи!
* * *
Раҳмат сенга Дўрмон,
Энди яхши қол,
Тажанг кунларимда бағрингга олдинг.
Билдимки, некбинсан, бу дунё – ғазал,
Торларга тангу тор, кенгга, онча кенг.
Бу дунё мири кам, англадим, эй дўст,
Чирой ҳам касб этди ғашкин дамларим.
Ўн кунда фитратим бир бошга ўсди,
Аригандай бўлди чиркин ғамларим…
Хуш қол,
Ичикибди жажжи набирам,
Эмаклаб кирибди… ижодхонамга.
Тирилиб келгандай, укпарим энам,
Термулишлари ўхшар онамга…
Биласанми,
Унинг исми Осиё,
Осиёмиз, бутун Осиёда йўқ!
Шу бугун кўрмасам дил дардим сиёҳ,
Бағримга босмасам, ҳеч иложи йўқ.
Раҳмат сенга Дўрмон, раҳмат, яхши қол!
Ёшлик ўтди
Вақт дегани
Ёмон писмиқ,
Соқов – соат миллари.
Етмишгаям кирибмиз-а,
Ўтди баёв йилларим!
Умр
Ортга қайтганми?
Дарёку, терс оқмайди!
Ўтган кун… ўтди кетди,
Сира ортга боқмайди!
Умр
Бу ерда ҳар бир гул лайли нигоҳи
Ортга оқмагай!
Бўлма дўстим хомтаъма.
Ўтган кун энди – ўгай,
Ўгайликдан йўқ таъма.
Ёшлигим…
Жигаргўшам!
Сен-да кечиб кетдинг-а?!
Соғинчларда мунгрансам,
Сезмагандай ўтдинг-а?!…
Тўғри,
Мен ҳам тонмайман,
Муродимга етдим, ҳа.
Шоир Наби шуҳратига,
Сени фидо этдим, ҳа!
Нимагаки эришдим
Сен туфайли, гумон йўқ.
Ҳар бир куним бир томчи,
Бу томчисиз уммон йўқ.
Гар унутсам уммон йўқ,
Гар унутсам, имон йўқ!
Ҳали
Бизлар
Ҳали учрашмадик, йўқ,
Ҳали армон висол қўшиғи.
Ўтди қанча жазирама-ю,
Изиллаган кузлар ушуги…
Мен
Соғинчман
Жоним, бугундан,
Рўбарўнгда гунг-лол тургали.
Бахтли кунлар ҳали олдинда,
Изтироблар… олдинда ҳали.
Сен,
“Келдим!”, де,
“Келдингми-ей!”, дей!
Яшнаб кетсин ғамгузор кунлар.
“Ҳеч йўқ, бир бор эсладингми?”, де,
Нигоҳингда бўйлансин изҳор…
Йўқ, нолима, гиналар қилма,
Олиб қочма қўлларинг, лайлим.
Висол ҳам бир бахтиёр бўлсин,
Ўтган айро кунлар туфайли!
Биз, ҳозирча топишолмадик!…
Тоғ боши
Қизарди,
Ва…
Бир тонг кўз ёрди,
Туғилди, ҳурнур Қуёш.
Туғилди-ю,
Кулиб юборди!
Тоғ бошида…
Кўз ёрди, бир тонг,
Бу гал Қуёш кулмади,
Кулмади, бу гал Қуёш!
Субҳидам туйғулари
Йиғлади ёмғирларда!
Шомда
Мана,
Сен ҳам ўтдинг,
Бир КУНИМ.
Яхшилик билан ўтсанг ҳам,
Ёмонлик билан ўтсанг ҳам,
Мен билан ўтдинг.
Мен ҳам ўтдим.
Яхши ўтдимми,
Ёмон ўтдимми,
Сен билан ўтдим!
Қаён кетдинг – мен билан кетдинг.
Қаён кетдим – сен билан кетдим.
Шу сўзларни мен битдим, Оқшом,
Сен, нима битдинг?!…
Ҳей, дарвоза
Остона хатласанг, ҳар томонинг йўл…
Бу кўчанинг
Боши қаерда?
Қай томонда унинг адоғи?
Нима учун бўйланиб турмас,
Ҳар қадамда ҳижроннинг доғи?
Қани,
Кеча шод юрган чоғим,
Қайга кетди ялпиз ҳидли шаън.
Қани энди била олсайдим
Қай томонда, бахтнинг қучоғи!
Қаён кетди,
Қай томон кетди,
Мен юрагин қон қилган оҳу?
Бу кўча жим, лом-мим демайди,
Эсламайди ҳижронларни у!…
Ҳей дарвозам,
Жуда қизиқсан,
Нега жимсан, душманиммисан?
Йиғлаб чиқиб қай томон кетди,
Менинг дили вайроним… найсон?!
* * *
Хуршид Давронга
Э, сўраманг,
Қандай кўрсатай,
Бу бағирнинг яра жойини.
Бизнинг Ёзуқ ҳаёт учун жанг,
Тириклик ҳам… қимор ўйини.
Бу жуссами?
Отилган ошиқ!
Умр, унга дов қиб тикилган.
Бу тақдир манглайи безабон қўшиқ
Гоҳо шодлик, гоҳо буткул ғам.
Гардкам деган бизни отган Зот,
Бирда чика, бирда пукамиз.
Биз – бир ошиқ… ҳисоб кунида,
Олчи қилган бўлсин… Эгамиз!
* * *
Изтироб қутурса
Лаҳзалар тикан,
Бунчаям бебақо бўлмаса иқбол?!
Тангрим-ў айт, қайтиб юпатсам экан,
Кифтларида қақшаб, титрар бир Аёл!
Кўриб турибсанку ўзинг, ҳолатни,
Бу ҳолга изоҳнинг борми ҳожати?
Бир мушфиқ елкага шунча азобни,
Қандай юклаёлдинг, қандай жо этдинг?!
Йўқ-йўқ,
У аёлмас, азобга ҳайкал,
Мақом – мушкилоти “Фарёди ғизол”.
Сени қандай, қандай юпатсам экан,
Елкалари титраб йиғлаган Аёл?!