Шоира ШАМС – 1978 йилда туғилган. Урганч давлат университетини тамомлаган.
“Орзулар қояси”, “Жавриким жондан ўтар”, “Самандар”, “Йиғлаётган қуш”,
“Оловхат”, “Тупроқ тили”, “Кўзларингдаги баҳор” номли китоблари чоп этилган.
***
Уйғотди хаёлинг яна, эй ёр, саҳарда,
Жисмимни ғаму ғуссаси такрор саҳарда.
Ёришди-ю тонг, тийра кўнгул уфқида йўқ шамс,
Дил мангу бу тун илкида афгор саҳарда.
Бу боғи фано боди баҳор оразин очди,
Очмас юзин ул ҳусни пуранвор саҳарда.
Ким, кўрмас ўзига бу гадо ишқини лойиқ,
Кош, отса таним итига якбор саҳарда.
Тун ҳажри мадоримни олиб эрди танимдин,
Қаддимни кўтармак дағи душвор саҳарда.
Еткизса-ю бўйингни насим, айламас армон,
Жон берса агар ман каби бемор саҳарда.
Шоира, гирифтори бало ўлди жаҳонинг,
Йўқ чораким, ўлдирса ситамкор саҳарда.
***
Ҳаққа етолмас йўлинг, гумон ваҳмида бўлсанг,
Сўзда адашгай тилинг, баён ваҳмида бўлсанг.
Гарчи кўзинг лочину, ўзинг мергани элнинг,
Панд камондин етар, нишон ваҳмида бўлсанг.
Дилга назар ташламай, дединг: келмади омад,
Бўлмагай асло нафинг, зиён ваҳмида бўлсанг.
Шахдинги ўлдирмаки, фано доғули, дерлар,
Лаҳза яшаб бўлмагай, замон ваҳмида бўлсанг.
Шоира, ўтса йўлинг чаман ичра, на суддир,
Гулга етмагай илкинг, тикон ваҳмида бўлсанг.
***
Мижанг ул наргиси фаттонға пайванд,
Юзинг гулбарги ҳам райҳонға пайванд.
Бу гулшан ичра ҳушимни йўқотдим,
Қачон бўлғай висолинг жонға пайванд?
Қадинг пайванди шамшод эрдиму, оҳ,
Онинг кўйида дил ҳижронға пайванд.
Тишинг дурру, лабинг кулгучи фируз,
Бўлубдур ғунчайи хандонға пайванд.
Кўнгул узмоқ маҳол ушбу чамандин,
Ки онинг манзари ризвонға пайванд.
Ёноғинг рангидин ранг олди раъно,
Қиёси сен маҳи тобонға пайванд.
Бу рухсор узра кам йўқ, Шамс, ҳайрон,
Жамолинг тубийи рахшонға пайванд.
- * * – Не учун, наргис кўзида бунча нам?– Тун узун эрди, ёмон эрди ситам.– Ҳажрми, ё дардми тун қийнаган?– Ёрнинг ҳажрида чеккай дарду ғам.– Кимдур ул жону жаҳоннинг офати?– Отининг ҳар ҳарфи жондин муҳтарам.– Ишқ аро мундоқ риёзатдин не суд?– Васлига юз жон эса, кечсанг-да кам.– Шамс, не айтарда васфин, йиғладинг?– Менга ошиқлик ҳавас, ҳажри-алам.
Дилни титсанг, ганжи пинҳонимда ғам бўлмасмикан?
Ўтга тутсанг, жисми нолимдин қалам бўлмасмикан?
Ногаҳон боқсанг кўзимга, сабза узра шуълазан,
Икки оҳу жастаҳолу, қатра нам бўлмасмикан?
Оҳу афғон ичра кўнглум ўлсаю, бир келмасанг,
Доғи вовайло чекиб, баҳри алам бўлмасмикан?
Кўҳкан афлокдин бошимни ёрди, не ажаб,
Эй қуёш, боқсанг бало ёғмури кам бўлмасмикан?
Ўтсанг оламдин бору йўғингдин из қолдирмайин,
Шоира, сўнг манзилинг дашти адам бўлмасмикан?
***
Ҳуснига монанд айлаб тақди гавҳардин садаф,
Чўғ каби боққай ёниб зангор минбардин садаф.
Тийра шомимға етиб гўё Сурайё анжуми,
Кўзларим қилди мунаввар, рўйи ахтардин садаф.
Шуъласин ишқ осмонига ёйиб хаттин битар,
Риштайи афлока тушди асли заргардин садаф.
Ёр кўксин тутди маскан деб куяр рашшок дил,
Қўзғар оташ басма-бас оламга мажмардин садаф.
Шуълайи ҳуснин кўрибми ғунчалар кўзида нам,
Ё тўкилди гулшан узра доғи соғардин садаф?
Ишқ саҳросида ташна ҳар кўнгулким зордур,
Ёғса ёмғирдек фароғат оби кавсардин садаф.
Шоира, мақсуд эди назми само мулки сенга,
Учди кўк узра хумодек бори дафтардин садаф.
***
Айтадурлар: жон берар ҳам, жон олар ҳам ёр эмиш,
Ёр ила жон устида баҳс айламак душвор эмиш.
Кўнглунг ичра неча ёшурма ғамингни, ишқ аро,
Баридан огоҳ эмиш ул, гизламак бекор эмиш.
Қошида туфроққа тенг бўлгай кишилар соядек,
Тик қараб бўлмас экан, оё, қуёш рухсор эмиш.
Лабларин кавсар деб уммид айлама васлини, ким,
Қатлгоҳ эрмиш қучоғи, тори зулфи дор эмиш.
Шоира, топсанг жаҳондан ҳуснининг шайдоларин,
Дарди ишқ эрмиш санингдек, бедаво бемор эмиш.