Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Шоирликнинг шаъни ва рутбалари



Тоҳир ШЕРМУРОД – филология фанлари номзоди, адабиётшунос. 1956 йилда
туғилган. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтини (ҳозирги ТДПУ)
тамомлаган. “Ҳаёт кўзгуси”, “Қардошлик камоли”, “Жозиб изҳор излаб”, “Усмон Азим
ижодиёти” сингари китоблари чоп этилган.

Кўп асрлар мобайнида мусулмон диёрларда инсон маънавиятини унинг назмдаги
ва назмни тушунишдаги таъблари билан баҳолаш бош мезон бўлиб келган.
Оммавийлашган бу урф, қоида шахснинг айни соҳаларга бевосита мансублигини
назарда тутиш билангина чекланиб қолмаган, балки аҳолининг бошқа қатламлари
дунёқараш тарзини ҳам қамраб олган. Яъни, мазкур мезоннинг қамров кўлами
ғоятда кенг бўлиб, инсоннинг илоҳий ҳақиқатларни, талабларни тафаккурлашдаги
даражаси, уларга риоятдаги аҳволи турли илмлар, назмлар, назмшуносликка доир
муносабатига қараб ҳам белгиланган.
Улуғвор бу тамойил ҳукм сурган асрлардан бири Алишер Навоий яшаган
даврдир. Шеър ишида ҳам, уни тушунишда ҳам ҳикматлар – ҳақиқатлардан
воқифлик камоли бу замонда энг долзарб маърифий талаб ва асл мақсад-муддао
ҳисобланган. Адабий ижодчиларнинг, мухлислар оммасининг, шеършуносларнинг
маъно-моҳиятларни қай даражада зеҳну фаросат билан идроклашларига қараб
уларнинг салоҳиятларига баҳо берилган. Бу борада қатор мутафаккирларнинг,
айниқса, Навоийнинг талқинларини кузатиш бугун ва келажак даврлар учун
беқиёс манфаатлар беради. Мавзу фундаментал тадқиқ этилиши жоиз йўналишдир.
Соғлом инсоният имкониятларининг энг юксак мақомларини идроклатиб берувчи
ўша даврлардаги таълимотни, талабларни, адабий-илмий натижаларни ўрганиш,
хусусан, ҳозирги ўзбек адабий жараёни, адабиётшунослиги тамойилларига доир
муҳим қиёслар ҳамда хулосалар чиқариш имконини беради.
Сўз санъати ва унга қаратилган илмлардаги бундай идрок тарзининг
масдари ва ўчмас маёғи ҳақ таълимот эканлиги туфайли барча мумтоз ижодкор
донишмандларнинг адабий-назарий қарашлари, ҳаётий кузатишлари, хулосалари
бир-бирини бойитиб, ҳайратомуз муштараклик касб этади. Исломий поэтик
тафаккур жараёнигагина хос бўлган айни юксак муштараклик ҳамма вақт назмий
ва насрий ижодга, уларга махсус илмларга, умуман, китобхонликка кириб келиш,
шаклланиш, муваффақиятга эришишнинг ҳам кафолати бўлган.
Илоҳий мантиқлар ҳамда ижод пафосининг ўзаро уйғун намоён бўлиши,
тасвирдаги маънолар ёхуд тагмаънолар борасидаги қарашларнинг бир-биридан
бехабар вазиятларда ҳам айнан бир хил содир бўлиши каби адабий ҳодисалар
эътиқоддаги, илмий-поэтик фикрлашдаги якдиллик ва собитликнинг ҳаётий
кўринишларидир. Бундай умумсифатлар ҳақ таълимотнинг ақлни ожиз
қолдирувчанлигидан, ҳамма макон ва замонга салоҳиятли қилинганидан,
тасарруфий улуғворлигидан далолатдир. Айни пайтда, бу назмий, назарий
натижаларнинг шарқдаги сон-саноқсиз мисоллари кўпчилик юксак заковат
эгаларидаги қалбий, шуурий ҳаракатларнинг нақадар тўғрилигини далилловчи
ҳайратланарли фактлардир.
Илоҳий қонуният ва унга таслим адабий-назарий тафаккур тарзининг энг
юксак мақомини Навоийнинг бутун ҳаёти ҳамда ижоди моҳиятидан, айниқса, шу
масалаларга доир қарашлари акс этган асарларидан теран идроклаб олмоқ мумкин.
Маълумки, буюк мантиқшунос олим Абу Наср Фаробий ( IX асрнинг иккинчи – Х
асрнинг биринчи ярми) ўзининг “Шоирлар санъати қонунлари ҳақида рисола”сида
шеърият моҳияти, сўз санъати илмининг умумий қоидалари тўғрисида фикр
юритган эди. У шоирларни тоифалаб тушунтириб, ҳар тоифанинг комилликдаги
даражасини тавсифлаб беради. Умуман, Фаробийнинг мазкур мавзулардаги илмий
қарашлари масалага исломий таълимот асосида ёндашувнинг собитлашганини
тасдиқловчи дастлабки манбалардандир. Навоий ҳам “Маҳбуб ул-қулуб” (1500)
асарининг “Назм гулистонининг хушнағма қушлари зикрида” номли 16-фаслида
исломият оламидаги шоирларни тўрт гуруҳга ажратиб васфлайди.
Биринчи гуруҳ шоирлар илоҳий маърифат хазинасининг жавоҳирлари билан
бойиган ва элнинг фазли-эзгулиги учун маънолар хазинасидан жавоҳирлар
йиғадиган сўз санъаткорларидир. Уларнинг асарлари сўз мўъжизалари бўлиб,
улар шеърларини шеър дейишга ҳам тил бормайди, чунки ўта жозибадор айтилган
ҳикмат-ҳақиқатлардир.
Иккинчи гуруҳ шоирлар – ҳақиқат сирлари билан мажоз сирларини уйғун тарзда
ифодаловчи услублар соҳиблари.
Учинчи гуруҳ шоирлар шеъриятида мажозий маънолар етакчилик қилса
да, аввалги гуруҳлар мақомида поэтик фикрлайдилар ва ўз гуруҳининг услубий
гўзалликлари бобида камол соҳибларидир.
Тўртинчи гуруҳ – пастки табақа. Улар шеър ёзганига хурсанд. Шоирлик даъвоси
жуда баланд. Шеърларида на ҳақиқат, на маърифат болидан лаззат бор.
Фаробий ва Навоийнинг шуарони тоифалаштиришида ва таъриф этишида бир
бирига зидлик, тафовут йўқ. Навоий талқинида мезоннинг ва соҳага талабнинг
тўғридан-тўғри ҳақ эътиқод таълимотларидан олинаётганига, шоирлар солиҳияти
ҳамда тафаккур тарзларининг шу асослардан туриб баҳоланаётганлигига гувоҳ
бўласиз. Икки аллома ҳам тоифавийлик манзараларини ўтмиш ёки ўзлари яшаётган
даврларга махсус нисбат бермайди. Зотан, бу нуқтаи назар барча даврларга,
халқларга, жумладан, бугунги ва келажак адабий-илмий жараёнларга ҳам дахлдор
дастуриламалдир.
Кузатаётганимиз масалаларни тафаккурлашда икки ёки кўп кишининг бир
биридан бехабар ҳолда бир хил фикрлаши, фикрларининг бир жойдан чиқиши
Навоий даврида ва Навоий тилида “таворуд” дейилган.
Шоирликнинг ҳақиқий тақозолари, шарафи ва улкан масъулияти идрокидан
ғофил қаламкашларни Навоий танқид қилди. Уларга раддия билдирди, монелик
уларнинг ўз аҳволоти, кайфиятида эканини билдирди. Қолган уч гуруҳнинг
ҳар бирига мансуб ўтмиш ва замондош шоирларни номма-ном санаб, уларни
улуғлади. Бу улуғлов, айни вақтда, шундай ижодий рутбаларга мансубликнинг,
шундай мақомларнинг улуғланиши эди. Диққат қилинса, бунда шоирлик тасвир
объектлари, мавзулар доираси, диний ёки дунёвий талқинлари, илоҳий ёки
мажозий ишқларига кўра чегараланаётгани йўқ. Шоирлар илоҳий ҳақиқатлардан
воқифлик, назмдаги таблари, услубий мойилликлари, камолот даражалари,
эришган ютуқларига қараб эътироф этилмоқда. Зотан, ҳамма нарсанинг яхшисини,
энг тўғри тадбирини ўргатувчи ислом таълимотларида диний ва дунёвий деган
айирмачиликнинг ўзи йўқ.
Шоирликдаги рутбаларнинг бундай холис, адолатли, ҳаётий белгиланиши ҳамда
чуқур таърифлар, ўринли, ҳаққоний васфларнинг айтилиши буюк мутафаккирнинг
умр охирида бошқача бўлиши мумкин эмаслиги аён нодир хулосалари эди. Улардан
шеър ва шоирликка қўйиладиган илоҳий тавсиялар, ўгитлар, ҳукмлар, руҳоний
камолотнинг бундаги йўл-йўриқлари, вазифаларнинг кўлами, шарафи уфуриб
туради. Муҳими, Навоий қарашлари бадиий ва адабий-назарий тафаккурнинг
энг олий, турфа маънавий хавф-хатарлардан, зоеликлардан холи, муҳофазаси ҳақ
таълимот билан кафолатланган имкониятлари, ҳадларининг ёрқин ифодаси эди.
Навоийнинг бутун ҳаётий ва ижодий амали чин эътиқоддан бир лаҳза бўлсин
тойилмасдан яшашга қаратилгани, сўз воситасида элга яхшиликлар таратиш,
ижодни икки дунё саодатига дохил яратиш бўлганини, бинобарин, “Маҳбуб ул
қулуб”даги тавсифлар ўз-ўзидан бунёд бўлмаганини, бу беназир, қойилмақом бир
умрнинг тажрибаларидан ҳосила сифатида юзага чиққанлигини фаҳмлаш қийин
эмас.
Навоий адабий-назарий қарашларидаги шеър ва шоирликка оид донишона
қоидалар, талабларни унинг “Мажолис ун-нафоис” тазкираси янада кенг миқёсли,
янада теран идрок эттиради. Ундаги мажлисларнинг таркиби ва ўрни, ҳар бир
мажлис аҳлининг зикри, ёди, тавсифи, камолдаги улар даражасининг белгиланиши –
ҳаммаси Навоийнинг бутун борлиғи билан исломий асослардан ва мезонлардан
туриб масалаларга ёндашганлигини кўрсатади. Зеро, дин Навоий учун, ўзгалар
учун ҳам бир восита эмас эди, балки ҳаётларининг, барча жабҳа фаолиятларининг
мақсад-мазмуни эди. Ҳар қандай замон ва маконда Навоийни, умуман эса, ўзбек
мумтоз адабиётини бошқача тушунишларга уринишлар ўзини оқлай олмайди.
“Мажолис ун-нафоис”да тазкиранавис ҳеч қайси шоирнинг хос жиҳатини,
табиатини, ҳақиқатлардан огоҳлик даражасини эътибордан қочирмайди. Назм
иштиёқи ва назмий маъноларга муҳаббат билан йўғрилган умргузаронликда
ҳам баркамоллик минг бир шарт, одобни тақозо этар экан, Навоий ҳар ижодкор
таърифида унинг ўз иқтидори парваришига нисбатан интизомига, назмий табига
бўлган масъулиятини тўғри айтишдан чекинмайди. Мавжуд муайян чекинишилари
эса илмий одобдан бўлиб, гапнинг чўзилиб кетмаслиги (“сўз узолур”) учундир ёки
шоир Амир Шайхим Суҳайлий васфида келганидек, зиёда мақтовлардан тийилиш
учундир: “Аввалдан охирғача фақир била илтифот ва иттиҳоди кўп учун мундин
ортиқ таърифин қилилса, ўзумни таъриф қилғондек бўлурдин қўрқуб, ихтисор
қилилди…”
Тазкирада барча масалага муносабат назм аҳли ва аҳли маонийнинг турли-туман
табъларига мувофиқ ва муаллиф Навоийнинг ҳикматлар оламига етишган, ғоятда
баланд мақомдаги таби доирасида кечади. Ижодкорларнинг шеъриятдан бошқа
соҳаларга нисбатан бўлган табъларига ҳам диққат қилинади, аммо бутун холисона
адабий-назарий талқин мобайнида “назми таб” руҳи етакчилик қилади. Табиийки,
назмдаги таб, фаҳму фаросатнинг шуародаги аҳволи турлича хуштабъ, нохуштабъ
ранглар ва рутбаларда бўлгани учун таблар ҳар кимда ҳар хил сифат билан келади:
“яхши табъ”, “хейли тасарруфлиқ таб”, “хейли латиф табъ”, “табъи мулойим”,
“табъи салим”, “табъи ҳам холи аз саломат эмас”, “муҳрид фаҳм”, “табъпараст”,
“табъи бағоят хуб”, “фаҳми ёмон эмас”, “ғаробатжўй табъ”, “табъи ҳазлға мойил”,
“табъи хейли шўх”, “дилпазир табълик”, “хом табъ”, “табъи номавзун” ва ҳоказо.
Навоий тазкираси ўша даврга келиб, туркий халқлар адабий жараёни учун янада
долзарблашган жуда катта маънавий-маърифий, тарихий-ижтимоий эҳтиёжга
ҳозиржавобликнинг улкан намунаси сифатида юзага келди. Тазкиранинг бу
аҳамияти унинг дебочаси мазмуниданоқ англашилади: ислом оламининг барча
асрларида назм илми қойиллари ҳамда шеър фани комиллари шариф ва азиз қавмлар
ҳисобланган; уларнинг зикрлари махсус жам этилган рисолалар, китоблар бор;
Абдураҳмон Жомий “Баҳористон”ининг еттинчи равзаси (“Шеър ва шоирлар”),
Давлатшоҳ Самарқандийнинг “Тазкират уш-шуаро”си шулар жумласидан;
аммо маъни назокати ва ажойиботининг қанчаларки шартлари бўлса, уларни
бурунгилардан қолишмай адо этаётган шу замон шуароси ва давр зурафосини ҳам
тарих саҳифаларига муҳрлаш мақсадга мувофиқдир.
“Мажолис ун-нафоис” тазкираси ҳам шу бобдаги аввалги асарлар сингари
“аларнинг номий отлари ва киромий сифотлари замон саҳойифидин ва даврон
сафойиҳидин маҳв бўлмасун”, “ҳар қайсининг натойижи табъидин (табъларнинг
натижаларидан – Т.Ш.) бирор нима нишона” қолсин деган мақсадда ёзилди.
Шу маънода беш юзга яқин аҳли назм ва моҳият билимдонларининг таб
хосликлари-ю таб натижалари тавсифини ўз ичига олган саккиз мажлисли
“Мажолис ун-нафоис” гўзал шоирона таблар гулшанининг ўз замонасига ҳамда
келажак наслларга аталган манфаати туганмас армуғони ҳамдир.
Ушбу нафис суҳбатларда зикри келган назми таблар “Маҳбуб ул-қулуб” да баён
этилган эҳтиромга сазовор шоирлик гуруҳларига мансуб таблардир. Тазкирада
Навоийнинг адабий-танқидий мулоҳазалари ҳам кўп. Шуларга қараб, “Маҳбуб
ул-қулуб”да назмчиликнинг энг паст табақаси сифатида қораланган тоифа ичидан
ҳам баъзи шоирлар “Мажолис”да таърифланган бўлиши мумкин деган ўй-фикрга
бормаслик керак. Тазкирада бундай хулосага олиб борадиган асос йўқ. Чунки
Навоий ҳамма шоирларни улардаги таб имкониятларидан келиб чиқиб тавсифлайди,
бу имконият, қувватларнинг қанчалик юзага чиққани ёки чиқмаганига қараб таб
эгасини баҳолайди. Ўзи илоҳий ҳикматлар, манзур мажозий ҳақиқатлар мезонидан
туриб натижаларни тааммул қилади. Қолаверса, ҳақ йўл нималигини билган ҳолда
ҳам, унинг йўловчиси бўлиб туриб ҳам, баъзан ёхуд батамом ундан тойилиш,
хатоликлар содир қилиш, руҳий ислоҳталаб ҳолга тушиш каби ҳоллар тоза табиатли
одамларда ҳам учраши мумкин бўлган хусусиятлардир.
Муайян шоирлар зикридаги Навоийнинг ўгит, танбеҳ, тавсия, танқидлари
эса уларда содир бўлган, бўлаётган инсоний ожизлик, дангасалик, лоқайдлик, ўз
таблари тарбиясига бепарволик, мансабга, мол-дунёга, ўткинчи ҳою-ҳавасларга
ўзини уриш оқибатидаги зоеликларнинг беғараз, холис, адолатли ифодаларидир.
Назми таблари яхши бўлса-да, аммо камолига қандайдир монеликлар сабаб
бўлгани айтилган таърифлардан айримларини мушоҳада қилиб кўрайлик:
“Хожа Муайят Девона – …Ўзи ошуфтадимоғ киши эрди. Аммо назми равон ва
салис воқеъ бўлур эрди. Анга салтанат даъвоси бор эрди. Ҳамул иш устига ани зоеъ
қилдилар…”
“Хожа Абу Исҳоқ – …Толиби илм ва хуш табъ йигит эрди. Аммо бадхўй ва
мутакаббир ҳам бор эди…”
“Мирзобек – …Инсоният ва хуш ахлоқлиқда Хуросон ва Самарқанд мулкида
ягона эрди. Табъ ва фаҳм ва отару тутарда бу икки мулк йигитлари орасида саромади
замона бу навъ таърифлардин мустағний…
Кўзинг не бало қаро бўлубтур,
Ким жонға қаро бало бўлубтур.
…Агарчи анинг тилига бу навъ абёт кўп ўтар эрди, аммо ҳаргиз парво қилиб
бир ерда битимас эрди… Ҳайф ва юз ҳайф ва дариғ ва юз минг дариғким, ҳаёт
чашмасидин сероб бўлмади ва умри наҳли мевасидин бар емади…”
Кичиклигидан назмнинг барча турларига қобилияти кўп, туркий ва форсий
шеърда рушди бор бўлган “Соқий – …Ҳеч маълум бўлмадиким, анга не бало
урдиким, ушбу сифатлардин ҳеч нима анда қолмади ва эл оросидин чиқти. Умид
улким, бу идборин Ҳақ таоло иқболиға мубаддал қилғай…”
“Мавлоно Абдулқаҳҳор – донишманд киши эрди. Ҳирий шаҳрининг мутааййин
хуш табъларидин эрди. Мавлононинг хаёли кимёгарликка тушиб кўп нима зоеъ
қилди ва ҳеч нима ҳосил қила олмади…”
Имкони бўла туриб, назми табига иш буюрмасликни, шоирликда қуввати бўлса
да, девонаваш ва абтаршева яшашни, бадъфеълликни, ичгувчиликни, биров айтган
рангин маънони ўз тасарруфига олишни, эл шеърини ўзиники қилиб олишни,
беҳаёлик ва бадъшеърлик ила машҳурликка интилишни Навоий қаттиқ қоралайди.
Навоий аҳли вуқуфни – илоҳий ҳақиқатларни донишона идрокловчиларни,
моҳиятни хоҳ асл ҳолида бўлсин, хоҳ мажозий усулда бўлсин, санъаткорона
тараннум этувчиларни, сермаъно ифодани, рангин маъноларни зийрак, дақиқ
шарҳлай олувчиларни эъзозлаб васфлайди. Назмий тасвирда, унга муносабатда,
муҳокама этиш жараёнларида воқе бўлган юксак билағонлик кўринишларини
қайд этади, ҳикоялайди ҳам. Мавлоно Котибий таърифида “…ўз замонининг
беназири эрди. Ҳар навъ шеърғаки майл кўргузди, анга маонийи ғариба кўп
юзланди…” деса, Ҳожа Авхат Муставфий таърифида “…Ўз асрининг ягонаси эрди.
Кўпроқ улум ва фунунни билур эрди, батахсис улуми ғарибани, аммо фалакиётда
шуҳрати бор эди”, дейди. Бундай азизларни Навоий “аҳли ботин”, “аҳли зоҳир”,
“фузало”, “зурафо”, “зарифваш”, “аҳли тамиз”, “аҳли сидқ”, “зеҳни мушкулкушо”,
“тафаккури барча диққатларга вофий”, “таби софий” ва бошқа қатор мақтов сўзлар
билан сифатлайди. Баъзан ажойиб назми табъларнинг юқори баҳосини беради-да,
таърифга китобхоннинг янада ишонч ҳосил қилмоғини истаб, унга шоир китобини
ўқишни тавсия қилади: “…Табъининг не миқдор қувват ва латофати бор эрканин
64
Шарқ юлдузи
Шоирликнинг шаъни ва рутбалари
шеъридин билса бўлур, ўқиғон билғай”. Ёки “Анинг табъи диққатини ҳар киши
билай деса “Шабистони хаёл” деган китобини кўрсун…” каби.
Маънолар оламига беписандликни Навоий табъ аҳлига номуносиб ҳол деб
билади. Мавлоно Хайрий деган шоир таърифида дейдики: “…Аммо шоирликда
ҳейли қуввати бор. Қасойиди бор, ғазалиёти ҳам ямон эмас. Табъ аҳли қошида
матъундир, мунгаким, абётининг маънисин сўрсалар билмас, билса ҳам айта олмас.
Аммо ул муни мусаллам тутмас…”
Тазкиранинг “фасоҳат илмининг сеҳрсози”, “балоғат жаҳонининг мўъжиза
пардози” – Султон Ҳусайн Баҳодирхон ижодига бағишланган сўнгги мажлиси
матн қаърига ботиний ва зоҳирий ёндашувнинг, маҳоратни таҳлил қилишнинг
намунали дарси сифатида янада диққатга сазовор. Унда шоир девонининг ҳар
ғазалидан бир матлаъ ажратиб олиниб, маъноларнинг ва санъаткорликнинг
янгилик даражасига баҳо берилади. Таҳлилга тортилган қатор байтларнинг
ҳақиқатан “шарифтабъ ва латиф зеҳн”нинг натижалари, шоирнинг давр туркий
шеъриятидаги ўзига хос ихтиролари эканлиги айтилади. Навоийнинг ушбу кузатув
ва хулосаларида муболаға, мадҳ руҳи йўқ. Унинг тааммуллари мақтов бобида
иккиланишга ўқувчида асос қолдирмайди.
Матлалар шарҳи ниҳоясига етгач, Навоий ўз тазкираси услубидан хиёл четланиб,
“Хилват” сарлавҳаси остида Султон Ҳусайн Баҳодирхон билан ўзи ўртасида
кечган кўп сонли ҳаётий воқеалардан иккитасини илова қилади. Лавҳалар шеър
ҳақиқатига талаб ва услуб идрокидаги зийраклик ҳақидадир. Улардан бирининг
мухтасар мазмуни қуйидагича: Баҳор айёмининг бир куни. Туркий ва форсийда
малик ул-калом Лутфий Навоийга Хисрав Деҳлавийнинг ҳиндуча ашъорида ёмғир
торлари ифодасига оид ажиб маъни борлиги ҳақида гапириб қолади. Ишқ кўйида
кўп машаққат кўрган маҳбуб балчиққа оёғи тойиб йиқилади. У ниҳоятда дармонсиз,
бемажол. Маҳбуб ёмғир торлари мадади ила ўрнидан туради. Шоирнинг бу қадар
инжа хаёлоти ва муболағасига Навоий ҳам офаринлар айтади. Тасвирлашдаги
маҳорат сифатида бу мисол ҳар кимнинг қошида кўп нақл қилинади. Эътироф ва
ҳайрат барча назмий табъ аҳлида бир хил кечади. Олий мажлисда Навоий Султон
Соҳибқиронга ҳам Лутфий билан бўлган мулоқотини айтиб беради. Султон Ҳусайн
мақталган маънога кўп илтифот этмай, табассум қилиб қўяди. Навоий айни маъно
Султонда эътироз уйғотганини фаҳмлайди. Ҳеч бир табъ аҳли идрок этмаган
моҳиятни эшитган Навоий Султон талқинига “қулоқ тутиб ўз нуқси табъимға
муътариф бўлдим”, дейди. Яъни, ёғин қатраси юқоридан қуйига инади, йиқилган
киши унинг мадади ила ўрнидан турмоғи маҳолдир, магарки, ўргимчак (анкабут)
тўқиган ришталар кўмагида ўрнидан турди, дейилса ярашиқдир.
Заъфдин кулбамда қўпмоқ истасам, айлар мадад
Анкабут ришта осқон бўлса ҳар деворға.
Даврда идроклар ҳаракатининг ғоятда қизғинлигини, идрокларнинг баланд
мақомлардаги соғлом “мусобақаси”ни, сўзга ва шеърга масъулиятининг энг юқори
пағоналарини кўрсатувчи бундай лавҳалар ҳамда назарий қарашлар Навоий
асарларида жуда кўп.
Маълумки, Навоийнинг “Назм ул-жавоҳир” асари бизга пайғамбаримиз
алайҳиссаломнинг куёвлари, тўртинчи ҳалифа ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу)
қаламига мансуб “Наср ул-лаолий” ҳикматлар мажмуасини юксак маҳорат билан
битилган рубоийлар кўринишида тақдим қилади. Навоий таърифини адо қилиб
бўлмас сўз аҳамияти, шеърчилик, шоирлик ва булар тафаккури тўғрисидаги
ўз қатъий қарашларини Қуръони карим оятлари, бевосита ҳазрати Алига ёки
умуминсониятга айтилган ҳадислар билан, ҳадислардан олинган иқтибослар билан
далиллайди. Сўзнинг башарият учун мисли йўқ илоҳий неъмат эканини, ижод
масъулияти нақадар оғирлигини, идроклаш мартабаларининг қайсилари фақат
мақсадга мувофиқлигини айтади.
“Назм ул жавоҳир” дебочасидаги Навоийнинг қуйидаги фикрлари ҳам назми
табъ аҳлининг “Маҳбуб ул-қулуб”да тоифаланиб айтилган кўринишларини ифода
этади. Айни чоғда, дунё табъ аҳли, инсоният учун сўзга идрокий муносабатнинг,
сўз борасидаги камолнинг бундан бошқа тўғри йўл-йўриғи йўқлигини англатади:
“Маълум бўлдиким, сўзга маротиб бор ва ҳар мартабада ҳунар маъйиб ва ул
маротиб ижмоли юзидин идрок ва диққатойинлари ва уқул хурдабинлари қошида
уч қисм бирла мунқасимдурур. Ва лекин тафсил ҳисобида кўпроқ мутафарриъ
бўлур”.
Навоий масалани тавсил ҳисобида, яъни чуқур, атрофлича, кенг миқёсда
кузатилса, мазкур уч мартабанинг ўз ичида янада кўпроқ манзаралари билан намоён
бўлишини ҳам таъкидламоқда. Сўзнинг ва сўзга муносабатнинг улуғ мартабалари
таҳқиқи – сўз ҳақиқатини излаш, синчиклаб текшириб кўриш юмуши шунинг учун
ҳам Навоийни тенги йўқ ҳайратлар оламига олиб киради ва у дейди:
“Аллоҳ-Аллоҳ! Сўз маротиби таҳқиқи не бало дақиқдурким, анинг силкидаги
жавоҳир ўзин ҳарфи тирзиққа еткурур”.
Навоийнинг шоирлик мартабалари ҳақидаги қатъий хулосаларидан яна шу нарса
аён бўлмоқдаки, ниҳоятда кўп ва хилма-хил бўлган назм аҳлининг уч маротиб
(мартаба) бўлиб намоён бўлиши эътирофи Фаробий ёки Навоийгагина эмас,
барча баланд идрок соҳибларига, барча тезфаҳм оқилларга ҳам хос. Мартабалар,
уларнинг ўзига хосликлари, таъриф-тавсифи қандай асосларга таянилган ҳолда
белгиланмоқда? Уч тоифа шоирлик нега нуфузу баланд саналмоқда, мақталмоқда?
Мавзунинг барча масалалари кўламида бу саволларнинг жавоби ҳаммасидан
муҳимдир. Чунки айнан шу йўналтирувчи асосларда соҳанинг – сўз санъати ва унга
қаратилган илмларнинг ҳаёт-мамоти мужассам. Зеро, йўл тўғри бўлмаса, муайян
салоҳиятли шахсиятда илму амал ўзаро уйғунлик, муштараклик касб этмаса,
ижодий натоиж (натижалар) зоелик томон кетади, ибодат мақомида бўлмайди,
соҳибининг икки дунё саодатига кафолат бўла олмай қолади.
Чунончи, “Лисон ут-тайр” достонида Навоийнинг шундай байтлари бор:
Ҳикматдин воқиф эрмасдур киши,
Бўлмади бу иш кишининг чун иши.
Иш эрур улким, ўзи они қилур,
Ҳикмат улким, ҳақ ўзи они билур.
Ҳақ таълимот таснифида руҳий-маънавий жиҳатига кўра инсоният икки
тоифадир: тафаккур қилгувчилар, тафаккур қилмовчилар. Биринчи тоифанинг
бахтиёрлар экани, иккинчи тоифанинг эса эътиқодий имкониятдан бебаҳра,
мосуво, бадбахтлик йўлидаги бани башар эканлиги айтилади. Ҳақ субҳанаҳу ва
Таоло Қуръонда инсониятни такрор-такрор оқил бўлишга чақиради, тафаккурчан
яшашга буюради. Негаки, дунё илоҳий ҳикматларга лиммо-лим тўлдирилган
макон, Ватандир. Оламлар ваҳий билан тирикдир, ваҳий кўтарилса, ҳамма нарса
тугайди. Фақат соғлом қалб ва уйғоқ тафаккургина буларни идроклайди, инсонни
руҳий кенгликлар томон бошлай олади. Ҳикматлар дунёсига улар воситасидагина
кириб борилади.
Шоирлик – дақиқ туйғучилик, нафис тафаккурчанлик демакдир. Шеърчилик
жараёни завқли, айни чоғда, заҳматли поэтик идрок, поэтик тўқиш ҳаракатидир.
Бу жараён қанчалик оқилона, қизғин, омадли кечмасин, янги ҳикмат тўқилмайди,
яралмайди. Шоир ҳикматларнинг тўқувчиси, яратувчиси бўлиб намоён бўла
олмайди. Чунки ҳикматларнинг эгаси ва масдари Аллоҳ, ҳикматлар оламларнинг
ўзида илоҳан собитдир.
Шоир ҳикматларни бунёд қилишга қодир эмас. У – ҳикматларнинг идрокчиси.
Ўзини айрича таъсирлантирган ҳақиқатнинг бадиий ифодаси, руҳини матнга
жозибадор сингдирувчи, сўнгра ўзгаларга тақдим этгувчидир. У ўз диққат
эътиборини тортган ҳар бир нарсадан ҳикмат излайди. Тасвирини ҳикмат билан
безашга интилади. Шеъриятининг сиймоси, пафоси, мақоми унинг ҳикматларга
дахлдорлик даражаси билан белгиланади.
Ўзбек мумтоз шеърияти ва шеършунослиги санъатга нисбатан эътиқодий
бурчларнинг, тафаккурий одобларнинг энг ибратли, тажрибий тарихи ҳамдир.
Адабий ижодчиликнинг бу беқиёс мактаби Ҳақ таълимот кўрсатмаларидан
оғишмаслик, уларга садоқатли бўлиш, иймонда собит бўлиш, сўз масъулиятини
олий мақомларда туриб тушуниш ва тушунтириш салоҳиятига кўра юксак
намунадир. Айниқса, адабий жараённинг шаъни, обрўйи ва қуввати Навоий
даврида баланд камоли, ҳаётбахш тамойиллари билан намоён бўлди. Ўзидан
кейинги асрлар ўзбек, туркий адабиётларга сўнмас эътиқодий анъаналар тақдим
этди. Шеър фанининг шундай камоли сабабидан поэтик ва адабий-назарий
тафаккурнинг илғор рутбалари даврлар маънавий-маърифий ҳаётининг асосий
мезонлари даражасига кўтарилди.
Туркий адабиёт ва адабиётшунослик тарихининг Навоий даври шоирлик,
шеършунослик, улар таълими ва тарбиятида келажак ижодкор насллар учун
илоҳий ҳикмат-ҳақиқатларга асосланишнинг баркамол дастуриламалини вужудга
келтирди. Бу – тўғри ижодкорликнинг, ботилона қарашлар ва талқинлашнинг
турфа кўринишларидан асранишнинг, ислом таълимотларигина камолига
кафолат бера оладиган, муҳофаза қилишга ва ажр беришга қодир таълимотнинг
айнан ўзидир. Барча фазл ва ҳикматларига кўра Навоий даври ўзбек сўз санъати
ва унга доир илмларнинг саодат асридир. Бугунги кун ижодкорлик жараёни,
адабиётшунослик бурчлари бу бой поэтик тафаккур тарихининг фундаментал
тадқиқотларини тақозо этмоқда.

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil