Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

ЗАНЖИРБАНД



Назар ЭШОНҚУЛ – 1962 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг
(ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини тугатган. “Уруш одамлари”, “Момо
кўшиқ”, “Маймун етаклаган одам”, “Шамолни тутиб бўлмайди”, “Момо қўшиқ” каби
китоблари нашр этилган. Ф.К.Аниттининг “Ҳикоялар ва қиссалар”ини, Альбер Камюнинг
“Эсселар”ини, Антон Чеховнинг “Болохонали уй” ҳикоясини ўзбек тилига таржима
қилган.

Суратни кўришим биланоқ Одамбой эсимга тушди – иккинчими ёки учинчи
синфда ўқиётган, мактабдан қайтаётиб, уй олдидаги менга ҳамиша улкан яшил
гумбазни эслатадиган дарахт соясида бақириб ғазал ёдлаётган, ўзимдан беш-олти
ёш катта бўлган қўшни боланинг дарслигида илк бора кўрганим, беихтиёр теваракатрофни кузатадиган, болалик хаёллари аталмиш мўъжазгина англамларимда
акслана бошлаган палладан бери менга ҳамиша ниманидир бағрига яшириб
қўймоқчидай, теграсига худди беминнат қоровуллар монанд териб қўйилган
шох-шабба ортида занжирга маҳкум қилинган суну сумбатни эслаган ва таққос
тарозининг палласидек кўз олдимга келганди – у шу туришида занжирга маҳкум
этилган шерни эслатар, биринчи бор кўрганимдаёқ, гарчи қишлоқдаги мен
билган эркаклардан анчагина дароз бўлса ҳам танасига хумдай ёпишиб тургани
туфайли гавдасини бақалоқ қилиб кўрсатадиган патак бўлиб кетган узун сочи
арслоннинг ёли каби елка-ю кўкракларини қоплаб олган, оёқ ва қўл тирноқлари
ўсиб, қорамтир тус олганча ғадирлашиб кетган, панжалари йиртқичлар туёғига
ўхшаб қолган, асрлар оша вақт жалалари остида сувоқлари тўкилиб кетган қалъа
деворларини эслатувчи афти-ангорини ҳаёт нашъалари аллақачон ташлаб кетган,
авратини ёпиб турган кийими увадаси чиқиб, бошидан кечирган кунларнинг
яловидай оёқлари орасида ҳилпираб турар, мушаку мускуллари суякларни
ғози учган чойшабдай номига қоплаган терисидан бўртиб чиққанча ўлжасини
чангаллаб турган ўргимчак тўрини, ўнг оёғининг тўпиқдан юқори қисмига айни
беўхшов билагузукдай қолипланган темир хомутга ишқаланавериб, эти шилиниб,
емирилганидан ҳамда жазира-ю совуқнинг бешафқат тиллари ялаб ташлаганидан
кўмилганига минг йиллар бўлган чиркин устихондай рамақижон бўлиб қолган,
фақат кўзларидагина ҳали-ҳануз телба бир жунун жангларда талош бўлган
туғдай порлаб турар, у ҳовли ўртасидаги супада номига ташланган кигиз устида
қадимги қаҳр ва ғазаб маъбудидай бир нуқтага соатлаб хавотиру ҳадик билан боқиб
ўтираверар, бу асов танани тийиб туришдан чарчаган каби у ҳар қимиллаганда
занг босган халқалар зарбидан кўп йиллик кўҳна андуҳга ғарқ бўлган ғуборлар
бир сапчиб тушар, илоннинг думини эслатадиган занжирнинг бир учи худди бу
манзараларни кўрганидан уялиб, ерга кириб кетишни истагандай бандигача ерга
қоқилган қозиққа бош тиқиб олган, қозиқ ва халқада баайни қадим қалъанинг сиру
асрорини яшириб тургандай мушукнинг бошидек келадиган беўхшов қулф осиб
қўйилган пажмурда қиёфаси гавдаланганди: ўшандаёқ унинг қишлоғимизга ёндаш
ўсган, қанча молу ҳоллар адашиб, қайтиб чиқолмаган, биз болалар учун оналаримиз
хаёлимизда шакллантирган деву парилар, аждару ажиналар, умуман, биз эртакдаги
ёвузлик олами яширинган деб ўйлайдиган чакалакзорни ёдга соладиган бошидаги
ҳурпайган сочи, ялангни омоч излари тилимлагандай танасидаги бўртиб турган
чандиқлари, сиру синоатга тўла ғорнинг тўрида ёқиб қўйилган, тез орада ўчишидан
дарак бериб ҳилпираётган шам ёллиғидек қаҳрли кўзлари, ов олдидан мастона
ўкираётган махлуқни эслатадиган ваҳм ва таҳлика тўла ўкириклари шундай
қиёслашимга сабаб бўлганди – бийдай текисликлардан сўнг тўсатдан ўтиб бўлмас
тоғ қоялари олдидан чиқиб қолгандек, менга ажи-бужи ҳарфлар орасида турган
сурат бирдан баайни ҳозир менга ташланадиган жонли шер бўлиб туюлган ва
беихтиёр эсимни танигандан буён ҳовлимиз ўртасига банди қилинган Одамбойни
кўз олдимга келтиргандим.
Кейинчалик мен ҳовлимиз ўртасига қутурган итдек боғлаб ташланган ва бу ерга
ташриф буюрувчиларнинг ҳар бирига кўзлари ва қарашлари билан ҳамла қиладиган
махлуқ бизга ўхшаган одам эканини билгач ҳам бу таққос хаёлимни худди қишки
қарғалар каби тез-тез ишғол қилар, умримнинг кейинги манзилларини мусофирлик
билан боғлаб, Терсота учун дайди ўғилликни бўйнимга олиб, бутунлай шаҳарликка
айлангач ҳам тасаввурим айвонига келиб қўнадиган бу қиёсдан ҳеч қачон қочиб
қутула олмагандим: аксинча, бу қиёс баъзида бутун танамни буровга оладиган тумов
каби хотираларимни тез-тез қақшатиб турарди – Бандини қачон ва кимлар, нима
сабабдан бу кўйга солганини билмайман, аммо атак-чечак бўлган, дунёни яхши
ва ёмонга ажрата бошлаган, кўз олдимдагиларнинг ҳеч бирига ўхшамаган тасқара
турқи сабаб вужудимда пайдо бўлган қалтироқни ҳис қилган кунимдан бери у мен
учун қўрқув ва таҳдиднинг кўланкасига айланганди. Бу тасаввурларимга унинг
оёқларига буровлаб ташланганидан ёпишиб турадиган занжир яна ҳам ваҳима
бағишлар, ҳар кўзим тушгач нафасим ичимга тушиб, худди тутқаноқ тутгандай
қотиб қолар, кейин ҳаво қисиб қолган ўпкам йўлларини елкамга уриб, ўзимга
келтиришар, у мен бу дунёга келиб кўрган энг қўрқинчли ва ваҳший жонзот бўлиб
туюлар, шу сабабли ота-онам ҳамиша уни мендан пана тутишга ҳаракат қилишар,
токи эсимни таниб, унинг ҳам биз каби бир банда эканини англаб етмагунимча,
у турган ҳовли сатҳини бўйра ва шох-шаббалар билан тўсиб қўйишганди: аммо
бу менинг танамга кириб олган ваҳм ва қўрқув ҳиссини йўқлик сари ҳайдаб
юборолмади, аксинча, энди мен бўйра ортида унинг ўкирикларини ва занжир
халқаларининг шақирлашларини ҳар эшитганда ҳушдан кетар даражага тушиб
йиғлаб юборар, фақат мен эмас, бутун қишлоқ болалари у сабабли бизнинг уйга
яқин ҳам келолмасди – бирон юмуш билан мажбуран оёқ босса ҳам жуфтакни
ростлаб қоладиган ҳолатда дарвозадан анча нарида бизни чақирар, ўша йиллари
тоғликларнинг юрагини олиб қўйган, одамларни тунлари тунаб кетадиган ўғрилар
ҳам бизнинг ҳовлига ақалли девор мўралашга журъат қилишмаганди: теросталик
аёллар нечта авлодни унинг номи билан тарбия қилмади дейсиз – болалар бирон
шўхлик ёки қулоқсизлик қилишса, “Ана, Одамбой келяпти!” дейишарди ва унинг
номини эшитиши билан тиллари танглайига ёпишиб, иштонларини ҳўл қилиб қўяр,
кейин туни билан қўрқинчли туш кўриб, ғингшиб чиқишарди – менинг назаримда,
бизни – болаларни на ота-она танбеҳи, на ўқитувчиларнинг саъйи ҳаракатлари
эмас, айнан унинг бутун қишлоқни ларзага соладиган ўкириклари ва шерни
эслатадиган турқи тарбиялаганди – баъзида кечалари ҳожатга чиққанимизда унинг
бўрилар ва итлар билан қўшилиб увлаётгани ваҳимамизни янада кучайтирар,
бўшанар-бўшанмас уйга қараб қочардик – йиллар ўтиб, эсимизни таниб, қозиқдан
узоқлашолмаслиги, бизга таҳдид қилолмаслигини билсак ҳам уни узоқ масофадан
туриб кузатиб ўтирар, кўзимизга булутларга боши тегиб турган деву жинларга
ўхшаб кетарди. Мен унинг олдига қўлига қамчи тутган отамдан бўлак бирон кимса
яқинлашганини кўрмаганман: отам худди бир қутурган ҳайвонни боқаётгандек,
эскириб, ранги ҳам билинмай қолган тоғора билан қўлида қамчи ушлаганча
хўрак ёки челакда сув қўйиб кетарди. Ҳамиша отамга: “Бу ким, нега бизникига
занжирбанд қилинган”, деб сўрасам қисқа қилиб, “Билмайман, у мен туғилгунча
ҳам шу ота ҳовлимизда бўлган” дер, бу жавоб эса Одамбойни кўз олдимда янада
сирли ва маҳоботли кўрсатар, ичимга ғулу соларди. Мен токи унинг жони узилгунча,
ҳатто жони узилгандан сўнг ҳам бир неча муддат отамдан бошқа биронта жонзот
унинг олдига яқинлашганини кўрганим йўқ. Тўғри, одамлар қачонлардир Байна
момо унинг олдига эмин-эркин бориб юрганини баъзида айтиб қолишарди – аммо
ўзим кўрганим йўқ, Байна момо мен туғилмасдан йигирма йиллар аввал қазо қилиб
кетганди.
Онамнинг айтишича, узоқ йиллар аввал, ҳали тириклик пайтида фақат
Байна момо келиб, унинг соч-соқолини олиб қўяркан – у бошқа ҳеч кимни ўзига
яқинлашишга изн бермаскан. Лекин негадир Байна момони кўриши билан ювош
тортаркан: “Кампирдан кўз узмай, худди бир сеҳргарни кўриб қолгандай қотиб
турарди”, дерди онам. “Икки телба бир-бирининг тилини биларди”, деб ғийбат
қилишарди қишлоқда оғзига кучи етмаганлар.
Байна момонинг олдида сувга тушган мушукдай бошини хам қилиб ўтираркан,
унга ғўнғиллаб нималардир гапириб берар, Байна момо ҳам у билан бошқаларга
номаълум бўлган имо-ишоралар билан унсиз гаплашар ва камдан-кам овоз
чиқаришар экан. Онам Байна момо билан Занжирбанд овоз чиқариб гаплашганини
кўп марта кўрган: мана мен деган барзангилар ҳам унинг олдига боришга журъат
қилавермаганда бу дунёсидан у дунёси яқин қолгани кўрга ҳам кўриниб турган
рамақижон кампирнинг Одамбой билан нима ҳақда гаплашишини билгиси келиб,
девор тагидан эмаклаб бориб, гапларига қулоқ тутган ва шунда Байна момонинг “Сен
боғланган итсан, мен эса боғланмаган”, деган гапини эшитган экан – “Шундагина
мен унинг ростданам қопағон ва қутурган итга ўхшашини сезиб қолгандим” деганди
онам – балким уни шерга ўхшатишим онамнинг шу хотиралари туфайлидир? Байна
момонинг уни “ит” деб атагани кейинчалик китобдаги занжирбанд шер суратини
кўрганимда миямга қалққандир?..
Билмадим, лекин мен ўша суратни кўрган кунимдан буён унга “Занжирбанд”
дея ном қўйиб олгандим. Унинг кимлигини, нега бу тарзда маҳкум этилганини,
нега айнан бизнинг ҳовлида яшаётгани ҳақида мен ҳеч нарса билмасдим – гўё унинг
бизнинг ҳовлимизда бўлиши, айнан ҳовлимиз четидаги кекса ёнғоқ дарахти қад
кериб тургани каби табиий эди ва на отам, на онам бу ҳақда ҳеч нарса дейишмас,
қишлоқда мушуги туғса ҳам фил туққандай гап қуюнини қўзғаб юрадиган аёллар
ҳам у ҳақда оғиз очмас, гўё у ҳамма учун йўқдай, гўё мавжуд эмасдай, уларнинг
бутун қишлоқни ҳар дақиқа ямлашга тайёр тиллари ҳеч қачон ҳовлимизнинг у
турган овлоқ буржигача етиб келмас, нуқул бозор-ўчар ҳамда бўйи етган қизларнинг
этаги атрофида ўралашарди – у эса менга номаълум бўлган хаёллар оғушида
занжирни шарақлатиб, кун узоғи қозиқ атрофида айланиб юрар, баъзида ўзининг
мавжудлигини бутун қишлоққа билдириб қўймоқчидай бетийиқ овозда ўкириб
қолар, кейин онасини соғинган гўдакдай ерга ётиб олганча худди қопқонга тушган
бўри боласига ўхшаб, ёввойиларча ғингшиниб йиғларди – шундай пайтлари унга
ачиниб кетар, қўрқув ва ваҳимани унутиб, унинг олдига боргим, нималардир деб
овутгим, бошларини силагим келарди – аммо бизнинг орамизда бутун қишлоқни
чангалида ушлаб турган қўрқув ва ваҳима кўкрак кериб турарди.
Ёшим каттаргани сари аста-секин мен унга кўника бошладим: энди занжирнинг
узунлигини чамалаб, у етиб келолмайдиган масофада туриб, кузатадиган бўлдим:
аввалига у менга қараб жаҳд билан ташланар, аммо оёқларидаги тушов уни менгача
етиб келишга изн бермай анча нарида ушлаб турар, бу эса уни баттар жазавага солар,
ўша масофада турганча ноиложлигидан сочларини юлиб, афтини тирнаб ташлар,
кейин қозиқ атрофида айланганча боғланган шер каби ўкириб айланаверарди – мен
эса занжир уни қўйиб юбормаслигига имоним комил бўлгани учун бир четда қотиб
турар, гўё шу билан уни масхара ва мазах қилаётгандай бўлардим. Аста секин
бу кузатишларим одат тусини олди: энди дарвоза ёнидаги супанинг бир четига
ўтирганча унинг ҳар бир ҳаракатини кузатардим.
Бора-бора у ҳам менга ўрганди: занжир изн берган масофагача келиб, ерга
ўтириб олар, ўша ердан туриб мени кузатарди. Менга энди география хонасида
осилиб турган эски топономик харитани эслатувчи чандиқ тўла танаси қўрқув
бағишламасди. Аксинча менда бир умрга зинжирга маҳкум этилган кимсага
нисбатан шафқатга ўхшаган туйғу пайдо бўлганди. Биз соатлаб бир-биримизга
тикилиб ўтирардик: ҳар биримиз ўз тасаввуримиздан келиб чиқиб, у мени, мен уни
кузатардик. Нигоҳ уриштириш онларида бир нарсани ҳис қилдим: унинг кўзлари
билан ўзимга боқдим ва шунда аслида мен эмас, у менга ачиниб қараётгандай
туюлди. Унинг телба ва бетийиқ хаёллар акс этган кўзларида зуҳрланган чўнг бир
ҳасратнинг елканлари мени унинг руҳини адаштириб қўйган манзиллар томон
бошлаб кетарди, бирдан мен унга айланиб қолардим, унинг кўзлари билан ўзимни
кузатардим – у ерда на ҳад, на ҳудуд бор, беададлик қадар чўзилган чексизликдан
иборат эди ва бир неча сония у менга, мен унга айланардик: “Ана, жунун бағишлаган
хаёлларимдан бехабар бир ўсмир менга қараб-қараб ўтирибди – у мендан
қўрқаётгани, мени ўзига ҳамла қилади, деб ҳадик ва хавотирда тургани, энди бир
умр мана шу ҳадик ва хавотир уни тарк этмаслиги шундоқ кўзларидан кўриниб
турарди – шу билан бирга у менинг ўзиникига ўхшамаган ва андуҳдан қақшаб
қолган танамга ачиниш билан қарар – лекин у менинг нималарни кўраётганимни,
нималарга илҳақлигимдан мутлақо бехабар… Агар у мен кўрганларни кўра
олганда, ҳис қилаётганимни ҳис қилганда эди, ўзи турган дунёнинг қанчалар
таназзулга ғарқ бўлганини англарди – аммо у ҳаммасидан мосуво – унинг
қисматига одам яралгандан бери ичига кириб олиб, кўриб турганларидан бошқа
нарсани кўрмайдиган қилиб қўйган ёлғон билан бирга қолишга ва шу олам билан
бирга ҳалок бўлиш маҳкумлиги ёзилган… Мен эмас, аслида унинг ўзи занжирбанд
этилганини, уларнинг ўзи банди эканини сезармикин?”
Зотан, унинг ичига кириб олиб, ботинидаги овозларни эшитаётган бўлсам
ҳам ҳали бу хаёлларнинг мағзини тушунмасдим, бу хаёллар мен учун бегона ва
ёт эди. Шу сабабли тезда унинг кўзларини тарк этардим. Аммо ичимда барибир
бу хаёлларнинг акс садоси қолар, бир неча кун мен мана шу садолар таъсирида
яшардим.
Мана энди ёшим бир жойга етиб, ақлим тўлишган бир паллада унинг
кўзлари орқали кўрганларим худди ҳозиргина кўргандай кўз олдимдан бирмабир ўтди: унинг кўзларига боққан ва садоларни эшитган онларимда унинг
нима учун ҳамиша: “Мен кетишим керак, кетишим керак, мени кутяпти!”, дея
бор овозда бақиришининг, унинг ҳасратли увлашининг сабабни тушунгандай
бўлдим: у бутун руҳияти кўзлари орқали кириб борган манзиллар томон
ошиқарди, йўқ, ошиқарди эмас, унинг руҳи ўша манзилларда қолиб кетган,
ҳовлимизда эса бизни фақат қўрқувга солиб турадиган танаси қолганди.
Мен унга айланганда заррадан йиғилаётган янги дунёларни, руҳнинг одам
ичига қандай киргизилганини, бу қафасдан чиқиб кетишга уриниб, телбавор
ўкиришларини, аршу аълодан олов ўғирлаб келаётган паҳлавонни, думалаб
тушиши муқаррарлигини билган ҳолда тепаликка тош юмалатиб чиқаётган
одамларни, ҳурлик истаб исён қилган қулларни, зиндонбанд этилган
маҳкумларни, Бобил боғларини барпо қилаётган усталарни, туғни қучиб ўлган
аскарни, тошбўрон қилинаётган аёлни, дорга осилаётган дарвешни, лабиринтда
адашиб юрган роҳибни, учиш учун қанот ясаётган мусаввирни кўрдим, кейин
ҳозирги ҳолатимни – “Занжирбанд шер” суратига қараб турганимни кўрдим
ва салдан сўнг улар кўз олдимда шаклини йўқотиб, бирдан-бир қиёфага –
Занжирбандга айланди.
Мени унинг кўзида кўрганларимдан ваҳима босди, ўзимга келиб, унинг мени
ром қилган қарашларидан чиқиб кетар, кейин бир неча кун унинг ёнига йўламай
юрардим. Унинг хаёллари менга таниш ва айни пайтда нотаниш, ёт эди. Унинг
кўрганларини тушимда ҳам кўрадиган бўлдим. Аста секин бу тушлар шууримни
бутунлай қамраб ола бошлади: одамови, паришон бўлиб қолдим. Менга ҳам
ҳеч нарсанинг қизиғи қолмади. Гўё мен ўзимга ўзим ва атрофдагиларга бегона
бўлиб қолгандай эдим. Дунё бир тараф, мен бир тараф эдим ва ҳамиша қўлим ва
оёғим занжирлаб ташлангандай туюларди. Эрта-ю кеч бир нуқтага тикилганча,
ўзимдан ўзим ҳуркиб, ҳадиксирайдиган бўлиб қолдим. Буни ота-онам ҳам сезди
ва табиийки, буни инс-жинсга, тўғрироғи, Занжирбанд билан кўз уришитириб
ўтиришимга боғлашди. Иссиқ-совуқ қилишлардан сўнг мени Занжирбанд билан
кўз уришитириб ўтиришимга таъқиқ қўйишди.
Аммо ақлимни таниган сайин унга ачина бошладим. Унинг занжирга боғлаб
ташлангани мен учун ўта шафқатсизлик бўлиб туюларди. Менда қатъий бир режа
пайдо бўлди. Кечалари ҳамма ухлаганидан фойдаланиб, унинг қулфга тиркалган
халқасини эговлай бошладим. Бунга бир ой кетдими, бир ярим ойми, билмадим.
Аммо бир куни халқани кесиб бўлдим. Уни қулфдан чиқариб, отам билмаслиги
учун секин уйга кириб кетдим. Мен эрталаб у бу ерлардан кетиб қолган бўлишини
тасаввур қилиб, халоскорлик ишимдан мамнун бўлганча уйқуга кетдим. Эрталаб
уйғонишим билан деразадан ҳовлига қарадим. Кутганларим беҳуда бўлиб чиқди.
Заржирбанд халқа узилганини билмасдан ҳар эрталаб қандай айланган бўлса, ўша
чизиқ бўйлаб айланиб юрар, изидан эса узилган халқа шарақларди.
Менинг бу ачинишимнинг оқибати шу бўлдики, отам уни халқалари қалин
занжирга, банди қалин қулфга қайтадан асир қилиб қўйди. Афтидан, халқани унинг
ўзи эговлаган деб ўйлаганди. Энди бу халқани эговлашдан, уни занжирдан халос
қилишдан маъни қолмаганди.
Фақат уни занжирга маҳкум қилганлар эмас, вақт ҳам бешафқат эди: мен
улғайганим сари у кўз олдимда кичрайиб борарди: у менга аввалгидай кўз олдимдаги
жамики тирик жониворларнинг энг йириги бўлиб туюлмасди: йиллар барибир
кучини кўрсатганди ёки у ўзига боқиб, масхара қилиб турган дунё билан олишиб
чарчаганди – унинг ўсиқ сочлари худди жазирада қовжираб қолган ўтлоқдай аввал
оқариб қуруқшади, кейин бутунлай тўкилиб кетди. Энди унинг боши офтоб билан
баслашиб, ялтирар, у ерда тарвақайлаб кетган сўқмоқлардек қизғиш қон томирлари
яққол кўриниб турар, танаси эса йилма-йил эмас, фаслма-фасл кичрайиб борар,
энди у менга шерни эмас, боғлаб қўйилган мушукка ўхшаб қолгандек туюларди.
Балоғатга етиб, ўз эътирофимга эришиш учун бу дунёнинг барча ўйинлари
билан битим тузиш мақсадида қишлоқни тарк этадиган йилим у ниҳоят бу фоний
оламни тарк этди: ўлимидан аввал роса увлади, кейин нимадандир хўрландими
ёки бир неча сониядан сўнг бу ерлардан кетишини билдими, бизга қараб кулди,
кейин йиғлашга тушди. Шундан сўнг занжирни тортқилаганча шахд билан югура
бошлади. Ўша куни бизникида қандайдир маърака бўлаётганди. Келганлар безовта
бўла бошлади, улар қочиб қолишга ҳозирланишди: гарчи танаси мушукдай бўлиб
қолган бўлса ҳам ҳали ҳам ундан қўрқишларини сездим. Югуриб бораётиб, танаси
гурсиллаб ерга қулади, атрофида унинг шунча йиллик андуҳига шерик бўлган
чангу ғуборлар кўнгилни банд этган ҳасратдай бир дафъа қўпчиб кўтарилди ва
бир муддат унинг танасини ҳаммадан яшириб турди: аввал ачимтиқ терга тўйинган
тупроқ ҳиди тарқалди: худди ичида минг йиллик синоатларни яшириб ётган
ташландиқ қўрғон деворига ўрнашиб қолган захдек таъм мени бир зум карахт
қилиб қўйди. Чанг тарқаганда у юзтубан жонсиз ётарди – гўё ўша югуришда у ўзи
истаган дунёга ўтиб кетгандек эди. Шунда ҳам йиғилганлар анча пайт – токи унинг
ўлганига ишонишмагунча олдига яқинлаша олмади.
Фақат тирикларни эмас, марҳумлар ҳам ундан қўрқувга тушармиди, билмадим,
уни умумий қабристондан анча нарига, қишлоқ четидаги Азлар тепага, қоятошлар
орасига кўмишди. Терсота телба ўкириклардан ва қўрқувдан халос бўлганини
байрам қилгандек, эртасига ҳар бир уйда арафа тантаналари бошланиб кетди.
Тезда мактабни тугатдим. Шаҳарга бахтимни излаб кетдим. Занжирбандни
эслаганда негадир унинг қўрқинчли қиёфасидан ҳам кўра унинг кўзлари орқали
кўрганларим худди қачонлардир туш каби кўз олдимга келарди. Аммо мен сувга
бўккан матони қоқиб, намдан холи қилишгани каби бошимни силкиб, онгимни
хира торттирадиган бу рўёдай хаёллардан ўзимни тозалашга уринардим.
Менга ўрта аср миниатюраси ҳақида мақола ёзиш топширилиб, музейга
борганимда, тўсатдан кўзим “Занжирли шер” суратига тушди ва беихтиёр яна унинг
кўзлари орқали кўрганларим хотирамга қалқиб чиқди. Бу сурат билан Занжирбанд
ўртасида сирли бир уйғунлик бор эди ва у мени яна болалик хотираларимни ёдимга
солганди. Одамбой ўзи ким эди? Нега асрлар оша занжир маҳкум қилинган шер
билан бунчалар бир-бирига ўхшайди?
Шу саволларга жавоб топиш учун музейдан қайтишим билан онамга қўнғироқ
қилдим. Онам отамнинг ўлимидан етти йил ўтган ва аллақачон қора либосларни
сандиққа солган бўлса ҳам лекин кўнглидаги мотам кийимларини ечмаганди.
Салом-аликдан сўнг мақсадга ўтдим. “Ҳовлимиздаги банди ўзи ким эди, нега
банди қилинганди? Қачон банди қилинганди? Нега айнан бизнинг ҳовлимизга
маҳкум қилинганди? У қайдан келди, қайга кетди?” Онам менинг саволларимга
тушунмади.
– Кимни айтаяпсан? Қандай банди? Ҳовлимизга ҳеч қачон ҳеч ким банди
қилинмаган.
Унга болалигим, бутун қишлоқни ваҳимага солиб увлайдиган, ўзи айтган Байна
момогина олдига бора оладиган Занжирбандни эслатишга уриндим.
– Ҳовлимизга бегона мушук кириб қолса торлик қилиб қоларди, нималар
деяпсан, болам. Мабодо тушларингни айтмаяпсанми? Соғлигинг жойидами ўзи? –
деди.
Саволи мени гарангситиб қўйди, бу гаплари менга тарсаки туширгандай бўлди.
Нима, Одамбой ҳақидаги хаёлларим ҳали рўёми? Онамдан бошқа ҳеч нарса
сўрамадим..
Этасигаёқ қишлоққа йўл олдим. Мени кутиб олган синфдошимга гапни узоқдан
бошлаб, бизни қўрқувга солган Одамбой, унинг ўкиришлари ҳақида гапира
бошладим. Синфдошим ҳам ҳайратга тушди ва онамга ўхшаб савол берди:
– Қанақа Одамбой? Қанақа ўкириш? Мабодо, иситманг йўқми?
Унинг шу даккиси менга етарди. Унга бошқа гапириб ўтирмадим. Наҳотки
Занжирбанд ҳақидаги ҳамма нарса менинг тасаввурларим уйдирмаси бўлса?
Синфдошимни ажаблантириб, худди бир исбот топмоқчидай машинани
Занжирбанд дафн этилган Азлар тепага ҳайдатдим ва кўрганларим онам ва
синфдошимнинг ажабланишларидан ҳам кўпроқ таъсир қилди: мен ҳамиша унинг
қабри шу ерда деб, таътил пайтлари келиб-кетадиган, унга эришган ва эришмаган
ютуқларимни минғирлаб айтиб берадиган қирда қабрдан асар ҳам йўқ, бу ерларда
ёйилиб, қишлоқники бўлса керак, қўй-қўзи ўтлаб юрарди.
Кўрганларимга ишонмай, уйга қайтгач онам билан кўришмасдан аввал
Занжирбанд маҳкум қилинган ҳовлимизнинг адоғига бордим. Бир пайтлар Одамбой
дунёни ларзага солмоқчи бўлиб ўкирган девор тагида дунёнинг ташвишларидан
бехабар товуқлар дон териб юрарди. Мен худди гарангсигандек ва шунча йиллардан
сўнг Занжирбанддан қолган бирон белги излаб, мени кузатиб турган яқинларимни
ҳайратга солиб, Одамбойдан қолган бирон белги топиш умидида игнасини
йўқотган тикувчидай бутун ҳовлини излаб чиқдим. Бу ерда менинг хаёлларимни
тасдиқлайдиган ҳеч нарса йўқ эди. Ҳовли ўртасида худди қўлга тушган ўғридай
шўппайиб, бўйин қисиб турарканман кўзим бирдан машъум бир жиноятнинг ёлғиз
гувоҳидек бутун вужуди билан ерга ёпишиб олгани сабабли суғуриб олишларига
қурблари етмаган бандини чангалида ушлаб турган, қоқилган ерида ҳали ҳам
турган қозиққа тушди – қанча қору ёмғирлар, жазира ва аёзлар ўтган бўлмасин,
қозиқ яна ҳали кўпларни банди қилишга қурби етишини кўз-кўз қилиб, Одамбойни
тутқун ушлаган ерда “мана мен” дегандай қўр тўкиб турарди…

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil