Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Сафоланар кўнглим ғоятда

Абдухалил САТТОРОВ – 1957 йилда туғилган. Жиззах давлат педагогика институтини
тамомлаган. “Муҳаббат дарди”, “Қалбдаги исён”, “Тазарру” шеърий тўпламлари нашр
этилган.

Тазарру


Тоғ бағрига
атай кеп қолдим,
“Миш-миш”лардан безиб кетгач жон.
Ким не деса Худога солдим,
Ёмонликлар тиламам ҳеч он.


Ёнарқуртлар
ялтираб ётган
Беткайларда тунайман бедор.
Бирор йиртқич солмас менга чанг,
Илон, қуртлар етказмас озор.


Чанқасам гар,
сув тутар булоқ,
Зериксам-чи, какликлар куйлар.
Атрофимда ям-яшил гиёҳ
Мени турфа бўй билан сийлар.


Шарқирайди
сойдаги дарё,
Бермоқчидай руҳимга ором.
Сал эпкинда менинг-чун гўё
Карнайгуллар чўқиштирар жом.


Какку умрим
ҳижжалар бир-бир,
Овозлари хуш бир оятдай.
У туширса қанча кўп такбир,
Сафоланар кўнглим ғоятда…

Аллақайда
туришиб пинҳон,
Чирилдоқлар бойлашади баҳс.
Гулдан-гулга сайр этиб шодон,
Капалаклар рақс тушади, рақс!


Покланади
дилнинг ғубори,
Чўққиларнинг оппоқ қоридай.
Озиқ бўлар тоғ олчалари
Вужудимга дармондоридай.


Бу ерларга
келганимга ҳеч
Қилганим йўқ афсус ва аттанг.
Зеро, бунда не бор, эрта-кеч
Сабоқ берди самимиятдан.


Юксакликка юксалган сари,
Бир туйғуни чуқур ҳис этдим.
Одамлардан қочдиму нари,
Одамларни соғиниб кетдим…


***

Эзғилаб ташланган гулдайин абгор
Кўнглим кўчаларда қолиб кетди, о.
Кетдинг борлиғимни кўзга айлаб тор,
Кетдинг, зулумотга юз тутди дунё.


Энди юрар йўлим нотекис, чигал,
Чақиртошлар тилар товонларимни.
Булутлар қоплаган қўнғиртоб, дағал –
Бош устимни – мовий осмонларимни.


Энди чекмасам ҳам бўлади ташвиш,
Омонат бу жонга етса гар ситам.
Хоҳласа, этимга итлар урсин тиш,
Базми жамшид қилсин қонсўрарлар ҳам.


Мен ҳаддан ташқари сахийман бу кун,
Ҳатто ғанимдан-да аямасман жон.
Майли, у бир одам шаклида бўлсин,
Майли, бўлса ҳам у заҳарли илон.


Эзғилаб ташланган гулдайин абгор,
Кўнглим кўчаларда қолиб кетди, о.
Кетдинг борлиғимни кўзга айлаб тор,
Кетдинг, зулумотга юз тутди дунё.


Умримнинг гуркираб турган фаслида,
Бутун вужудимни чўктирдинг ғамга.
Жоннинг не кераги бордир, аслида,
Кўнгли кўчаларда қолган одамга.


Хаёлий висолга ҳозирлик


Телбалик десамми ва ё носоғлик,
Билмадим бу ҳолни нега йўйишни.
Тунги қийноқлардан бездиму,
бир гал
Истадим самога қадам қўйишни.


Хор жисмимдан чиқди руҳим ажралиб,
Пастда қолиб кетди барча иллатлар.
Учдим, соф ҳавода соатлаб учдим,
Мени чорлайверди сирли хилқатлар.


Енгиллик ҳис этдим,
ишқ изтироби
Гўё олмаган ҳеч исканжасига.
Гўё ўйнамаган сангдил у пари
Юрагимни олиб беш панжасига.


Кўзимга кўринди Ғойибнинг юзи,
Пойимда яшнади юлдуз чамани.
Илкис пайқаб қолдим: бу кўҳна узлат –
Яратган Эгамнинг Ватани!


Қайтдим.
Ортиқ учмоқ энди абасдир,
Истак-орзуларим лаҳзада сўнди.
Қайтдим ўз хоҳишим билан
ва лекин
Руҳим келиб энди булутга дўнди.


Айни баҳор эди, чақмоқ-чақинлар
Чақнаб, қалдироқлар гулдурар оғир.
Томчи бўлиб сингдим мен ўша пайтда
Олма дарахтининг пойига охир.


Энди илдиздан то шохга қадар йўл –
Босим ўтажакман чашмимни намлаб.
Қон бўлган юракдан сиёҳлар олиб,
Тотли ўйларимдан ширинлик жамлаб.

…Эй, қиз,
истармисан, истамасмисан,
Телбаворлик бўлар ошиқ аҳлида.
Мен сенга етишмоқ истайман, эй, қиз,
Ҳеч бўлмаса …
Қизил олма шаклида.


Ғурур


Ғурур – кўкрагимга қамалган йўлбарс,
Ўйнама у томон отиб ноҳақ гап.
У мендан жуда ҳам, жуда ҳам кўп қарз,
Шу боис ётмайди ҳеч маҳал мудраб.


Ўтда Самандар у, сувда Нуҳ, илло,
Ёнмоқ – чўкмоқликни айлайди ғорат.
Унга Ватан бўлган бул жисмим аро
Иши фақат садоқатдан иборат.


Мени осмонларда олиб юрар у,
Майлига, бу сирдан огоҳ бўл, ғаним.
Сенга бош эгсам гар келиб рўбарў,
Унинг жим қолгани – менинг ўлганим.


***

Жоним ҳалак –
соғиниб сени,
Ҳаловат йўқ уйқуларимда.
Дил шикасти аксин топмоқда
Шеърга кўчган туйғуларимда.
Нома битсам, ҳеч бир нишон йўқ,
Сувга чўкиб кетган тошдайин.
Юрагимга бир дард из солар,
Юздан сизиб ўтган ёшдайин.
Борлиқни-да,
дилимга монанд,
Исканжага олган рутубат.
Кундан тунга, тундан кунгача
Оҳ урдирар сўнгсиз уқубат.
Оққуш бўйни мисоли бўйнин
Эгиб турган анов нафис гул
Кўксим аро қон бўлиб кетган
Юрагимни эслатар нуқул.
Орзуларим ҳеч парвоз этмас
Мажруҳ бўлган сарлочин мисол.
Сийламайди Масиҳий нафас,
Армонимдир мен кутган висол.
Билмам,
қачон ёзилар, ахир,
Бу нозиктаъб дилим ғашлиги.
Ниманидир ёдга солмоқда
Кунботарнинг қонталашлиги.
Жоним ҳалак –
соғиниб сени,
Ўтиб-ўтмай турибди оним.
Шеърларимни қоралаяпман,
Сиёҳ қилиб юрагим қонин.


***

Сахти гўзал,
сумбати гўзал,
Бўлса ҳамки солиб таҳлика.
Юрагимнинг қоқ ўртисидан,
Ўрин олди битта малика.
Нигоҳида такаббурлик бор,
Ошкор этмас ҳеч вақт ботинин.
Ё сўзлашни истамас зинҳор,
Ё хуш кўрмас йигит зотини…
Нур илашган либосларига,
Илоҳийлик буткул жо бўлган.
Мавжуд бўлган бўлса ҳурлиқо,
Айнан шу қиз ҳурлиқо бўлган.
Вужудидан таралар хуш бўй,
О, маст айлаб тушургай чўкка.
Бу илтифот учун бир умр,
Сажда қилсам кам эрур Кўкка.
Сайдга чиқар сайёд нигоҳим,
Муродимас, асло ёвузлик.
У ўлтирур, жаннат рангларин,
Ўзида жо этган товусдек.
Саркашлигим ўзимга аён,
Ишқ кўзимга тортиб қўйган мил.
Бир ғуломдай юрибман сарсон,
“Қўй”, десам-да кўнмайди кўнгил.
Қадди сарвдай,
чеҳраси ойдай,
Бўлса ҳамки солиб таҳлика.
Юрагимнинг бор-йўқ ҳудудин,
Забт айлаган битта малика.
Хаёл учиб кетар фалакка,
Изоҳини айтмоқлик душвор.
У ўлтирур мағрур ва якка,
На канизак, на лашкари бор.
Осмон қадар бўлса-да ғурур,
Тақдиримга бериб қўйдим тан.
Яратганга беадад шукур,
У малика,
Фуқароси ман!

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil