Орзигул ҲАМРОЕВА – филология фанлари доктори, профессор. 1987 йилда туғилган.
Ўзбекистон Миллий университетининг Ўзбек филологияси факультетини тамомлаган.
“ХХ аср бошлари матншунослиги тараққиётида Фитрат мажмуаларининг ўрни”,
“Темурийлар давридаги поэтика оид рисолаларда қофия илмининг қиёсий таҳлили”,
“Фитратнинг адабиётшуносликка оид қарашлари” номли илмий монографиялар,
“Мумтоз қофиянинг назарий асослари” номли ўқув қўлланма муаллифи.
Ўзбек адабиётшунослигида ўз ўрнига эга олим Ҳамидулла Болтабоев мумтоз
адабиёт, мумтоз поэтика илми билимдони сифатида тадқиқотларининг асосини
илмий-назарий билимга қурган. Маълумки, мумтоз адабиёт ва унинг манбалари
таҳлили мумтоз шеъриятга оид илмий-назарий билимларга эга бўлишни талаб
қилади. Бу борада олимнинг деярли барча тадқиқотларида айни тамойил устуворлик
қилади. Олимнинг илмий фаолиятига назар ташланадиган бўлса, фаолиятнинг
тизимли равишда беш йўналиш асосига қурилганига гувоҳ бўлиш мумкин:
1. Жадидчилик ҳаракати ва унинг тарихи, манбалари [4, 5].
2. Абдурауф Фитрат илмий ва адабий фаолияти [1, 2, 3, 4, 5].
3. Тасаввуф ва унинг манбалари.
4. Мумтоз шеърият илми, манбалари [6, 7, 8].
5. Адабиётшунослик: адабиёт тарихи, адабиёт назарияси, адабий танқид
Ҳамидулла Болтабоев томонидан эллик йиллик илмий фаолияти давомида шу
беш йўналиш асосида ўттизга яқин монография, ўқув қўлланма, уч юздан ортиқ
илмий мақола тақдим қилинган. Бу мақолаларда бугунги кун адабиётшунослиги
учун муҳим бўлган илмий муаммолар, баҳслар, мулоҳазаларга ечим берилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, олимнинг барча тадқиқотларида доимий
амалда бўлган қуйидаги тамойиллар кўзга ташланади:
1. Илмий манбалар тадқиқида қиёс усулидан фойдаланиш;
2. Бадиий адабиётга қайси нуқтаи назардан ёки назарий йўналишдан келиб
чиқиш ёндашилишига кўра мавжуд тизим ва концепциялардан тўлиқ фойдаланиш;
3. Манбалардаги илмий-назарий қонуниятларни эмас, адабий-бадиий жараён
қонуниятларидан келиб чиққан ҳолда таҳлил қилиш, бадиий матн бирламчилигини
юзага чиқариш;
4. Тадқиқот объекти юзасидан умумлашма илмий хулосалар чиқариш.
Маълумки, Шарқ адабиётшунослигида мумтоз шеърият илми: балоғат, адаб
илми, илми сегона: аруз, қофия, бадиият илмига оид арабий, форсий, туркий
рисолаларнинг яратилиши, уларнинг бадиий адабиётда аксланиши адабий анъана
сифатида XII–ХХ аср бошларига қадар амалда бўлган. Демакки, бу рисолаларнинг
тадқиқи мумтоз матнларни тўғри англаш ва тушунишда муҳим манба сифатида
эътиборга молик. Ҳамидулла Болтабоев “Шарқ мумтоз поэтикаси” мажмусида
ана шу манбалар матни билан таништириш баробарида, уларнинг илмий тавсифи,
шарҳи ва изоҳлар воситасида илмий қонуниятларнинг моҳиятини ишлаб чиққан
[6, 7].
Шарқ мумтоз шеъриятига оид рисолалар таркибан бадиий сўзнинг табиати,
шоирлик таърифи, сурат ва маъни бирлиги, адабий тур ва жанрлар, шеър навълари,
шеър тузилиши, аруз илми, бадиият илми, қофия илми, тил одоби, бадиий нутқ ва
услуб масалаларига бағишланган бўлиб, “Шарқ мумтоз поэтикаси” мажмуасида
ҳам шу анъанага амал қилинган ҳолда манбалар таснифланган. Олим ҳар қисм
учун алоҳида сўзбоши ёзган. Бу сўзбошиларда танланган илмнинг юзага келиш
эҳтиёжи, шаклланиши, тараққиёти, манбалари борасида илмий хулосалар тақдим
қилинган. Маълумки, шеърият илмининг тарихан илдизи балоғат илмига бориб
туташади. Балоғат илмига бағишланган рисолаларда сўзнинг табиатини тушуниш
моҳиятни англашнинг бирламчи воситаси ўлароқ асосий марказий ўринни
эгаллаган. Шу боис олим бадиий сўз табиатни очиб берувчи дастлабки манбалар
сифатида араб, форс манбалари билан параллел равишда юнон, араб манбаларига,
ҳатто жоҳилия давридаги халқ оғзаки ижоди намуналарига эътибор қаратади, Абу
Наср Форобийнинг “Шоирнинг шеър ёзиш санъати қонунлари ҳақида”, Юсуф
Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”, Кайковуснинг “Қобуснома”, Низомий Арузий
Самарқандийнинг “Нодир ҳикоялар”, Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибат ул-ҳақойиқ”,
Сайфи Сароийнинг “Гулистон бит-туркий”, Абдураҳмон Жомийнинг “Силсилат
уз-заҳаб”, Алишер Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр”, “Назмул жавоҳир”, Фурқатнинг
“Шоир аҳли ва шеър муболағаси хусусида”, Фитратнинг “Шеър ва шоирлиқ”,
“Адабиёт қоидалари”, Абдураҳмон Саъдийнинг “Амалий ҳам назарий адабиёт
дарслари” рисола ва илмий мақолалардаги сўзнинг имконияти ва табиатини очиб
берувчи фикрларни қиёсий ўрганади, шу асосда илмий хулосаларни тақдим қилади.
Олим бу манбаларда илмий-назарий қарашларни қиёслаш орқали дунёнинг икки
қутби: Шарқ ва Ғарбдаги адабий-назарий тафаккур дурдоналарини йиғиб, изчил
тизимга солиш ва бунинг натижасида яхлит бир адабиёт назариясини яратишни
мақсад қилгани кўзга ташланади.
Ҳамидулла Болтабоев туркий арузшуносликнинг пайдо бўлиш эҳтиёжи
сабабларини тақдим қилиш асносида аруз илмининг шаклланиши, тараққийси,
арабий, форсий манбалар, уларнинг фарқли жиҳатлари, аруз илмидаги ўзгаришлар
ва янгиликлар борасидаги илмий қарашларни тақдим қилар экан, бу тасниф
изчиллик асосида аруз илмининг асосчиси Халил ибн Аҳмаддан бошланиб,
Абул Ҳасан ибн Саид Ахфаш, Надр ибн Шумайл, Ибн Канноса, Асмаий, Али
Райҳоний, Қосим Салом, Аҳмад Бахийлий, Ибн Саккит, Ибн Қутайба, Абул Аббос
Саълаб, Ибн Жинний, Ибн Саррож, Ҳасан ибн Рашиқ, Абу Ҳилол Аскарий, Абу
Абдуллоҳ Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд Замахшарий, Юсуф Саккокий,
Шамсиддин Қайс Розий, Носириддин Тусий, Шамс Фахрий, Воҳид Табризий,
Юсуф Азизий, Абдураҳмон Жомий, Сайфий Бухорий, Аҳмад Тарозий, Алишер
Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Зокиржон Фурқат, Абдурауф Фитрат каби
арузшуносларнинг манбалари асосида арузий атамалар, уларнинг маънолари,
аруз илмидаги баҳр ва вазнлар, аруз доиралари каби масалалар қиёсий тақдим
этилган. Олимнинг бу илмий-назарий таснифлаш тамойили амалий жиҳатдан
Назария, таҳлил ва тадқиқот бирлиги
манбалар тақдимотида кўзга ташланади. Масалан, Аҳмад Тарозийнинг “Фунун улбалоға” асарининг аруз қисмига оид маълумотларни тақдим этиш чоғида муаллиф
келтирган арузшунослар номи ва асарларининг илмий тавсифини ва уларнинг
таркибий тузилиши борасида махсус изоҳ орқали илмий маълумотларни тақдим
этади, изоҳталаб сўзлар изоҳини, уларнинг илмий маънолари хусусида тўхталади.
Аҳмад Тарозийнинг “Фунун ул-балоға” асари туркий адабиётдаги шеърият
илмига оид дастлабки манба сифатида бугунги кунга қадар адабиётшунослар
мурожаат этаётган асосий манбалардан бири саналади. Ҳамидулла Болтабоевнинг
адабиётшунос Жалолидддин Жўраев билан биргаликда бу китобнинг янги нашрини
амалга ошириши ҳам олимнинг “Фунун ул-балоға” асарига мурожаат этиш кўлами
ва ўзбек адабиётшунослиги учун бу асарнинг қай даражада аҳамиятли эканлигини
кўрсатади.
Олим тадқиқотларида қофия илми, унинг назарий асослари масаласи етакчи
ўринга эга. Ҳамидулла Болтабоев қофия илмини шеърият қадимийлиги мезонлари
билан ўлчайди. Яъни шеърият сингари қофия илмининг қадимийлигини
исботлайди. Ритмик бўлаклар, арузий истилоҳлар, вазний имкониятлардан илгари
пайдо бўлган оҳангдош сўзлар табиатига эътибор қаратади. Илми қофиянинг
илк назарий асосларини араб манбаларидан қидиради, шеърият учун асос қилиб
олинган унсурларнинг аввали сифатида қофияни эътироф этади. Олим қарашларини
асослаш мақсади билан Ибн Қутайба, Қудама ибн Жаъфар, Ибн Халдун, Асмаий
каби олимларнинг шеър илми, унинг таркибий унсурлари борасидаги қарашларини
келтиради. Шуни таъкидлаш керакки, афсуски, араб ва форс тилидаги мумтоз
поэтикага оид аксар манбаларимиз ҳалигача ўзбек тилига таржима қилинмаган.
Қофия назарияси нафақат Шарқ, балки Ғарб адабиётида ҳам шеъриятнинг
бир бўлаги сифатида алоҳида тадқиқ этилади. Табиийки, бу икки адабиётдаги
қофия назарияси ва амалиёти бир-биридан тубдан фарқ қилади. Ҳамидулла
Болтабоев тадқиқотларида шу икки адабиётдаги қофия илмининг ўрганилиши
қиёсланади, И.В.Стеблеванинг араб-форс қофиясига оид, И.Ю.Крачковскийнинг
араб поэтикасига оид, Б.Сируснинг тожик адабиёти қофиясига оид,
В.В.Котетишвилининг форс классик қофиясига оид, Р.Мусулмонқуловнинг форстожик қофиясига оид, А.Азернинг форс қофиясига оид, В.М. Жирмунский,
Д.Самойлович, М.Л.Гаспаровларнинг рус қофиясига оид тадқиқотлари таҳлилга
тортилади. Шу асосда Шарқ мумтоз шеъриятида муҳим ўрин тутган қофия илми
ҳозирга қадар турли йўналишларда ўрганилгани, унинг назарий жиҳатлари ва
амалий имкониятлари очиб берилгани очиқланади.
Ҳамидулла Болтабоев тадқиқотларида адабий тур ва жанрлар ва уларнинг
шаклланиши, тараққиёт босқичлари, трансформацияси, мутацияси каби масалалар
етакчи мавзулардан биридир. Бу борада олимнинг бир қанча рисолалари
ва илмий мақолалари илм аҳлига маълум. Хусусан, олимнинг Фитратнинг
“Адабиёт қоидалари” рисоласи тадқиқига бағишланган монография, илмий
асарларида, жаҳон адабиётшунослиги тарихига бағишланган дарслигида, жаҳон
адабиётшунослигининг адабий-эстетик тафаккури тадқиқига бағишланган
дарсликларида, Шарқ мумтоз поэтикаси материалларини илмий таснифлаган
мажмуаларида, наср ва услуб масаласига бағишланган илмий ишларида бош мавзу
сифатида белгиланган.
Бадиият масаласи балоғат илми таркибида шаклланган шеъриятнинг энг
қадимги илмларидан бири бўлиб, Ҳамидулла Болтабоев тадқиқотларининг
асосий объектларидан биридир. Тадқиқотларнинг аксарияти санъат номини
олган бадиийлик воситалари фақатгина шеър безаги эмас, балки шоир ниятини
ўқувчига етказувчи восита эканлигини исботланган. Олим бадиият масаласида
дастлаб Абдуллоҳ ибн Муътаззнинг “Китоб ул-бадиъ” асарига мурожаат
этади. Бадиият ҳақидаги дастлабки қарашлар баробарида унинг илм сифатида
шаклланиш даврига қадар яратилган манбалар олим назаридан четда қолмаган.
Олим манбалардаги бадиий санъатлар таснифидаги муаллифларнинг ўзига хос
таснифлаш тамойилларини тадқиқ этар экан, мумтоз адабиётшуносликда энг
қадимги илм турларидан саналган илми бадиъ доимо янгиланишда ва тараққиётда
деган хулосага келади.
Адабиётшуносликдаги ҳар илм бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Поэтик
илмлар мумтоз манбаларнинг нашр этилишида ҳам ўз самарасини беради. Хусусан,
Ҳамидулла Болтабоевнинг “Тазкиралар зикри” асари ҳам бу борада фикримизнинг
исботи бўла олади. Олим Шарқ адабиётида яратилган тазкираларни даврий
жиҳатдан таснифлар экан, уларнинг таркибий қисми билан таништириш асносида
шоирлар ижодига, уларнинг адабий меросига мурожаат этади, муаллифларнинг
шоирларга берган таърифу таснифларини изоҳлайди, адабий муҳитлар борасида
илмий хулосаларни келтиради.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, Ҳамидулла Болтабоев мумтоз
поэтика назариясига оид бир қанча тадқиқотларнинг муаллифи сифатида ўзбек
адабиётшунослигида ўз ўрнига эга. Олимнинг бу тадқиқотлари мумтоз матнлар
нашрини амалга оширишда, уларни таҳлил этишда, мумтоз поэтикага оид
рисолалар ва уларнинг илмдаги аҳамиятини белгилашда, поэтикага оид илмийназарий, амалий қонуниятлар билан танишишда муҳим манба вазифасини ўтай
олади.
Аннотация
Тадқиқотчилик тамойиллари ва йўналишлари ҳар бир олимнинг илмий салоҳияти
баробарида илмий услуби асосида шаклланади, такомиллашади, даврлар оша маълум
қонуният сифатида шаклланиб, шу йўналишдаги бошқа бир тадқиқот ва илмий ишлар
учун умумий тамойилга айланиши ҳам мумкин. Демакки, бир олим томонидан бошлаб
берилган илмий йўл сайқалланиб, илмий мактаблар учун асос бўлиши мумкин.
Мақолада йирик адабиётшунос, адабиётшуносликда ўз илмий мактабини ярата олган
олим Ҳамидулла Болтабоевнинг мумтоз поэтикага оид тадқиқотлари шарҳланади.
Аннотация
Принципы и направления исследований формируются и совершенствуются на
основе научного метода каждого ученого в соответствии с научной компетентностью,
они могут стать общим принципом для других исследований и научных работ в этом
направлении. Итак, научный путь, начатый одним учёным, может быть усовершенствован
и стать основой научных школ. В статье рассматриваются исследования классической
поэтики Хамидуллы Болтабоева, крупного литературоведа, учёного, сумевшего создать
собственную научную школу в литературоведении.
Annotation
The principles and directions of research are formed and improved based on the scientifc
method of each scientist according to the scientifc competence, they can become a general
principle for other research and scientifc works in this direction. So, the scientifc path started
by one scientist can be polished and become the basis for scientifc schools. The article
reviews the researches of classical poetics of Hamidulla Boltaboyev, a great literary critic, a
scientist who was able to create his own scientifc school in literary studies.