Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Сен умрим китобин ўзгача боби

Ботиржон ЭРГАШЕВ – “Шуҳрат” медали соҳиби. 1975 йилда туғилган. Маннон
Уйғур номидаги Тошкент давлат санъат институтини (ҳозирги ЎзДСМИ) тамомлаган.
“Мени севиб қолсайдинг”, “Олавер, ҳаётим сеники”, “Яхшиям сен бор”, “Кундан кун
яхши”, “Қизим сизга ўхшасин”, “Аллоҳимга айтиб бер”, “Жонинг соғ бўлсин” ҳамда
“Мендирман ўшал…” номли шеърий китоблари нашр этилган. “Дўстлик афсонаси”
номли болалар фильми сценарий муаллифи.

Она
Она, кўпдир сизни ранжитган пайтим,
Мен каби нотавон, саркашдан узр.
Гоҳо сиздан азиз бўлди бир байтим,
Гоҳ сизни унутиб, изладим ҳузур.


Тақдир тўпдай тепди, айблайман кимни,
Учиб сиздан анча узоққа тушдим.
Сизнинг пойингизда турган бахтимни,
Ўз пойимдан излаб тузоққа тушдим.


Йўлак бўлсам арзир йўлингизга мен,
Аммо корингизга қачон ярадим.
Бошимни силаган қўлингизга мен,
Дастхатга чўзилган қўлдай қарадим.


Қишлоқда дуодан эзгу ўй қилиб,
Пайтахтда бахт қасрим қуриб қўйибсиз.
Ҳар йил пахта териб, ҳар йил тўй қилиб,
Пайғамбар ёшига кириб қўйибсиз.

Сен умрим китобин ўзгача боби
Ўзимча кўчада бекман, тўраман,
Лек сиздан қувончни аритган менман.
Ўзимни жудаям ёмон кўраман,
Она, сизни эрта қаритган менман.


Нега тиз чўкмоқни кўрмаяпман эп,
Ахир сизсиз менинг шону шаъним йўқ.
Юрибсиз, ўғлимни эл танийди деб,
Мен ҳали ўзимни таниганим йўқ.


Етар, сиз томонга юрмас қадамни,
Изини тиндириб ташлайман, она.
Етар, мадҳингизни ёзмас қаламни,
Керакмас, синдириб ташлайман, она.


Тақдир…


Асабий чиқасан ётоқхонадан,
Қўлингда ҳамроҳинг ўша жомадон.
Қишлоғинг сен учун овунчоқ ватан,
Мен учун шу лаҳза кетишинг ёмон.


Бир қараб қўйишинг шарт бўлган чоғда,
Шарт ўтиб кетасан боқмасдан шу кез.
Тез юриб борасан, чунки кутмоқда,
Сен чипта олганинг – тезюрар поезд.


Ортингдан ўртаниб кетавераман,
Ташландиқ бўлса ҳам содиқ ит каби.
Йўлма-йўл ўрганиб кетавераман,
Шафқатсиз экан бу ишқнинг мактаби.


Шул дам ёға бошлар майдалаб ёмғир,
Йиғлагандек ғариб ҳолимга осмон.
Қишлоғинг сен учун овунчоқ бағир,
Мен учун шу лаҳза кетишинг ёмон.


Қўёлмадинг бир бор дардим аритиб,
Жим кетиб боришинг жонимни ўяр,
Вокзал чироқлари йўлинг ёритиб,
Бу йўл хатолигин кўрсатиб қўяр.


Хато йўл, деганим сендан сал олдин
Ўтганим эсингда, ахир шу йўлдан.
Зумда ўтди, кетди бу даври олтин,
Наҳот сени буткул чиқардим қўлдан.

Шаштим пасайтириб, тезлар қадаминг,
Мендан шунча хафа бўлганмидинг, айт?!
Борлигин биламан битмас аламинг,
Кечир, ўтинаман, ниятингдан қайт!


Бу сўзлар ичимда айтилгани рост,
Бақириб айтишга бормайди тилим.
Ҳаққинг бор, оласан аёвсиз қасос,
Қасоскор севгилим, ҳассос севгилим.


Эҳ, вайрон кўнглимнинг тузатувчиси,
Кемтик бу юракни бутлай не билан?
Сен чиққан вагоннинг кузатувчиси,
Жойингни кўрсатар тавозе билан.


Вагонлар силтанар бирдан шарақлаб,
Демак, бўшатмоқда поезд юганин.
Темир ғилдираклар “чатақ-чатақ”лаб,
Айтар кетмоғингнинг чатоқ эканин.


Бироқ, унамайсан, кетаверасан,
Ҳовуринг босолмас борлиқ ундови.
Тунимни яна тунд этаверасан,
Жонингни куйдириб алам олови.


Ўша тун чиқмайман платформадан,
Рельс вужудимдек титрайди ҳамон.
Қишлоғинг сен учун овунчоқ ватан,
Мен учун кетганинг бўлди кўп ёмон.


Телефоним жиринглар – тақдир ҳийласи –
Сендан чалғитмоқчи бўлар “куюнчак”.
Уйда интиқ кутар ҳали чилласи
Чиқиб улгурмаган шўрлик келинчак.


Майли, яша энди, кўнглинг кенг қилиб,
Кетдинг, тақдирга бош эгасан энди.
Гал сенга, ҳисобни афсус тенг қилиб,
Битта суймаганга тегасан энди.


Вокзалдан чиқаман айни субҳидам,
Ноилож кўнаман, кўнмайин нетдим…
Сўнгсўзим – ёрингга зўр ёр бўл, мен ҳам,
Эр ролин зўр ижро қилишга кетдим.


Қидирилмоқда…


Кузатаман дунёни, ором билмас бирор жон,
Нафс учун қалб аталмиш сийрат сидирилмоқда.
Диққат қидирув, дея қилгим келади эълон,
Битта бўлса ҳамки соф юрак қидирилмоқда.


Юзлардан қочди бу кун истара, самимият,
Беҳаёлик урф бўлди, қолмади номус, уят.
Қорин қайғуси билан боғлиқдир барча ният,
Бор бўлса, айтинг, тоза тилак қидирилмоқда.


Шафқат эмас, шаҳват деб, унутдик диёнатни,
Ҳар он чорлаб бир қиё боқмаган қиёматни,
Ҳар ким ҳалоллаб олган ўзича хиёнатни,
Вафодор мард аёлу эркак қидирилмоқда.


Одамийлик қасрининг нурар мустаҳкам ғишти,
Мевалар ҳалол-ҳаром фарқини билмай пишди,
Чалкашиб кетдик роса рост ёлғонга қоришди,
Уни бундан ажратар элак қидирилмоқда.


Дилозорлик оддий ҳол озорлар талаш-талаш,
Бир жой учун ур-йиқит, бозорлар талаш-талаш,
Сулолалаб банд қилган мозорлар талаш-талаш,
Бу ҳолатдан чиқмоққа йўлак қидирилмоқда.


Қулликмас, пулсизликдан ўчса инсоннинг ранги,
Қор-ёмғирдан босилмас жаҳолатнинг бу чанги,
Илму маърифат керак бу кун янгидан янги,
Ҳамзанинг каби холис истак қидирилмоқда.


Мафкуралар тўқнашар, уришмоқда ғоялар,
Боламас, балоларни туғдирмоқда доялар,
Илдизидан бутунлай узилмоқда поялар,
Қайта пайвандга баҳор, кузак қидирилмоқда.


Зўрлар ўзидек зўрмас базўрларга ғанимдир,
Ер кўтарар, осмон жим, дунёмиз сақов, жимдир,
Қачондир одам яшар одамдек десин кимдир,
Шундай хушхабар, шундай дарак қидирилмоқда.


Туркий халқларим!


Қадри юксакларим, баланд нархларим,
Бир-бирин ўткирлаб тургич чархларим,
Киприклар мисоли саф тортайлик саф,
Аслида бир-бирин хавфдан сақларим,
Қалби, юз-кўзи бир, сал бефарқларим,
Келинг, бирлашайлик, туркий халқларим!


Овчилар изғийди учар қуш бўлсак,
Ўнгдан келтирмаслар агар туш бўлсак,
Бир мушт бўлишимиз хоҳламаслар кўп,
Тоғлар талқон бўлар биз бир мушт бўлсак.
Ҳаққингизман, сиз ҳам менинг ҳақларим,
Келинг, бирлашайлик, туркий халқларим!


Жилғалар бир бўлиб, уммонлар бўлди,
Гуллар чаман бўлди, бўстонлар бўлди,
Биз-чи бир бўлмадик, негадир афсус,
Ҳолимиз топишмоқ, чистонлар бўлди.
Бўғзимда вулқондек ёнар шарҳларим,
Келинг, бирлашайлик, туркий халқларим!


Наслимиз чумчуқмас, асл бургутлар,
Бўри зотиданмиз эй қиз, йигитлар,
Эл бўлсак, сел каби тошқин бўлайлик,
Ёмғир бўла олмас тарқоқ булутлар.
Ич-ичи куюгим, кўкси захларим,
Келинг, бирлашайлик, туркий халқларим!


Яшамоқ – дегани беш кунлик сафар,
Ҳар они курашдир, ҳар они хатар,
Бунда ўз ҳолича юрганлар эмас,
Фақат бирлашганлар қучгайдир зафар.
Қисматлари ўхшаш аччиқ, талхларим,
Келинг, бирлашайлик, туркий халқларим!


Давлат раҳбарлари бу кун бирлашди,
Баъзан ошкорлашди, баъзан сирлашди,
Гоҳо чуқурлашиб, гоҳо қирлашиб,
Қадамжолар узра бирга пирлашди.
Илдизи бир, бир шох, бир хил баргларим,
Биз ҳам бирлашайлик, туркий халқларим!


Туркийлар бирлашсак, бизники замон,
Бошимиз устида тозарар осмон.
Кўряпмиз, бир бўлмай бу кун қанча эл,
Зўрларнинг қўлида бермоқдалар жон.
Эй, сиз ўз домига ўзи ғарқларим,
Келинг, бирлашайлик, туркий халқларим!
Қадри юксакларим, баланд нархларим,
Бир-бирин ўткирлаб тургич чархларим,
Шод айлаб яшайлик аждодлар руҳин,
Келинг, бирлашайлик, туркий халқларим!


Ўзга ном


Анал Ҳақ, деб ўлди фалсафа,
Ҳақни билмас жаҳолат қотил.
Тиним билмай қайнар сафсата,
Ботирман, деб гердаяр ботил.


Оқибат ҳам бўлди оғир юк,
Меҳр нобуд, муҳаббат нобуд.
Гўзалликнинг юраги хунук –
Бешик бўлиб кўринар тобут.


Илми билан исёнда олим,
Исён ичра қурбон илму фан.
Ўзни мазлум кўрсатар золим,
Йўргакман, деб алдайди кафан.


Нафс моллари аталди зийнат,
Ўнг деб исмин ўзгартирди сўл.
Бир бўлмаса ўзгармас қиймат,
Миллионликни даъво қилар ноль!


Бошлар оёқ бўлмоқда бу кун,
Оёқлар ҳам бошга айланди.
Қорни тўқлар маънавий юпун
Ва кўзлари очга айланди.


Хай, нима ҳам дердим, сўнгсўзим –
Тонг фарқланар доим шом билан.
Номингиздан айланай ўзим,
Яшамайлик ўзга ном билан.


Ўзгариб кетди


Учрадингу менга бир бор, эй гўзалим,
ҳаётим ўзгариб кетди.
Муҳаббат мадҳин айтарда куй, ғазалим,
баётим ўзгариб кетди.
Бир кўришда кўнглим олдинг, ё сеҳрлаб,
ё атай кетдинг ўғирлаб,
Сенинг ёнингга учмоққа хаёл отли –
қанотим ўзгариб кетди.
Яна бир бор учрашишни зор кутарман,
кўрмасам қандоқ ўтарман,
Кутмоқ учун йўқ бардошим, нетай сабру
саботим ўзгариб кетди.
Соғинч билан нома ёзсам, жоним бериб,
шам мисоли эриб-эриб,
Кўнгил учун бир сатр ҳам парим юрмас,
довотим ўзгариб кетди.
Ҳижронингни енгиб бу кун Ботир бўлдим,
севилмоққа қодир бўлдим,
Исмингга мен ғазал ёзиб, гўзал, ёзиб –
саводим ўзгариб кетди.


Уйғон, ўғлим, тур, ўғлим!


Озод ўғлим, ҳур ўғлим,
Ҳар онинг ҳузур, ўғлим.
Шаҳдингдан кун ёришсин,
Юзи ёруғ нур, ўғлим,
Уйғон, ўғлим, тур, ўғлим!


Эл бўлса йигит жони,
Сел каби жўшар қони,
Ватан, деса дунёни
Икки четга сур, ўғлим,
Уйғон, ўғлим, тур, ўғлим!


Авлоднинг бахтга моси,
Аждодларга энг хоси.
Бибихоним момоси –
Бобоси Темур, ўғлим,
Уйғон, ўғлим, тур, ўғлим!


Нафс ипин узар бўлсанг,
Бахт ичра сузар бўлсанг,
Бир эскинг бузар бўлсанг,
Аввал ўнта қур, ўғлим,
Уйғон, ўғлим, тур, ўғлим!

Бизнинг илм мактаби,
Бўлган дунё матлаби.
Бухорий бобонг каби
Қилгин тафаккур, ўғлим,
Уйғон, ўғлим, тур, ўғлим!


Улуғбек осмонидан,
Юлдуз бўл ой ёнида.
Беруний уммонида
Бўл марварид, дур, ўғлим,
Уйғон, ўғлим, тур, ўғлим!


Эл корига бўлсанг шай,
Сени кафтимда тутай.
Бобонг Мангубердидай,
Ўзни тут мағрур, ўғлим,
Уйғон, ўғлим, тур, ўғлим!


Қуёшдек ёниб-ёниб,
Ҳар кундан яша қониб,
Йўлларингни уйғониб,
Юксакликка бур, ўғлим,
Уйғон, ўғлим, тур, ўғлим!


Боқ, юртнинг боғ-чўлида,
Барча бир ўнг-сўлида.
Эзгуликнинг йўлида,
Эл олдида юр, ўғлим,
Уйғон, ўғлим, тур, ўғлим!


Яша юртни шаъним, деб,
Ҳар ерин чаманим, деб,
Ҳайқириб Ватаним, деб,
Эт фахру ғурур, ўғлим,
Уйғон, ўғлим, тур, ўғлим!


Ҳар кунинг бир иморат,
Бўлсин бахтдан иборат,
Пойдевори адолат –
Бўлса, қандинг ур, ўғлим,
Уйғон, ўғлим, тур, ўғлим!


Йўлингда қанча “чоҳлар”,
Уйғонмаслигинг хоҳлар,
Сен эса шундай чоғлар,
Бўл қайтмас, ёвқур, ўғлим,
Уйғон, ўғлим, тур, ўғлим!

Биз – ўтмиш, сен – келажак,
Умринг бахтга тўлажак.
Ўзгинамнинг бўлажак –
Навоий, Бобур ўғлим,
Уйғон, ўғлим, тур, ўғлим!


Сўнгги қўнғироқ


Жаранг бир хил, аммо таъсир турфа ҳол,
Биринчи қўнғироқ, сўнгги қўнғироқ!
Кеча ёқимлигим, бугун сал малол,
Биринчи қўнғироқ, сўнгги қўнғироқ!


Юракларда ажиб ҳадик, ҳаяжон,
Бир ҳолим нурафшон, бир паришон,
Ширин дийдор билан аламли ҳижрон –
Биринчи қўнғироқ, сўнгги қўнғироқ!


Салом деб келганим, хайр, мактабим,
Болалигим кечган сайр мактабим.
Бир куйи бахт, бири битмас дард кабим –
Биринчи қўнғироқ, сўнгги қўнғироқ!


Гоҳ тошади, гоҳо шалвирар билак,
Қўнғироқдек титрар кўксимда юрак,
Бири шодон бириси маъюс тилак –
Биринчи қўнғироқ, сўнгги қўнғироқ!


Биз гулмиз, кун кунга узатгувчидир,
Вақт суяр тартибни, тузатгувчидир.
Аввал кутиб, сўнгра кузатгувчидир,
Биринчи қўнғироқ, сўнгги қўнғироқ!


Жарангингда туйдим дуонинг кучин,
Ялиниб тур, порлоқ келажак учун,
Чалиниб тур, порлоқ келажак учун,
Биринчи қўнғироқ, сўнгги қўнғироқ!

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil