Маъмура ЗОҲИДОВА – 1973 йилда туғилган. Наманган давлат университети
филология факультетида таҳсил олган. Қатор адабий-танқидий ва публицистик
мақолалари матбуотда эълон қилинган. “Ҳикоялар”, “Айтилмай қолган гаплар”, “Нажот
куйи”, “Булоқли мозор сири” каби шеърий ва насрий тўпламлари чоп этилган.
Ўзбек тилига таржима қилинган бадиий асарлар матнида оғзаки нутқда кам
қўлланадиган, аммо ноёб, баъзан муаллифнинг сўз ясаш усулига кирадиган сўзлар
ҳам кўплаб учрайди. Бу қувонарли, албатта, улар ҳақида алоҳида тўхталиш зарурати
мавжуд.
Маълумки, ўзбек тилининг изоҳли луғатида нутқимизда ишлатиладиган барча
сўзлар қамраб олинишига ҳаракат қилинган. Яқинда лотин ёзуви асосидаги
алифбода чоп этилган олти томлик изоҳли луғатга ҳам аввал бу луғатда бор бўлган
сўзлар қаторига яна жами 5000 та сўз киритилди. Бундай қамров машаққатли меҳнат
ва заҳматлар, узоқ вақт талаб этиши ҳам ҳеч кимга сир эмас. Шу сабабдан ҳам
яратилган мазкур янги олти томлик изоҳли луғат зиёлилар учун тилимизнинг ноёб
жавоҳир китоби сифатида хизмат қилмоқда, ижодий ишларда, илмий изланишларда
дастак вазифасини ўтамоқда.
Маълум тилнинг паспорти ҳисобланадиган ҳар қандай изоҳли луғат сўзнинг
маъноларига берилган шарҳига кўра ҳам қимматлидир. Аммо муфассал ва кенг
қамровли бўлишига қарамай, баъзида қидирилаётган бирор сўзнинг изоҳли луғат
ичида учрамай қолиши одамни ранжитади. Қаршингизда шундай катта манбада
йўқ изоҳни энди бошқа қаердан топиш мумкин, деган савол кўндаланг бўлади.
Туркий халқлар орасида энг бой маданий меросга эга ўзбек халқининг луғат
бойлиги ҳам бошқа тил луғатларидан қамрови кенг бўлиши табиий. Гарчи тилнинг
луғат бойлиги унинг луғатларга киритилган сўзлари билангина ўлчанмаса-да,
луғатшунослик борасида амалга оширилаётган ишларни янада кенгайтириш,
сўзларни шева, эски деб ажратмасдан луғатга киритиш зарурлигини тан олгимиз
келмайди. Аксинча, лексикографиямизга негадир ўзлашма сўзлар осонгина қабул
қилинаверади. Шу сўз ҳам қайсидир тилда бир неча муддат аввал пайдо бўлгани,
яъни ясалганини билмаймиз. Янги ускуналар, янги техника, илғор тажрибалар
муносабати билан бошқа тилларда эндигина атама сифатида қабул қилинган
сўз бизнинг тилга ҳам осон кириб келади. Ўзимизнинг айнан шу маънони бера
оладиган сўз ясашимиз мумкинлиги эса негадир ўзимизга ҳам эриш туюлади.
Бадиий асарлардаги ана шу каби топилма қилинган сўзларни истеъмолга киритиш
ҳақида эса ҳатто сўз юритмаймиз.
Одатда луғат тобора такомиллаштириб борилавериши керак. Чунки луғат
устидаги ишлар ҳеч қачон поёнига етмайди. Бу нафақат тил тараққиёти, балки
тилдаги барча фаол сўзларни қамраб олиш учун вақт ва катта куч зарурлиги билан
ҳам боғлиқ. Аммо изоҳли луғатни яратиш принципларини ишлаб чиқишда ҳамиша
ҳам чет давлатлар тажрибаларига таяниб қолиш ҳам керак эмас. Чунки жаҳон
лексикографияси тажрибасида луғатшуносликда қатъий бир хиллик мавжуд эмас.
Яъни айрим жиҳатларда ўзимизнинг ҳам хулосаларимизни ишлаб чиқишимиз,
тилимиз хусусиятлари ва ўз эҳтиёжларимизни ҳисобга олишимиз тўғри бўлади.
Агар тилшунос олимлар ва мутахассислар биргаликда луғатга олиниши керак
бўлган сўзлар сираси борасида таклифларни киритиб, буни асослаб берсалар,
анчайин манфаатли ишлар амалга оширилган бўларди.
Бундай таклифлардан бири сифатида ўзбек тилига таржима қилинган
асарлардан ҳам сўз олиш кераклигини таъкидлаб ўтмоқчимиз. Бундай мулоҳаза
қилишимизнинг ўз сабаблари бор, албатта.
Юқорида айтганимиздек, ҳар қанча катта саъй-ҳаракатлар билан, нақадар
бойитилган бўлса ҳам изоҳли луғатимиз устида амалга ошириладиган ишлар кўп.
Айрим масалаларда эса собиқ совет тузуми вақтида сингдирилган тартибларни
бузиш тўғри ечим бўлади. Жумладан, ўзбек тилига таржима асарлар тилига эътибор
масаласида ҳам.
Чунки таржимон – энг ноёб сўз заргари ҳисобланади. Сўзнинг маъно
товланишлари борасида ҳеч ким таржимончалик кўп изланмайди. Таржимон бошқа
тилдан бирор асарни ўзбек китобхони учун ўгирар экан, тилимиздаги мавжуд
имкониятлар доирасида катта меҳнат қилади, ахтаради, муносиб сўзни қўллайди.
Албатта, бу сўзларни ҳаводан олмайди. У тилимизда, кўп сонли шеваларда, тарихийбадиий асарларимизда мавжуд бўлади. Натижада таржимон ўзи яратган таржима
матнида сўзларнинг зарурий маъносидан келиб чиқиб, луғатдан ташқарида мавжуд
сўзларни ҳам кўплаб тақдим этади. Фақат маълум бир сабаб билан изоҳли луғатга
кирмай қолган бундай сўзларни имкон қадар тезроқ топиш ва кейинги нашрларга
киритиш эса зарур.
Биргина мисол: таржимон Олим Отахонннинг Хулио Кортасар асаридан
қилган таржимасида биз бугун ҳар қандай турдаги қоғоз сочиқчаларга нисбатан
қўллайдиган “салфетка” сўзининг “патқоғоз” шаклида ишлатилганини кўришимиз
мумкин. Бу жуда мазмунли ва шу кичик буюмни одамнинг кўз олдига келтириб
қўядиган сўз бўлган. Агар шу сўз изоҳли луғатимиздан мана бу кўринишда жой
олганда, маъқул иш бўларди:
ПАТҚОҒОЗ – ошхонада ишлатиладиган бир марталик қоғоз салфетка.
“Пиццаларнинг ҳиди димоқларни қитиқлаётган, ҳар қаерда қўллар, оғиз-лаблар
артилган патқоғозлар сочилиб ётган қанчадан-қанча кўнгилочар сайилгоҳларга
қадам ранжида қилар эдик”. (Олим Отахон, Ўйиннинг тугаши. тарж. асар,
Кортасар.)
Бу каби сўзлар таржима асарларда талайгина.
Бугунги ёш таржимонлар ҳам катта таржимачилик мактаби яратилган ўзбек
адабиётини чуқур мутолаа ва солиштириш, қиёсий ўрганиш йўли билан ўтасалар,
уларнинг сўз бойлиги ошади, тилимиз имкониятларидан унумли фойдаланишга
тайёрлайди. Агар ёш таржимонлар бугунги изоҳли луғатлар доирасидаги сўзлар
билангина қолсалар, адабий асарларда намоён бўладиган тилимиз ширадорлигига
путур етиб, таржималар ғариблашиб қолган бўларди. Шу билан бирга, кейинги
давр ёш таржимонларининг аксарияти изоҳли луғатда мавжуд бўлмаган сўзларни
ишлатмаслик керак деган нотўғри тушунчага ҳам эга бўлиб қолишмоқда. Бу
фикрнинг у қадар тўғри эмаслигини эса қуйида жаҳон адабиётининг қанчадан-қанча
асарларини ўзбек китобхонига тақдим этган Иброҳим Ғафуров таржималарида
учрайдиган сўзлар мисолида ҳам кўрсатиб бериш мумкин. Чунки Иброҳим Ғафуров
таржималарида шундай сўзлар учрайдики, уларнинг ҳар бири устида ўйланиб
қоламиз. Нега бу сўз луғатимиздан жой олмаган?
Бунинг сабаби эса битта: бу сўзлар муаллифлик асарларида учрамайди ёки ҳали
уларни топиб, аниқлай олмаганмиз. Қўйида тақдим этиладиган сўзларнинг барчаси
нутқимизда мавжуд, ҳамда ёзма адабиётимизда ҳам қўлланади. Уларни турли
услубдаги матнларда бемалол ишлатиш ҳам мумкин. Қолаверса, бу сўзларнинг
луғатларда мавжуд синонимлари айнан шу маъно қиррасини кўрсата олмайди.
Масалан, Иброҳим Ғафуров таржимасида ўзбек китобхонига тақдим этилган
Чингиз Айтматовнинг “Қулаётган тоғлар”, Ги де Мопассаннинг “Азизим”
романлари ва бошқа таржима асарлари матнига мурожаат қилсак, улар матнида
учрайдиган ҳамда нутқимизда мавжуд шундай сўзларни учратишимиз мумкин:
1. АВАЗ – нусха, иккинчи бирдек нарса. “Унга мурожаат қиларкан, ўзи эмас,
гўё ўзининг авази – иккинчи нусхаси хаёлан сўзлаётган, шивирлаётгандай… эди”.
Иброҳим Ғафуров, (Ч.Айтматовдан тарж. “Қулаётган тоғлар”).
2. АНГЛАМ – билиш натижасида пайдо бўлган тушунча, ҳис, туйғу… “…
эҳтимол, шу билан бирга менда ҳозирги ОАВларнинг чинакам умумжаҳон
миқёсидаги аҳамиятига ўзига хос ёндашув, ўзига хос англам туғилар”. Иброҳим
Ғафуров, (Ч.Айтматовдан тарж. “Қулаётган тоғлар”).
3. БОЛАЧИҚ – ҳайвон боласи, онасининг қарови ва озиқлантиришига муҳтож
бўлган чоғи (бўлса керак) “…фақат болачиқларини эргаштирган йиртқичларнинг
мавсумий жуфайларигина унга қаҳр билан нигоҳ солишар, гўё у нимагадир
айбдордай ўзларини четга тортишарди”. Иброҳим Ғафуров (Чингиз Айтматовдан
тарж. “Қулаётган тоғлар”).
4. ДИГИРЧАК – турли ўйинларда қуръа ва рақам чиқариш мақсадида
қўлланадиган рулетка, айланувчи кичик ғилдирак. “Дигирчак айланди-да, ўн уч
чиқди – мен ютқаздим”. И.Ғафуров. “Қиморбоз” Достоевский. Тарж. асар.
5. ИПИРИҚ – учиб юрувчи мезон, нимжон, нозик маъносида. “У жуда қувноқ
кўринар, лекин бу атай қилинаётган маҳкум одамнинг ипириқ қувончи эди”.
Иброҳим Ғафуров, (Мопассандан тарж. “Азизим”).
6. ИТИК – тик, ўткир. “…Шунда мангу тоғлар ўз ҳайбатли ўткир қирраларини
янада кучлироқ, итикроқ намоён айладилар”. Иброҳим Ғафуров, (Ч.Айтматовдан
тарж. “Қулаётган тоғлар”).
7. КАФАНДЎЗ – кафан ўғирловчи, ўлганлар ё ночор кишиларнинг охирги
нарсаларини ўзлаштирувчи одам. “Африка гарнизонларида юлғичлик, кафандўзлик,
ғирромлик ва ҳаром бойлик орттириш одат тусига кириб кетганди”. Иброҳим
Ғафуров, (Мопассандан тарж. “Азизим”).
8. КУНЛАМОҚ – ҳасад қилмоқ, кўролмаслик, рашк, кўзини ўймоқ. “Шу
юлдузларга бош олиб кетсанг, улар бир-бирларини кунламайдилар, қишинёзин ҳамжиҳат, ҳамиша бирга”. Иброҳим Ғафуров (Чингиз Айтматовдан тарж.
“Қулаётган тоғлар”).
9. КЎКЎПАР – баланд, виқорли. “Ахир кўкўпар тоғлар бизники, қорлар,
музликлар ҳам бизники”. Иброҳим Ғафуров (Чингиз Айтматовдан тарж. “Қулаётган
тоғлар”).
10. МАСАРРАТ (арабча – сурур сўзидан) – сурур, шукуҳ, завқ. “Ортга
қайтишаркан, муҳаббат эвазига бутун теварак-атрофнинг масаррати уларга
ҳамроҳлик қилди”. Иброҳим Ғафуров (Чингиз Айтматовдан тарж. “Қулаётган
тоғлар”).
11. МИНБАРГЎЙ (а.+ф.) – минбарни севувчи, минбарда сўзлашга ишқибоз,
нутқ сўзлашни хушловчи, ўз нутқини зарур деб билувчи. “Жаноб Саманчин,
сиз нимангиз биландир бизнинг минбаргўйларимизга ўхшаб кетасиз, улар ўз
қояларининг фавқулодда қимматига қаттиқ ишонишади”. Иброҳим Ғафуров
(Чингиз Айтматовдан тарж. “Қулаётган тоғлар”).
12. МУНГРАНМОҚ – инграмоқ маъносига яқин сўз, ғамгин, мунгли, ҳазин
бўлмоқ. “Жаабарс ҳасратдан мунграниб ётарди”. (Ч.Айтматовдан тарж. “Қулаётган
тоғлар”).
13. МУФЛИСОНА – ифлос, иркит маъносида. “Шунда Дюруанинг юрагида
ўзининг бу муфлисона ҳаётига қарши ғазаб аланга олди”. Иброҳим Ғафуров,
(Мопассандан тарж. “Азизим”).
14. ОҚШОМИЧИ – кун хиралашгандан туннинг дастлабки вақтлари киргунчалик
вақт. “Бутун оқшомичи, то тун ярмидан оғгунча гўзал машқлар ўйнаган”. Иброҳим
Ғафуров, (Ч.Айтматовдан тарж. “Қулаётган тоғлар”).
15. ТЕЛЕШАРҲ – телевидение кўрсатувлари учун тайёрланадиган кўрсатув
изоҳи матнлари. “Матбуот ва телешарҳларда дарҳол унинг жавобини бериш
заруратга айланган эди”. Иброҳим Ғафуров, Ч.Айтматовдан тарж. “Қулаётган
тоғлар”.
16. ТЕМИРҚАНОТ – полапонларнинг қанотлари учишга мослашиб,
қаттиқлашиши. “Ҳали темирқанот ҳам бўлмаган, типирчилаб ётган жиш
болаларини ташлаб учиб кетишарди”. Иброҳим Ғафуров (Чингиз Айтматовдан
тарж. “Қулаётган тоғлар”).
17. ТОНГРИҚМОҚ – (феъл) феъли тораймоқ, сиқилмоқ, ўз ҳолатидан рози
бўла олмай қийналиш ҳолати. “Тонгриқиган Жаабарс ҳам сесканиб кўзини очди”.
Иброҳим Ғафуров, “Қулаётган тоғлар” тарж. асар.
18. ТУНКУКУК – қуш тури, бойқушсимон қуш. “Тунги бойқуш – тункукук
уларга ғулдураб-ғулдураб уҳ тортар, қушлар эса парвойига келтирмасдилар…”
Иброҳим Ғафуров, (Ч.Айтматовдан тарж. “Қулаётган тоғлар”).
19. УЧУРУМ – тик тоғ тизмаларининг қоронғи, тубсиз қаърлари. “…Оддийгина
кўк майсадан тортиб, ёз чоғи бу жойларни қора тортиб келган, учурумлар ва
тизмалар узра оҳиста чарх урган тўдаланган қушларгача ўзидан баҳраманд этади”.
Иброҳим Ғафуров, Ч.Айтматовдан тарж. “Қулаётган тоғлар”.
20. ХАВЛ (арабча) – қўрқув. “Фақат Жаабарсгина… кўнгли оғир бир нарсаларни
сезган, хавл олгандай бўларди”. Иброҳим Ғафуров (Чингиз Айтматовдан тарж.
“Қулаётган тоғлар”).
21. ЧИМГАНЛИК – майсазор, ажриқ босган кенг адирлик ва тоғлар ораларидаги
яшил сайҳонликлар. “Маъшуқаси билан гашт қилиш учун махлуқ қадами етмаган
ажиб чимганликларда майин ҳид таратган зумрад ўтлоқларда юксак тоғларнинг
сарин ҳавосидан баҳрадор бўлиб сайрга чиқдилар”. Иброҳим Ғафуров, тарж асар.
22. ЧУБУҚ – трубка, ёғочдан ясалган тамаки чекиш асбоби. “Хонани чубуқлардан,
арзон сигаралардан чиққан тутун чулғади”. Иброҳим Ғафуров, (Мопассандан тарж.
“Азизим”).
23. ЧЎБОН (эски талаффузда) – чўпон. “Мен чўбонман, отагинам ва ўз
қавмларимни Тангри йўлига солиш пайида бўламан ҳар жойда”. Иброҳим Ғафуров,
(Мопассандан тарж. “Азизим”).
24. ШАБОХУН – ҳарбий маънода, ёвга тўсатдан ҳужум қилиш. “Ёз фасли ҳам
иккинчи палласига кўчди, у эса ҳамон бу ерларга шабохун уриб келар, боши оққанча
дайдиб юрарди”. Иброҳим Ғафуров, (Ч.Айтматовдан тарж. “Қулаётган тоғлар”).
25. ШАБО – чиннигул. “Очиқ деразадан кирган баҳорнинг майин ва илиқ
шабадаси хонага уй олдидаги гулзорда гуллаб ётган шабонинг бўйини олиб
кирарди”. Иброҳим Ғафуров, (Мопассандан тарж. “Азизим”).
26. ШОЛМОН – қушларнинг тўда бўлиб ёпирилиб учиши. “Бу аллақандай
қушларнинг шолмон уриб учаётган тўдаси бўлиб, кўзлари баногоҳ кўрга айланмиш
эди”. Иброҳим Ғафуров (Чингиз Айтматовдан тарж. “Қулаётган тоғлар”).
27. ЯСОЙИ – ясатиқ, безатилган маъносида. “Бундай қараганда ажабланарли
ясойи ҳам йўқ, ҳар кимнинг ўзига яраша иш-ташвиши, иш тутуми”. Иброҳим
Ғафуров (Чингиз Айтматовдан тарж. “Қулаётган тоғлар”).
28. ҚУВИЛЛАМОҚ (феъл – ғувулламоқ) – чарчаш, таъсирланиш натижасида
эшитиладиган овоз, қулоқда шовқин пайдо бўлиши. “Илгари ҳеч юрагининг
урганини сезмасди, ҳатто қулоғи ҳам чип битиб қувилламоқда”. Иброҳим Ғафуров,
тарж асар.
Биз ушбу таржима асарларда мавжуд ўта камёб сўзларни луғат учун таклиф
этмаган бўлсак-да, улар каби сўзларнинг ҳам луғатимиздан ўрин олиши хайрли
иш бўлишини қайд этмоқчимиз. Чунки халқ тилида ва илмий-бадиий матнларда
улардан фойдаланиш мумкин. Бу сўзларнинг кўпи таржимоннинг ўз сўз ясаш услуби
натижасида юзага келган. Тилни халқ яратишини ҳисобга олганда, бундай ўнғай
ва талаффузда ҳам, имлода ҳам қийинчилик туғдирмайдиган сўзларни истеъмолга
киритиш муомала ва тил амалиёти ижодкорлигига боғлиқ бўлиб қолади.
Лексикографиямизнинг яна бир қизиқ томони борки, луғатимизда ўзбек
тилидаги кўплаб ясама сўзлар, жуфт сўзлар учрамайди. Ҳолбуки, наинки ясама
сўзлар, кўплаб жуфт сўзлар ҳам ўз қисмларидаги маънодан бошқа, янги маъно
англатишга хизмат қилади. Луғатшуносларимиз заҳматли меҳнатлари қаторида
буни ҳам кўзда тутсалар, тўғри иш бўлар эди. Бу каби сўзларнинг имлоси ва мазмуни
ҳам луғатда акс этиши зарур эканига айни таржима асар мутолаасида яна бир бор
гувоҳ бўлдик: “Қулаётган тоғлар” таржимасида И.Ғафуров “санғиб-қанғиб” (яъни
“бемақсад дайдиб” маъносидаги) жуфт сўзни қўллайди: “Сен эркин-ихтиёрий
кўчманчиликдан санғиб-қанғиб келиб қолгансан, ана энди қопчиғингни тўлдириб
олавер-чи”. (Иброҳим Ғафуров, Ч.Айтматовдан тарж. “Қулаётган тоғлар”.) Яъни
бу ерда жуфт ҳолда ишлатилган сўз ҳар бири алоҳида бўлганида умуман бошқа
маънони англатган бўлар эди.
Юқоридаги каби сўзларни улар фақат таржима асарда бўлгани учун, ўзбек
адабиёти яратувчилари ижодида бу сўзлар қўлланишига мисол чиқмагани учун юз
ўгиришимиз хайрли ҳам, тўғри ҳам эмас. Улкан таржимонлар – улкан сўзшунослар
меҳнатини, билгичлигини қадрлаш, уларнинг оқар дарёсидан баҳраманд бўлиш
ижодкорлар, зиёлиларнинг иродасидадир. Токи оламда сўз бор экан, жами ҳислар,
туйғулар самимиятлар, тилаклар, ниятлар, мақсадлар тажассум топади.