Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Меҳр истаб


Марҳабо ҚЎЧҚОРОВА – филология фанлари доктори. 1976 йилда туғилган. Тошкент
давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. “Бадиий сўз ва руҳият манзаралари”, “Абдулла Қаҳҳор истиқлол адабиётшунослиги кўзгусида” номли илмий монографиялар муаллифи.

Шуҳрат Маткаримнинг “Устоз ҳақида сўз” (Матназар Абдулҳаким ҳақида)
хотира – эссеси, “Кун шундай бошланади” (2017 йил) қисса ва ҳикоялар тўпламлари
чоп этилган. Муаллиф насрнинг ҳикоя ва қисса жанрларида ўз қаламини синаб
кўриб, ўнлаб ҳикоялар ва бир нечта қиссалар ёзди. Жумладан, “Йилон”, “Салав”,
“Қум этагида Оқ уй”, “Мақар” каби ажойиб қиссалар.
Ёзувчи билан суҳбатлашганимда сездимки, Шуҳрат Маткарим сўзнинг чин
шайдоси. Суҳбатларимиз давомида у кишининг Хоразм адабий муҳитидан
етишиб чиққан замонавий ўзбек шеърияти, бадиий-публицистикаси ва бадиий
таржимачиликда чуқур из қолдирган Матназар Абдулҳакимнинг шогирди
ва ихлосманди эканини англаб етдим. У кишининг ҳамма гаплари Матназар
Абдулҳакимга келиб боғланади, уланади ва тугайди. Шуҳрат Маткарим устозининг
ижодий ютуқлари ва тажрибаларини давом эттириб, бадиий таржимачиликда ҳам
ўз салоҳиятини синаб кўрди. Хусусан, таржимон сифатида Эрнест Хэмингуэйнинг
новеллалари ва В.Шукшиннинг қатор асарларини аслиятдан она тилимизга ўгириб,
ўзбек китобхонларига тақдим этди.
Бугун биз ёзувчининг янги қиссаси “Мақар” ҳақида гаплашамиз. Мазкур қисса
“Ёшлик” журналининг 2023 йил сонларида чоп этилди. Айни пайтда муаллифнинг
телеграмм канали орқали қисса ўқувчилар эътиборига ҳавола этилган эди. Камина
асарни илк бор телеграмм каналда ўқидим. Қисса мутолаасига киришар эканмиз,
“Нега Мақар?” “Мақар ким?” деган саволлар ичида қоламиз. Мақар саксондан
ошиб, тўқсонга яқинлашиб қолган қария. Қиссада бош қаҳрамон Мақарнинг нега
исми “Мақар” бўлиб қолганига изоҳ берилган: “Мақар унинг ўз оти эмас эди.
Мулласи қулоғига Ҳўсинбой, деб азон айтган.
Ҳўсинбой колхозда шофёр бўлиб ишлаб юрган вақтларида колхоз раиси қайсидир
байрам муносабати билан тумандаги ҳарбийларга майда-чуйда юборганди.
Ҳўсинбой уни машинасида олиб борган. Военком – кичкинагина, серҳаракат ва
кўзлари кўм-кўк киши эътибордан жуда хурсанд бўлган ва шофёрни кузатиб
қўятуриб Ҳўсинбойнинг қўлини маҳкам қисган ва негадир:
– Спасибо за всё Макар Митрофонович! – деган.
Бу ўрис Ҳўсинга нега шундай деди балки ўзини таништирган чиқар, Худо
билади. Лекин бу гап колхозда шамолдан тез тарқалди.
– Макар Митрофонович!
– Макар Митрофонович!
Тили келишмаслигидан халқ Макар Митрофоновични аввал Макарга, кейин
талаффузига мослаб Мақарга айлантирди. Шу-шу Ҳўсин Мақарга дўнди”. Бир
рус кишисининг Ҳўсинбойга “Макар Митрофонович” деб мурожаат этиши билан
унинг исми халқ тили билан “Мақар”га айланиб кетади. Қиссанинг бош қаҳрамони
исми ажабтовур ана шу Мақар чолнинг изтироблари, ўйлари ҳақида ёзилган. Мақар
“чўл” ва “кўл” одами бўлиб, “Хоразм йўлбарси” деб ном олган қари кўппак ити
билан кўлга кета туриб ва келаётиб суҳбатлашади. Ичидаги бор дардини, оиласи,
болалари ҳақида барча гапларини “Хоразм йўлбарс”ига тўкиб солади.
Ит ҳам эгасига вафодор, гўёки, уни тушунадигандек, чолнинг ҳар бир гапини,
хатти-ҳаракатини кузатади, эгасига бўйсунади. Бизнингча, “Мақар” ҳозирги ўзбек
насрида экспрементал асар бўлиб яратилган. Чунки, асарнинг бутун руҳи, танибаданида Хоразм муҳити уфуриб туриши билан бирга бадиий асар тили Хоразм
шевасига таяниб яратилган. Яхшиси, далил учун асардан бир парча келтирсак,
мақсадга мувофиқ келади: “Хуллас, Мақар азон билан туради, мол-ҳолини қарайди.
Отиз-челни бир қатор қиртишлаган бўлади. Кейин ашқол-дашқолини орқалаб
кўлга қараб кетади. Юрганда Мақарнинг икки кўзи оёғи остида бўлади. Ерга қараб
юради. Кетаверади “лўнк-лўнк” этиб. Теваракка аланглаб вақтини йўқотмайди.
Қишлоқдагилар ҳам Мақарнинг шу юришига кўникиб қолган. Йўл-йўлакай ёши
улуғлар билан салом-алик қилади. Ҳол-аҳвол сўрашган бўлади. Мақарнинг ҳол-аҳвол
сўрашиши ҳам бир санъат. Чунки у суҳбатдошининг фақат ўзини, оиласини эмас,
уларнинг қишлоқда не чотиғи бўлса ҳаммасини бир-бир сўраб чиқади. Баъзилар
гоҳида довдириб ҳам қолади. “Кимни айтаётирсиз, Ҳусин ота? Фалонкас
деганингиз кииим?” Мақар мийиғида кулади. Сўнг жиддий тортиб суҳбатдошига
сўраётган одамининг у билан қандай қариндошлигини тушунтиради. “Ҳовво,
эндирқат бўлиб кетгансизлар ҳозир улар билан”, дейди Мақар. – Лекин дим
яқин қариндошсизлар”. Суҳбатдошнинг бошини ликиллатиб Мақарнинг гапини
тасдиқлашдан бошқа иложи қолмайди. Мақар қишлоқдаги ҳар бир кишининг етти
орқасигача билади”.
Мазкур парчадаги “отиз-чел”, “лўнк-лўнк”, “чотиқ”, “фалонкас”, “эндирқат”,
“етти орқа” каби сўз ва сўз бирикмаларини бошқа вилоятларда туғилиб-ўсган
китобхон бу сўзларни тушунмаслиги мумкин. Ёзувчи Хоразм шевасига хос бундай
сўзларнинг баъзиларига матн остида изоҳ берган. Қисса матнида Хоразм шевасига
доир юзлаб иборалар, халқ мақоллари, қарғишлари, сўзлари қўлланилган. Бу
алоҳида тадқиқот ҳадафи бўлишга арзийди. Шуниси муаммоки, Хоразм шевасига
доир лексик қатламни қўллашда бироз меъёр сақлангани маъқулмиди… Шу
маънода, биз бу қиссани “экспремент асар” деб баҳоладик. Бундан анча йиллар
олдин адабиётшунос Н.Владимирова адабиётда ўтказилган адабий-бадиий
тажрибалар ҳатто улар ёмон натижа берса ҳам, янгилиги билан ўрганишга арзийди,
деганида нақадар ҳақ эди.
Шуҳрат Маткарим ижодкор ўзбек адабий тилда тўлиқ ижод қилиши лозим
деган қоидани қайсидир даражада бузди. Насрдаги айнан шу тўнтариш қилиши
билан ҳам қиссанинг мазмуний томонига маълум маънода янгиланиш қила олди,
дейишимиз мумкин.
Қисса қаҳрамони қария Мақар ниҳоятда босиқ, юввош, охиратини ўйлаб, “Мен
ўзим кимман?” “Мен яхши одамманми?” “Мен тарбиялаган болалар қандай?” деган
саволларга нариги дунёга сафари яқинлаб, узоқ ўйланиб, ити билан суҳталашади.
Назаримизда, қаҳрамоннинг уйдан кўлга, кўлдан уйга кета туриб, садоқатли ити
билан суҳбат қуриши жаҳон насрининг ўзига хос адабий тажрибаларини эслатади.
Шуҳрат Маткарим ана шу илғор адабий тажрибаларни ўзлаштирган ва ўзига хос
қисса яратган.
Мақар чол ва Хоразм йўлбарси ўртасида кечган суҳбатларда бир томон гапиради,
иккинчи томон эса жимгина эшитади. Сукутда ўтиради, думини ликиллатиб
юради. Аслида, Мақар ҳам, ит ҳам қариб қолган. Икки қари дўст, яъни соҳиб ва
ит бир-бирига дарддош бўлиб, узун йўлнинг танобини тортиб ўтишга муваффақ
бўлишади. Мақар чол фарзандларидан ҳеч кўнгли тўлмайди. Бешта қизи ва бешта
ўғлининг ҳар бирига баҳо беради. Улардаги ота-онага нисбатан меҳрсизликни
кўриб фиғони фалаккка чиқади. Бу меҳрсизлик, оқибатсизликнинг сабабини
“Интернет”дан кўради.
Назаримизда, Мақар чол бу дунёда ёшини яшаб, ошини ошаб бўлган эсада,
одамзоднинг келажаги учун қайғураётган, чин инсоний туйғуларни соғинч, меҳр,
муҳаббатни қўмсаб, сафарини қаритган идеал образдир. Оёғида, белида куч
қолмаган Мақар чол охирги кучини тўплаб бўлса-да, эл-юрт олдида шарманда
бўлишдан қўрқиб, юришда давом этган ориятли эркак тимсолидир. Мақар
қишлоқдаги энг кўп китоб ўқиган, халқ эртаклари, достонларини кўп биладиган
доно одам. Уни излаб шаҳардан профессор ва унинг шогирдлари келиб, унинг
оғзидан халқ ижоди намуналарини ёзиб кетишган. Мақар ана шундай ноёб одам.
Мақар хотини билан тортишмайди, жанжаллашмайди, сўкинмайди. Шунинг учун
ҳам қишлоқ аёллари Мақарнинг хотинига ҳавас билан қарашади. Ахир Мақар
ақлли, оғир-вазмин эркак. Мақар балиқчилик билан шуғулланади. Кўлдаги турли
балиқлардан тутиб, болаларга тарқатиб завқланади. Бир сўз билан айтадиган
бўлсак, Мақар “яхши одам”.
“Мақар” қиссаси бир қария чолнинг изтиробларидангина ташкил топмаган.
Аксинча, Хоразмнинг экологик муаммолари, маънавий-ахлоқий муаммоларини
ҳам дадил қалам билан очиб берган гўзал қиссадир.
Қиссани ўқиб тугатар эканмиз, асарнинг жозибадор тили, айниқса, Мақар
чолнинг ўзига хос тили, халқ тили ва донишмандлиги билан безанган монолог ва
диалогларига мафтун бўлдик. Китобларга ёзилган кириш сўзлар асарнинг бутун
бадиий-ғоявий таҳлилини очиб беришни ўз олдига мақсад қилиб белгиламайди.
Зеро, олимнинг таҳлиллари ва нуқтаи назари билан китобхон қисса ҳақида бир хил
фикрлашга мажбур эмас.
Бугунги кунда Хоразм адабий муҳитида баракали ижод қилаётган ижодкорлар
талайгина. Аммо, истардикки, улар ўзларининг тор муҳитида қолиб кетмасин.
Пойтахтга, пойтахтдан чиқиб, дунёга танилсинлар. Шуҳрат Маткарим баланд
ижодий чўққиларни забт этишига тилакдошмиз.
Мақар чол ва у яшаган қадимий Хоразмнинг таровати ва муаммолари, одамлари
ҳақида билмоқчимисиз, яхшиси, истеъдодли ёзувчи Шуҳрат Маткаримнинг
“Мақар” қиссасини эринмай ўқиб чиқинг! Ундан олам-олам таассурот олишингизга
мен кафил.

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil