Абдусаид КЎЧИМОВ – 1951 йилда туғилган. Низомий номидаги Тошкент давлат
педагогика институтининг (ҳозирги ТДПУ) ўзбек тили ва адабиёти факультетини
тамомлаган. “Кашфиётчи болалар”, “Менинг Ўзбекистоним”, “Тошбургут”, “Чаноқ”,
“Ёсуман”, икки томлик “Назм” ва “Наср”, “Кўнгилга сафар” каби йигирмадан ошиқ
китоблари чоп этилган.
1
Ўзанига сиғмай, пишқириб оқаётган дарё.
Баланд тоғларни кунпаякун қилмоқчидек ҳайқириб қирғоққа урилаётган асов
тўлқинлар.
Ғайрати вужудидан тошиб кетаётган – “ичида деви бор” одам. Ва Мамадали
Маҳмудов (Эврил Турон)…
Мамадали Маҳмудовга дунё торлик қилди – шу дунёда яшаб, шу дунёга сиғмади;
жамият ичида туриб, жамият тартибларига бўйсунмади. Гоҳ чақмоқ, гоҳ чашма;
гоҳ бургут, гоҳ булбул сингари бирда шиддаткор, бирда закий, бирда шикаста. Ўзи
истаганча, ўзи хоҳлаганча эркин, ўктам, қисинмай кун кечирди, ўзи ёққан оловга
қоврилиб яшаган пайтлари кўп бўлди.
Ўтган асрнинг саксонинчи йилларидаги талотўпларни кўрганлар яхши билади:
“Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилсин!” деган шиорларни озод кўтариб,
кўчага сиғмай бораётганларнинг олдинги қаторида, Оролни асраш, Бўстонлиқда
зарарли завод қурилишига қарши кураш, армиядан келаётган темир тобутларни
йўқотиш, турли-туман партиялару халқ ҳаракатлари тузиш истагида гоҳ очиқ,
гоҳ ёпиқ ўтаётган машварат минбари-ю катта саройларда адабиёт муаммоларига
бағишланган қайноқ баҳс-тортишувлар, қўйингки, эл-юрт ташвиши, тақдирига
мансуб воқеаларнинг ҳаммасида ҳозиру нозир – байроқдор эди Мамадали
Маҳмудов. Кўнглига ёққан ишни қилар, дўст ҳимояси учун ёқалашиб,
муштлашишдан ҳам қайтмасди. Филдай меҳнаткаш, аммо баъзидаги пала-партиш
қадамлари, ҳаракат-қилиқларини бир жойга жамлаб таҳлил қилмаслиги, ҳатто,
ўзига ғаним мақомидагилар билан ҳам ош-қатиқ бўлиб кетаверишлари, ўйлаб
ўтирмасдан ўзини ўтга-чўққа ураверишлари… ажаблантирарди яқинларини. Бир
гал, ярим тунда, лойга буланиб ғишт қуяётганини кўриб, рости, ҳайрон қолгандим.
Маяковский деган кўча бўларди эски “Ҳайвонот боғи”нинг ёнбошида. Боққа туташ
уч қаватли Николайдан қолган бинода жойлашган эди Маданият жамғармаси деган
идора. Унга яқин эди мен яшайдиган “дом”. Кечқурун, шаҳар ухлаганда йирик
чироқлар чарақлаб, жамғарма ҳовлисида ҳаракатлар кўпайиб қолган тунларнинг
бирида, қандайдир ички қизиқиш билан секин ўтиб бордим. Ҳовли гавжум, ўртада
қирдай лой уюми, атрофида бир тўда ёш-яланг: бирови лойни сомонга булаб
қолипларга уряпти, бирови қолипларни кўтарволиб югургилаганча тўкиб келяпти,
яна бир-иккитаси лой қоряпти чуқурда; четроқда темир ўчоқ, қозонда шўрва,
тўйсамоворда чой қайнаб турибди – илгарилари қишлоқларда бўларди бундай
ҳашарлар. Ярим яланғоч, иштонбалоғи тиззадан шимарилган, оёқяланг, юзкўзларига лой увоқлари ёпишган Мамадали акаям йигитлардек чаққонлик билан
лой тўла икки кўзли қолипни даст кўтариб, ғишт қуймоқда. Ўзбекистон Маданият
жамғармаси дейилмиш идора раҳбари – бош директори эди ўшанда у. Ҳаммани,
ҳатто давлатниям эсидан чиқиб кетган жамғарма нуфузини ана-мана дугунча
вазирлик даражасига олиб чиққан эди Мамадали ака. Ўзбекистон Ёзувчилар
уюшмаси раисининг ўринбосари вазифасида ишлаганида эса Бўстонлиқдан
юзга яқин ёзувчига дала ҳовли берилишида бош-қош бўлди. Эл корига ярашдан
завқланарди, баҳра оларди. Беминнат, бетаъма, беғараз; камтарга камтар, манманга
манман – бировга эгилмас, ялинмас, қуллуқ-хушомад қилмасди. Ҳеч қайси куч,
ҳеч қайси тўсиқ, ҳатто, ўн саккиз йиллик қамоқ азоблари ҳам ундаги ана шу
жангари руҳни сўндиролмади. “Ўлмас қоялар” романига туҳмат тошлари отилган
ва М.Ваҳабов деган профессор томонидан “шовинист” тамғаси босилган оғир
кунлар ҳам заррача буколмади иродасини. Жисмидаги бежилов шиддат ижодига
кўчди. Ушоқ ҳикояларидан то қисса-ю романларигача – ёзганларининг ҳаммасида
ўжар ва қайсар туйғулари, орзу-армонлари аксланди. Ижодидаги бирда мунгли,
бирда сирли оҳанглар, бошқа бирон-бир ёзувчиникига ўхшамайдиган шоирона
тасвирлар, дабдурустдан юракларни сирқиратиб юборгувчи тимсоллар, ҳаққоний
манзаралар, дардчил тафаккур силсилалари минг-минглаб ўқувчиларни мафтун
қилди; ва неча миллиёнларни сеҳрлайди ҳали. Ватанга, миллатга бўлган беадоқ
севги, метин садоқат – адибга куч берган қудратли тўлқинлар эди. Ўзбек учун жон
беришга тайёр чин миллатчи, ватансевар шахс эди Мамадали Маҳмудов. У ҳали
шўро шамшири кўз олдимизда қонсираб турган кунларда босмачилик ҳаракатини
оқлаб чиқди. Бу ҳаракат лашкарлари босмачи эмас, аксинча, ёвуз ғаним найзасига
кўкрагини қалқон қилган эрк ва озодлик, ҳуррият ва ҳурният курашчилар – ҳақиқий
ватанпарварлар эканини юксак бадиий образларда қўрқмай, мумтоз жасорат билан
тасвирлади.
Босқинчи босиб олган ерлардаги аҳолини ҳамиша қулликда, тобеликда ушлаб
туради, мутелик кишанида яшашга мажбурлайди. “Булар ўз тарихини билсалар,
бобо-ю момолари кимлигини сезиб қолсалар, кўзлари очилиб, бошга бало
бўлади”, деб чўчийди, баттарроқ камситмоққа, ерга урмоққа тиришади. “Ялт”
этган учқундир, милтираган шуъладир – алангага айланишидан ўлардай қўрқади,
қўрққанидан ҳали ловулламасиданоқ, топтаб ташлаш учун ҳар қандай ёвузликдан
қайтмайди. Бундай изғиринли бўронларни кўп кўрди, бошидан ўтказди жафокаш
ўзбек!
Биргина 1916 йилги Жиззах қўзғолонининг бостирилишини эсланг. Жиззах
қонга беланди, ариқлар қонга тўлди, кўчаларда қон оқди. Ўз ваҳшийликларини
кўриб жаллодларнинг ўзлари ҳам титроққа тушди. “Мен Кавказ, Қирим
қўзғолонларининг бостирилишига гувоҳман, – дейди Оқпошшонинг Покровский
деган зобити. – Аммо Жиззахдагичалик тўкилган қонни ҳеч қаерда кўрганим йўқ”.
Мамадали Маҳмудов “Ўлмас қоялар” романида айнан шу мавзуни – Чор Россияси
Туркистонни миллионлар қони эвазига босиб олганини алам билан қаламга олди.
2
“Ўлмас қоялар…”
Не-не туҳматларга дучор бўлган “шўрпешона” роман. Аслида Чор Россияси
жаллодлари ваҳшийликларининг мингдан бир бўлаги акс этган асар.
Асар 1981 йили “Шарқ юлдузи” журналида босилди. Босилиб чиқиши ҳамоно
бошланди “тошбўрон”лар. Аввало журналнинг ўша сони яшин тезлигида ҳамма
ердан йиғиштириб олинди, худди шундай тезкорликда муаллиф ишдан ҳайдалди.
Энг ҳайратлиси, романни ўқиш тақиқланган, демакки, рус тилига таржима бўлиш у
ёқда турсин, ҳали ўзбекларнинг ўзи ҳам ўқиб улгурмаган бир пайтда Москвага, ЦК
КПСС деган идорага бир қулоч шикоят боради. Шўро ҳукумати мафкурасининг
қўрбошичилари уни зудлик билан Тошкентга, Ўзбекистон Компартиясига
йўллайди: “Кўзинг қаёқда, қаёққа қараяпсан? Ахир, совет ҳукуматини, сиёсатини
қоралаб ёзилган асар-ку бу?!” деган таҳдид билан.
Ёш адибни тепиб жарга ағдариб юбориш учун ҳамма мунофиқликлар жойжойига қўйилган эди шикоятда. Асардаги салбий қаҳрамонларнинг сўзлари
атайин териб олиниб бўрттирилган, ижобий қаҳрамонлар хаспўшланган, тирноқ
остидан кир қидирилиб, ёзувчига сиёсий айб қўйилган ва таппа-тайёр жинояткорга
айлантирилган эди. Агар масалага Ўзбекистон компартиясининг биринчи котиби
Шароф Рашидов аралашмаганида ўзимиздан чиққан сотқинлар кўмаги билан ёш
адиб қамоққа ташланиши ёки қатағон йилларидаги сингари Сибирь томонларга
сургун қилиниши муқаррар эди. Шароф Рашидов, ёш ижодкор адашган бўлса,
ўзимиз тарбиялаймиз, тузатамиз, тўғри йўл кўрсатамиз, деган кафолатни
зиммасига олиб, уни Москвадан юз чақиримча наридаги Серафимович номли
ижод уйига юборади романдаги “хатоларни тузатиб” келинг, деб… Қозоғистоннинг
ўша пайтдаги раҳбари Динмуҳаммад Қунаев “АзиЯ” асари учун ”қурбонлик”ка
аталган Ўлжас Сулаймонни, Шароф Рашидов эса Мамадали Маҳмудовни бўрилар
чангалидан асраб қолади. Мамадали Маҳмудов Серафимовичга бориб, асардаги
“сиёсий хато”ларни тузатмади, аксинча, янаям кучайтирди, қалбидаги беҳисоб ғазаб
ва нафратни роман қаҳрамонлари жисмига янаям чуқурроқ сингдириб юборди…
Босқинчи – Ер юзининг ҳамма жойида босқинчи.
Бошқа халқни асоратга солувчилардан нафратланмайдиган одам йўқ. Аммо
Мамадали Маҳмудовдаги ғазаб, теккан жойини куйдириб кулга, вайронага
айлантиргувчи нафрат не боис бунчалар кучли, қаердан пайдо бўлган? Мен унинг
кўксидаги Боғдон тоғларидек ҳайбатли, ўчкор аламни кейинроқ – таржимаи ҳоли
билан яқиндан таниша бошлагандан кейин фаҳмлагандай бўлдим.
Мамадали Маҳмудов 1943 йилнинг 12 декабрида Форишнинг Боғдон қишлоғида
дунёга келди. Туғилганида ҳам, ундан кейин ҳам отасини кўриш насиб этмайди
болага. Тоғ беги бўлган отаси бешикдалигида урушга кетганча, қайтмайди – жангда
ҳалок бўлади. Бобоси Аҳмад Оқсоқолни босқинчилар анча йиллар аввал Нарвон
қишлоғида дорга осишган эди. “Бунинг тафсилоти қуйидагича, деб эслайди адиб,
йиртқич ёв Боғдонни босганда, қўлга тушган эрларни қиличдан ўтказади, хотинқизларни зўрлайди, бўғоз аёлларнинг қоринларини ёради…
Шунда Аҳмад Оқсоқол Отучган қоя қописида пистирма ҳозирлайди ва ҳийла
билан ёғийни қоронғи дарага тортади. Ва кутилмаганда ғанимга милтиқ, ёй,
сопқонлардан ўқлар ёғдиради, ҳайбатли тошлар юмалатади. Ёв от-поти билан
мажақланади”. Душман бундай ҳолни кечирмайди, албатта. Аҳмад Оқсоқол
ушланиб, дорга тортилади. Бобо фожиаси ҳамда онасининг такрор-такрор: “Бобонг
Аҳмад Оқсоқол ушбу гапни кўп айтар эди: “Шўро хукуматига Туркистон бир томорқа.
У туну кун ер усти, ости бойлигимизни талаяпти. Бу ерда узоқ ҳукм суриши учун
бир туғишган элни беш бўлакка бўлди. Уларни бир-бирига ётлаштириш учун эса
бешовига беш хил ном, беш хил ёзув берди… Сен, ўғлим, бобонгга муносиб бўлиб
ўс!..” деган ўгити ундаги ёвдан “Ўч олиш истагининг тийиб бўлмас даражада”
кучайиб кетишига сабаб бўлади, душманларга қарши “Қурол билан эмас, қалам
билан курашаман!” деган фикр миясига маҳкам ўрнашиб қолади. 4-синфгача
қишлоғидаги мактабда ўқиганида ҳам, Боғдондан ўн тўрт километр нарида, пастбаланд қирлар орасида жойлашган Учқулоч конидаги мактабда 8-синфгача таҳсил
олганида ҳам, уч йил Украинада танкчилар қисмида ҳарбий хизматни ўтаётгани-ю,
армиядан сўнг Тула вилоятининг Ефремов шаҳридаги кимё комбинати қурилишида
қатнашаётганида ҳам ана шу фикр хаёлидан кетмади. 1964 йил Ўзбекистонга
қайтиб, Чирчиқ Кимё комбинатида уч йил машинист ёрдамчиси бўлиб ишлаган,
шу ерда кечки ишчи ёшлар мактабида ўқиб, 11-синф маълумотига эга бўлган ва
ТошДУнинг журналистика факультети сиртқи бўлимига ўқишга кириб Гулистон,
Фориш, Пахтакор туман газеталарида адабий ходим, бўлим мудири, масъул котиб
вазифаларида ишлаб юрган кезлари-ю, таниқли шоира Зулфиянинг назарига
тушиб, “Саодат” журналига ишга кирганида ҳам, ҳамиша – ҳамма ерда, умрининг
энг сўнгги лаҳзаларигача онасининг ҳасратли сўзлари қулоғидан кетмади, юрагини
ўртади. Жамики ёзганларида босқинчи ғанимни аямаслигининг туб илдизи
ана шундан эди; шундан эди азиз элини, миллатини улуғлаши, халқининг асл
туйғуларини, руҳий оламидаги, феълу атворидаги фазилату кечинмаларини, орзу
армонларини, қайғу ҳасратларини, илоҳий меҳр билан бамисоли эзгин марсия,
ўтли қўшиқ каби куйлашлари ҳам! Яхши кўргани, жон-жонидан суйгани учун
оддий миллатдошларининг илтижо-ю ўкинчларини ич-ичидан ўрганди, эъзозлади;
гувраниб-эмраниб, эмраниб-гувраниб ёзди. Ёзганлари шунинг учун ҳам нафақат
ўзбек насри тараққиётида алоҳида ўрин эгаллади, балки, туркий ва дунё адабиётида
эътироф этилди, муносиб баҳоланди. Асарлари жаҳон халқларининг ўттиздан ортиқ
тилларига таржима қилинди. “Туманли кунлар” қиссаси Лондонда, “Кишанланган
қалблар” Норвегияда, “Омонсиз йиллар” билан “Афсона ва ҳақиқат” эсселари
Америкада, “Қўрқоқларнинг ватани ҳам, миллати ҳам бўлмайди” эссеси билан “Оқ
гул” романи Канадада, “Бўзбўри” романи Буюк Британия ва Америкада, “Ойнур”
романи Туркияда, “Бу тоғлар улуғ тоғлар” романи билан ”Ҳақни айтмаслик хиёнат”
эссеси Парижда нашр этилди.
3
Кучи, ғайрати танасига сиғмайдиганларнинг ҳаёти бошқаларникига ўхшамайди:
ҳар лаҳзаси; саргашта бўронлару довуллар ичра симобдай қалқиб-қалқиб кечади,
гоҳо ўзлари-ўзларига ташвиш сотиб олсалар, гоҳида кутилмаган хатоларга
изн бериб, тахир қисмат аёзларига дучор бўладилар. Мамадали Маҳмудов ҳам
олағовур замонлар тўлқинида кўпикдек юзага чиқиб қолган айрим “даҳоча”лар
таъсирида бир адашди ва қарийб йигирма йил ана шу адашув азобини тортди.
Озодликка чиққанидан сўнг зил изтироб ичида тан олди аччиқ хатони. Ёлғончи
деб аталадиган, аммо тирикларнинг ҳаммаси бир сонияси учун жону жаҳонини
беришга тайёр турадиган бу ёруғ дунё билан видолашувидан икки ойча аввал
Дўрмонда, Ёзувчилар боғидаги гурунгда: “Аттанг, эсим кеч кирди, кўзим кеч
очилди”, деган афсус-надоматларга тўла иқрори қулоғим остида эшитилиб турибди
ҳозир ҳам. Бу сўзлар бундан йигирма йил аввал айтилганида… “Боғдоним”, “Тоғ
оҳуси”, “Булоқлар”, “Жиловлаб бўлмас қудрат”, “Боғдон қашқири”, “Қора дўлана”
сингари яна неча-неча роману қиссалар адабиётимиз жавонини безаган, маънавият
хазинасини бойитган бўлмасмиди, а?! Эҳ, дейишдан бошқа нечоранг бор…
4
Руҳи баланд, димоғи чоғ, ҳаётдан мамнун, жўшқин ижод кайфиятида эди
умрининг сўнгги кунларида Мамадали Маҳмудов. Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон
халқ ёзувчиси Ўразбой Абдураҳмонов Дўрмонбоғдаги ўн саккизинчи, мен ўн
бешинчи коттежда турардик. Мамадали акани ўн учинчи коттежга кўчиб келганини
эшитибоқ икковлон “Уй қуллуқ бўлсин!”га чоғландик. Қорувли бир йигит билан
ҳовлини тартибга келтираётган экан. Дарахтларнинг қуриган ортиқча шох новдалари
кесилиб, сандалбоп қилиб тахланган, ўйдим-чуқурлар текисланган; уй эгасининг
хурсандчилиги эса ичига сиғмас даражада баланд, қоматига ярашиб турган яп-янги
спорт кийими янаям бахтиёр, янаям ёш қилиб юборганди акани. Дарвозадан уйга
олиб кирувчи йўлакка қўйилган коттежнинг киму кимларни кўрмаган қадимий
стулларига пандемия тартибларига риоя қилган ҳолда масофа сақлаб жойлашдик.
Аканинг қистови билан Ўразбой оға қорақалпоқчасига дуо қилди.
– Ароқ бор. Зўридан. Ичасизми? – дарров манзарат қилди мезбон мийиғида
илжайиб.
– Мумкинмас. Пандемия! – астойдил рад қилди Ўразбой оға.
– Қуйруқмой билан ароқ тожли вирусни даъвоси эмиш-ку! – хо-холаб кулди
мезбон. – Сиз дўхтирларга ишонмайсизми? Ё қариб қолдингларми? – яна кулди. –
Менгаям мумкинмас. Ўтиб кетди, ўристи арағига чўмилиб, тўймай юрган пайтлар.
Қорувли йигит аканинг ҳамқишлоғи экан, чой дамлаб келди. Чойлашиб,
гурунглашдик.
– Яхшилаб жойлашиб олдингизми?
– Бу ер жаннат экан-ку! – саволимга ҳовлиқиб жавоб берди мезбон. – Ҳавоси
худди Боғдонникидай топ-тоза! Тинч, тонг саҳарда қушчаларнинг сайраши
демасанг, биров халақит бермайди. Сизникиям шунақами?
– Коттежларнинг бариси бир хил. Девор кетида катта ариқ бор, шабадасини
сезгандирсиз?
– Роса тиниқиб ухлаяпман. Ёзяпман. Бир йил турасиз, дейишувди, рухсат
беришса, яна тураман.
– Э-э, беш-олти йиллаб турганлар бор. Мен ҳам кетмоқчимасман, – деди таскин
берувчи оҳангда Ўразбой оға. – Кетмайсиз. Учовимиз бирга айланиб юрамиз
кечқурунлари.
– Ҳозир мендан зўр одам йўқ! – дея тўсатдан мақтаниб қолди қулочини кенг
ёзиб Мамадали ака. – Бирданига иккита домлик ва коттежлик бўлдим. Бошпанасиз,
Чирчиқ деган шаҳарларда сарсон бўлиб юрувдим, Президентимизнинг ўзи
Юнусободдан, шундайгина метростанция ёнидаги элитний домдан яп-янги уй
совға қилди. Деворлари пишиқ ғиштдан, эшик-деразалари Акфа, ҳовлисида
автотураргоҳгача бор. Ёзувчилар уюшмаси ҳам икки хонали квартира, ҳам мана шу
коттежни берди. – Фақат пенсиямни тўғрилаш қийин бўляпти, – чуқур хўрсинди. –
Беш юзгаям етмайди, – давом этди хиёл хомуш ториб. – Ишлаган жойларимдаги
ҳамма ҳужжатларни йўқ қилиб юборишган экан қамоқдалигимда, – яна мунғайиб
қолди. – Ҳаммаси михдай бўлади! – аммо хитоб қилди шу заҳотнинг ўзидаёқ
чеҳрасидаги ночорликдан нишон қолдирмай. – Одамзот қизиқ-да, бўлгани сайин,
бўлсам, дейди. Йўқасам, нималарни кўрмади бу бош! Тирноқларимни қўпоришди,
бармоқларимга узун ўтмас игна санчишди, товонимни ўйиб, туз босишди –
чидадим, ўлмадим. Худога шукур, мана, яна энг бадавлат, ками йўқ одамга
ўхшадим. Пенсия… – кутилмаганда яна хо-холаб юборди. – Пулинг кўп бўлса яхшида! Тўғрисини айтсам, тўғриланса, яхши бўларди. Анчагина қарзим бор. Қутулиб
олардим. Бутун умидимни узган ишлар бўлди-ю, бунисиям жойига тушар Худо
хоҳласа. Зўр бўлади ҳаммаси! – яна тўлқинланиб шашт билан сўзлай кетди. – Энди
ишлашим керак. Ватанда бўлаётган янгиланишларни оқ қоғозга эндиришим керак.
Ёзаман. Шавкат Мирзиёев яратаётган мўъжизаларни ёзаман, дунёга кўрсатаман.
Мен ҳеч кимга хушомад қилмайман. Тўғри гапни айтаман. Айтган гапимга ҳамма
ерда жавоб бераман. Шавкат Мирзиёевни Тангри миллат бахтига берди. Мен
у кишини ирригация институтида домлалигидан бери яхши биламан. Йигирма
тўрт соат тинмай ишлаб, чарчамайдиган одам. Лекин шундай одамниям қадрига
етмайдиган, ҳар хил бўҳтонлар тарқатадиган нокас нусхалар, афсуски, бор. Оз,
лекин бор. Жуни тўкилган лайчадай маҳаллага маълум уларнинг афти башараси.
Сиз биласиз, мен бўлсам жуда яхши танийман: айримлари собиқ, айримлари содиқ
жўраларим. Менинг эътиқодимни улар ҳам яхши билади. Орасида менга ўхшаб
адашганиям, билиб-билмай хато қилганиям, афсуслангани ва хатосини тан олмай
юрганиям бор. Мен уларга кўкайдаги кирни артиб ташланг, аламзадаликни қўйинг,
деб насиҳат қилмайман. Лекин… лекин мен: биринг икки бўлмаса, кўчангдан ҳаловат,
гузарингдан тинчлик йўқолса, қишлоғинг тўпалангхонага айланса – менга байрам,
дегандай юришга қаршиман. Қўлингдан чигирткани иши келадими, шерникими,
халқингга қил, халқингга кўрсат. Ҳуда-беҳудага худдики еру жаҳонни гуллатиб
юборадигандай аюҳаннос солиш, бир-биримизга мағзава тўкиш бизга ярашмайди –
эшитганлар устимиздан кулади, куляптиям. Жамол Камол айтувди, Ўзбекистон
дунё ҳамжамияти тўридан жой олади, мен ишонаман, деб. Афсонага ишониб фол
очадиганлардан эмас Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол ҳам. Кўзимизни каттакатта очиб, юртдаги ўзгаришларга қарайлик, кўзи юмуқлар бўлса, мошдай очиб
қўяйлик. Ҳозир эсипастлик, мансабпарастлик, манманлик кетмайди; қаерда худбин
ё таъмагир бўлса, эл ютуғидан ичи тўкилиб кетадиган бахиллар бўлса, тўғри йўл
кўрсатайлик. Бирлашмасак бўлмайди. Тарихга қаранг, ҳамма фожиаларимизнинг
илдизи бош-бошдоқликка бориб тақалади! – шу калималарни тилга олаётганида
ўтирган жойида бир неча марта кўтарилиб-кўтарилиб қўйди. – Абу Райҳон Беруний
ҳазратларининг ибратли бир сўзи бор, ўқигансиз, албатта, – деди Ўрозбой оғага чой
узатиб, – Ул зот тараққий этиш ва йўқ бўлишга сабаб бўладиган табиий ҳодисаларни
текширар экан: ”Денгизлар қуруқликка, қуруқликлар денгизга, саҳролар водийга,
водийлар саҳрога, тоғлар текисликка, текисликлар тоғларга айланади. Табиатда
қотиб қолган нарса йўқ. Дунёдаги ҳамма нарса маълум вақтдан кейин бир ҳолатдан
иккинчи ҳолатга ўтиб туради”, – дейди. Шундай. Менимчаям дунёда ҳамма нарса
ўзгаради, аммо худбин деган, Худо қарғаган қавмни тўғирлаш жуда қийин, ҳатто,
гўрга киргандан кейин, ер остида ҳам жим ётмаса керак, деган хаёлга бораман
айримларга қараб туриб. Қирқпеслар, дейди биз томонларда жайдарича қилиб
унақаларни! – Мамадали ака беихтиёр яна қизишди: ҳамлага чоғланган бургут
шижоати сувратланди қиёфасида – ҳавасим келди. Қарилик – қиш, қарилик –
сустлик; кексалик қарашларни жўнлаштиради, юрак ҳам, ҳис-туйғулар ҳам совиш
ва ҳорғинликка юз тутади, дейилмиш гапларга ишонгинг келмасди акага қараб
туриб. Ахир, саксоннинг томоғига бориб қолган одам-а, у!
– Қишлоққа, Боғдонга бориб келдим. Йигирма йилдан кейин, расман,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг йўлланмаси билан. Ҳали бир ҳафтаям
бўлмади, – пиёласидаги чойни ҳўплаб-ҳўплаб, салмоқлаб-салмоқлаб давом этди
у. – Қишлоқларни, Форишни, Жиззахни айландим. Ўзгаришларни ўз кўзим билан
кўрдим. Ахир, салкам ўттиз йил туғилган жойига боролмаган банда эдим-да. Войбў-ўй! Эртак. Афсона! Ўттиз-қирқ йилда бўлмаган ишлар бўлибди уч-тўрт йилда.
Жиззах бутунлай бошқача бўлиб кетибди. Манзаралар, кўчалар, уйлар, бинолар,
боғлар, одамлар – ҳаммаси бошқача. Ёзиш керак. Ёзаман деган ёзувчига тайёр
роман, тайёр достон – унча-мунча китобга сиғмайди. Юрагимдаги чин гапни
айтайми: бундай тараққиётни кўрмаган, кўролмаганларнинг кўзи оқиб тушади!
Ахир, Ватанимиз тарихида бундай қутлуғ дамлар қачон бўлган? Фақат ичи қора
кимсагина буни кўрмаслиги, пана-пасқамлардан: “Ўзбекистонда ҳеч қандай
ўзгариш бўлмаяпти”, деб иғво қилиши мумкин. Бутун дунё мамлакатимиздаги
сиёсий, иқтисодий, ғоявий, маънавий, руҳий янгиланишларни тан олиб турганда,
буни кўрмаслик: сўқирлик. Тўғри, кўп, камчиликлар кўп ҳали. Ўмарилган,
ўзбекни хонавайрон қилган миллиардлар қайтарилса, коррупция таг-туби билан
қўпорилса, шаффоф деклорация жорий қилинса… Айтишга осон! Лекин “Гўзал
кунлар келишини кутма, унга томон боришни унутма” – деган Жалолиддин Рўмий
ҳазрат. Бизда ҳам кутиб ўтирилган эмас, энг муҳими, истак бор, қатъий ҳаракат бор.
Ўзбекистон тараққиёт йўлига кирди. Ваҳоланки, юз йиллар давомида қаровсиз,
эгасиз қолдик-ку! Никалай талади, копирлар талади, мустақилликка эришдик,
энди зўр бўлади, девдик, ҳеч бало бўлмади. Яна ёлғон, ўғирлик, қўшиб-чатиш,
кўзбўямачилик. Ҳали тўрт йил ҳам бўлгани йўқ эл кўксига шамол текканига.
Эссе ёзяпман, “Олтин ўлка”. Бир қисми, – деб менга юзланди. – Сизнинг ЎзА
билан, Ҳусан Эрмат жанобларининг “Ишонч” газетида чиқди. Зўр илҳом билан
давом эттиряпман, катта китоб қиламан. Жиззахнинг нималигини, нималарга
қодирлигини кўрсатаман. Кўпчилик яхши билмайди. Жиззах – очилмаган қўриқ.
Пахта, чорва, боғдорчилик – булар азалий ва абадий мавжуд нарсалар. Ундан
ташқари олтин, кумуш, темир, қўрғошин, руҳ, эҳ-ҳе, Менделиев деганларнинг
жадвалидаги ҳамма маъдан бор. Бутун Ўзбекистонни боқиш, гуллатиб-яшнатиш,
боғу бўстон қилишга етиб ортади ундаги бойликлар. Римга тенгқур маскан, ахир
Жиззах! Птолемей, Плутрах, Плиний, Юстин, Драйзен, Дионист, Наршахий
ва бошқа яна ўнлаб қадим давр олимлари битиклари буни тасдиқлайди. Беаёв
таланди, вайрон қилинди: аҳмонийлар, араблар, самонийлар, чингизийлар… энг
охирида шўравийлар… Тангри қўллови, Президент журъати билан вилоят эндиэнди ўзини ўнглаяпти, – Мамадали ака тўлқинланиб, илҳомланиб, тобора очилиб
кетаверди. – Бугун вилоятда уч мингдан зиёд корхона ишлаб турибди. Уларнинг
сони яқин-яқинларгача мингдан ошмас эди. Гагарин, Манас, Хонбанди каби шаҳар
ва шаҳарчалар деярли қайта қурилибди. Яна қанча қишлоқлар обод этилибди.
Янгидан қурилган фабрика-ю заводларнинг саноғига етиш қийин. Меҳрибон деган
соддагина шоира бор экан Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимининг раҳбари, шу
аёл йўлбошчилик қилди. Энди сафардан олган таассуротларимдан биттасини мен
айтай, сиз эшитинг: Жиззахда Ўрта Осиёда ягона бўлган Базальт кони ва заводи
бор. Базалт – бу тош. Космосдан то оддий арматурагача бугунги кунда усиз “нафас”
ололмайди. Энг муҳим тармоқлар: сув иншоотлари, ҳарбий саноат, учоқсозлик,
кемасозлик, метро, темир йўл, йўллардаги кўтармалар, кўприклар, деярлик барча
қурилиш соҳаларида ишлатилади. Чунки базальт маҳсулотларидан тайёрланадиган
арматура, компазит сетка, фабривалка темирникига нисбатан қирқ фоиз арзон, ўн
марта енгил, мустаҳкам, зангламайди, иссиққа бардошли, аниғи, целсий бўйича уч
минг даражагача чидайди, экологик тоза.
– Заводга бордик. 330 одам тўрт сменада ишлаяпти. Бир кеча-кундузда 3,5 минг
тонна тола ишлаб чиқаряпти. Жиззах шаҳридаги корхоналар ундан турли шакл,
ҳажм ва узунликда арматуралар тайёрламоқда. Тошдан шунча маҳсулот! Афсона!
Кўрдик, ҳайбатли ускуналар тошларни майдалаб, ипакдай майин толаларга
айлантиряпти, махсус лаборатория ходимлари тола сифатини мунтазам назорат
қилиб турибди. Яна тўрт-бешта завод қурилса ҳам запас минг эмас, беш минг йилга
етиб ортар экан.
“Ўзбекистон Швецарияси”га айланиб бораётган гўзал Зомин ошёнида ёки
ҳадемай Сочи, Ялта, Сўхуми каби обод маконлардан қолишмайдиган дам олиш
масканларига айланиб кетадиган Ҳайдаркўл, уни маҳаллий аҳоли “Қизил денгиз”
ҳам дейди, ҳақида гапирадиган бўлсам, бир-икки кун камлик қилади. Насиб этса,
буларнинг ҳаммасини ёзаман, аниқ далиллар билан, оқни-оқ, қорани-қора деб.
Қўрқиб, ёлғон ёзадиган замонлар ўтди, – ижодий лабораторияси эшигини атторнинг
қутисидай ҳар кимга очиб кўрсатишни хушламайдиган одам, суҳбат жараёнида бу
жабҳадаям бизга саховат кўрсатди: яна анча-мунча режаларини айтиб ташлади.
Унинг ўзбек миллатининг келиб чиқиш тарихи; Зардуштий, Яҳудий, Буддавий,
Насроний, Ислом динлари дунёга келмаган замонларда ҳам хунлар бўлгани, турк
ботирлари жасурликни ўз аждоди – Хундан мерос қилиб олгани; туркий авлодимиз
араб, юнон, эрон, рум, оссурий, ҳинд, хитойлардан юз-минг йиллар олдин, ҳали
Оврўпо, Америка ухлаб ётган замонларда шаҳар-давлат қургани; ёзувни кашф
этгани, мактаб очгани, шу алфавит – Шумер, Этруск ёзувлари асосида Еврей,
Миср, Урарту алифболари вужудга келгани, қисқаси, ўзбекнинг тарихи жуда узоқ
замонларга бориб тақалиши ҳақида “Дунё цвилизацияси бешиги” номли туркум
эсселар ёзаётгани борасидаги ҳикояларини маза қилиб эшитдик. “Алпомиш”
достони, достоннинг пайдо бўлиши тўғрисидаги “Афсона ва ҳақиқат” эссесини
ёзиб тамомлаганини айтганида, Ўрозбой оғам сал ҳайрон қолгандай бўлди. У:
– “Алпомиш” тўғрисинда жуда кўп жазилған, Сиз… – деб энди гап бошловди,
Мамадали ака сўзини бўлиб:
– Сен неларни жаздинг, демоқчисиз-да? – деб илжайди. Кейин, эсига бир нима
тушдими, мен, ҳозир, деб аста ўрнидан турди, секин юриб, ичкари хонага кириб
кетди. Жойидан қўзғалаётганида, уйга томон бораётганида қаддини олдинга
ташлаб, бир тарафга эгилиброқ юришидан билиндики, умуртқасидаги касаллик
ҳали тузалмабди. Қамоқларда уч марта юрак инфаркти олган, ошқозонида яра ва
ўсимта орттирган, икки кўзи катарактага учраган, қони қуйилиб, камайиб кетган,
ўт пуфагида олтита тош йиғилган, адинома касали узликсиз қийнаган одамга
умуртқа чурраси ҳам зулукдай маҳкам ёпишиб олганини эшитувдим. Юракдаги
жарроҳликлар беҳад оғир кечганини эса сўнгги йиллардаги ҳамроҳ дўсти Гулзамон
Акбар айтиб берувди. Биринчи марта юрак фаолиятини назорат қилиш учун қўл
томирлари орқали дори-суюқлик юборилади. Шунда икки томиридан юрагига
қон бормаётгани аниқланади. Иккинчи марта ўнг оёғининг тиззаси пастидан
икки томир кесиб олиниб, юрагига уланади. Узоқ давом этган операция давомида
ўпкасига қон қуйилади. Комага тушиб қолган бемор зудлик билан учинчи марта
операция қилинади. Ўпкада тўпланган қонни олиб ташлаш учун адибнинг қовурға
қисми кесилади… Темир иродали адиб бу синовлардан ҳам соғ-омон чиқади…
Ичкаридан тез қайтди. Қўлида бир даста қоғоз.
– Биз ҳозиргача “Алпомиш” достони тарихини, достон қайси замон, қайси
маконда яралганини яхши билмаймиз, – қадимги стулга жойлашиб олгач, қоғозга
қараб-қараб сўзлай бошлади у. – Бу достон Хун империяларининг энг гуллаган
замонларида туғилган. Яъни, милоддан аввалги 210 йилдан милоднинг 470 йилигача
кечган даврларда. Тарих талқинича, мана шу 680 йил ичида Хун салтанати дунёга
ҳукмрон бўлган. Эътибор беринглар, салкам етти аср! – Акадаги ғурурдан сездикки,
ўқиётгани “Алпомиш” эссесидан парча. – Олам тарихида ўчмас ўрин олган бу сана
Осмон ва Ер тургунча яшайди, – ўша оҳангда давом этди у. – Хун салтанатининг
қудрати, довруғи айнан шу санадан бошланади. Яъни, Ботир Тангриқут Хоқон
бўлган йилдан. У Ўғизхон оти билан очун тарихига кирган.
Ўғизхон 26 та давлатни ўзига тобе этади. Ўғизхон биринчи галда (Эрамиздан
олдинги 198 йил) Хитойни тиз чўктиради. Бойдинг тоғи жангида у Хан империяси
қўшинларини енгади. Император Лийибонг Ўғузхонга ўз қизи – Нинг билан
бирга беҳисоб олтин, беҳисоб ноёб нарсаларини беришга мажбур бўлади. Шу
йўл билан у ўз жонини сақлаб қолади. Хитой қарийб юз йил Хун салтанатига
ўлпон тўлайди, – Мамадали ака роҳатли ифтихор оғушида бизга бир-бир қараб
олди. – Ўша даврларга бориб тақалади “Алпомиш” бобомизнинг таржимаи ҳоли.
Олимларнинг ўргангани ҳали чала. Умуман, тарихимизни, улуғ аждодларимизнинг
дунё илмига, маданиятига, маънавияти тараққиётига қўшган ҳайратли ишларини,
кашфиётларини яхши билмаймиз. Ибн Сино, Беруний, Жалолиддин Мангуберди,
кечирасизу, ҳатто, Бобур ҳазратларининг ҳаётиниям чуқур билмаймиз, – Мамадали
ака шошмай, мароқ билан сўзлаяпти, икки қўллаб иягига таянган Ўразбой оға
нималарни ўйлаяпти, билмайман, менинг хаёлимда эса Алпомишнинг урҳоурҳолари-ю, дулдул отларнинг чанг-тўзонлари орасидан ёзувчи ўтган йўллар
кўринаётгандай… Ҳикояларида мангуликка дахлдор алланималар бордай…
Бир умр миллатим деб ёниб куйган, аммо, йигирма йил бутунлай унутилган
ва шу йиллар ичида миллий матбуотда бир қатор ҳам сўзи чиқмаган адибнинг
тилидан бундай гапларни эшитиш ҳам қувончли, ҳам аянчли эди. Умрининг сўнгги
йилларини маломат тошлари остида ўтказган ардоқли шоиримиз Абдулла Орипов:
“Оҳ, инсон қисмати бунчалар чигал” деганда нақадар ҳақ эканига тирик гувоҳ
бўлиб тургандай эдим гўё.
Чидаган одамга чигалликнинг хосиятли томонлари ҳам бўлар экан: шунча
йил четга суриб ташланган адиб қайтадан Ёзувчилар уюшмасига қабул қилинди,
“Шарқ юлдузи”, “Жаҳон адабиёти” журналларида, “Ўзбекистон адабиёти ва
санъати”, “Ишонч” газеталарида роман, ҳикоя, қисса ва эсселари чоп этилди;
бошида музаффар офтоб чарақлаб, ярақлай бошлаган дориломон кунларда эса…
бу ёруғ олам билан мангу видолашди. Ундан ўзи каби ўзанига сиғмайдиган ёмби
мерос қолди; Боғдон қоялари каби ноёб, бетакрор хазина қолди; қояларни ёзавериб,
ўзиям қояга айланиб кетган жасоратли адиб сиймоси қолди. “Академнашр” чоп
этган “Ойнур” унинг йигирма йилдан кейин ўзимизда чиққан биринчи китоби –
бебаҳо ёмбининг бир ушоғидир. Ўқилмаган, ўрганилмаган, таҳлил қилинмаган –
неча йиллардан бери нашрини кутиб ётган асарлари эса жуда кўп…
Аттангки, ўзи кўролмади, кўрганида севинчдан дунёга сиғмай кетарди. Начора,
табиат қонуни шунақа экан, нима ҳам қила олардик. Ёвузликнинг барча шакли
шамойилини лаънатловчи ўйчан, мароқли мерос “Ойнур” каби кўнглимизга таскин
беради энди. Бу китобнинг ўзига хос қимматли фазилатлари ҳақида мен ҳеч нима
демайман. Фақат, Эврил Туроннинг ушбу китоби ҳаммамизга муборак бўлсин,
дегим келади.
…Ўзанига сиғмай, пишқириб оқаётган дарё; баланд тоғларни кунпаякун
қилмоқчидек ҳайқириб қирғоққа урилаётган асов тўлқинлар; ғайрати вужудидан
тошиб кетаётган, “ичида деви бор” одам – Мамадали Маҳмудов (Эврил Турон) энди
ўлмас асарлари ардоғида сизу биз билан, биздан кейинги авлодлар билан бирга –
ҳамнафас, ҳамфикр бўлиб яшайверади…
«Шарқ юлдузи» журнали, 2024-йил 05-сон