Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

ТАРИХИМИЗНИ ТЕРАН БИЛАЙЛИК


  “Янги Ўзбекистон” сўзлари содда, аммо ўзида олам-олам маъно мужассам этганини кўраман, кўнглимда ифтихор ҳиссини туяман, фахрланаман, гўёки янгидан кашф этгандай бўламан. “Мустақиллик”, “ўзбек”, “халқ”, “тарих”, “зафарлар”… Нечоғли кўнгилга руҳ бергувчи, қанотлантиргувчи пурмаъно сўзлар! Уларнинг ҳар бири ҳақида бир китоб ёзиш мумкин, десак муболаға эмас. Бундай китоблар ёзилаётир ҳам.
Жафокаш юртимиз кўп бос­қин­чиларни кўрди, ҳар бири келиб, юрт эгаси бўлган халқдан сўрамай-нетмай, ўзича унга янги номлар қўйди, чунончи, Тран­соксания, Мовароуннаҳр, Чиға­той улуси, дегандек… Миллий қадриятлар, маданият-у маънавият поймол этил­ди, тарих топ­тал­ди, тарихий ҳақиқатлар хас­пўшланди…
Аллоҳга ҳамд-у санолар бўлсин, ма­на ўттиз уч йилдирки, қадим Турон, Ўз­бе­кистон юртида мустақиллик ша­ба­даси эсмоқда, Янги Ўзбекистон муҳ­­тарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида қаддини ба­ланд кў­та­риб, жаҳонга чиқиб бормоқда, дунё ҳам­­жами­ятидаги ўз ўрнини мустаҳкам эгалламоқда. Бошқача айтганда, бу­гун ўзбек ўзбек бўлиб жаҳонга бўй кўр­­сат­­моқда, оламга кенг назар таш­ла­моқ­да.
Мустақиллигимиз бизга ўзлигимизни қай­тариб берди, тарихий ҳақиқат қарор топди, миллий қадриятлар тикланди. Бу қутлуғ жараён давом этмоқда.
“Ўз тарихини билмайдиган, кечаги куни­ни унутган миллатнинг келажаги йўқ” – бу ҳақиқат. Инчунин, тарихимизни чуқур ўқиб-­ўрганмоғимиз, кечаги кун­ни эс­дан чиқармаслигимиз, ҳур ҳаёт­нинг қадри­га етишимиз, уни асраб-авай­лаши­миз лозим.
Тарихни ўрганганда, ўтмишда миллат, Ватан, Ватан фарзандлари шаънига бўлган ҳар хил нохолис муносабатларни, писандсизликларни кўриб, табиийки, кўнгил озор тортади. Тарихда кўп хатолар ўтган, агар тузатиш мумкин бўлса, уни хато эмас, адашиш, деб қарамоқ керак. Бир мисол. Амир Темур Тўхтамишхон билан жангга бораётиб, Улутовда катта харсангтошга сафар мазмунини ўйиб ёздиради. Шунда бобомиз ўзини “Турон султони” деб атайди. Тўғри, юртимиз Турон, Амир Темур бу давлатнинг буюк ҳукмдори. Аммо расмий тарихда “Турон давлати” эмас, “Темур давлати” ўрганиб келинмоқда. Натижада, буюк давлатимиз ҳақида боши йўқ-давоми йўқ, ёлғиз бир кишининг давлати дегандай таассурот пайдо бўлади. Бунинг сабаби, тарихимизни овруполиклар ёзганида, улар ғараз билан юртимизни пароканда кўрса­тиш ниятида Турон мамлакатида ҳукм сурган давлатларни алоҳида-алоҳида, гўё уларнинг бир-бирига алоқаси йўқдек, бўлтак-бўлтак ҳолда талқин этишади. Ҳолбуки, ўзбек давлатчилик тарихи уч минг йилларга боради. Нега Турон юртида Турк хоқонлиги, Сомонийлар, Қорахонийлар, Ғазнавийлар, Хоразмшоҳлар, Темурийлар, Шайбоний­лар, Аштархонийлар ва ҳоказо давлатларимиз тарих фанида бир-бирига боғлаб ўрганилмайди? Мақсад, Турон юртини олақуроқ қилиб кўрсатиш, оқибатда тарихни, миллатни камситишдан иборат. Турон, Туркистон эканини билиб туришса-да, айрим овруполик тарихчилар юқоридан қарашиб, бошқа номлар қўйишади, бизларни ягона миллат деб ҳисоблашмайди ҳам, ўнлаб қавмлар номларини келтириб, манзарани хиралаштириш пайида бўлишади. Шундай муносабатни тилимизга нисбатан ҳам қўллаганлар.
Мен бу мавзуда илгари ҳам баҳоли қудрат фикр билдирган эдим, лекин шу кунларда юз бераётган айрим воқеа-ҳоди­салар яна шу масалага қайтишга мажбур қилди.
Бир неча йиллар илгари пойтахтимиздаги таниқли шахслар дафн этиладиган қабристон расман “Чиғатой қабристони” деб аталар эди. Кейинги вақтларда унинг номи Форобий қаб­ристони деб ўзгартирилди. Бироқ одамлар орасида бу маскан ҳалигача аввалги номи билан тилга олинади. Қаб­ристондан ташқари ҳозир ҳам “Чиғатой” номи билан боғлиқ “Чиғатой Арт”, “Чиғатой корзинка”, “Чиғатой сомса” сингари супермаркет, кафе ва сомсахоналарни учратиш мумкин.
Кимдир, бу ном бу ерда мавжуд бўлган Чиғатой дарвоза билан боғлиқ бўлса керак, дея фикр билдирди. Бунда жон бордай эди. Кўп билгич одамлар билан учрашдим, сўраб-суриштирдим. “Чиғатой” деган топонимнинг қаердан пайдо бўлганини билиб оларман, деган ниятда турли китобларни кўриб чиқдим, “Тошкент” энсик­лопедиясини варақладим.
Рус тарихчиси ва дипломати К.Миллер 1740-йилда Тошкентда 8 та дарвоза бор эди, дейди. Дарвозалар номлари ўзгарган, улар ичида Чиғатой номи эслатилмайди. Дарвозалардан бири Тарсохон деб аталиб, кейин­чалик “Чиғатой”га ўзгартирилган. Чор Россияси босиб олган 1865-йилда эса 12 дарвоза бўлган (Лабзак, Тахтапул, Қорасарой, Сағбон, Чиғатой, Кўкча, Самарқанд, Камолон, Бешоғоч, Қўймас, Қўқон, Қашқар).
Олмазор туманидаги “Янги турмуш” маҳалласи (Форобий кўчаси, 230)га 1991-йилда “Чиғатой дар­во­за” номи берилган. 1992-йилда А.Ибрагимов билан Х.Тош­муҳамедов маҳаллалари қўшилиши натижасида “Чиға­той-Оқтепа” маҳалласи (Форобий кўчаси, 416) таш­кил топган. Номи – Чиғатой Оқтепаси археологик ёдгор­лигидан олинган. Чиғатой Оқтепаси археологик ёд­гор­лигини эса олимлар – В-ВИ асрлар, Х-ХИИ асрларда барпо этилган деб ҳисоблашади, аммо қачон Чиғатой номи билан аталгани маълум эмас. Бу ном археологлар томонидан қўйилган кўринади (Фаёзтепа, Мингўрик ва ҳ.к. каби). Ушбу манзилгоҳ Тошкент шаҳрининг шимоли-ғарбида, Кайковус канали бўйида жойлашган. Бу ерда 1927-йилда тарихчи ва этнограф олим Н.Г.Маллис­кий ва 1940-йилда М.Э.Воронеслар изланишлар қилишган, 1968-йилда Тошкент археология экспедит­сия­си тек­ширишлар олиб борган. Ҳозир Чиғатой Оқтепаси текисланиб кетган, ўрнига замонавий уйлар қурилган. “Чиғатой Оқтепа” маҳалласи шу ерда…
“Чиғатой дарвозаси” номидан олинган Чиғатой кўчаси (“Чиғатой қабристони” ҳам худди шундоқ аталган, шекилли) 1970-йилда ўзгартирилиб, Форобий номига қўйилган (“Тошкент” энциклопедияси. Т., 2009.597-бет). Кейин “Чиғатой қабристони” – Форобий кўчасидаги қаб­ристон “Форобий қабристони” деб юритила бошланган. Унинг асл номи эса “Қўшчи ота” қабристони бўлган. Маълумки, Тошкентда шундоқ ота нисбаси билан аталган бир неча қабристон борлиги бунинг анъана шаклини олганини кўрсатади. Чунончи, Занги ота, Оқил ота, Чимир ота, Ғойиб ота, Қўйлиқ ота, Яланғоч ота…
Чиғатойхон – (туғилган йили номаълум – 1242), 1224-йил­дан ўн саккиз йил давомида Чиғатой улуси хони ҳисобланган. Чингизхоннинг иккинчи ўғли. Салтанат қонун-қоидалари, удумлар, хусусан, Чингизхон ясо­сини мутлақ адо этиш назорати унга топширилган эди. Мўғулларнинг босқинчилик юришларида у бир неча жангда Чингизхонга ҳамсафар бўлган. Хитойга юриш­да, Мовароуннаҳрни истило этишда жуда қаттиққўллик кўрсатган. Ака-укалари Жўжи ва Ўқтойлар билан биргаликда Ўт­рор­ни олишда, Урганчни қамал қилишда қатнашган. 1221-йилнинг 25-ноябрида Жалолиддин Мангуберди билан Синд дарёси бўйида юз берган аёвсиз жангни ўз кўзи билан кўрган, отасининг ёнида турган. Синд дарёсидан от солиб ўтиб кетган хоразмшоҳ Жалолиддинни таъқиб этиш, тутиб келишга юборилган Чиғатой 1221/22-йил қиши­ни Ҳиндистонда ўтказган.
1224-йилда Чингизхон ўғилларига мулк улашади. Чиға­тойга ҳам катта ҳудуд инъом этилади. Бу ҳақда муаррих Абулғозий шундай маълумот беради: “…Мовароуннаҳрни ва Хоразмнинг баъзисини, билоди уйғур ва Кошғар, Бадахшон, Балх, Ғазнин то Синд сувигача анга бериб эрди. Бу айтилган вилоятнинг ҳеч қай­сисига ўзи боргани йўқ. (Таъкид бизники – М.А.) Аммо доруғалар қўйиб эрди. Ўзи Ўгадойнинг қатинда эрди.” (Абулғозий. “Шажарайи турк”. Т., 1992. 93-бет). Шундан сўнг Мовароуннаҳрни Чиғатой улуси деб атай бошладилар.
Чингизхон вафотидан (1227) сўнг Чиғатой бирон мар­та ҳам жангларда қатнашмаган, Мовароуннаҳрга ҳам қадам босмаган, улусни идора қилишни аввал Маҳмуд Яловочга, кейин эса унинг ўғли Масъудбекка (1238-1289) топшириш билан кифояланган.
Одатда, ҳар бир шахс ўзининг миллат, Ватан, тарих олдидаги буюк хизматлари учун юксак мақомларда эъти­борга сазовор бўлади, номи тарих саҳифасига зарҳал ҳарф­лар билан битилади, шарафланади. Чунончи, Имом Бухорий, Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд Замахшарий, Соҳибқирон Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур…
Бу аянчли ва кулгили бир ҳолдир. Биз бир нарсани англашимиз керакки, мустамлака даврида Чиғатой номи Амир Темурни, Темурийлар давридаги маданий юксалишни хаспўшлаш учун атайлаб шундай баланд мавқега кўтарилган эди.
Бундан, афсуски, миллатимиз, адабиётимиз, тилимизга тажовуз қиладиган, доғ туширадиган нохуш салбий жиҳатлар ҳам келиб чиқди. Бу жуда ҳам ачинарли ҳол.
Гап шундаки, жаҳонда нафақат юртимиздаги жойлар, балки юртнинг ўзи, тили, адабиётини ҳам Чиғатой номи билан аташадиган бўлиб қолдилар! Турон аҳолисини ҳам, турк, ўзбек эмас, бемалол чиғатой, чиғатойлар дейиш урф тусини олди.
“Мовароуннаҳр аҳолиси сўзлашадиган тил эса чиға­той тили деб ном олган” – деб ёзилади “Ўзбе­кис­тон Миллий энциклопедияси”да. (Т., 2005. 9-том. ­635-бет). Қан­дай қилиб, Туркистоннинг расмий тили туркий деган номи бўла туриб, “чиғатой”га айланиб қолади? Бу мантиқ доирасидан таш­қаридадир.
Шуни айтиш керакки, она тилимизнинг тарихи ва қону­ният­лари, номланиши, адабиётимизни даврлаштирилиши билан асосан В.В.Радлов, В.В.Бартолд, Н.Поппе, А.Н.Самойлович, Ф.Кўп­ру­ли­зода, А.Кримский сингари ва бош­қа ғарблик олим­лар шуғулланишган. “Чиғатой тили”, “Чиғатой эли”, “Чиғатой адабиёти” деган терминларнинг пайдо бўлиши ва томир ёйишида, бундай қарашларнинг жаҳон фанида тарқалишида зикр этилган, “четдан келиб бизнинг тилимизга турли номлар беришни яхши кўрадиган туркологлар” (П.Қодиров сўзи)нинг “хизматлари” катта… Масалан, В.В.Бартолд шун­дай ёзади: “Под влиянием блестящего расцвета тюркской литера­туры в чагатайском государстве (?) при Тимуридах этот восточнотюркский литературный язык (?) как на Востоке, так и в европейской науке получил название “чагатайского” (?!) (В.В.Бартольд. Сочи­нения. В том. М., 1968. стр.606.) Яъни: “Темурийлар давридаги чиғатой давлатида (?) барқ уриб яшнаган турк адабиёти таъсирида бу шарқий-турк адабий тили (?) Шарқда ҳам, Европа фанида ҳам “чиғатой” номини олди…” (Ўқувчи яхшироқ тасаввур эцин учун олим­нинг сўзларини аслиятда келтирдик. – М.А)
Яна: бу ерда қайси давлат ҳақида сўз кетмоқда – буниси маълум эмас. Агар Чиғатой улуси кўзда тутилаёт­ган бўлса, у ХИИИ аср охирига келиб мутлақо мавқейини қўлдан бой берган эди. Нега чиғатой давлати деб аталиши керак экан, деган савол ҳам туғилади. У қайси давлат эди? Бу даврда юртимизда ҳеч қанақа чиғатой давлати эмас, балки Амир Темур асос солган Турон салтанати ҳукм сурар эди-ку. Тилимизнинг ўз номи бор, уни шарқий-турк адабий тили деб аташга асло ҳожат йўқ.
В.В.Радлов тахминига кўра ҳам (“Темур Қутлуғ ва Тўхтамиш ёрлиқлари” мақоласига қаранг) чиғатой ада­бий тили аслан Шарқдан келиб чиққан эмиш. Лекин “Шарқ” тушунчаси маъноси ўзидан ҳам бепоёнроқ бўлганидан, олимнинг тахмини ноаниқ бўлиб қолади. Миллатпарвар аллома буюк жадид Абдурауф Фитрат турк тилининг кўп шўбаларини ўрганаётган Европа олимлари изла­ниш­ларига қараб, ранжи­ганнамо дейди: “Туркиёт билан машғул бўлған Оврупа олимлари турк тилининг бу қадар кўб шўбаларға айрилғанин кўргач, буларни бир-бирлари­га яқинликлари эътибори билан кўма­ларға ажратғали (тасниф қилғали) тиришадурлар…” (Абдурауф Фитрат. Танланган асар­лар. Т., 2006. 117-бет).

  1. Чиғатой адабий тилининг қайта жонланиши (ХИХ аср ва ХХ асрнинг боши). Бу ўзбек филология факултетлари учун 1984-йилда чиқарилган дарсликка киритилган. Олим­нинг фикрига кўра, агар ХВИИ-ХВИИИ асрлар чиғатой тили­нинг инқирози даври бўлса, у ҳолда, ХВИИ асрда яшаган буюк шоир Бобораҳим Машрабнинг гўзал шеърияти қандай яратилди экан?. У инқироз эмас, юксак пар­воз­ни кўрсатиб турибди.


Турколог олимлар тилимизнинг кўп асрлик ривожланиш паллалари ҳақида сўз очиб, уни турли таъсирлардан ўзга­ришларга учрагани ҳақида фикр юритадилар. Турли асрларда яратилган асарлардан олинган қиёс учун келтирилган қуйидаги мисолларга эътибор беринг. Улар тилимизнинг икки юз йиллик (1200-1400-й.й.) даврини акс эттиради:
Кераксиз сўзини кўмиб кизлаюр.
Биликсиз не айса аюр уқматин,
Анинг ўз тили ўз бошини еюр…
Аҳмад Югнакийнинг ХИИИ аср бошида яратилган “Ҳибат ул-ҳақойиқ” достонидан.
 


“Бу китобни ёзган, тоат йўлинда тизган, маъсият ёбонин кезган, оз озуқлуқ, кўп ёзуқлуқ, Работи Ўғизнинг қозиси Бурҳон ўғли Носируддин”…
 


“Улуғ отлиғ, қутлуғ зотлиғ, эзгу хулқлиғ, ислом ёруғлиғ, мўғул санилиғ, мусулмон динлиғ, одамий­лар инончи, мўминлар қувончи, ҳиммати адиз, ақли тегиз бегимиз Носируддин Тўқбуғадин… илтимос янглиғ ишорат бўлди”.
Носириддин Рабғузийнинг 1310-йилда ёзилган “Қисас ул-анбиё” асаридан.


Анингким, ол энгинда менг яратди,
Бўйи бирлан сочини тенг яратди.
 
Қўлум сийм олмангизға етмади ҳеч.
 
Сочинг минг торина минг ҳур етмас,
Юзунгнунг нурина минг нур етмас…
Хоразмийнинг 1353-йилда ёзилган “Муҳаббатнома” достонидан.
 
 
Ҳижрон кечаси чархи фалакка етар, эй моҳ,
Оҳи саҳарим, хоҳ инон, хоҳ инонма…
 
Бу “Гулистон” доимо кўнгил очар.
Ул ажойибки ғаройиб мунда бор,
Хусрав-у Ширин ичинда қанда бор?
 Бу латофат боғ-у бўстони дурур.
Сайфи Саройининг 1391-йилда етмиш ёшида ёзиб тугатган “Туркий Гулистон” достонидан.
Бу парчалар бугунги ўқувчига ҳам тиниқ тушу­нарлидир.
“Во второй половине ИХ/ХВ в. чагатайская лите­ра­тура в лице Мир Али-Шира (род. В 844/1440-41 г., ум. в воскресенье 11 джумада ИИ 906/3 ян­варя 1504 (хато, аслида 1501-йил) достигла своего апо­гея.” (В.В.Бартольд. Сочинения. В том. М., 1968. стр.608.) Яъни, “ИХ/ХВ асрда Мир Али-Шир (844/1440-41-йилларда туғилган; 1504 (хато, аслида 1501-йил) якшанба 11 жумада ИИ 906/3-январда вафот этган) сиймосида чиғатой адабиёти ўзи­нинг авж нуқта­сига чиқди.” Ана холос!
Бироз тарих: “Ислом энциклопедияси”нинг (Тҳе Энcйcло­педиа оф Ислам) илк нашрини тайёрлаш ишлари 1900-йилда Голландиянинг Лейден университетида бошланган. Унда немис, голланд, франсуз, инглиз олимлари иштирок этиш­ган. Натижада 1939-йилда 5 жилддан иборат энциклопе­дия уч тилда – немис, инг­лиз, франсуз тилларида бир вақтнинг ўзида босиб чиқарилиб, бутун Европага тарқатилган. (Зикр этилган мақола ҳам шу тахлит машҳур бўлиб кетган). 
1954-йилда энциклопедиянинг 2-нашрига киришилган ва 2002-йилда охирги 11-жилд чоп этилган.
1940–1987-йилларда “Тҳе Энcйcлопедиа оф Ислам” Туркия халқ маориф вазирлиги ташаббуси билан 15 жилд ҳажмда турк тилига таржима этилиб нашр қилинган. Бироқ уларда Шарқ­қа (хусусан, турк тарихига) ғарбча нуқтайи на­зар­дан қараш яққол кўриниб тургани, турк маданияти ҳақида нотўғри маълумотлар кириб қолгани жамоатчиликда қаттиқ эътироз туғдирди. Шундан сўнг 1983-йилда Тур­кия диний ишлари бош­қар­маси ташаб­буси билан 40 жилддан ортиқ ҳажм­да мут­лақо янги энсик­лопедия тайёрлашга киришилди ва босиб чиқа­­рилди.
“Фарҳод ва Ширин” достонидан:
 
Агар бир қавм, гар юз, йўқса мингдур,
Муайян турк улуси худ менингдур!
 
Эътибор беринг: шоир “Чиғатой улуси” эмас, Турк улу­си демоқда!
 
“Сабъаи сайёр” достонидан:
 
Ўнгда туркинавоз уруб достон,
Қўзғолиб ҳар навосида Туркистон…
Менинг ҳасби ҳолим топиб туркий айт!
 
Ҳазратга қуллуқлар бўлсин!

Шуниси эътиборга сазоворки, улуғ ватанпарвар шоир Алишер Навоий ўз асарларида “Чиғатой эли”, “Чиғатой тили”, “Чиғатой адабиёти” деган ибораларни мутлақо қўлламайди. Она тилимиз муаммоларига ба­ғиш­ланган “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида она тилимизга нисбатан “Турк эли тили” атамасини ишлатади, “Чиғатой тили” иборасини эсламайди. Фақат бир жойда – “Мезон ул-авзон” рисоласи муқаддимасида: “Турк тили билан қалам сурдум” сўзларидан кейин…
“чиғатой лафзи била рақам урдум” дейди холос. “Наводир ­ун-ниҳоя” девонида “Чиғатой” сўзи шахс номи, “Фаво­йид ул-кибар” девонида эса қавм номи сифатида тилга оли­нади. Бошқа ҳеч қайси асарда бу сўз учрамайди, учраса ҳам этник атама вазифасини бажаради холос. 


Айни пайтда она тилини ифодалайдиган “турк” сўзига шоирнинг меҳри бутунлай бўлакча. Яна мисолларга назар ташлайлик.
Чунончи, “Наводир ун-ниҳоя” девонида ўқиймиз:
 
Эй, Навоий, бир париваш туркнинг мажнунимен…
 
Туркларнинг қулидурменки, нигоримнинг эрур
Қоши туркона, қабоғи кенг-у кўзи қиймоч.
 
Турк алфози била сурдум мақол.
 


 
Навоий ўз она тили билан ана шундай фахрланади, асарларида бу мавзуга қайта-қайта мурожаат этади.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур Андижон шаҳрини таъриф­лар экан: “Эли туркдур. Шаҳри ва бозорисида туркий билмас киши йўқтур. Элининг лафзи қалам била росттур. Мир Али­шер Навоийнинг мусаннафоти, бовужудким Ҳирида нашъу намо топибтур, бу тил биладур”, деб гувоҳлик беради (Заҳириддин Муҳаммад Бобур. “Бобурнома”, Т., 2002. ­34-бет) ва бу билан Турон юртида турк тили адабий тил эканини (таъкид бизники – М.А.) исботлайди, “чиғатой тили” ибораси ҳақида эса, табиийки, лом-мим демайди. Яна Алишер Навоий ҳақида “Бобурнома”да айтилган сўзларга ҳам диққатни қаратайлик: “Алишербек назири йўқ киши эди. Туркий тил била то шеър айтибдурлар, ҳеч ким онча кўп ва хўб айтқон эмас…” (ўша китоб. 132-бет.)
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров “Адабий тилимизнинг олтин кўприги” мақоласида худди шу мавзу – чиғатой тили, чиғатой адабиёти ҳақида жуда ўринли фикрларни ўртага ташлайди. Жумладан адиб ёзади: “Амир Темур 1370-йили Марказий Осиёда давлат тепа­сига келгандан кейин Чиғатой авлодлари бу ҳудуддан қувилган, Мовароуннаҳр яна қадимий номи билан Турон ва Туркистон деб атала бошлаган эди. Чиғатой исми энди фақат туркийлашган бир мўғул уруғининг оти ёки “Чиғатойтепа”, “Чиғатой қабристони” каби жой номлари сифатида сақланиб қолган эди. Шунга қарамай, сунъий ясалган “чиғатой тили” тушунчасини Алишер Навоий ва Бобур Мирзо тилига нисба­тан ҳам татбиқ этиш, яна бу сохта атама тарихини ХХ асрга­ча чўзиб келиш илм-фанга эмас, фақат қарам қилинган халқларнинг юксак маданиятини камситишга хизмат қиладиган ғайриилмий бир сиёсат эди. Афсуски, айрим ўзбек олимлари тил тарихига оид китобларида “чиғатой тили” иборасининг моҳиятига эътибор бермай келадилар.
Шу ерда бир жиҳатни айтиб ўтиш керак. Адабиётшунос, тилшунос олимларимиз орасида, гўёки “Чиғатой тили”, “Чиғатой адабиёти” сингари атамалар ХИИИ асрдан бошлаб мавжуд бўлган, деган қарашларни олға сур­гув­чилар ҳам учраб туради. Бу асоссиз даъволардан ўзга нарса эмас. Тарихга назар солинса, мўғуллар босқини туфайли юртимиз “Чиғатой улуси” деб атала бошлангандан кейин мустамлака ўлкада адабиёт сўниб кетганини кўрамиз, зеро, ХИИИ асрда адабиётимизда бирон бир кўзга кўринарли асар яратилгани йўқ. Рабғузийнинг “Қисас ул-анбиё” асари 1310-йилда, Хоразмийнинг “Муҳаббатнома” достони 1353-йилда – булар энди ХИВ аср бўлади – яратилди. Амир Темур юрт бошига келганидан сўнггина адабиётнинг, илм-фаннинг ривожланиши учун имкониятлар пайдо бўлди, бу жумлаи жаҳонга маълум.
Афсусланарли жойи шундаки, жаҳонда ўзбек адабиётини Чиғатой адабиёти деб тушуниш ҳали-ҳануз давом этмоқда. Масалан, Бокуда озарбайжонлик адабиётшунос Алмаз Улвининг озарбайжон-ўзбек адабий алоқаларига бағишланган “Озарбайжон-ўзбек (чиғатой) адабий алоқалари” монографияси босилиб чиқди (“Китоб дунёси” газетасида 2014-йил 10-сентябр сонида шу китобга ёзилган тақриз ҳамда “Шарқ юлдузи” журнали­нинг 2014-йилги 4-сонидаги Холид Саидга бағиш­ланган мақолага қаралсин). Монографияда олима икки адабиёт ўртасидаги ижодий алоқаларга батафсил тўхталади.
Бу борада тасаввур тўлиқроқ бўлиши учун китобдаги боблар, фасллар номларини келтириб ўтайлик: “Озарбайжон-чиғатой (ўзбек) адабий алоқаларининг шаклланиш даври”, “ХВИ-ХИХ асрлар чиғатой (ўзбек) поезияси ва адабий муштарак майллар”, “ХХ аср чиғатой (ўзбек) адабиёти ва “Мулла Насриддин” журнали (Шарқ сатира мактаби ва жадид чиғатой (ўзбек) шеърияти”, “Ўзбек (чиғатой) шеърияти озарбайжон тили­да”, “Чиғатой (ўзбек) насри­нинг илк даври”… “Ўзбек” сўзи тушунтириш, изоҳ учунгина қавс­да берилмоқда, адабиётимиз эса “Чиғатой адабиёти” сифатида талқин қилинмоқда. Афтидан, газетага ҳам, журнал таҳририятига ҳам, мақола муаллифига ҳам бундай талқин мақбул кўри­нади шекилли, чунки улар томонидан ҳеч қандай муно­сабат билдирилмайди. Бу китобни ўқиган озар­байжонлик ўқув­чиларда ўзбек (чиғатой эмас!) ада­биёти ҳақида нотўғри тасаввур пайдо бўлиши мумкин.
Афсуски, тарихимизга, умуман турк тарихига нохолис, нописанд, гоҳо очиқдан-очиқ ғараз билан ёнда­шиш тенденсиясини ҳар қадамда сезиб турамиз. Бир мисол. Соҳибқирон Амир Темур номининг турлича бери­ли­ши­га диқ­қатни қаратайлик. Аллоҳнинг бандасига битта исм бери­лади. Аммо буюк бобомизнинг номи Темурбек бўлгани ҳолда уни жаҳон расмий нашрларида (энциклопедиялар, луғатлар ва ҳ.к.) турлича, чунончи, Таймур, Тимур-ленк, Тимур, Тамбурлейн, Тамерлан қабилида ёзилишига нима дейиш керак? Бошқа машҳур сиймоларнинг биронтаси тақдирида бундай муносабатни учратмаймиз.
Мустақиллигимиз туфайли, аҳвол мутлақо ўзгариб бора­ёт­гани кундай равшан. Буюк бобомиз ҳақидаги асл ҳақиқат юзага чиқди, буни жумла жаҳон тан олмоқда. Москвада нашр этиладиган “Наука и жизнь” журнали, “Аргументы и факты” газетаси ҳозир Ўзбекис­тонда Соҳибқирон номини “Амир Темур” деб ёзиш қабул қилинганини эътироф этди.
Тарих сабоқларини унутмайлик. Адабий жамоатчилигимиз, адабиётшунос, тилшунос, тарихшунос олимларимизнинг чиғатой тили, чиғатой адабиёти деган ўйлаб чиқарилган, сунъий атамаларни қайта кўриб чиқишлари, ислоҳ қи­лишлари замон талаби бўлиб қолмоқда. Бунда чиғатой тили эмас, эски ўзбек тили, чиғатой адабиёти эмас, ўзбек мумтоз адабиёти (бу термин кейинги пайтларда из­чил қўлланаётгани қувонч­ли) терминларини мустаҳкам муомалага киритиш лозим. Барчаси учун ўзимиз ку­йиб-ёнишимиз, ўзимиз адо этишимиз керак. Бундай қадам халқимизга, айниқса, ёш авлодга тарихимиз ҳақида тўғри маълумот беришда, тарихимизни чуқур англашда қўл келиши шубҳасиздир. Ўз тарихимизни теран билайлик, тарихимиз билан фахрланайлик.
 

Муҳаммад АЛИ,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси

 
 “Жадид” газетасининг 2024-йил 9-августдаги 33-сонидан олинди

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil