Дилафрўз ЧОРИЕВА – 1987 йилда туғилган. Ўзбекистон саънат ва маданият
институти касбий таълим йўналишини тамомлаган. Ижодкорнинг “Қалбим сурати”,
“Сарҳад билмас соғинчлар”, “Ўзимни излаб…”, “Бахт қўшиғи” номли шеърий тўпламлари
нашр этилган.
Оппоқ ялов
Қиш тикканди оппоқ ялов
Қалбимизнинг қалъасига.
Дилда оташ, кўзда олов,
Жўр бўлди най ноласига.
Изларимиз терар эди
Нигоҳларим қор қўйнида.
Шода юлдуз учиб келди
Қароғимга тун бўйнидан.
Оқ либосли боғда кезиб,
Ишқ достонин битар эдик.
Исмимизла қорхат ёзиб,
Орзуларга тутар эдик.
Оллоҳ бугун бизни сийлар,
Бахт саройин бекасиман.
Икки дил бир қўшиқ куйлар –
Ҳаётингиз эркасиман!
Мен тоғлар қизиман!
Мен тоғлар қизиман – шамолдек учқур,
Даштларга кўнглини олдириб қўйган.
Мен тоғлар қизиман – оҳудек масрур,
Куйсаки, ишқида бир сайёд куйган…
Мен тоғлар қизиман – юлдузлар терган.
Кафти кафтинг тутди, бахтим қуёши!
Мен тоғлар қизиман – чўққида турган,
Келмоқ бўлсанг борми, бургут бардоши?!
Мен тоғлар қизиман – кўк қадар юксак,
Гар қучса, мусаффо осмон қучади.
Мен тоғлар қизиман – тугунни тугсак,
Ортимдан эргашиб боғлар кўчади…
* * *
Юзи кулган, кўнгли вайрона ойман,
Зим-зиё дунёда минг тўлдим-сўндим.
Садоғи ўқларга тўлган бир ёйман,
Гоҳ нишон, гоҳида мерганга дўндим.
Урушда ғолиблар бўлгайми чиндан,
Ғолиб ҳам ўзинг, ўзингсан мағлуб.
Муҳташам салтанат емирилар ичдан,
Ким музаффар бўлди, ким топди матлаб!?
Хароба ишкомлар остида қолди,
Менинг гул ёшлигим мажруҳ инграниб.
Муҳаббат ҳам сарсон майдонда толди,
Найлайки, кафтимда турар эмраниб?!