Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

“Шарқ юлдузи” – қадрдон журналим!

Ушбу журнал ҳақида гап кетадиган бўлса негадир ёшликдаги, мутолаага чанқоқ гўзал даврларим кўз ўнгимга келаверади. У даврларни эслашнинг ўзи ҳам бир завқ, кўнглимга ўзгача бир ором беради. У дамларга қайтиш ман учун жуда мароқли, ёқимли, кўз ўнгимда болалигим  лентадек ўтаверади.

 “Шарқ юлдузи” журнали орқали бизлар  Мирмуҳсин, Саъдулла Кароматов, Асқад Мухтор, Шуҳрат, Фарҳод Мусажонов, Ўткир Хошимов, Чингиз Айтматов, Қайсин Қулиев, Ҳамид Ғулом, Матёқуб Қўшчонов каби бошқа ёзувчиларнинг роман, қиссаларини, Ҳамид Олимжон, Барот Бойқобилов, Уйғун, Комил Яшинларнинг пеъса ва драмаларини, Анвар Обиджон, Усмон Азим,  Чори Аваз, Хуршид Даврон, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Абдулла Шер, Жуманиёз Жабборов каби машҳур шоирларнинг  шеър ва достонларини талашиб ўқиб катта бўлганмиз.

Дадам қишлоқ хўжалик ходими бўлганлари билан жуда илмли, китобхон эдилар. Газета ва журналларни ниҳоятда кўп китоб, ўқир, бўш вақтлари деярли бўлмасди. Уйимизда дадамлардан қолган катта кутубхонамиз ҳозир ҳам бор.

У пайтларда дадам Москвага буюртма қилиб, Горький, Пушкин, Стендаль, Толстой, Чехов,  Достоевский каби  яна бошқа, ўша пайтларда биз учун унча таниш бўлмаган адибларнинг асарларини том, том қилиб  олардилар. Уйимизда Ибн Сино, Навоий, Бедилдан, Абдулла Қаҳҳордан тортиб, Шароф Рашидовнинг ҳам ҳамма асарлари бор эди. Жовоннинг катта қисмини оиламизда  ҳамма ўқиб тугаллаган “Шарқ юлдузи”, “Звезда Востока” журналлари эгаллаганди.  Йилма-йил, ҳар бир сони кетма-кет тахланиб  турарди.

 Ўшанда ҳар йили қандай  газета, қанақа журнал бўлмасин ҳам рус, ҳам ўзбек тилидагиларининг ҳамма-ҳаммасига тўлиқ йиллик обуна бўлардилар.  Ўзлари ўқиб бўлгач, ишхоналаридан  тўплаб-тўплаб газеталар билан бирга “Гулистон, “Саодат”, “Фан ва турмуш”, “ Ёшлик ”, “Тафаккур”, “Мулоқот” ва  “Шарқ юлдузи” ҳамда “Звезда Востока” журналларини олиб келиб, фалон сонида фалон ёзувчининг асари чиқибди, ўқинглар, сўрайман, дердилар.  Ўша кунлари уйда байрам бўлиб кетар эди. Биринчи чала қолган роман қиссамни ўқиб тугаллаб, кейин, ҳикояларга, ундан кейин эса, “Танқид ва адабиёт”, “Гулқайчи”, “Мушоира”, “Булоқ кўз очди”, “Жаҳон адабиёти дурдоналари” каби бўлимларига ўтардим. Танқидчилик бўлимини ҳам роса севардим, устозимиз Озод Шарафиддиновнинг танқидларини ўқиб ҳайратга тушсам, “Булоқ кўз очди”да янги ва ёш шоирларнинг шеърларини ўқиб хавас қилардим. Адабиётга, шеъриятга, китоб ўқишга бўлган қизиқишимда “Шарқ юлдузи”нинг катта ҳиссаси бор.

 Акам иккаламиз (орамиз икки ёш) ҳар куни дадамнинг ишдан келишларини интиқ бўлиб, бир-биримиздан беркиниб кутардик-ки, чунки қўлларидаги журналларни биринчи бўлиб ман олишим керак эди. Акам олгудек бўлса, кўпинча беркитиб қўярдилар, токи ўзлари ҳаммасини ўқиб бўлмагунча менга бермасдилар. Баъзида, олдин “манави ишларни қилиб қўясан, мани кўнглимдагидек чиқса, “Шарқ юлдузи”ни бугуноқ оласан дердилар.

Гоҳо бу ишлар дадажонимга “чақиб” беришгача бориб етарди. Менга бермаяптилар, дада, сиз айтинг деб, у киши орқали олардик.  “Шарқ юлдузи”да бирон қисса ёки романнинг давоми чиққан бўларди. Омон ранги каби бўлган бу  қадрдон журнални қўлга олиш шунчалар катта завқ, ўқиш эса ўзгача ёқимли мутолаа ҳиссини берарди. Токи кейинги сонини олгунимизча, қаҳрамоннинг тақдири нима бўлдийкан деб,  ўйлаб, ўша роман таъсирида юрардик.

Журнални олган кунимиз кечаси уйимизда чироқ ўчмасди.

 Гоҳо оилада баҳс қилардик. Синфдошлар билан ҳам тортишардик, ҳамма ўз фикрини билдирарди, охири ўқитувчимиздан ким ҳақлигини маъқуллатиб олардик.

Дарсларда бирон топшириқ бўлиб қолса, қўшимча ўқиш деган нарса бўларди ўшанда.

Айниқса, Адабиёт дарсидан ўқиган китобларимиз ҳақида вазифа берилса ёки  фалон ёзувчининг асари ҳақида иншо ёздиришса,  ўша авторнинг журналда босилган асарларини топиб қайта ўқтирдик. 1977-1978 йиллар ҳақида гапиряпман. Демак, ҳамма журнал-газеталарга обуна бўлишга ҳамманинг ҳам қурби етмаган бўлса керак. Лекин, ўқишга бўлган иштиёқ барчада кучли эди.

Ўйлаб қарасам, энг ачинарли ва аламлиси, бир умр мен ва оилам учун қадрдон бўлган, севимли журналими – “Шарқ юлдузи”га дадам вафотларидан кейин обуна бўлмабман!  Ўз-ўзимдан уялиб кетяпман очиғи! Жиззах давлат Педагогика институтида ишлаб юрган кезларим  ишхонамизга яқин жойда матбуот уйи бўларди. Журнал келса, менга олиб қўйишларини тайинлаб қўярдим ва ҳар сонини сотиб олиб ўқирдим. Ахир бу журналдан, унинг барча бўлимларидан битта ҳатто ўнта китобдан оладиган завқни олишингиз мумкин, керакли манбаларни  ҳам топа оласиз.

Ҳозирги кунда эса,  иш жойим – Миллий кутубхонада журналнинг ҳамма сони борлиги учун, керагида шу ердан фойдаланаётганим ва “Дўрмон” ижод уйи кутубхонасидан олиб турганим туфайли эҳтиёж сезмабман. Аммо, ҳеч бўлмаганда бир донагина обуна бўлиб, уйимда сақласам бўларкан! Уят! Қанчалар лоқайдлик қилибман.  Эртагаёқ ўзимга бир гўзал совға қиламан, албатта жонажон “Шарқ юлдузи” журналимга  обуна бўламан! Кечир мени севимли журналим, қадрлигим! 

Маърифатпарварлик ташаббусига қўшилинг!

Давлатимиз раҳбари бугунги кунда миллий ғоямиз ва маънавиятимизнинг асосий тарғиботчилари бўлган адабий нашрлар, жумладан  “Шарқ юлдузи”, “Звезда Востока”  каби журналларимиз ҳар бир мактаб, коллеж, техникум, олий ўқув юрти кутубхонасига бепул етиб боришини таъминлаш ҳаётий зарурат эканини кўп бор таъкидлаб келдилар.

Бу масала ечими сифатида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири раҳбарлигида ўтказилган йиғилиш баёнининг  01-07/1-1178  14-бандида Халқ таълими, Маданият ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимидаги муассасаларнинг мазкур  нашрларга бир донадан обуна бўлишини ташкил этиш ҳамда бу нашрларда эълон  қилинаётган  асарлардан машғулот ва дарс жараёнларида унумли фойдаланиш вазифаси юклатилган.

Ўтган йилда мазкур ташаббусга қўшилган мутасадди раҳбарлар, ҳамкорлар томонидан қўллаб-қувватланган бу топшириқнинг  амалий натижасида журналларимиз республикамизнинг  аксарият умумтаълим мактаблари кутубхоналарига етиб борди.  Бунинг учун уларга чин дилдан миннатдорлик билдирамиз.

Гулчеҳра Шаҳобиддин қизи

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil