Шиддат тулпорига минган чавандоз

Таниқли публицист Аҳмаджон Мелибоев билан журналист Собир Дадахўжаевнинг суҳбати

 

Собир Дадахўжаев: – Аҳмаджон ака, муҳтарам Президентимизнинг адабиёт ва санъат аҳлига, умуман, ижодкор зиёлиларга, бу улуғ майдон ичра дадил кириб келаётган истеъдодли ёшларга эътибори, ижодкорларга яратилаётган имкониятлар барчамизни бениҳоя руҳлантириб юборди. Суҳбатимизни шундан бошласак.

Аҳмаджон Мелибоев: – Ҳа, бугун бу эътибордан руҳланмаган, ғурурланмаган кишини топиш қийин. Биргина қалам аҳли эмас, бутун эл, жамики Ўзбекистоннинг руҳи бошқача. Онг-шуури, табиатида гўзал бир уйғониш. Буни тиниқлашаётган фикр, қайта жонланаётган журъат, парвозга шайланаётган шижоат, салмоқ тортаётган тафаккур дейиш мумкин. Жамиятнинг қонтомирларида фасли навбаҳор каби ажиб бир жонланиш, ҳаракат юзага келмоқда.

Кейинги бир йил ичида ижтимоий, маданий-маърифий  ҳаётимизда юз берган ўзгаришларга барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз, шу ўзгаришлар ичида яшамоқдамиз, уларга бевосита дахлдорлигимиз бор. Дунёнинг номдор сиёсатдонлари ҳам бугун Ўзбекистонга ҳайрат кўзи билан қарашмоқда. Улар мамлакатимиз раҳбари бошлаган сиёсатда  тамомила янги, очиқ, борлиқни реал идрок этаётган, мақсад-муддаоларини ана шу реалликка мослаштираётган Ўзбекистонни кўрмоқдалар. Халқона тилда айтганда, бугунги Ўзбекистон адолат манзилларини кўзлаб шиддат тулпорига минган абжир чавандозга ўхшайди. Бундан фахрланмаслик мумкин эмас.

– Юртдошларимиз қатори мен ҳам Президентимизнинг маърузаларини, одамлар билан мулоқотларини, ҳаммамизга тегишли танқидий мулоҳазаларини эътибор билан тинглайман. Қўлимга  қоғоз-қалам олиб, Юртбошимизнинг янги фикр­ларини, авваллари мутлақо айтилмаган, ошкор қилинмаган факт ва рақамларни, ҳал бўлиш ўрнига кучайиб бораётган иллатларнинг бевосита сабабларини ёзиб оламан. Очиқ, юракдан, куюнчаклик билан айтилаётган гаплар, чуқур ва асосли таҳлил, ўринли танқид одамга таъсир қилмай қолмайди. Шахсан менда авваллари кўп нарсадан бехабар, умумий фикрлар, сохта ҳисоботлар, ясама кўрсаткичлар атрофида ўралашиб, қарсакни уриб, кўкракни кериб юраверган эканмиз, деган ўкинч  пайдо бўлди. Ўзимдан ўзим хижолат тортиб кетдим…

– Ҳаммамиз ҳам шу ҳолатдамиз. Буни яшириб­ бўлмайди. Сизлар вилоятда, тумандасизлар, биз мамлакат пойтахтидамиз, жамиятнинг юрагига, қонтомирларига, нафас йўлларига сизларга қара­ганда яқинроқмиз. Аммо биз ҳам бамайлихотир бўлдик. Мана энди кўп нарса ойдинлашди, ютуқ-кам­чиликларимиз юзага қалқиб чиқди: қаерда илғормиз, дунёнинг ҳавасини келтириб турибмиз, қайси соҳада ютуғимиз бор, натижаларимиз яхши, қаерда оқсаяпмиз, бир жойда туриб депсинмоқдамиз, иш услубимиз, раҳбарлик қобилиятимизда, халқ билан мулоқотда қандай камчиликлар бор, нимани ўзгартиришимиз, нимадан воз кечишимиз, бошқарув тизимини қай йўсинда такомиллаштирмоқ зарур – бу каби ўткир саволларга жавоб олдик. Маърузаларнинг таъсирчанлиги, одамлар кўнглида нақш боғлаётганининг сабаби шунда! Бор гапни борлигича айтадиган, эл-юртни воқиф қиладиган пайт аллақачон етиб келган эди.

Собиқ тузум пайтида узундан-узоқ, қуруқ, ҳиссиз, туйғусиз, уйқу ва эсноқ чақиришдан бошқа ҳеч бир таъсири йўқ, баландпарвоз ҳисоботларни кўп тинг­лаганмиз. Қизиқ замонлар эди: катта раҳбар минбарга кўтарилиб, аввалдан ёзиб, тасдиқлаб қўйилган, бирор сўзи ёки иборасини ҳам бошқача айтиш мумкин бўлмаган маърузани қийналиб, баъзи сўз ва ибораларга тили келмай ўқишда  давом этаверарди. Ҳайҳотдай залда ўтирганлар “Ишқилиб, ҳаммамиз учун ҳурматли раҳбаримиз маърузани охиригача эсон-омон ўқисинлар-да, бир кор-ҳол юз бермасин-да, ишқилиб”, дея жон ҳовучлаб ўтирган кезлар кўп бўлган.

Бундай даврлар ўтмишда қолиб кетди. Президентимиз омадлилар билан бирга омадсизларни, иши юришмаганларни, адашганларни, билиб-билмай  жиноят йўлига кирганларни ҳам эътибор билан тинглаш, жамиятнинг соғлом қатламига қайтариш зарурлигини, янада муҳими – уларга ишонч кўзи билан, яхши маънода қараш кераклигини уқдирмоқда. Мана, гап қаерда? Шу маънода, Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат Парламентига Мурожаатномаси нафақат ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда, миллий парламентаризм тарихида ҳам янгилик бўлди, бу ҳужжат энг аввало, маъно-мазмуни, юксак самимияти, халқчиллиги, инсоний туйғуларга бойлиги, эшитган ҳар бир кишининг кўнглида нақш боғлаши билан ҳам бетакрордир. Нотиқ ҳар бир фикр, ҳар бир хулоса ёки таҳлилни, кўзланаётган улуғвор режани одамларнинг кўзига, чеҳрасига қараб, уларнинг шу кездаги ҳиссий туйғуларини, шундай кунлар келишини кўриш насиб этганидан миннатдорлик  кайфиятини инобатга олган ҳолда баён қилди. Халқ билан мулоқотнинг, халққа хизмат қилиш ва халқпарварликнинг юксак маданияти бу. Ушбу ҳужжатни ҳали кўп ўқишимиз, идрок этишимиз, юрагимиздан ўтказишимиз, тарғиботига ҳисса қўшишимиз зарур.

– Аҳмаджон ака, охирги жумлангиз билан мен сизга бермоқчи бўлган навбатдаги савол моҳиятини очиб қўйдингиз. Мен сиздан матбуотимизнинг бугунги вазифалари тўғрисида сўрамоқчи эдим…

– Журналистика факультетидаги сабоқларимда, ёзган мақолаларимда бир ҳақиқатни кўп бор такрорлайман: матбуот ўзи мансуб бўлган жамиятнинг маҳсули. Жамият очиқ ва эркин, танқидга  тоқатли бўлса, матбуот ҳам шундай мақомга эга бўлади, танқид қилишдан қўрқмайди. Жамиятдаги турғунлик ўз-ўзидан матбуотга кўчади. Бу – илмий жиҳатдан тасдиқланган, амалиётда тасдиғини топган фикр.

Ташвишлиси шуки, жамият ҳаётида хотиржамлик, бепарволик каби ҳолатларнинг юзага келишига матбуот кўпроқ сабабчи бўлади. Бунга мисол: совет тузумининг узоқ йиллар бир нуқтада ҳаракатсиз туриб қолишига ўша давр матбуоти ҳам айбдор. Чунки матбуотнинг сохта баҳоси боис тузум “доҳий”ларининг ҳар бир сўзи илоҳийлаштирилди, камчилик ва нуқсонларни фақат бошқалардан қидирдик.

Истиқлол йиллари матбуотига бундай айб қўя олмаймиз, албатта. Инсоф билан айтганда, кейинги чорак асрда миллий матбуотимизда сезиларли ўзгаришлар юз берди: мавзу доираси кенгайди, озми-кўпми, журъат, фикр, танқидий таҳлил, мулоҳаза-мушоҳада пайдо бўлди. Буни “Тафаккур”, “Жаҳон адабиёти”, “Шарқ юлдузи”, “Ҳуррият”, “Зарафшон” каби нашрларда эълон қилинаётган мақолаларда кўриш мумкин. Аммо… ҳамма ҳам шундай қилаётгани йўқ, кўплар сукут сақлаб туришибди. Бунинг оқибатида мамлакатимизда кейинги йилларда яна бир турғунлик ҳолати барг ёза бошлади. Матбуотнинг бугунги муҳим, кечиктириб бўлмайдиган вазифаси – шу хатони бошқа такрорламаслик, янги имкониятлардан унумли, самарали фойдаланиш, давлатимиз раҳбари бошлаб берган, ўзи карвонбошилик қилаётган очиқлик, ошкоралик, шаффофлик, соғлом танқид сиёсатини бутун вужуд, онг-тафаккур билан қўллаб-қувватлаш, бу жараёнда ташаббускорлик кўрсатишдан иборат. Юртбошимиз сўзлари билан айтганда, “Барчамиз бир ҳақиқатни чуқур тушуниб, англаб олишимиз керак: бугун гап халқимиз, Ватанимизнинг тақдири ва келажаги, жондан азиз болаларимизнинг бахти ва камоли ҳақида бормоқда. Шундай улуғ мақсадлар йўлида барчамиз белимизни маҳкам боғлаб ишлашимиз, бор ақл-заковатимиз, билим ва тажрибамизни, жонажон Ватанимизга фарзандлик меҳримиз ва садоқатимизни сафарбар этишимиз керак. Ўзимиз ўзимизга хиёнат қилмасак, ўзимиз ўзимизни алдамасак, ҳалол-пок бўлиб меҳнат қилсак, мен аминман, кўзлаган барча марраларимизга албатта етамиз”. Юқоридан кўрсатма кутиб ўтиришга одатланганлар учун бундан ортиқ яна қандай ишора бўлиши мумкин?!

Яқинда ўтмиш аждодларимизнинг улуғ бир насиҳатини ўқиб, ундан бағоят таъсирландим. Омад ва ташвиш бу ҳаётда ҳеч бир истисносиз барча-барчанинг – яхшининг ҳам, ёмоннинг ҳам  бошига келар экан. Зийрак ва ҳушёр одам омад келганида уни маҳкам ушлаб, ташвиш яқинлашганида, эҳтиёт чораларини кўриб, омилкорлик билан омон қолар экан. Беғамларнинг бошидан эса омад қуши узоқ қолмай учиб кетаркан…

Бугун халқимиз бошига чин маънода омад қуши қўнди. Омадимиз келди, бу ёғи энди яхши бўлади, ташвишга ҳожат йўқ деб, ёстиқни ўмровга тортиб ётаверсак, яна хатога йўл қўямиз. Янада кўпроқ ишлашга, фидойилик намуналарини кўрсатишга, тер тўкишга тўғри келади. Бу ҳолат бутун мамлакатга ёйилиши, умумхалқ ҳаракатига, миллий бурч ва ифтихорга айланиши керак.

– Суҳбатларингиздан бирида 2017 йил якунлари хусусида мулоҳаза юритиб, бешта муҳим сўз ҳақида мақола ёзаётганингизни айтгандингиз. Улар қайси сўзлар эди?

– Оксфорд университетида нашр этиладиган анъанавий “Оксфорд луғати” ­тузувчилари 2017 йилда ахборот воситаларида, ижтимоий-сиёсий фаолиятда, расмий тадбирлар, ёзишмалар, маъруза ва нутқлар ҳамда жонли мулоқотда энг кўп ишлатилган сўз ёки иборани аниқлашибди. Йилнинг энг кўп ишлатилган сўзи мақомига ёшларнинг фаол ҳаракати, ташаббускорлиги натижасида жамиятда юз берадиган ижтимоий-сиёсий, маданий ўзгаришларни англатадиган “youthquake” ибораси муносиб кўрилибди.

Бу анъана бизда ҳам бўлганида, кейинги бир йил ичида мамлакатимизда, турмуш тарзимизда, онг-тафаккуримизда, мустақил Ўзбекистон давлатининг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ва нуфузида юз берган ўзгаришларни ўзида акс эттирадиган қайси сўз ёки ибора ғолиб бўларди, деган фикр келди хаёлимга ва биринчи бўлиб “ҳаракат” сўзини эсладим.

Кейинги бир йилда бутун мамлакат, эл-юрт, барча-барчамиз янги уйғониш фасли, уйғонаётган тафаккур таъсирида яшадик десак, муболаға бўлмайди. Бу жараённи Президент Шавкат Мирзиёевнинг янги лавозимдаги дастлабки нутқ ва маърузалари бошлаб берди. Юртбошимизнинг одамлар ислоҳотларнинг натижаларини олис келажакда эмас, бугун кўришлари, ундан баҳраманд бўлишлари, ҳаётларидан рози бўлиб яшашлари  керак, деган даъвати бу жараёнга бемисл куч-қудрат бахш этди.

Ғолибликка “мулоқот” сўзи ҳам даъвогарлик қилиши мумкин. Дунё дунё бўлганидан бери “Бир-бирингизни тингланг, сўзини бўлмай эшитинг, тўғри гапни фақат мен айтаман дейишдан тийилинг, шундай қилсангиз муаммолар ечимини осонгина топган бўласиз”, деган оддий инсоний маданият, раҳбарий фазилат одамлар онгига, характерига, иш услубига сингишга ҳаракат қилади, аммо ҳамма вақт ҳам бунга эриша олмайди. Чунки бир-биримизни эшитмаймиз, ўзгалар фикрини уқмаймиз, нуқул ўзимизникини маъқуллаймиз. Адашаётганимизни, хатога йўл қўяётганимизни билсак-да,  буни тан олишга журъатимиз етмайди. Мен ҳақман, бошқалар ноҳақ, деган қобиқ ичида қолиб кетамиз.

Ҳолбуки, ҳақиқат, адолат ҳамиша ҳам фақат бир томонда бўлмайди. 2017 йил шу маънода инқилобий йил бўлди дейиш мумкин. Мамлакат янги раҳбарининг янги сиёсий йўли халқни тинглаш, уни бутун вужуд, ақл-идрок, ҳурмат-эҳтиром билан эшитишдан, мамлакатнинг олис бир чеккасида яшаётган оддий деҳқон ёки чўпонга ҳам фикрини эмин-эркин баён қилишга имкон беришдан  бошланди. Ҳокимлар, вазирлар, депутатлар, прокурорлар, ҳуқуқ-тартибот, солиқ, божхона ташкилотлари раҳбар ходимлари, бошқа нуфузли мансабдорлар халқ ичига киришди, қишлоқма-қишлоқ, овулма-овул, маҳаллама-маҳалла, уйма-уй юришди. Дардини тўкаётган, муаммосини ифодалаётган, катта-кичик қабулхоналарда ўтириб, ранглари сарғайиб кетган одамларни эшитишди. Бундан бирорта мансабдорнинг обрўси тўкилиб қолмади, нуфузига соя тушмади, аксинча, халқнинг янги раҳбариятга меҳри, ишончи, Ўзбекистоннинг янги йўлига садоқати ошди. Президентимизнинг виртуал қабулхонасига келиб тушган бир ярим миллионга яқин мурожаатларнинг аксариятида кўтарилган масалаларнинг ижобий ҳал этилиши жамиятда янги маънавий муҳитни юзага келтирди. Бу руҳ, бу муҳит билан биз дунёнинг ривожланган, ҳар жабҳада баланд марраларни эгаллаган, юксак натижаларга эришган пешқадам давлатлари сафларига дадил кириб борамиз, ўз ўрнимизни топамиз.

Учинчи сўз – “садоқат”. Мамлакат раҳбарининг юксак ишончига сазовор бўлган ҳар бир киши  каттадир, кичикдир, лавозим курсисига ўтирар экан, эл-юртга, миллат манфаатларига садоқат билан хизмат қилиши, бу йўлдан оғишмаслиги, виждонига зид иш тутмаслиги, имон-эътиқодини сусайтирмаслиги керак. Бу дунёнинг кўпларни чалғитувчи “ҳою-ҳаваслари” гўзал маликадай қош қоқиб, ишва билан олдига келганида, Машраб бобомиз каби, кетига “шатталаб” қўйиши лозим. Имон-эътиқодли, инсоф-диёнатли, бугун билан бирга эртани, ундан кейинни ҳам кўра оладиган, ўзи, оиласи, сулоласи шаънини ҳурмат қиладиган киши шундай қилади. Манманлик, такаббурлик кўчасига кирмайди, халқдан, адолатдан узоқлашмайди. Халқдан узоқлашмаган раҳбарнинг оёғи ердан узилмайди. Оёғи ердан узилмаганларни она замин азиз фарзандидек асрайди, меҳрини, саховатини дариғ тутмайди.

Бугун қучоқни катта очган, қадами дадиллашган, дунёга янгича қиёфада кириб бораётган Ўзбекистонга айни шундай садоқатли, фикри тиниқ одамлар керак. Бу фазилат нафақат раҳбарларнинг, барча-барчанинг қон-қонига, жон-жонига, инсофу диёнатига сингмоғи шарт. Шундагина кўзланган улуғ мақсадларга эришишимиз мумкин.

Тўртинчи сўз “қўшничилик”. Дунё тарихидан маълумки, ҳамма замонларда ҳам яхши қўшничилик тинчлик-тотувликнинг хамиртуруши бўлган. Узоқ-яқин қўшнилар билан тил топа олган, ўзаро елкадош, кўмакдош бўлиб, бир-бирларини мураккаб вазиятларда қўллаб-қувватлаган давлатлар тараққиётга юз тутган. Бу – инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқат. Яқин-яқингача ота-боболаримиз ҳовлига ўчоқ қуришса, тутун қайси томонга ўрлашини ҳисобга олишган, қўшни томон деворидан кичик эшикча очиб, тўй-маъракаларда бир-бирларига ризқ-насиба узатишган, қўшнининг меҳмонини мезбондан ошириб сийлашган. Ҳовлисида, даласида ҳосил етилса, қариндош-уруғдан аввал қўшниларга узатишган. Бир-бирларидан бохабар бўлиб яшашган. Кейинги икки минг йиллик дунё шу фазилатлар боис ҳам чок-чокидан сўкилиб кетмаган десам, хато бўлмас.

Бешинчи сўз – “фикр”. Кейинги бир йиллик умримиз фикр уйғоқлиги, зийрак тафаккур шароитида ўтди. Жон-танимизга сингиб кетган мудроқлик, беғамлик, ўзибўларчилик барҳам топаётгандай. Тафаккур боғларининг дарвозалари очилгандай, фикримиз журъат тулпорига мингандай. Буни сезиш қийин эмас.

Фикр нима ўзи? Бу саволга жавоб тайёр: фикр – жамиятнинг қонтомири, жони, тириклиги, ҳаракати, шиддати, умрининг узоқлиги. Фикр жамиятни ривожланишда, ҳаракатда, соғлом ҳолатда мудом ушлаб туради.

Фикр фикрдан унади. Фикрлар хилма-хиллиги ҳаётимизни, шубҳасиз, тараққиётга йўналтиради. Фикрсизлик иллати дунёнинг катта бир қисмини титратиб турган шўролар салтанатининг илдизини қуритди.  Одамларни ҳайбаракаллачига айлантириб қўйди. Қизил салтанат мафкурачилари “Давлат-жамият-шахс” муносабатларини атайин чалкаштиришди. Одамлар онгига “Давлат бошқа, жамият бошқа, халқ бошқа”, деган сохта тушунчани сингдиришди. Бу билан улар “Давлат  – бу ўз номи билан давлат, сиёсат ҳам шундай, сен улар ишига аралашма, тинчгина юравер”, демоқчи бўлишди. Шундай бўлди ҳам. Бу фикрга қўшилмаганлар жазога тортилди. Бугун барча-барчамизга, ҳатто энди-энди вояга етаётган фарзандларимизга ҳам кундай равшанки, давлат – бу биз, ўзимиз, жамият ҳам ўзимиз. Ҳар бир шахсда давлат ҳам, жамият ҳам ўз ифодасини топади.

Собиқ тузум дунё давлатлари тарихида мутлақо бўлмаган, онгли одамнинг хаёлига ҳам келмайдиган бир нобакор ишга қўл урди: фикрни жиловлади, фикрли кишиларнинг йўлини тўсди. Бунинг аянчли оқибатларини кўр-кўрона чалинадиган гулдурос қарсаклар билан хаспўшлаб келди. Кейинги бир йил ичида ҳаётимизда юз берган энг муҳим, қадр-қимматли ўзгариш –  фикрнинг озод бўлиши десак, хато бўлмас.

Фикр ривожига ким, нима туртки беради? Жамиятдаги эркинлик, танқид ва таҳлилга тўғри муносабат, албатта. Матбуотимиз саҳифаларида жамоатчилик вакиллари, куюнчак фидойиларнинг турфа хил фикр-мулоҳазалари, аччиқ, аммо ўринли танқид, эътиборга молик таклифлар қанча кўп бўлса, ҳақиқатни англаш, адолатли ечимларни топиш, келажак сари шиддатлироқ одимлаш шунча тезлашади.

– Кўплар қатори мен ҳам муҳтарам Президентимизнинг Алишер Навоий асарларини ўқиш зарурлиги тўғрисидаги сўзларидан қаттиқ таъсирландим. Не бахтки, мамлакатимизда бугун китобхонлик ўзининг асл ўзанларига қайтмоқда. Улуғ аждодларимизнинг маънавий меросидан баҳраманд бўлаётганимизнинг ўзи катта бахт. Сизнинг Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижод уйида чоп этилган “Ўзингни ўзинг бошла” деб номланган рисолангизни ўқиб, ундан кўп нарсалар олдим. Китобнинг номланишида ҳам ўзига хос маъно бор экан…

– Анча йиллардан бери бир вақтлар ўзим, кўп касбдошларим, таниқли шоир ва ёзувчилар таҳсил олган Миллий университетда талабаларга сабоқ бераман. Бугунги ёшлар орасида ёшлигидан китоб мутолаасига берилганлари ҳам, китоб ўқишни бўлмағур иш деб тушунадиганлари ҳам бор. Иккинчи тоифа талабаларга мажбурлаб бўлса-да, зарур адабиётларни ўқитамиз. Лекин улар ўқитувчидан баҳо олиш учунгина қўлларига китоб олишади. Мен уларга “Китобни домла учун эмас, ўзинг учун ўқи, китоблар оламига ўзингни ўзинг бошла” демоқчи бўлдим.

Китобнинг қудратини қуёшнинг қудратигагина қиёслаш мумкин. Шунда ҳам, инсон қалбини ёритиш фақат китобнинг қўлидан келади, холос. Шундай китоблар борки, улар сени оҳанрабодай ўзига тортади, умринг йўлларида беминнат ҳамроҳингга айланади, қайта-қайта ўқийсан, ўқиганинг сари ақл-шууринг тўлишиб боради, ўзинг учун муҳим нарсаларни кашф этасан ва бу жараён ҳеч қачон ниҳоясига етмайди. Бинобарин, яхши китобларни бир марта ўқиш билан кифояланиш керак эмас. Унинг мўъжизалиги шундаки, ҳар гал ўқиганингда сенга у маънолари хазинасининг янги қатларини очаверади.

Алишер Навоий асарларини ўқишга келсак, яқин-яқингача “Навоийни тушуниш қийин” деган янглиш тасаввурда юрганмиз. Эндиликда бу хатони тузата бошладик. Мана, ўзингиз хулоса чиқаринг:

 

“Беша шерин гар забун қилсанг шижоатдин эмас,

Нафс итин қилсанг забун оламда йўқ сендек шужоъ”.

 

Маъноси: чангалзор ўрмонда юрган шерни енгиб, уни жиловлаганинг сенинг шижоатли эканингни билдирмайди. Бордию сен нафсингни жиловлаб, ундан ғолиб келганингда эди, оламда тенгсиз шижоатли одам бўлардинг.

 

“Бўлуб нафсингга тобиъ, банд этарсен тушса душманни,

Сенга йўқ нафсдек душман, қила олсанг ани қил банди”.

 

Маъноси: Нафсингга тобе бўлиб, душманни банди этишинг, ундан ғолиб келишинг мумкин. Аммо сен учун нафсдан ортиқ, нафсдан кучли душман йўқ. Куч-қудратинг етса, сен ана шу душманни мағлуб эт.

 

“Эй Навоий, умр ўтар елдек, ўзингни шод тут,

Елга етмак мумкин эрмастур чу суръат кўргузиб”.

 

Маъноси: Эй Навоий, умр елдек ўтади-кетади, шундай экан, ўзингни шод-хуррам тут. Чунки ҳар қанча югурсанг ҳам, елга ета олмайсан, бунинг иложи йўқ.

 

“Навоиё, дер эсанг кўрмайин вафосизлиқ,

Тафаққуф этма-ю, даҳр аҳлидин вафо киби қоч”.

 

Маъноси: Навоий, агар сен бу дунёда бевафолик кўрмайин десанг, вафо каби дунё аҳлидан сира тўхтамай қоч.

Мана бу сатрларни эса шарҳлашга ҳожат йўқ:

 

“Мени мен истаган ўз суҳбатиға аржуманд этмас,

Мени истар кишининг суҳбатин кўнглум писанд этмас”.

 

Кўриниб турибдики, Навоийни тушуниш, сермаъно байтлари қатларига сингдирилган нодир ҳикматларни англаш у қадар мураккаб эмас. Эринчоқлик либосини ечиб, луғатлардан фойдаланиб, озроқ ғайрат қилсак, бас. Юқорида келтирилган шарҳлар таниқли адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққулнинг саъй-ҳаракати билан чоп этилган икки жилдлик “Шоҳбайтлар” (“Тамаддун” нашриёти, Тошкент, 2016 йил) тўпламидан олинди. Ушбу китобни очиб, ҳар саҳифанинг чап томонида Навоий ҳазратлари қаламига мансуб байтларнинг аслига, ўнг томонида эса уларга ёзилган шарҳларга кўзингиз тушади. Аввал аслиятни, сўнг шарҳни ўқийсиз ва… яна аслиятга кўз югуртириб, наҳот шуни тушунмаган бўлсам, дея ўзингиздан ўзингиз уялиб кетасиз. Зиёлиликка озроқ дахли бор  киши учун Навоийни тушунишнинг қийин жойи йўқ.

Устоз Нажмиддин Комиловнинг “Маънолар оламига сафар” китоби Алишер Навоий ғазалларига ёзилган махсус шарҳлардан тузилган бўлиб, уларда муаллиф улуғ аллома ғазалларидаги фалсафа, ташбеҳ ва тимсолларга қалб кўзи билан нигоҳ ташлайди, ўқувчини ҳар бир  мисрадаги пурмаъно ҳикматлар моҳияти билан таништиради. Ушбу ноёб тадқиқотнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, унда Навоий асарларида ишлатилган, бугунги ўқувчининг тушуниши қийин бўлган сўз ва ибораларнинг изоҳли луғати, байтларнинг насрий баёни ҳамда ғазалларнинг умумий мазмун-маъноси, бадиий хусусиятлари тўғрисидаги мулоҳазалар ҳам берилган.

– Ижодкорларни беҳаловат кишилар дейишади. Асқад Мухтор “Бўронларда бордек ҳаловат” деб ёзган. Чиндан ҳам, аҳли қалам эл-юрт манфаатлари йўлида ҳаловат нималигини билмайди. Тиниб-тинчимайди, доимо бир ташвишда юради. Кимнингдир дардига малҳам бўлолса, ундан кўра бахтли одам йўқ бу дунёда. Сўрашга журъат этаман: Сизда ҳам ташвиш борми, нимадан хавотирдасиз?

– Кутилмаган савол. Бошқаларни билмадим, аммо мен бу дунёда ташвишсиз одамнинг борлигига ишонмайман. Тасаввур қилинг: омадингиз чопиб, лотерея билетига бир миллион доллар ютиб олдингиз дейлик, ўша оннинг ўзидаёқ худди шунча ташвиш пайдо бўлади. Ҳамма гап қўшиқда айтиб қўйилган: “Бу дунёда бормикин бағри бутун, ёр-ёр…”. Ташвишли дунёда ташвишсиз, хотиржам яшашнинг иложи йўқ.

Менинг ҳам ўзимга яраша “ташвиш”ларим бор. Газетада ишлаб юрган кезларим ўзим учун иш маромини қандай белгилаган бўлсам, ҳозир ҳам шу маромда ишлайман, уни сусайтиришдан қўрқаман. Бир ташвишим шундан. Бирор сабаб билан ҳафта давомида бирор нарса ёзмасам, таҳрир қилмасам, ўқимасам, худди поезддан қолиб кетган йўловчидай ҳис қиламан ўзимни.

Бошқа ташвишим: истиқлол йиллари катта йўлни босиб ўтдик, кўп иш қилинди: эл-юрт янги бўлди, ғуруримиз тикланди, қўлимизни очиб, бемалол дуо, ният қиладиган бўлдик. Коммунизм чўпчагидан холи янги авлод вояга етди. Фуқаролик паспортимизда “Дунёнинг барча мамлакатларига чиқиш мумкин” деган муборак ёзув пайдо бўлди. Буларни инкор этиш қийин. Аммо… хотиржам бўлишга ҳали эрта.

Ўзим учун кўп бор такрорлайман: жамият, миллат ўзини ўзи танқид қила олсагина тараққиётга юз тутади. Президентимизнинг барча маърузалари танқидий таҳлилдан иборат. Бугун жамиятимизга, эл-юртимизга айни шу нарса жуда-жуда зарур. Йўл қўйилган хатоларни такрорламаслик, бир чуқурга иккинчи марта тушмаслик, бир жойда тўхтаб қолмаслик, асоссиз ҳаволанмаслик учун ҳам зарур. Ташвишим: буни ҳамма ҳам тўғри тушунмоқдами, вилоятларда, шаҳар ва туманларда ҳам йиғилишлар аччиқ ҳақиқатларни, мавжуд иллатларни одамларнинг юзига, кўзига қараб рўй-рост айтиш, уларни тан олиш, йўлига ғов қўйиш руҳида ўтмоқдами?

Иллат сўзини шунчаки тилга олганим йўқ. Собиқ тузум бағрида яйраб-яшнаб улғайган бир иллатдан бугун ҳам қутула олганимиз йўқ. Бу – қуруқ, ҳеч кимга кераги йўқ, ёлғон-яшиқ аралашган ҳисоботлар. Юртбошимиз қуйидан юқорига пешма-пеш йўлланадиган, жойлардаги реал аҳволни аниқ акс эттирмайдиган, аксинча, одамни чалғитадиган ҳисоботлардан қутулиш кераклигини такрор-такрор уқдирмоқда. Лекин ҳисобот деганни қойиллатиб ёзиш, бўрттириш маҳоратимиз ошса ошмоқдаки, асло  пасаяётгани йўқ. Биргина мисол. Маҳаллалардан бирида маданий-маърифий тадбир, масалан, таниқли шоир ёки хонанда билан учрашув ўтказилди, унда нуроний отахонлар, хотин-қизлар, ёшлар, мактаб, коллеж ўқувчилари иштирок этдилар, дейлик. Бу тўғрида камида олтита ташкилот олти жойга бир-бирига ўхшамаган ҳисобот ёзишини тасаввур этасизми?

Ҳисобли дунёда ҳисобсиз яшаб бўлмайди, албатта. Аммо ҳар бир киши учун, у қандай лавозим эгаси бўлмасин, виждон, имон-эътиқод олдида ўзимиз ўзимизга берадиган ҳисоботдан кўра муҳим вазифа йўқ. Виждонимиз билан боғлиқ шу ҳисоботдан йиқилмасак бўлгани.

Нимадан хавотирдаман? Расмий маълумотларга кўра, бугун дунёдаги энг иқтидорли ҳар тўртинчи олим қурол-яроғ соҳасида меҳнат қилади. Қурол яратиб  мукофот олади. Дунёнинг йирик давлатлари ўртасида қурол мусобақаси пайдо бўлаётганидан хавотирдаман. Шу олимлар тиббиёт, экология, замонавий саноат соҳаларида ишлашганида, инсон ҳаёти қанчалар мазмунли бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас.

– Босма нашрларнинг умри оз қолди, деган фикрга қандай қарайсиз?

– Ҳа, шундай фикр ҳам йўқ эмас. Бу хусусдаги мулоҳазаларим  “Ҳуррият”да ­эълон қилинган “Қоғоз китобларни қўлтиқлаб янги аср сари” деган мақоламда айтилган. Гапнинг индаллоси: босма матбуот тезкорлик, ҳозиржавоблик мусобақасида интернетга имкониятни бой берди, буни тан оламиз. Аммо ваҳима кўтаришга асос йўқ: бир вақтлар телевидение ҳаётимизга кириб келганида, кўплар мана энди театр санъати таназзулга учрайди, одамлар уйда ўтириб ҳам спектаклларни кўраверадилар, дея шовқин кўтаришган. Амалда  эса акси бўлди: театр ва телевидение ўзаро рақобатга  киришиб, бундан ҳар икки томон ҳам ютди. Бундан англашиладиган хулоса: биз матбуотчилар отни қамчилашимиз, ижтимоий, иқтисодий ва бошқа йўналишларга доир чуқур таҳлилли мақолаларга эътиборни кучайтиришимиз зарур. Негаки, интернет бизнинг хабардорлигимизга хизмат қилса, газета, журнал, илмий-бадиий китоблар  тафаккуримизни чархлайди, зеҳнимизни оширади.

 

Аҳмаджон Мелибоев – “Дўстлик” ордени соҳиби. 1946 йилда туғилган. Тошкент давлат уни­вер­сите­тининг (ҳозирги ЎзМУ) журна­листи­ка факультетини битирган. “Бир заминда яшай­­миз”,“Умидли дунё”, “Ёлғиз яшаб бўл­май­ди”, “Умр – учар юл­дуз”, “Торнинг чўмич­дан фарқи”, “Сувора со­ғинчи”, “Қирқ бешинчи бекат” каби китоблар муаллифи.

Собиржон Дадахўжаев – 1959 йилда туғилган. Фарғона давлат педагогика институтини (ФарДУ) тамомлаган. “Ёнган муҳаббат”, “Яхши­лар яхшилиги”, “Замондошлар, зиёратгоҳлар, зиёрат” каби китоблар муаллифи. “Олтин қалам” миллий мукофоти сов­риндори.

 

2018/2