Тўлан Низом. Умр қасидаси

2010 йил, 6-сон Назм

Вақт ўтаяпти, умр ўтаяпти,Тула-Низом
Дарё манзилига етаяпти,
Дунё бирдай бефарқ кетаяпти,
Энди ҳеч не бўлолмас мадад,
Дам ғанимат, дийдор ғанимат.

Айтарингни айтиб қол тезроқ,
Ёзарингни ёзгил эртароқ,
Мижжа қоқма ўчмасин чироқ,
Сени асло босмасин ғафлат,
Дам ғанимат, дийдор ғанимат.

Бойлик йиғиб қайга қўйгансан,
Молу мулка балки тўйгансан,
Кимни севиб, кимни суйгансан,
Қани улар, бировин кўрсат,
Дам ғанимат, дийдор ғанимат.

Чин дўстларинг сендан айрилиб,
Қанотлари қолса қайрилиб,
Душманларинг кулар ёйилиб,
Ёғилар ё раҳмат, ё туҳмат,
Дам ғанимат, дийдор ғанимат.

Кўнгил қайсар, унутмоқ қийин,
Таранглашур тортилган сайин,
Азоб берар ўйлар бетайин,
Сўниб борар оташ муҳаббат,
Дам ғанимат, дийдор ғанимат.

Лаҳзаларда мен яшар бир жон –
Олам ичра ҳазрати инсон,
Минг тавбани қилурман ҳар он,
Қайда қолди, қани куч-қудрат,
Дам ғанимат, дийдор ғанимат…

…Бир-биридан ранг олур гуллар,
Боғлар ичра сайрар булбуллар,
Тўтиларда ёлғон туйғулар,
Бир хил эмас сурат ва сийрат,
Дам ғанимат, дийдор ғанимат.

Бу бир жабҳа, мисли ўрмонзор,
Тенгсиз ҳусн, кўрки диловор,
Жонзотлари хилма-хил виқор,
Шундоқ туққан уни табиат,
Дам ғанимат, дийдор ғанимат.

Арслонлари, бўрилари зўр,
Даркор эмас уларга сим тўр,
Тулкилар шум, айиқлари ғўр,
Томошаси доим бенавбат,
Дам ғанимат, дийдор ғанимат.

Дов-дарахтлар ташларди соя,
Шуъла тушди биланиҳоя,
Ўтган кунлар кетдию зое,
Нур қўйнида уйғонди фикрат,
Дам ғанимат, дийдор ғанимат…

…Бола эдим. Экардим пахта,
Қонлар ютиб лахтаю лахта,
Ҳориганман мен ўшал вақтда,
Елкам эзган залворли меҳнат,
Дам ғанимат, дийдор ғанимат.

Компьютерда ишлайди болам,
Битар дейман энди бир чорам,
Мардикорга бормасин холам,
Аёлларда балқисин иффат,
Дам ғанимат, дийдор ғанимат.

Эсимдадир. Бир куни, тонг пайт,
Онам деди: “Битган шеъринг айт?”
Жисмимда ўт чақнади ялт-ялт,
Сўнг тилимда мавжланди шиддат,
Дам ғанимат, дийдор ғанимат.

Каловланиб, ўйланиб бир зум,
Ўқий кетдим, туйғулар қум-қум,
Онам йиғлар. Йиғладим юм-юм,
Тарих бўлди менга ул ҳолат,
Дам ғанимат, дийдор ғанимат.

Эрка эдим, мен, шўх-шаън бола,
Ўн ёшга ҳам тўлмаган чала,
Ўйингоҳим-кўча, боғ дала,
Доим шерик эди Муҳаммад
Дам ғанимат, дийдор ғанимат.

Отам деди онамга қараб,
Оппоқ нурли соқолин тараб:
“Нима ёзди боланг кечалаб?”
Китоб ўқир эдим мен фақат,
Дам ғанимат, дийдор ғанимат.

Отам деди: “Кун келди, охир,
Турмуш бўлар сен учун оғир,
Кампир, ўғлинг бўлади шоир,
Сен кўрасан, кўрасан, албат…”
Дам ғанимат, дийдор ғанимат.

Кейин тунда узилди отам,
Ёш танамга сиғмади мотам,
Қолавердим ўртаниб дам-дам,
Еб ичганим бўлди дард, кулфат,
Дам ғанимат, дийдор ғанимат.

Йиллар ўтди, бесамар йиллар,
Шамоллари соқолим силар,
Ичимдагин улар хўп билар,
Аммо айтмас, жуда бешафқат,
Дам ғанимат, дийдор ғанимат.

Ярим кеча бўрон турганда,
Илҳомларим хаёл сурганда,
Деразамга ёмғир урганда,
Томчи билан қилганман суҳбат,
Дам ғанимат, дийдор ғанимат.

Олдим онам дуо, ризосин
Ва емадим етим ғизосин ,
Ёмонларни бердим жазосин,
Савобларим бўлсин ижобат,
Дам ғанимат, дийдор ғанимат.

Ёлғизликка йўқ экан чора,
Бечоралар ичра бечора –
Бўлиб қолдим мен бора-бора,
Пешонамда шул экан қисмат,
Дам ғанимат, дийдор ғанимат.

Фарзандларга айтар гапим кўп,
Ташвишлари баъзан эзар хўп,
Набиралар теграмда тўп-тўп,
Ширин-ширин орзулар қат-қат,
Дам ғанимат, дийдор ғанимат.

Муаммо кўп, бўлмас қутулиб,
Кундан айро тунга тутилиб,
Гоҳо бағрим кетар сўтилиб,
Қай бирига берайин нисбат,
Дам ғанимат, дийдор ғанимат.

Яхши-ёмон билан гаплашдим,
Ўнқир-чўнқир йўллардан ошдим,
Доим улуғларга эргашдим,
Халқ хизматин қилдим беминнат,
Дам ғанимат, дийдор ғанимат.

Бир севгига бўлдим гирифтор,
Ташлаб кетди ул севимли ёр,
Қайрилмади ортига бир бор,
Қани аҳду паймон, мурувват,
Дам ғанимат, дийдор ғанимат?

Кўп варақлаб умрим дафтарин,
Сўнг учириб хотир каптарин
Ва ушбуни битдим камтарин,
Бўлармикин кимгадир ибрат,
Дам ғанимат, дийдор ғанимат?!.