Дилдора Ҳошимова. “Рости бул эрдиким, мастур бўлди…”

Шарқ юлдузи/ Mart 11, 2015/ 2010 йил, 5-сон, Мумтоз поэтика

m2(“Бобурнома”даги қиёслашда муаллиф шахсиятининг ёритилиши)

Шоир ва шоҳ Бобурнинг “Бобурнома” асари аввалидан сўнггигача деярли қиёслаш услубда ёзилган. Айнан, ушбу услубда муаллиф дунёқараши кенг очилган. Бобур давридаги ижтимоий, сиёсий, давлатчиликка оид маълумотларнинг энг муҳими, объектив характерга моликлиги, айнан, “Бобурнома”даги қиёсий таҳлилларда аён бўлади.
Ҳали ўн етти-ўн саккиз ёшлик пайтида, Самарқандни иккинчи марта эгаллаган Бобур ўзининг саркардалик лаёқатини Ҳусайн Бойқаро билан қиёслайди. Ушбу қиёслаш Бобурнинг салтанат бошқаруви, юртга султон бўлишининг бир неча қирралари, муҳорабаларда мардларча кураш олиб бориш ва мақсад сари интилишнинг таҳлилини берган. У: “Султон Ҳусайн мирзо ҳам Ҳирини ушбу йўсунлиқ ғофиллиқта олибтур”, дер экан, гўё ўзининг устунлигини намоён этмаётгандек, бу қиёслашда ёш, ҳали тажрибаси камроқ Бобур муҳораба олиб боришда Ҳусайн Бойқарога пайравлик қилгандек кўринади. Аслида, бу унинг мақсадига нисбатан “кириш сўзи” бўлиб, кейинги қиёслаш иборалари Бобурнинг юксаклигини, ёш бўлишига қарамасдан, муҳорабада ғолибликка эришганлигини исботлайди.
Бу қиёслаш Бобурдан анча катта ёшда бўлган, кўп маҳорабаларни бошидан кечирган, ҳаёт тажрибасига эга Ҳуросон подшоҳи Ҳусайн Бойқаро билан “Бобурнома” муаллифи ҳақида бораётганлиги мазкур матнга яна бир карра диққатимизни тортади. Бобур “аввал буким” деб бу қиёслашни бошлар экан, ўзининг салтанатни бошқариш ва муҳораба олиб боришда, айнан, Самарқанд тахтини иккинчи марта қайта эгаллашини Ҳусайн Бойқаронинг шу тахлитдаги муҳорабаси билан солиштириб, қиёслаб ундан беш жиҳатдан устунлигини келтиради. Бунда Бобур ҳарбий маҳоратининг жуда кўп қирралари очилган.
Масала янада ойдинроқ бўлиши учун мазкур матнни тўлалигича келтиришни маъқул кўрдик: “Султон Ҳусайн мирзо ҳам Ҳирини ушбу йўсунлуқ ғофиллиқта олибтур. Вале, иш билур киши олдида равшан ва инсофлиқ эл қошида мубайяндурким, бу иш била ул иш орасида тафовутлардур ва ул олиш била, бу олиш орасида кўпроқ фарқ бордур. Аввал буким, Султон Ҳусайн мирзо кўп ишлар кўрган, бисёр тажрибалар кечурган улуғ ёшлиқ подшоҳ эди. Иккинчи буким, ғаними Ёдгор Муҳаммад Носир мирзо эди, ўн етти-ўн саккиз ёшлиқ бетажриба ўғлон йигит эди. Учинчи буким, ғанимнинг ичидин кайфиёт ва ҳолотни билган киши Мир Али мирохўр мирзоға кишилар йибориб, ғофиллиқта ғаним устига келтурди. Тўртинчи буким, ғаними қўрғонда эмас эди, Боғи Зоғонда эди. Султон Ҳусайн мирзо олғон маҳалда Ёдгор Муҳаммад мирзо ва тавоби андоқ ичкулукка тушган экандурларким, ул кеча Ёдгор Муҳаммад мирзонинг эшигида уч киши экандур, алар ҳам маст, ўзи ҳам маст. Бешинчи буким, ул мартаба ғофиллиқта – ўқ келди ва олди”. (Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурнома. “Шарқ” нашриёти матбаа акциядорлик компанияси Бош таҳририяти. Тошкент. 2002 йил. 80-бет. Кейинги иқтибослар шу китобдан олинади. Таъкидлар бизники – Д.Ҳ.).
Ҳусайн Бойқаронинг беш устунлик жиҳатидан Бобурнинг беш устунлиги қиёси мантиқан теран тарзда баён этилган. Бу, биринчи навбатда, ҳар иккала саркарданинг муҳорабадаги ютуқ ва камчиликлари тазод тарзда ифода этилганлиги билан ажралиб туради: тажрибалилик ва тажрибасизлик, катта ёшлилик ва ёшлик, муҳораба майдонининг географик қулайлик мавқеи, стратегик аҳамияти ва ундан самарали фойдаланиш мумкинлиги ва бунинг акси, Ҳусайн Бойқаронинг ҳийла ишлатиб, ғанимининг мастлигида бир борганда осон мақсадга эришгани ва Бобурнинг икки марта келиб Самарқанд тахтига эга бўлиши маҳорат билан қиёсий таҳлил этилган.
Бобурнинг бу қиёси, аслида, унинг ҳаёти ва ижодига оид ҳалигача мавжуд бўлган жуда кўп саволларга ҳам жавоб беради. Бу, энг аввало, унинг бобоси Амир Темур салтанатини аввалгидек тиклаш учун тасарруфида бўлган ерларни қайта қўлга киритиш, бунинг учун “юрт олиш”ни мақсад этганлиги, ёшлигиданоқ мардлик, жасорат, гоҳида таваккал қилиб ҳам мақсад сари интилганлигининг дастлабки қадамларида унинг Ҳусайн Бойқаро билан ўзининг ушбу қиёсида ёрқин ифодасини топганлигини кўрамиз. Бобур ёзади: “Мен Самарқандни олғонда ўн тўққуз ёшта эдим. Не кўп иш кўруб эдим, не тажриба бўлуб эди. Иккинчи буким, менинг ғанимим Шайбоқхондек пуртажриба ва кўп иш кўрган ва улуғ ёшлиқ киши эди. Учинчи буким, бизга Самарқандтин ҳеч киши келмайдур эди. Агарчи шаҳр эли манга кўнгуллик эди, вале, Шайбоқхоннинг қўрқунчидин ҳеч киши бу хаёлни қила олмас эди. Тўртинчи буким, менинг ғанимим қўрғонда эди, ҳам қўрғонни олилди, ҳам ғанимни қочурулди. Бешинчи буким, бир мартаба Самарқанд қасдиға келиб, ғанимға туйдуруб, иккинчи маротаба келганда Тенгри рост келтурди, Самарқанд фатҳ бўлди”. (80-бет).
Бунда “Бобурнома” муаллифининг очиқ кўнгиллилиги, асарда фақат рост сўзларни баён этганлиги, ҳатто юқоридаги фахриядан ҳам мақсади ўзини кимдандир устун қўйиш эмаслигини таъкидлаганини кўрамиз. Ваҳоланки, у ўз жасорати билан ҳар қандай мақтовга лойиқ бўлган: “Бу деганлардин ғараз элга санг кам урмоқ эмас, баёни воқеи бу эрдиким, мазкур бўлди. Бу битилганлардин мақсуд ўзини орттурмоқ эмас, рости бу эрдиким, мастур бўлди”. (80-81-бетлар).
Бобурнинг қиёслаш санъати “Бобурнома”нинг кейинги – Ҳиндистон тарихига оид тасвирларида ўзининг мукаммаллик даражасига етган, десак хато бўлмайди. Бунда ҳам Бобур Ҳиндистон табиати, набототи, ҳайвонот олами, қўл остидаги кишилар ва бошқа султонларга хизматда бўлган турли-туман шахсларнинг руҳий ҳолатининг ранг-баранглиги, бир-бирига ўхшашлигию тубдан фарқ қилишини жуда маҳорат билан тасвирлайди. Бу масала алоҳида тадқиқот объекти эканлигини инобатга олиб, биз Бобурнинг Ҳиндистон ва Ҳуросон султонлари, шоҳ ва салтанат бошлиқлари билан ўзини қиёслаши мавзуини кўриб чиқиш, юқоридаги қиёслашларнинг мантиқий давомини ўрганиб, қиёслаш услубининг нозик томонларига назар солишни маъқул билдик.
Бобур 1525 йил воқеаларини тасвирлар экан, Амир Темур салтанатини аввалги қаламравида эгаллаш, давлатчилик ишларида тартиб ўрнатиш ниятида Ҳиндистон учун кўп маҳорабалар олиб боради ва бу иш унинг мақсади эканлигини ҳам очиқ баён этади: “Ушбу тарихдин тўққуз юз ўттуз иккигача Ҳиндистонға, бажид урушиб, етти-саккиз йилда беш навбат Ҳиндистонға черик торттук. Бешинчи навбатта таоло ўз фазл ва карами била Султон Иброҳимдек ғанимни мақҳур ва абтар қилиб, Ҳиндистондек васеъ мамлакатни бизга муяссар ва мусаххар қилди”. (195-бет).
Бобур ўзини Ҳиндистон султонлари билан қиёслашни шунчаки бу юртни тасарруфига киритиш тарихидан бошламаган. У, энг аввало, Ҳиндистонда узоқ муддат ҳукмронлик қилган султон ва шоҳларнинг фаолияти билан ўзининг ҳарбий имкониятларини қиёслайди, чоғиштиради ва якуний хулосага келади. Бобур ўзини бу ўлкани турли даврларда забт этган Султон Маҳмуд Ғазнавий (Ғозий), Султон Шиҳобиддин Ғурий билан солиштириб кўради.
Айниқса, Бобур ўзининг лашкаркашлик ва юрт бошқариш сиёсатини Маҳмуд Ғазнавий билан қиёслар экан, унинг ҳарбий маҳорати, устунлиги, кам куч билан Иброҳим Лўдийнинг қудратли армиясини мағлуб этганлигига оид фикрлари, унинг бошқа султонлардан нақадар устунлигини яққол кўрсатади. Бобур ижоди билан шуғулланган кўпгина Ғарб олимлари уни Шарқ адабиётининг моҳир тарихчиси, адиби эканлигини тан олган ҳолда, ҳарбий саркардалик қобилиятига ҳам юксак баҳо берганлар. Масалан, инглиз тарихчиси Лейн Пуул бу борада ёзади: “Унинг мемуарлари бир аскарнинг ҳарбий юриш ва чекинишлари ҳақидаги оддий кундалик дафтар эмас: бу хотираларда Шарқ адабиётини жуда яхши билган, нозик ва билимдон кузатувчи, одамларни синчиклаб ўрганадиган, улар ҳақида холис ва одил фикр юрита оладиган мутаассир қалб эгасининг дунё ҳақидаги шахсий таассуротлари ва нозик фикрлари берилган”. Бу борада, айнан, “Бобурнома”да қайд этилган шу хусусдаги қиёслашга мурожаат этамиз: “Ҳазрати Рисолат замонидин бу тарихқача ул юз (яъни, Ҳиндистон – Д.Ҳ.). подшоҳларидин уч киши Ҳиндустон вилоятиға мусаллит бўлуб, салтанат қилубтурлар: бири, Султон Маҳмуд Ғозий ва авлоди Ҳиндистон мамлакатида муддати мадид салтанат тахтиға ўлтурубтурлар. Иккинчиси, Султон Шиҳобиддин Ғурий ва қуллари ва тавобии кўп йиллар бу мамолиқда подшоҳлиқ сурубтурлар. Учунчи мендурмен, вале, менинг ишим ул подшоҳларнинг ишига ўхшамас; не учунким, Султон Маҳмуд Ҳиндустонникким мусаххар қилди, Ҳуросон тахти анинг тахти забтида эди ва Хоразм ва Дорулмура салотини анга мутиъ ва мунқот эди. Самарқанд подшоҳи анинг зери дасти эди. Черики икки лак бўлмаса, худ бир лакта не сўз эди. Яна ғанимлари раажалар эди. Тамом Ҳиндустон бир подшоҳда эмас эди. Ҳар раажа бир вилоятга ўз бошича подшоҳлик қилур эди”. (195-бет).
“Бобурнома”нинг юқоридаги матнига эътибор берсак, Бобурнинг Ҳиндистонни тасарруфига киритиш учун қанчалик ҳарбий маҳорат зоҳир этганлигини кўрамиз. Агар Бобур Ҳиндистонда, Иброҳим Лўдийга қарши жангга кирганида лашкарларининг сони ғанимининг лашкаридан ўн карра кам бўлса: “Ҳиндустон юрушида мунча черик била келилмайдур эди. Навкар ва савдар ва чокар жамиъ черик била бўлғонлар ўн икки минг киши қамалға келди…” (195-бет). Маҳмуд Ғазнавийнинг лашкари икки юз минг бўлмаса ҳам юз мингдан ортиқлиги, Бобурнинг тасарруфида Бадахшон, Қундуз, Қобул ва Қандаҳор бўлса, Маҳмуд Ғазнавий салтанатига жами Ҳиндистон, Хуросон, Хоразм, Дорулмурадек чексиз ҳудуд бунинг устига Самарқанд подшоҳи ҳам унинг фармонига итоат қилган бўлган. Бобур ана шу номутаносибликда ўз устунлигини белгилаган, кам имкониятдан юксак ҳарбий натижага эришганлигини кўрсатган.
Бобурнинг тасвирида яна бир муҳим жиҳат мавжуд. Бу давлатчиликка бевосита таалуқли бўлган нозик масала бўлиб, у буни алоҳида таъкидлаган. Маҳмуд Ғазнавий Ҳиндистонда давлат юришида маҳаллий рожаларнинг унга бевосита бўйсунмаганлиги, Бобур: “Тамом Ҳиндустон бир подшоҳда эмас эди. Ҳар раажа бир вилоятга ўз бошича подшоҳлик қилур эди”, деб таъкидлаганидек, Маҳмуд Ғазнавийнинг шунчалик катта ҳудудда султон эканлиги, беҳисоб бойликка эгалиги, унинг давлат бошқарувида ягона тартибнинг мавжуд эмаслиги, бошболдоқлик ҳукм сурганлигини ҳукмронлигидаги камчилик сирасига киритади. Маълумки, Бобур Ҳиндистонда агарчи қисқа муддат – беш йил ҳукмронлик қилган бўлса ҳам, бу мақсади сари у на бойлик ва на касри нафсини аямай, дастлабки ишини маҳалий амалдорлар, рожаларни ўз давлат юритиш сиёсатига бирлаштиришга ҳаракат қилди ва бу масалада анчагина ютуқларга эриша олди ҳам.
Бобурнинг Ҳиндистонни забт этган Султон Шиҳобиддин Ғурий билан ўзининг қиёслашида, биз Маҳмуд Ғазнавий мисолидагидек кенг йўсиндаги таҳлилни кўрамиз. Аммо, бу қиёслаш гарчи қисқароқ бўлса ҳам Бобур Шиҳобиддин Ғурий давлатдорлигидаги энг катта камчилигини кўрсатади. У ҳам бўлса маҳаллий рожалар бу султонга қарши курашганлар ва Ғурий уларни ўзига, бутун Ҳиндистон доирасида ўз таъсир доирасига ўтказа олмаганки, Бобурнинг назарида, бу салтанат бошқарувида катта камчилигидир. Юқорида кўрганимиздек, Бобур бу камчиликни Маҳмуд Ғазнавийнинг юрт бошқариш сиёсатининг ноқислиги сифатида ҳам баҳолаган: “Яна Султон Шиҳобиддин Ғурий, агарчи Хуросон салтанати анда эмас эди, оғаси Султон Ғиёсиддин Ғурийда эди, “Табақоти Носирий”да келтурубтурким, бир навбат бир лаку йигирма минг (120минг) баргуствондор била Ҳиндистонға черик тортибдур. Мунинг ғанимлари ҳам раай ва раажалар эди. Тамом Ҳиндистон бир кишида эмас эди”. (195-бет).
Инглиз тарихчиси Эльфинистон Бобурнинг давлатдорлик ва шахсга бўлган муносабати ҳарбий қобилиятининг “Бобурнома”да тасвирланганлиги ҳақида қуйидагиларни баён этган: “Бу хотираларда буюк туркий подшонинг ҳаёти батафсил тасвирланган, унинг шахсий ҳис-туйғулари ҳар қандай муболаға ва пардозлашлардан холи. Унинг услуби оддий ва мардона, шунингдек, жонли ва образли. У ўз замондошларининг қиёфаларини, урф-одатлари ва интилишларини, қилиқларини ойнадек равшан тасвирлайди”.
Ғарб ва Шарқ олимларининг Бобурга оид асарларидан бундай ижобий фикрларни кўп келтириш мумкин. Бу фикрлар “Бобурнома” муаллифининг давр султонлари ва ўзининг ҳарбий юришларига оид билдирган фикрларига ҳам таалуқлидир. У, юқорида биз мисол келтирган султон ва подшоҳлар фаолиятини ўзининг қарашлари билан солиштирар экан, Ҳиндистонни забт этишга оид қиёсини давом эттиради. Энди бу қиёсда, у, бу юртда салтанат юритганларнинг исми-шарифларини (Иброҳим Лўдийдан ташқари) тилга олмайди, балки уларнинг давлатчиликка оид фаолиятларини келтириш билан чекланади ва қиёслаш усули билан ўзининг қўлга киритган ютуғи, ғалабаларини санаб ўтади. Бу матндан ўқувчи Бобурнинг олдинги султонлар ва мағлуб бўлган Ҳиндистон султони Иброҳим Лўдийдан устунлигини англаб олади. Унинг: “аввал навбатким, Бҳирага келдук, минг беш юз, ниҳояти икки минг киши бўлғай эдук. Бешинчи навбатким келиб, Султон Иброҳимни босиб, Ҳиндистон мамоликини фатҳ қилдим, ҳеч қачон (Бобур бунда айнан Султон Маҳмуд Ғазнавий ва Султон Шиҳобиддин Ғурийнинг Ҳиндистонга юз мингдан ортиқ лашкар билан кирганлигини билдириб, қиёсан тасвирламоқда – Д.Ҳ.). Ҳиндустон юрушида мунча черик била келилмайдур эди”, дейиш билан, ўзининг бу сафарини шижоат, мардлик, тарихда мисли кўрилмаган жасорат сифатида баҳолайди.
Бобурнинг ана шу муҳим тарихий воқеаларни тасвирлашдан олдин юрт султонларининг характер ва хусусиятлари, муҳораба олиб бориш усули ва шахсий намуналигини юксак қиёсий тарзда бериши, Шарқ мумтоз насрий асарлари сирасида Бобур маҳоратини алоҳида, юксак бадиий ифодалар билан йўғрилган тасвир сифатида кўз ўнгимизда намоён этади. Шунингдек, бу қиёсий таҳлиллардан биз Бобурнинг давлат юргизиш сиёсати, қўлга киритган ҳудудда мустаҳкам давлат бошқарувини барқарор этиш, энг аввало, у ерда яшаётган халқнинг ишончига кириш ва сиёсат юритишда адл, инсофни асос билиш, имкон қадар давлат юритиш ишларида маслаҳат билан иш тутишга интилганлигини кўрамиз. Бобур фикрича, Маҳмуд Ғазнавийнинг Ҳиндистонни забт этгунга қадар Мовароуннаҳр ва Хуросонда мустаҳкам салтанати мавжуд бўлса, Шиҳобиддин Ғурийнинг уни қўллаб турган иниси Самарқандда султон ҳамда Хуросон унинг тасарруфида бўла туриб Ҳиндистонни эгаллаган. Бобурнинг ҳарбий ва иқтисодий аҳволи бу икки султонлардан ўта мураккаб, ёнида қувватлаб турган бирон-бир темурийзода ва ёки бошқа юрт султони бўлмаганлигини таъкидлайди. Бобурнинг бу қиёсий тасвирлари ва уларда келтирилган тарихий воқеалар, фактик маълумотлар ва ҳарбий куч қудрати ва мушкилотини билдирувчи далиллар унинг юксак саркардалик хусусиятларини англатади. Аслида, Бобурнинг кам ҳарбий куч билан ғанимларнинг кўп сонли лашкарлари устидан қозонган ғалабаси кишини ҳайратга солади ва, муҳими, буларнинг барчаси унинг қиёсий услуби орқали баён қилинган.
Бобур бу қиёслаш усулини ўзи билан Иброҳим Лўдийнинг шахсияти ва ҳарбий ҳаракатларининг тасвири мисолида давом эттиради. Энди, бу мисоллар аниқ, конкрет факту рақамлар билан берилади. Бунда Бобур мақсадга ўтишдан олдин Ҳиндистоннинг катта ҳудуди Султон Иброҳим Лўдий томонидан бошқарилаётганлигини, унинг лашкарлари юз мингдан ортиқ, икки ярим мингга яқин жанговар фили ва кемалари Бобурнинг ўн мингга етмайдиган лашкарлари билан юзма-юз бўлганининг қиёсий таҳлили берилган. Бу қиёсларда биз Бобурнинг юксак ҳарбий маҳорати, бир ўлкани ўз тасарруфига киритишдан олдин унинг иқтисодий, географик, жой рельефининг манзаралари ўз қўшинининг кундалик ҳаётига зарур бўлган озиқа, от-улов емишини таъминлашдан тортиб, салтанат харажати ва унинг зарур заҳираларини таъминлашдек муаммоларни бирдан ҳал қилишга киришганлигини кўрамиз. Бу, масаланинг ҳарбий томони. Биз учун яна муҳим жиҳати Бобурнинг ушбу масалаларни маҳоратли адиб, ўша давр тарихий саргузашт жанри талабларида кам кўринадиган ҳолат – персонажлар характери, ўша даврдаги сиёсий, ҳарбий ҳолатни бошқа давр ва султонларнинг давлат бошқарувига оид мисоллар билан қиёсий ўрганганлиги, бу фактик маълумотларни “Бобурнома”да батафсил ифодалагани билан муҳим. Фақат бугина эмас, Бобур ўзининг ва бошқа султонларнинг давлатчилигини насрий тасвир тарзида баён этиш қаторида, “Бобурнома”да бадиий ифоданинг аъло намунаси сифатида қиёслаш усулидан фойдаланганки, бу жиҳат асарнинг қимматини янада оширган.
“Бобурнома”да юқорида келтирилган мисоллар тахлит муаллифнинг қиёслаш санъати ҳақидаги тасвирлар талайгина. Имкониятимиз чекланганлиги боис, биз Бобурнинг Ҳиндистон тарихи ва султонларининг давлат юритиш сиёсати, уларнинг бу жиҳатларининг қиёсий таҳлилларининг аксариятини мақола доирасида қамраб ололмадик. Бобурнинг Хисравшоҳ, Шайбонийхон, Боқи Чағониёний ва бошқа давр султонлари ва беклари тасвиридаги қиёсий қарашлари ҳам изчил қиёсий таҳлилга арзийди. Ушбу масалаларни изчил ўрганиш, шубҳасиз, Бобур ижодини янаям чуқурроқ англашга ёрдам беради, деб ўйлаймиз.