чолғуХалқимизнинг қадимий бой тарихий, ижтимоий, маданий ҳаётида миллий чолғулар ҳамиша маънавият ва маърифатнинг ажралмас қисми бўлиб келган. Анъанавий халқ байрамлари, сайиллари, “Мустақиллик”, “Наврўз” умумхалқ тантаналари, турли тўй маросимлари каби шодиёна тадбирларни ва яна маънавий ҳаётимизнинг кўпдан-кўп соҳаларини халқимизнинг қадрли куй ҳамда қўшиқларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Чунки бундай оммавий йиғин-тантаналарга миллий чолғуларда ифодаланган куйлар алоҳида файз ва шукуҳ бағишлайди. Сабаби – миллий чолғуларда ўтмишда яшаган аждодларимизнинг бой маънавияти, қобилияти, ҳаётбахш фазилатлари, ҳар қандай вазиятда ҳам намоён бўлган букилмас иродасида мужассамдир. Модомики шундай экан, миллий чолғулар бизни ўтмиш билан ўзига хос тарзда “жонли” алоқада бўлишга, аждодлар руҳини теран ҳис қилишга ҳамда ўзлигимизни англашга ҳам хизмат қилади. Шу билан бирга, анъанавий чолғуларимиз миллий мусиқанинг ички қонуниятларини (парда, оҳанг ва бошқаларини) англаш қаторида, муайян жанрлар ривожи ва улар билан боғлиқ ижрочилик (яккахон, жўрнавоз, ансамбль) шаклларини ўрганишда ҳам аҳамияти беқиёсдир. Шу боисдан, замондош олимлар ва амалиётчи мутахассислар миллий чолғуларнинг тузилишидан тортиб, уларда ижро этиш масалаларига доим катта эътибор бериб келадилар.
Ўзбек миллий чолғуларининг тарихи, уларнинг ўзига хос тембр-бўёқлари ва халқимиз маданий ҳаётида тутган ўрнига бағишланган бир қатор илмий-назарий асарлар, тадқиқотлар яратилган. Шулар қаторидаги Фитратнинг “Ўзбек классик мусиқаси ва унинг тарихи” илмий рисоласи, асосан, “Шашмақом” ҳақида бўлса-да, муаллиф миллий чолғулар тўғрисида ҳам қимматли мулоҳазаларини билдириб ўтади. Шундай фикрларни, масалан, дўмбира, танбур (танбуре), қўбиз, ғижжак сингари чолғуларнинг келиб чиқиш тарихи ва замонавий маданий хаётда тутган ўрни ҳамда овоз хусусиятларини тавсиф этишда кўриш мумкин.
Муаллифнинг қўбиз чолғусига берган таърифи, унинг мунгли овози ғижжакка нисбатанда афзал эканлиги ва шу боис ҳам анъанавий чолғу (мақом) ансамбли таркибидан ўрин олганлиги ҳар бир чолғушуносни ўйлантириб қўяди. Маълумки, бугунги кунда анъанавий қўбиз чолғуси амалиётда деярли қўлланилмаяпти. Миллий қадриятларимиз қайта тикланаётган ҳозирги янги даврда, бу чолғунинг нуфузи ва унда анъанавий ижрочиликни қайта тиклаш лозимлиги шубҳа туғдирмайди.
Ўзбек миллий чолғуларини тизимли равишда ўрганиш ишлари илк бора санъатшунос В.Белеяев ишларида кўзга ташланади. Муаллифнинг “Музыкальные инструменты Узбекистана” (“Ўзбекистоннинг мусиқа чолғулари”) китобида, жумладан, чолғуларни алоҳида гуруҳларга бўлиб ўрганилганлигини кўрамиз. Олим ҳар бир чолғунинг шакл қиёфасидан тортиб, унинг товуш қаторларига ҳам илмий ёндашганлиги аҳамиятлидир. Шу билан бир қаторда, айрим мунозарали фикрлар ҳам билдирилган. Масалан, В.Белеяев халқимизнинг ўтмишида ҳам, ҳозирда ҳам севимли чолғуси бўлган танбурни ҳар жиҳатдан ўз аҳамиятини йўқотгандек кўрсатишга интилиши мунозаралидир.
Бунда муаллиф, эҳтимол, танбурнинг, асосан, хон саройларида ишлатилганлигини назарда тутиб ва, айни чоғда, “санъатнинг синфийлиги” таълимотига таяниб шундай ёзган бўлса керак.
Ўзбек миллий чолғуларининг узоқ ўтмишдан бошланган жиҳатини ўрганишда яна бир санъатшунос Т.Визгонинг “Музыкальные инструменты Средней Азии (Исторические очерки)” (“Марказий Осиё мусиқа чолғулари (Тарихий очерклар)” илмий лавҳалари қизиқиш уйғотади. Муаллиф миллий чолғуларнинг тарихий босқичлардаги ривожини хронологик тарзда амалга оширишга интилиб, ёзма ва тасвирий манбалар қаторида моддий маданият ёдгорликларидан унумли фойдаланган. Жумладан, энг қадимий чолғулар қаторида пуфлама (най), урма (доира ва бошқалар) ва турли чертма чолғулар тилга олинади ҳамда улар ижтимоий ҳаётда бажарган вазифаси билан боғлиқ талқин этилади. Бунга эрамиздан аввалги бешинчи-биринчи асрларга тааллуқли археалогик топилмалар муҳим ашёвий далил сифатида келтирилади. Масалан, археологик қазишмаларда топилган энг кўп чолғулардан бирини доира ва шунга ўхшаш урма чолғулар ташкил этади. Бу ҳолатни санъатшунос С.Болтазода шундай шарҳлайди: “Табиат ҳодисаларининг такрорийлиги (табиатнинг ўлиш-тирилиши) коинот ва осмон жисмлари ҳаракатининг мунтазамлиги ва, умуман, вақт оқимининг изчиллиги, давомийлиги ибтидоий тасаввурда доим илоҳий мазмунга эга бўлиб, давравий айланма рақс ҳаракатлари табиий ёки сунъий урма чолғулар воситасида ифодаланган”.
Санъатшунос Т.Визго торли чертма чолғулар тарихини ўрганишда ҳам қимматли фикрларни баён этади. Масалан, Фарғона тоғ тизмаларида топилган кўплаб тасвирларда доирасимон чолғулар акси бўлса, Афросиёб топилмалари орасида удсимон (лютня) чолғули терракота ҳайкалчалари олимлар эътиборини ўзига тортган. Қадимий топилманинг Т.Визго аниқлаган ноксимон коса хонали, калта даста тўрт торли чертма чолғуси ҳозирда маълум удни эслатади. Узоқ ўтмишда бу чолғу, асосан, аёл созандалар орасида кенг қўлланилганлиги ўринли ёзилган.
Кўп учрайдиган чолғулардан бири бу чанг (арфа)дир. Унинг келиб чиқишини олимлар Осиё маданияти билан боғлайди. Т. Визго кўҳна Айритомдан топилган тоштахта (мусиқачилар акс этган карниз) асосида чуқур хулосаларга келган. Шубҳасиз, тоштахтада акс этган чолғучилар ансамбли касбийлик (профессионализм) асосига эга. Чунки, шу асосда, анъанавий ижодий жамоа тузиш қонуниятларини англаш ҳамда амалиётда қўллаш имкони бор.
Чолғулар билан бир қаторда, уларда ижро этишга мўлжалланган куйлар таҳлили Ф.Кароматли тадқиқотларида атрофлича ёритилган. Хусусан, муаллифнинг “Узбекская домбровая музыка” (“Ўзбек дўмбира мусиқаси”) китобида дўмбиранинг тузилиши, товуш қатори, жойлардаги машҳур ижрочилари ҳамда шу чолғу учун ижод этилган махсус куйлар тадқиқ этилган бўлса, олимнинг яна бир асари “Узбекская инструментальная музыка” (“Ўзбек мусиқа чолғуси”) китобида шу усулда деярли барча миллий чолғулар кўриб чиқилган. Олим анъанавий чолғу ансамбларини, миниатюра тасвирлари ҳамда ҳозирги мусиқа амалиёти борасида олиб борган шахсий кузатувлари асосида баён этган.
Ансамбль ижрочилигига оид тадқиқотларда, хусусан, Ж.Расултоевнинг “Узбекская традиционная инструментально исполнительская культура” (“Ўзбек анъанавий чолғуларида маданий ижро”) ишида ўзбек чолғу ижрочилик маданияти кенг миқёсда тадқиқ қилинади. Миллий чолғуларни ўзбек мусиқашунослигида мавжуд таснифдан (Ф. Кароматли, О. Бочкарева ва бошқалар) фарқли равишда (закс ва хорнбостел тизими асосида) қуйидаги гуруҳларга тақсимлайди:
А. Идаофонлар – қошиқ, қайроқ, сафойил, патнис, лаган, занг, суякчангқўбиз, чангқўбиз;
Б. Мембрафонлар – қўш ноғора, рез ноғора, доира, кенчик;
В. Хордафонлар – қонун, чанг, қашқар рубоби, афғон рубоби, уд, танбур, дутор, дўмбира, сато, ғижжак, қўбиз;
Г. Аэрофонлар – қўшнай, буламон, сибизға, карнай.
Ўзбек миллий чолғучилик ансамбли қадимий тарих ва бой анъаналарга эгалиги бир қатор тадқиқотларда кўрсатиб ўтилган. Жумладан, таниқли мусиқашунос олим Ф.Кароматли деворий чизғилар, терракота хайкалчалари, миниатюра тасвирлари ҳамда Шарқ мумтоз адабиёти каби манбаларга таяниб, чолғу ансамблларининг бир неча турларини аниқлайди. Шулардан асосийлари қаторида қўйидаги икки кўриниш алоҳида кўрсатилган:
1. Садоланиш кучли чолғулар ансамбли;
2. Нисбатан майин садоли ансамбль.
Садоланиш кучли чолғулар, одатда, сурнай, карнай ва ноғоралардан таркиб топган бўлиб, улар очиқ майдонларда, халқ байрамларида, турли томошаларда (дарбозлар, қўғирчоқбозлар ва анъанавий) қўлланган. Шунингдек, ҳарбий юришларда ва ов пайтида ҳам бу ансамбль хусусиятидан мақсадга мос равишда фойдаланганлигини қайд этади муаллиф.
Най, рубоб, ғижжак ва доира чолғуларидан иборат майин садоли ансамбллар эса, асосан, сарой, уй (хона) шароитларида қўлланиши ва баъзан бу турдаги ансамбль хонандага жўрнавозлик вазифасини бажариши эътироф қилинади. Бу турдаги ансамбль торли-камонли (ғижжак, қўбиз, сато), торли-урма (чанг), торли-чертма (танбур, дутор), дамли (буламон, қўшнай) ва урма (доира, сафоил, қошиқ) чолғулар қўшилиши эвазига янада кенг тус олиши ҳамда бу шаклда катта тантаналарда намоён бўлиши ҳам муаллифнинг эътиборидан четда қолмаган. Йигирманчи асрда ушбу ансамбллар негизида унинг турли хил кўринишлари, хусусан, “Мақом ансамбли”, “Ўзбек халқ чолғу ансамбли”, “Карнай-сурнай ансамбли”, “Доирачилар ансамбли”, “Дуторчилар ансамбли”, “Гармончилар ансамбли” кабилар юзага келди. Бу ансамбллар ижро жанри, услуби ва яна талайгина хусусиятлари билан бир-биридан фарқланади. Масалан, карнай-сурнай ва доирачилар ансамблларида ритмик ва динамик ифодавийликлар алоҳида бўрттирилса, гармончилар ансамбли, асосан, терма, лапар ҳамда достон номаларининг чолғу вариантларини ижро этади.
Анъанавий ансамбллар негизида тузилган халқ чолғулари оркестрига эса, анъанавий ансамбллардан фарқли равишда, катта ижодий вазифалар юкланган эди. Жумладан, халқ чолғулари оркестри миллий куйлар билан бир қаторда, бошқа халқлар мусиқаси ҳамда бастакорларнинг асарларини ҳам ижро этиши кўзда тутилган. Табиийки, бундай ижодий вазифалар, ўз навбатида, оркестр таркибидаги чолғуларнинг имкон доирасини янада кенгайтиришни тақозо этган. Бунинг учун чолғуларнинг (айниқса, торли чолғуларнинг) садоланиш кучи ва соз тизимини қайта кўриб чиқиш зарур эди. Шу мақсадларни кўзлаган ҳолда, йигирманчи асрнинг йигирманчи йилларида таниқли созгар уста Усмон Зуфаров катта ғижжак, катта дутор, катта танбурларни ясади. М.Харратов эса чанг чолғусининг катта шаклини яратди. Мазкур чолғулар 1927 йили Ўзбекистон радиоси ҳузурида тузилган Юнус Ражабий раҳбарлигидаги халқ чолғулари (унисон) оркестрида илк бора қўлланила бошланган. Хусусан, ушбу унисон оркестрнинг таркибида Усмон Зуфаров томонидан ясалган “катта ғижжак” ҳамда нисбатан қуйи регистрли дутор ва танбурлар ўрин олган эди. Халқ чолғуларининг янги бу кўринишлари оркестрнинг диапозонини маълум даражада кенгайтириши билан бирга, яна оркестрнинг ифодавий воситаларини ҳамда тароватини рангин буёқлар билан бойитди.
Ўтган асрнинг ўттизинчи йиллари ўрталарига келиб А.Петросянц бошчилигидаги бир гуруҳ соз усталари – С.Диденко, В.Романченко, А.Кевхоянцлар халқ чолғуларини кенг миқёсда реконструкция қилиш ишларини олиб бордилар. Бу меҳнатнинг натижасида, ўн икки босқич асосида темпирация қилинган дутор, танбур, рубоб чолғулари, шунингдек, ғижжак сирасига мансуб ғижжак-прима, ғижжак-альт, қўбиз-бас ва қўбиз-контрабаслар пайдо бўлди. Шу хил реконструкция қилинган халқ чолғулари сабаб бўлиб, 1938 йили Ўзбекистон давлат филармонияси ҳузурида иккита ижодий жамоа – халқ чолғулари “этнографик” оркестри (раҳбар Т.Жалилов) ва халқ чолғулари “нотали” оркестри (раҳбар А.Петросянц) вужудга келганди. 1948 йили эса Тошкент Давлат консерваториясида А.Петросянц ташаббуси билан халқ чолғулари факультети ташкил этилиб, унда реконструкция қилинган миллий чолғулар асосида талабаларга тизимли таҳсил бериш ишлари йўлга қўйилади. Бугунги кунда, миллий қадриятларимиз қайта тикланиб, янги назарлар асосида ривожланаётган босқичларни миллий чолғу ижрочилиги мисолида ҳам кузатишимиз мумкин. Жумладан, чолғуларимизда анъанавий ижрочилик билан бир қаторда, турли хил ансамбль ва оркестрлар – халқ симфоник, дамли эстрада – симфоник каби ижодий жамоалар самарали фаолият олиб бормоқдаки, бу истиқлолимиз шарофати туфайли юзага келган муҳит қирраларининг кўринишларидан биридир.

Саҳифа 2 226 марта ўқилган.