Носиржон Жўраев. Шеърлар…

2010 йил, 5-сон Назм

ЭТЮД

Оқшом сув таралган маъсум далалар
Улкан чилтор каби ястаниб ётар.
Шу соз энг муаззам куйларни чалар,
Шу соз хотирамни қайта уйғотар.

Аммо сув бошини беркитди мироб,
Ҳали кўк бағридан юлдузлар ўчмай…
Кейин хотирамни куйдирди офтоб,
Чилтор сингиб кетди жўяклар ичра…

ҲИЖРОН КЕЧАСИ

Стулга ўтирди бир оғир соя,
Тамаки буюрди ва аччиқ қаҳва.
Унинг оёғига тиз чўкди роял,
Маҳзун куй бошлади муҳаббат ҳақда:

“Армону ҳижронлар келса устма-уст,
Азобу изтироб турса ёнма-ён.
Ҳукм қил, бир бора бўлай юзма-юз,
Мени ўтмиш билан боғла, художон!”

Белларини маҳкам боғлаб пардалар,
Моҳир раққосадай этдилар хиром.
Бир нуқтага боқиб қотди лампалар,
Кўрсатиб машшоққа чуқур эҳтиром.

Кейин ёришди тонг — тугади концерт,
Ноталар дафтарин отди бир четга.
Сўнгги умидлари узилди чирт-чирт,
Эҳтиёж қолмади бошқа концертга…

НАМАНГОН

Ҳар гал қайтганимда бу қора ерга,
Шаҳар оқ яктакда қошимга чиқар.
Чуқур синч солади менга билдирмай,
Бошимдан ўтганин кўзимдан уқар.

Мен эса, зил кетиб бораман, яъни,
Кўксимга қўрғошин қуйилётгандай.
Соғиндим деганим, келдим деганим,
Унга миннат бўлиб туюлаётгандай.

Намангон – онамга ўхшаган шаҳар,
Онамдек яшириб ўтдинг дардингни.
Ўғлинг келяпти, деб эшитган маҳал
Рўмолинг учига ёшинг артдингми?!

Боқсам, юзингдаги қуюқ ажиндан
Бўлак-бўлак бўлиб илғанар тарих.
Жангда арқон учун кесган сочингдай
Қорадарё бўлиб тўлғонар тарих.

Патқаламда қўйиб гажакдор имзо,
Фитналар тузганда Аҳмад Танбаллар,
Ахси қирларидан Умаршайх Мирзо
Ҳар кун қулаб тушар юрак чангаллаб.

Мулла Бозор Охун – кўҳна пирхона,
Қанча авлиёга мударрис, устоз.
Шикоятхонамас, шоир, шеърхона
Бўлган кунларингда яйраганинг рост.

Қайси бир муаззам, қутлуғ саҳарда
Худо ихлос билан қорган зувала.
Шунданми, ҳар куни Эски шаҳардан –
Бомдоддан қайтади Машраб бувалар?!

Бугун икки қадам биз билан Сибирь,
Бориб-қайтиш мумкин бир кун ичида.
Аммо, ҳануз Усмон йўл қарар дилгир,
Туйнукдан термилиб оёқ учида.

Ҳаёт қайта-қайта яшарар экан,
Такрор-такрор орзу тўларкан дилга.
Бугун олийгоҳга қатнаган укам
Ибрат домла бўлиб кўринар менга.

Намангон – мен учун бир умрлик йўл,
Намангон, мен учун барҳаёт гулсан.
Онажон, мен энди улғайган ўғил,
Кўзёшинг яширма ёнингга келсам.

АФСУС

Толиқдим,
бағримдан шамолинг ўтсин,
жисмим тўзғиб кетсин,
энди арзимас.
Менга деса, бари қолмайми ўксиб,
яшаш – бу менинг қарзиммас.

Хаёл потраб кетар
чироқнур каби,
деворга урилиб синар нигоҳим.
Азоблар – ўзимнинг кутган талабим,
ўзимга ёқади гуноҳим.

Афсусим –
оғриган жойим жонимдир,
сен ҳақда ўйлашга ҳамон қодирман.
Кимга ташлаб кетсам экан ёдимни,
қандай кечсам экан хотирдан?!

ДЕНГИЗ

Эҳтимол тўфондир, тошқиндир балки –
Бехос денгиз босиб кирди хонамга.
Умиду соғинчлар сув узра қалқди,
Мен ҳам улгурмадим ташлашга лангар.

Лиммо-лим сув бўлди тўртта томоним,
Деворлар шўнғиди мавжлар тубига.
Мен эса, кўзимга кўринмай жоним,
Денгизга маҳлиё бўлгандим бу гал.

Нақ ўлим қошида турардим, баски,
Ҳаётимни босиб келарди хатар.
Аммо юрагимда бор эди таскин,
Ахир, хонам катта эмас у қадар.

Элас-элас кўрдим чеҳрангни шунда,
Шовқинлар остида нимадир дединг.
Бир баҳя қолганда ғарқ бўлишимга,
Денгизни турмаклаб уйга жўнадинг.

МЕЪЁР

Тортиброқ боғласам одатдагидан,
Сиртмоққа айланиб қолар бўйинбоғ.
Ҳатто меъёр сақлаб чойнинг рангида
Ичмасам, тушармиш жигаримга доғ.

Қара, ҳар нарсада ўлчов бор шаксиз,
Ҳаддидан ошмайди ҳаёт дегани.
Аммо нега сенинг қийноғинг чексиз,
Нега меъёр билмай севаман сени?!