Асқад Мухтор. Шеърлар

2010 йил, 4-сон Назм

ЙЎЛ
асқат-Муҳтор

Остонамдан таралган йўллар
Эслатади қуёш нурини.
Узоқ-узоқларга кетиб, узайиб,
Узайтади менинг умримни.

Юрганларни дарё дейдилар,
Дарё – чексиз умр эртаги.
Бир кун уйда ўлтириб қолсам
Ҳаёт гўё четлаб ўтади.

Кўрганинг сеники, дер эди бобом,
Элларни, дилларни керак кўришим.
Очилмаган қўриқ, номаълум юлдуз,
Бари-бари менинг улушим.

Ижод дарди йўл азобидир,
Майли, бўлсин туманлар қуюқ.
Руҳим билан йўлда эканман,
Умримнинг ҳеч ниҳояси йўқ.

ТАБИАТ

Табиат гуллайди, сўлади,
Фасллар ўтади – янграган қўшиқ.
Бизлар эса, унинг бир бўлаги,
Миннати йўқ, манфаати йўқ.

Тоғлар дунё қадар қадим кўринар,
Оғир, собир, камтар, бағри тўқ.
Кумуш қорлар ёғар, тонгда гул унар,
Миннати йўқ, манфаати йўқ.

Ёмғирдан сўнг камалак балқиб,
Остида дарёдай мавжланар уфқ.
Ранглар, кенглик, ёғду, хушбўй, салқин…
Миннати йўқ, манфаати йўқ.

Табиатга фақат сафар муқаддас,
Сузишга созланган кемадек –
Яшар ва сир сўраб сизни қийнамас
Ҳаётдан муддао нима деб?!

ҚАЛБ

Яна бир кун қизғин ишлар билан,
Ўтли ҳислар билан ёниб тугади.
Қалб эса… Қалб кулранг оқшомнинг
Доно сукунатин туяди.

Унда бебош ёлқинлар сўнган,
Чирсилламас ҳўл саксовуллар.
Сўнгги азиз чўғлар ўчмоқда, аммо
Олов тафти ҳамон ловуллар.

Мен хаёлан сокин шом қўйнида
Сенинг қўлларингни топаман
Ва яхши қизиган ўша тандирда
Олтин сўзларимни нондек ёпаман.

ЖУМБОҚ

Нур оқади, кун-тун нур оқади,
Нур оқади қуёшдан ерга.
Юлдузлардан тинмай нур оқади,
Кун-тун чўмилади ер юзи нурда.

Нур ҳам материя, дейди олимлар,
Ер шари кун сайин оғирлашарми?
Нимага, бўлмаса, зулмат ваҳимаси
Гирдобига олар гоҳо бу шарни?

Миллиард йиллар, неча миллиард юлдуз,
Ер деб нур хирмонин ҳамон уяди.
Нимага, бўлмаса, унда одамлар,
Қаро кунларин оғир туяди?

ЧАШМА

Чашмада акс этар қаҳрабо узум,
Аста жимирласа, тебранар айвон.
Осилиб тургандек шоҳсувор гужум,
Томоша қиламиз суқланиб ҳайрон.

Чашмада беқарор булутлар сузар,
Юлдузлар қандилдек ёнади шифтда.
Рассом манзарани ҳовлиқиб чизар,
Манзара сеҳрига ҳамма ошуфта.

Жозиба нимада? Аксидан, ахир,
Асил нусха ўзи афзал эмасми?
Ҳар нарса дунёда ягона, нодир,
Такрорланмас бўлса гўзал эмасми?

ТУН

Юрагимга яқин одамлар…
Зулфия

Ойни тишлаб, чиқиб келар тун,
Ҳар юлдуз қалққанда кўкси тешилар…
Яхши тушлар кўринг, яқин-йироқдаги
Юрагимга яқин кишилар.

Қандайдир оқ, юмшоқ, меҳмондўст қиш,
Барқу ёстиқлар-ла безайди тўрин.
Қайдадир ям-яшил боғлар… ҳаммангиз,
Яхши тушлар кўринг.

Оқ йўл сизга, тунги йўловчилар,
Янги манзилларда кутсин офтоб.
Яхши тушлар кўргин ҳорғин дунё,
Эзгу орзуларда оромингни топ.

Хайрли тун, уйғоқ инсон руҳи,
Муҳаббат сафласин сени оташдай.
Учавер, жонажон яшил планетамиз,
Чексизлик қаърида адашмай.

ИНСОН

Сен кашфиёт ёлқини, оташ,
Асрий зулматларда бир ёруғ нуқта.
Барча мавжудотлар қалбингга туташ,
Бир оддий гиёҳнинг олдида тўхта.

Ариқ шилдираши, барглар шивири,
Сенга жон озуғи, руҳингга дардкаш.
Гуллар билан сўраш, ҳидлаб ҳар бирин,
Капалаклар билан суҳбатлаш.

Жавоб бермасалар гапингга, майли,
Совуқ юлдузларга тикилганда гоҳ,
Билгинки, қалб қўри жонлилар туфайли,
Жонлилар жонлига доим хайрихоҳ.